Жаҳонгир Маматов: “ҚУВҒИН” романи-Биринчи китоб

jahongir_m.jpg2. ТЎХТАЕВ

Миртемир Рустамга жавоб қилмади. Машина бир зумда вилоят Ички ишлар бошқармасига етиб келди. Олдинда, орқада бир неча машиналар кузатиб келди. Миртемирни олиб тушишаркан, миршаблар томошага чиқишганини кўрди. Улар бош ирғаб унга салом берган бўлишар, кейин ҳеч ким кўрмадими, деб атрофга аланглашарди.

Рустам “5” рақами ёзилган тугмани босди. Лифтга яна икки қуролли йигит ҳам чиқди. Нега бу қадар ваҳима, ўйлади Миртемир. Буларнинг бошқа иши йўқ-ми? Бугун юздан зиёд киши у билан овора.

Генерал ўтирадиган xона эшиги очиқ экан. Бошлиқ ўрнидан туриб, эшик томонга юрди.

-Кишанни еч,-деди. Сўнг,-салом,-деб қўлини узатди Миртемирга.

Миртемир генералнинг юзида аллақандай ҳорғинлик сезди. Кун бўйи xонасидан чиқмай ўтиргани, “операция”га бошчилик қилгани сезилиб турарди.

Илгарилари бу xонага Миртемир кўп келган. Генерал ҳар қандай шошилинч иши бўлса ҳам уни дарров қабул қиларди. Тугмани босиб қаҳва буюрарди. Кейин иш оғирлигидан нолирди. Миртемирнинг эсида, икки йил аввал бу хонада Пайран деган армани ўтирарди.

Бокуда озарбайжонлар билан арманлар ўртасида тўқнашув чиққанида Пайран бир кечада 200 нафар қочқинни шаҳарга ғайри расмий ерлаштириб, ҳужжатларини расмийлаштириб берганди.

Вилоятга Пўлабой Раҳмонов “биринчи” бўлиб келган кунлар эди. Миртемир катта йиғинда масалани очди. Жанжаллар бошланди. Оxири Пайранни қўшни вилоят ички ишлар бошқармасига бошлиқ муовини қилиб кўчиришди. Вилоят депутатлари сессиясида Уйғун Тўхтаевнинг номзоди унинг ўрнига кўрсатилди.

Сессия баҳслар билан ўтаётган эди. Депутатлар Россиядан келган “меҳмон” кадрларни тасдиқламаслик кайфиятида. Вилоят ижроия қўмитаси раисининг муовини Леонов биринчи бўлиб “синди”.

-Бу киши Россиядан эмас,-кулди Пўлабой Раҳмонов,-Пойтаxтдан. Биз бирга ишлаганмиз.

Тўхтаев ўзи ҳақида гапирди.

-Мен ҳам санъаткор оиласиданман,-деди у,-Радио, телевизорда классик ашулаларни айтадиган xалқ артисти Нилуфарxон Тўхтаева умр йўлдошим бўладилар.

Залда енгил кулги булди. Миртемирнинг унга раҳми келди. Нима бўлса ҳам тасдиқланишини истаяпти. Балки одамларда раҳм-шафқат уйғотмоқчидир? Балки меҳр қозонмоқчидир? Аxир биз машҳур одамларга бошқача қараб ўрганмаганмизми? У кўп истиҳолага бориб, сўзга чиқмади.

Сессиядан сўнг унга ноҳақ қамалган сайловчилари ва тумандаги жиноятчиликлар ҳақида такроран депутат сўрови киритди. Уйғун Тўхтаев бир ҳафтадан кейин жавоб қилди. Жавоб илгари Пайран ёзган жавобнинг нусxаси эди. Шундан кейин у газетада Тўхтаевнинг иш усули ҳақида танқидий чиқиш қилди. Бир кун Тўхтаев сим қоқиб:

-Миртемир ака, бу ерда ишлаш оғир экан. Илтимос, менга маслаҳатлар бериб туринг,-деди.

Тушунадиган одам экан деб, тез-тез учрашиб турди. Ораларида самимият бор эди. Фақат пойтахтда Миртемирга нисбатан тазйиқ бошланганда у ҳам ўзгарди. Миртемир сургунга учраб, шаҳрига келиши ҳамоноқ ортидан кузатувчилар, айғоқчилар қўядиган одат чиқарди.

Бир куни Миртемир кузатувчини ушлаб олди. У ҳақиқатдан ҳам Тўхтаевнинг одами экан. Миртемир “катта”га, Олий Мажлисга ва Бош Прокурорга депутатлик сўрови ёзди. Xалқ депутати ҳақидаги ва бошқа қонунларда қайд этилган ҳуқуқлари топталгани учун Тўхтаевга чора кўрилишини сўради.

Орадан ҳафта кечиб, Тўхтаевга генерал унвони берилди. Миртемир тушундики, Тўхтаев ижрочи. Ўзи билмасдан унинг “яxши” ишлаётганини юқоридагиларга қайд этибди.

-Ўшанда генераллик унвонимга қўл қўймай қайтаришганди. Сизнинг шикоятингиздан кейин ўзлари сўраб олишди,-деди Тўхтаев унга ўтиринг ишорасини қилиб.-Агар сиз Пайранга қарши чиқмаганингизда бу жой менга насиб қилмасди. Қарангки, тақдир экан, ука, энди сиз билан машғулмиз.

-Ҳар ҳолда бу сафар қаҳва буюрмасангиз керак, тақсир.-деди Миртемир.

-Ҳозир буюрамиз-да, ука…

У эшик ёнида тик турган ёрдамчисига қаради:

-Окангга қаҳва олиб кел, аччиқроқ бўлсин,-деди.

-Хўш…ўзи ёмон йигит эмассиз. Халқ деб кайғуриб юрибсиз. Куюнчаксиз. Лекин ука, одамлар яхшиликни билишмайди. Сиз қанча-қанча одамларни ҳимоя қилдингиз, асраб қолдингиз, билишдими? Билишмайди. Дўстингиз ҳатто ёмонлаб мақола ёзди. Бу дунё шунақа. Мансабда бўлсангиз қуллуқ қилишади. Йиқилган кунингиз устингизга чиқиб тепишади. Қани энди сизни биров ҳимоя қиладими?!

Сизга битта ҳикоя айтиб бераман. Бир бой одам бор экан. Дунё кезиб бир шаҳарга келса, одамлар очдан ўлаётган эканмиш. Бутун бойлигини сарфлаб уларни сақлаб қолибди. Ҳамма куч йиғиб, иш-иш билан кетибди. Ҳалиги бой бирдан хасталаниб қолибди. Табиблар дори-дармонга кўп пул сурашибди. Юртига қайтиб кетишга ҳам имкони йўқ. Хасталиги кучайиб кетаверибди. Табиблар ташвишга тушибдилар. Чунки хасталик юқумли экан. Кейин халқ ҳам ташвишга тушибди. Йиғилиб бир қарорга келибдилар. Тунда у ётган жойга бостириб кириб, уни ўлдириб, кейин куйдириб, кулини дарёга оқизибдилар.

Ана шунақа, ўзини уйлаган одамгагина бу дунёда ер бор, ука, сиз бўлсангиз ҳовлиқиб кетдингиз. Мансаб, ишончни халқ йўлида сарфлайман, дедингиз. Ҳам мансабсиз, ҳам ишончсиз…

Миртемир жавоб қилмади. Уйғун Тўхтаев узоқ гапирди. Насиҳат устига насиҳат. Ўзини оқил, доно кўрсатиб, Миртемирни аҳмоқ, адашган кўриб, унинг “кўзини очмоқ” истарди.

Миртемир ҳайрон. Бу гаплар нимага керак? Нима истайди бу одам? Нега вақтни чўзаяпти? Ёки шу қадар бекорчимики, суҳбатдошга зориқиб ўтирган экан? Йўқ, бу ерда бошқа гап бор. У ниманидир ё кимнидир кутаётибди…

Шу орада телефон жиринглади.

– Нега бермайди? Боши нечта? Бу каттанинг топшириғи эканлигини биладими, ўзи? – у шундай деб жаҳл билан телефон дастагини қўйди. Сўнг Миртемирга юзланди.

– Каранг-а, прокурор санкцияга имзо чекмабди. Бахтингиз бор экан, шекилли. Шунақа мардлар ҳам топилади.

У қаергадир сим коқа бошлади.
– Пўлат Мажидович келдиларми? – деб сўради.- Яхши. Келишлари билан менга хабар қилсангиз. Давлат аҳамиятидаги муҳим масала бор.

Кейин кўп нуқтали дастагнинг бир тугмасини босди.

– Катталар қаерда?- деб сўради.

– Ҳозир Каттақўрғондан Адлия вазири Алишер Мардиевнинг маъракасидан қайтишди. Шу дамда ҳокимнинг дала ҳовлисида. Вазиримиз ўрток Алматов, республика МХХ раиси Алиев ҳам ўша ердалар, ўрток генерал!

– Яхши мени хабардор қилиб тур! -Генерал ўзи айланадиган стулда лиқ этиб яна Миртемирга юзланди:

– Кўрдингизми ука, сизни деб одамгарчиликдан ҳам қолдик. Вазиримизнинг ёнларида юришим керак эди, сиз билан бачакилашиб ўтиришга мажбурман…

Миртемирнинг хаёли оиласида. Нима килишаётган экан?

Хавотирланмаса хам бўлади. Қайнотасининг гаплари унга далда булди. Ақлли, купни кўрган одам. Гапиришни эмас, эшитишни яхши кўради. Одамни бир кўрганда танийди. Олма артишига қараб кишининг феъл атвори ҳақида хулоса чиқара олади.

Эсида миллат вакили бўлган кунлари эди:
“Болам пойтахтга бораяпсизу кўнглим беҳузур,- деди у.- Оддий одамларни севмайдилар. Умуман ҳукуматга кўп яқин юрманг”.

Ўшанда Миртемир қайнотасидан бироз ранжигандек бўлганди. Вақт кечгани сайин қайнотаси ҳак эканлиги исботланди.
Унинг хаёлини генералнинг гапи бўлди.

– Сизни баъзилар йўлдан оздиришди. Ишонувчан йигит бўлганингиз учун алдашди. Ўзлари четда қолиб, сизга ўхшаганларни илгари суришди.

– Бу масалада сиз ҳак эмассиз, тақсир…- Миртемир ниҳоят жавоб қилди.
Шу пайт телефон жиринглади.

– Эшитаман! Лаббай!- генерал ўрнидан туриб гаплаша бошлади. У “хўп”, “хўп” дер экан ранги бироз ўзгарди. Жаҳли чиқа бошлади.

Телефон дастасини ерига қўйди-да Миртемирга ўдағайлай кетди.

– Сен жўжахўрозга китоб ёзишни ким қўйди? Қачондан бери ёзувчи бўлиб қолдинг? Мард бўлсанг отингни қўйиб ёзмайсанми? Қанақа террор ҳакида ёздинг? Алматов сенга нима ёмонлик қилди?

Саволлар тошдек ёгила бошлади. Генерал бошқа одамга айланди. Шу пайтгача кўрсатиб ўтирган илтифоти тугади. Энди у ишга киришганди.

Ким билан гаплашди экан? Вазир биланми? Кайси китоб ҳақида сўраяпти? Ҳа, “Эрк йўли” китоби. Уни Миртемир ёзган эмас. Лекин ичида унинг хотиралари ҳам бор.

– Сендан сўраяпман, китобни қачон ёздинг? Қаерда чиқди?

– Бу сўроқми?

– Сўроқми – пўроқми, жавоб бер!

– Олдин менга қамоққа олинишим ҳақидаги ҳужжатни, уйимни тинтув қилиш ҳакидаги қоғозни кўрсатинг!

– Сен бақирма, бола!

– Бақираман. Бу ер Чили эмас. Ҳар бир ҳаракатингизга жавоб берадиган кун яқин…

– Жавоб берадиган кун келди. Фақат мен эмас, сен жавоб берасан!

– Мен жавоб бермайман сизга. Олдин ҳужжатларни кўрсатинг…

– Хужжат!- генерал “мана хужжат” деб унга тарсаки тортиб юбормоқчи бўлди-ю, бунга жасорати етмади, шекилли, қўллари Миртемирнинг бошида тўхтаб қолди.- Ҳали тилингни суўириб оламан сени.
Яна телефон жиринглади.

– Ассалому-алейкум, Пўлат Мажидович, генерал яна юмшоққина бўлиб қолди.- Ҳа, мен қўнғироқ қилгандим…. Гаплашдим, каттакон маслаҳатчиларига кўрсатма берибдилар. Лекин кейин гап-сўз бўлиб кетмасмикан? Буларни қийнаб-қийнаб одам қилиш керак. Балки ўзингиз оқсоқол ёки маслахатчи билан гаплашасизми? Ҳеч бўлмаса бир-икки ой вакт керак. Эртагаёк бу хабар чиқса, одамлар куўарилиб кетиши мумкин. Кременоген шароит оғир. Уйининг ёнида ҳам анча-мунчаси ўралашиб юрибди. Уларни “обработка” қилиш, тайерлаш керак… Яхши, мен кутаман. Ўзимда бўламан. Ҳа, ҳамма ёқда одамларимиз бор.
У гапини тамомлаб, яна Миртемир ўтирган томонга ўтди:

-Кўрдингизми, яна мен жонингизга аро кираяпман. Ҳаётингизни сақлаб қолаяпман, сиз бўлсангиз аллақандай қоғозларни сўрайсиз.
Бирдан эсига нимадир тушди-ю, у шошиб телефон ёнига борди. Уч рақамли номерни терди. – Алло! Кечирасиз, Пўлат Мажидович! Бу прокурор санкция бермаётганмиш… Яхши…яхши… кутаман.

У тугмали дастагни босди. Қизил чироқ ёнди.

– Эшитаман, ўрток генерал!

– Ҳозир тезда тайёрагоҳга етиб бор! Вазир қоғоз берадилар. Тезда олиб кел!

– Кетдим, ўрток генерал!

-Курдингизми, сизни деб вазирни ҳам кузатишга чиқолмадим. Ўзи қанақа китоб эди? Тағин чет элга борибсизми? Нима бор эди? У ерда сизга нон пишириб беришармиди? Газетага ёзибсиз, яна. Ўзимизда газета камлик қиладими? Четга бориб, Ватанга тош отишга ор қилмадингларми? Энди мустақил бўлганимизда уни йўқотмоқчимисизлар? Йўқ, йўл қўймаймиз. Бунга осонликча эришганимиз йўқ. Москва деган балодан аранг қутилдик…

Қутилганмиш, ўйлади Миртемир. Ҳамма гап шунда-ку! Москванинг қули бўлиб ўтиришибди. Ўзимизнинг миллий пўлимизни тезроқ чиқарайлик, чегарамизни ўрнатайлик, армиямизни яратайлик, деб балога қолдик-ку?! Булар кечагина “Мустақиллик – офат” деб ўтиришган эди. Дарров ўзгариб қолишди-я? ўзгаришади-да! Шу бир соатнинг ичида неча марта турланди-ю…

Одамзот қизиқ! Уни тушуниш амри маҳол. Кунимиз ана шундайларга қолгани учун ҳам аҳвол оғирлашиб кетаяпти. Қанча-қанча ишлар бор. Кимнингдир уйига уғри тушаяпти. Кимнидир ўлдиришди. Булар эса нима билан машғул? Давлат аҳамиятидаги масала эмиш…
Яна телефон жиринглади.

– Эшитаман, Пўлат Мажидович! Хўп…хўп… Кечирасиз… Хўп… хўп…

Генерал телефон дастагини шарақлатиб қўйди-ю, бирдан тутоқиб кетди.

– Кўрдингми, сен бадбахт учун шундай улуғ одамни “онангни” деб сўкибдилар. Орага тушган одам тил тортмай ўлади-я…

“Онангни” деб ким сўкишини Миртемир яхши билади. Бу генерал учун янгилик. Аммо пойтахтдаги ҳамма раҳбарларнинг кунлик эшитадиган “рахмати” бу. Эсида… Уни ойнаи жаҳонга раҳбар этиб тайинлашди.

– Оқ йўл!- деди “Катта”.

– Раҳмат, лекин икки шартим бор,- деди Миртемир.

– Шарт билан туғилгансиз-да, қани нима экан?

– Аввало, бошқа раҳбарларга ўхшаб мени ҳам “онангни”, деб сўкмайсиз. Ўша куни телевизордан жавоб қиламан… кейин отиб ташласангиз ҳам. Сўнг… Эртадан бошлаб мени ёмонлаб келишади. Дарров хулоса чиқармасдан, юзма-юз қўйиб, кейин чора кўрасиз…

– Мен (…) эмасман, билдингизми? Кимни сўкишни биламан, ука. Сизга битта мисол айтиб берай: Госснаб бошлиғини биласиз. Шуни сўккандим, эртасига ариза ёзиб, ишдан бўшатишимни сўраб хат юборибди. Касал бўлиб қолибди. Ўғил бола экан, қўнғироқ қилиб кечирим сўрадим…

Генерал хамон савол ёғдирарди. Миртемир жавоб қилмаётганидан аччиғи чиқиб, хонада у ёкдан бу ёққа, бу ёқдан у ёққа бориб келарди. Бўйи паст, қорни катта одам қайси бир ҳайвонча ўхшаб пилдираб юрганга ўхшаркан, тез юрганда. Миртемирнинг кулгиси қистади. Лекин куладиган пайт эмас. Масала жиддий. Президент фикридан қайтмабди. Бу фикр унда икки йил аввал пайдо бўлганди.

Олий кенгаш мажлисидан кейин устози “Аҳмаджон акани чақириб, “Бу болангни қамоқда чиритаман, ўлдириб юбортираман” деган экан. Кейин ҳам яна айтган. Ўзига хам бир марта айтди. Икки-уч топшириқ берди-ю, айтган одамлари уддаламади. Наҳотки, энди унинг нияти амалга ошса?! Нахотки бу генерал шунга боради? Қўрқаяпти, қўрқади ҳам. Бир кишини ўлдириб юбориш осондир балки, унга. Лекин бугунги шов-шувлардан кейин қийин. Ҳамма тушунади. Билдирмасдан қилишганда бу ишни, балки бўларди? У ҳам қийин. ўтган йили касалхонада уринишди. Яқинда пойтахтда номерсиз машина билан “туртиб” кетмоқчи бўлишди. Қирқ йил қирон келса ҳам ажали етган ўлади, дейдилар. Худо кўриб турибди ҳаммасини.

Ўлим…ўлим нима ўзи? У қачон келади? Қандай келади? Ўлимдан қўрқиш керакми? Ўлимни севиш керакми? Бу дунё азоб деймиз? Лекин яшашни яхши кўрамиз. У дунў ҳақиқий ҳаёт деймиз. Аммо ўлимдан қўрқамиз. Нега?

Барча чалкашликлар, адолатсизликлар ўлим олдидаги қўрқув сабаб дунёга келмайдими? Агар бу генерал ўлимдан қўрқмаса, яшашни севмаса бу қадар турланармиди?!

Ўлим киши билан ёнма-ён юради. Фақат уни кўрмаймиз. Ёнимизда эканлигини ҳис қилмаймиз. Уни эслашдан қўрқамиз, ҳатто. Хаёлан, руҳан ўлимнинг ичига кира оламизми? Кира олсак, унинг “уйи”дан ўта олсаккина эркин яшай оламиз.

Балки ҳаёт ўлимдан сўнг бошланар? Балки кишининг руҳи бу дунёда “кезиб юрар”? Балки…Тўхта, нималар ҳақида уйлаяпсан? Дарров ўлимни буйнинга олдингми? Инсондек кўникувчан жонзот йўк. Шунча тез ўлимга куникдингми? Ўз одамлигини унутган бир киши сенинг ўлимингга кўника олмаяпти-ю сен ризо бўласанми? У ўз ўлимидан қўрққани учун сенинг ўлимингга кўника олмаяпти?! Сен эса…

Тўхта! Ҳали курашмоқ учун вақт тугамади. Ўлимнинг ҳам вақти, жойи бор. Буларнинг қўлида ўлиш бадбахтлик эмасми? Ўлсанг ҳам марднинг қўлидан ўлмок керак. Ҳозир эса бу ҳақда ўйлашнинг фурсати эмас. Дарров ўлдириб юбормайди. Унинг ўз ўлимидан қўрқуви бунга йўл бермайди. Унинг қўрқуви – сенинг фурсатинг….

Эшик тақиллаб, новча йигит кирди.

– Рухсат этинг, ўртоқ генерал!

– Олиб келдингми? Қани…

Генерал папкани очиб қоғозларни титкилай бошлади. “Эрк йўли” китоби. Уни кўпайтиришибди. Тавба, булар эринмай китобни ҳам кўпайтиришади. Сатрларнинг остига чизилган, четига саволлар қўйилган. Генерал эринмай ўқий бошлади.

Орада:
-Бутун дунё тарихини ёзибсан-ку!-деди- Бу занжирлар ниманинг белгиси? Ҳа, ҳакорат бу! Тузумга, Ватанга, миллатга ҳакорат. Уҳу, шеъри ҳам бор-ку! Хўш, шеърини кейин ўқиймиз. Қани-қани…

У аввал пичирлаб ўқий бошлади. Кейин варақларни тез-тез ўтказиб ниманидир қидира бошлади.

-Эҳ-ҳе. Ўзларинг шахсга сиғинишни ёмонлаб, бу президент бўламан деган ҳўққини роса мақтабсанларку-а? Қизик… Қизик…

Ростдан ҳам у қизиқиб кетди. Тугмани босиб, қаҳва буюрди. Кейин ялтайиб ўтирганча ўқишни давом эттирди. Китобдан бошини кўтаролмай қолди. Кейин бирдан ўрнидан туриб кетди.

-Ҳа, мана топдик. 75-бет,- у овоз чиқариб ўқий бошлади: “Шу ўринда Олий Кенгаш 10-Сессияси ҳакида батафсилроқ тўхташ керак, деб ўйлаймиз. Сессия арафасида мухолифат лидерининг бошини ёриб, касалхонага ётқизишди”. Тўғри қилишган ёткизиб,-ўзидан қўшди генерал.- Хўш… Хўш…
У ости чизилган сатрларни ўкий бошлади.
-Мамлакатда диктатура ўрнатилди… Мухолифат вакилларини очиқчасига террор қилишмоқда… Мана бу гувохнома, иҳм, иҳм, мана бу овоз узатгич… Бу буюмлар қўлга тушиб қолган фукаро кийимидаги Иззатилло Сулаймонов деган миршабнинг ёнидан чиққан…Так Так… Биласанми? – генерал Миртемирга кўрсатгич бармоғини ниқтади.- Ҳозир ана шу Иззатилло ариза ёзади, тамом, прокурор ҳам (…) бўлади.

У тугмани босди. Ҳеч ким жавоб бермади. Бошқасини босди.

– Семерка қани?- деб сўради.

– Шу ерда эди…

– Соат неча бўлди?- унинг қўлида тилло соат ялтираб турган бўлса-да қарашга фурсати йўқ эди, шакилли.

– Соат 21.15.

– Яхши. Топ уни, менга кирсин! Хўш давом этамиз: “Мухолифат раҳбарияти сессия очиладиган кун юз минг кишилик митинг қилайлик, деган таклиф билан келди. Ҳурматли миллатвакиллари бу масалани менинг уйимда муҳокама қилишди. Узоқ баҳс, мунозарадан кейин 2-июль куни пойтахтда митинг ўтказишга қарор қилинди”. Яхши… яхши… Яна битта айб бор…

Миртемирнинг ёдига уйида тўпланишгани тушди. Мухолифат раҳбарларидан бири “Митингга қўшиласизларми?”, деб сўради. Улар муҳокама қилишгани, ҳозир митинг ўтказишга имкон йўқлиги, ҳукумат талвасада эканлиги, бу ҳаракат йигитларимиз қамоқларга олинишига йўл очажаги, нима бўлса ҳам парламентда бош кўтариш зарурлигини айтишди. Депутатлар митингга қўшилмаймиз, фойдасиз, барибир йўл беришмайди, деган қарорга келишди. Миртемир ҳам шундай ёзганди. Китоб таҳририда ўзгартиришибди.

Аслида китобни бир олим ёзган ва Миртемир ҳам ўқиб берганди. Кейин уни Туркияга олиб бориб, нашр этишдан олдин Исо Холис тузатиб чиққан.

-Нега бундай қилдингиз?- деганда,

-Шу керак бўлди,- деди Исо Холис.

Ўшанда қаттиқ ражиган эди. Нега ўзгартирди? Дўстлари ўқиганда Миртемир ёлгон ёзибди, деб ўйлашади. Қолган гапларга ҳам ишонишмайди, деб хижолат бўлганди.

Илгари хам бир марта шундай бўлганди. “Кундага кўйилган бош” сарлавҳали мақола эзиб, “Илтимос, таҳрир қилинмасин” деган қайд билан жумхурият газетасига берганди. Бир кун мақола чиқди. Қараса, “Катта”ни мақтаган сатрлар қўшилган. Бошидан қайноқ сув тўкилгандек бўлди. Бош муҳаррир “Ука, шундай қилмасак, чиқмасди” деди. Миртемир анча вақт бош кўтаролмай юрди. Ҳар икки ҳолда ҳам ғишт қолипдан кўчган. У “қўлсиз” эди.

Генерал овозини қўйиб юбориб ўкиётган эди. Бирдан тўхтаб қолди. Кейин тарсакидан чўчиб қолган боладай қалтироқ овозда, аста-секин ўқий бошлади.

“Ҳокимият тинчимас эди, Олий Кенгашга чақиришди. Парламент раиси, Ички ишлар вазири, хавфсизлик қўмитаси раиси қўрқитишга уриндилар. У террорни тўхтатишни, ошкоралик ва демократияга риоя қилинишини талаб этди. Депутатлар билан жиддий “ишлаш” бошланди. Аввал вилоятларга махсус гуруҳлар юборилди. Сўнг Бош вазир ўринбосари Жўрабеков ва маслаҳатчи Умурзоқов жойларга бориб депутатларни яккама-якка ва тўда-тўда ҳолида “бўйра” устига чиқардилар. Ҳукуматда қўрқув ва жонсараклик аралашиб кетди. Тили бурро депутатлар махсус назорат остига олиндилар.”

– Ҳм, ҳм… Пишиб қолибсан, бола. Мен ахмок, ўртага тушиб юрибман-а?

Генерал бошини силкита-силкита яна икки-уч саҳифани ўқиди. Шу пайт бир урус йигит кириб келди.

-Сулаймоновни топ, ўша аризасини қайта ёзсин. Яхшилаб ёзсин. Депутат ургани, калтаклагани ҳакида ҳам ёзсин… ,-деди унга генерал.

Ёппирай, ўйлади Миртемир. Ургани… калтаклагани… Девдай йигитни-я… Ҳа, энди булар ҳеч нарсадан қайтишмайди.

-Кейин, шаҳарга бошлиққа айт, қарорни қайта ёзсин, демак, депутатликни суиистеъмол қилиб, хизматдаги милиция ходимини урган, сўроқсиз чет элга кетган, чет эл радиосига, газетасига интервю берган. Буни 62-моддага квалификация қилсин, Ватан хоини, хўш, кейин ҳукуматга қарши китоб ёзиб, тузумни ағдаришга уринган, кейин сессияда, йўк, матбуотда дегин, сессия телевизордан кўрсатилганди, “Катта”ни ҳақорат қилган… Етарли, тез ёзиб келсин. Аввал, прокурорга олиб борсин, кейин менга келтирсин. Тасдиқлайдиган ҳужжатлар етарли, дегин… Ҳа, уйидан чиқдими бирор нарса?

– Битта видеокасетада ўзининг ҳукуматга қарши гаплари, биттасида “Катта”нинг гаплари тўпланган… Кейин икки-учта ҳажвиялар…

– Яхши, керак бўлади. Мана бу китобга тегишли ҳеч гап йўқми?

– Қандай китоб экан?
– Билмайсанми? “Эрк йўли”. Ма, кўр!

У тугмани босди яна.

– Рустам, бу ёққа кел!

Рустам ичкарига кириб серрайиб туриб олди.

-Эрталаб, соат олтида уйини кайта тинтув қиласан. Мана бу китобга оид бирор нарса топасан. Соат етти яримда пойтахтга учасан. Мен айтиб қўяман, Вазирликда кутишади. Ҳукумат шифохонасидан унинг касаллик варақасини олиб қайтасан.

– Эртага якшанба…

– Улар ишлашади, якшанба куни ҳам. Улгурмасанг, болаларни олиб бориб қўй, тинтиб туришгунча қайтиб келасан.

– Хўп, ўртоқ генерал!

– Сергейга айт, маҳбусни олиб кетсин! Кўрдингми, сендан яширадиган гапимиз йўқ. Ҳақиқатни билишга жуда қизиқасан. Мана ҳамма гапни билиб олдинг. Қалай, розимисан, мендан хафа эмасмисан?

– Сиздан нега хафа бўлай. Ўрнингизда бошқа бирови бўлса ҳам фарқ бўлмасди. Биламан, ичингизни ит тирнаяпти, лекин ноиложсиз,- Миртемир гапи сал кўпол чиққанини сезди-ю, индамади.

– Тилинг бошингга етди, бола. Ҳали сен нонни “мамма” деб юрибсан. Бу дунёда мен билан гаплашишинг охиргиси эканлигини сезмаяпсанми?

-Қўйинг-е, ҳали кўп яшайсиз…

-Ўҳ-ҳу, масхарабоз ҳам экансан-ку… Сени одам деб ўтирибман-а? Жамият сенга ўшаганлардан қанча тез қутилса шунча тез тозаланади!

– Жамиятни тозалашни сиз ва биз эмас, Тангри ҳал қилади.

– Боре, тақдирингни ҳам Тангри ҳал қилсин!

– Раҳмат! Ҳали ҳам умидим Тангридан…

– Олиб кет буни, Тангрисини ёнига!

Генерал қизариб кетганди. Миртемир хонадан чиқар экан, у телевизорни қўйишга уринаётганини кўрди. Қўрқаяпти. Нимадан? Ўлдириш қарорига келганиданми? Бир кечада ҳали неча марта ўзгаради фикри. Қўрқоқниннг фикри қатъий бўлмайди.

Қабулхонада тўрт-беш киши сигарет тутатиб ўтиришарди. Ҳаммасини таниди. ўринбосарлар, ёрдамчилар…

– Саломалейкум… Сизларни ҳам куттириб қўйдик,- деди Миртемир. Улар индашмади. Юзларида ҳорғинлик, чўчиш аломатлари бор эди.

– Гапирма,- деди урус йигит Миртемирнинг елкасидан туртиб.

(Давоми бор). 

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: