ЖАҲОНГИР МАМАТОВ׃ Ишоратлар

ЖАННАТ ВА ЖАҲАННАМ

Шарқ фалсафасида Ер, Сув, Олов ва Шамол тўрт қудратли куч сифатида талқин этилади.

Олов золим диктатор…Одамни, оламни ёндириши мумкин, лекин Сув ва Шамолга қолганда лол, Ерга ўтадиган тиши йўқ.

Ер Сувни симиради, Оловни кемиради, Шамолни чевиради… Аммо Ер оёқлар остида. Доим тепки ейди.

Лекин фалакнинг гардиши, давроннинг гаврони билан Оловнинг кучи Ерга ўтса, Ер жаҳаннамга айланади, жизир-жизир ёнади.

Шамол-Ҳаво. У Оловни сўндириши, Сувни ўйнатиши мумкин, аммо унинг Ерга таъсири оз. Ҳаво ва Сув бирлашса жаннатга айланади.

Ер камтарлик рамзи. Хокисорлик тимсоли. Балки шунинг учун ҳам доим тепки ер!

Йўқ, у охир оқибатда ўзини тепганни ҳам ер!

Олов-жаҳаннам. Тушдингми, бағрида ёнасан, кулга айланасан.

Шамолнинг бағри гирдоб. Тушдингми, хас каби ожиз қоласан.

Ернинг бағри қаро, тушдингми, туфроққа юз тутасан.

Лекин сувнинг бағрида ҳаёт бор.

Шарқда Ерни она деймиз, момо деймиз, бобо деймиз, боқувчи, хазина деймиз. Хуллас, қандай яхши гап топсак Ернинг шарафига айтамиз. Сувни ҳам оби ҳаёт деймиз. Аммо шу жойда тўхтаймиз.

Ғарбда эса сувнинг ўрни баландда. Уммон-боқувчи, уммон-она, уммон-хазина, уммон бағри жаннат! Бугунга келиб уммон бағрида яшаш удумга кирмоқда.

Биз инсон асли Ердан-лойдан пайдо бўлган ва охирида туфроқ – ер бўлади деймиз.

Ғарбда эса инсон вужудининг асосий қисми сув эканлигига ишонганлар кўп. Бу илмий ҳақиқат ҳам.

Биз Ер деймиз, улар Сув дейди. Биз Ер кучли деймиз, улар Сув дейди.

Энди бир ўйлаб кўринг, агар Ер қудратли бўлганда асрлар давомида ўз ўрнини Сувга бўшатиб берармиди?

Дунёнинг ибтидосида ҳам унинг учдан бири Сув бўлганмикан?!

Балки Яратаган бу дунёда жаннат ва жаҳаннамни яратгандир ва бошқа дунёларда ёшини яшаб, ошини ашаган бизларни бу дунёга келтириб кимимизни жаннатга, кимимизни жаҳаннамга отгандур?!.

Қаранг бир томонда Ер Оловга тобе бўлиб қолган, жизир-жизир, жийир-жийир ёнмоқда… одамлар жаҳаннам азобида …

Бошқа бир томонда Сув ва Ҳаво бирлиги… Одамлар жаннат боғида…

Лекин…

Яқинда бир гуруҳ одам Атлантик уммонида сувга ғарқ бўлди. Шарқда “Наҳотки уларни қутқаришнинг имкони бўлмади?” дея ҳайрон бўлишди.

Яқинда Шарқдаги мамлакатда бир киши юрган йўлида қоқилиб ўлибди. Ғарбда ҳамма “Наҳотки?” дея ишонмади…

Балки Сув деган Сувга, Ер деган ерга?!

Бу ҳам биз билмаган дунёлар ичидаги бир қонуниятмикан?!

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Ishoratlar, Uzbek. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s