ЖАҲОНГИР МАМАТОВ׃ Ишоратлар

ДИКТАТОРЛАР ВА ДЕМОКРАТЛАР

Бугун дунёдаги жуда кўп мамлакатларни диктаторлар бошқаришмоқда. Бу айниқса, мусулмонлар яшайдиган мамлакатларда кўпроқ.

Кимлардир диктаторларни тинч, инқилоб йўли билан ағдариш мумкин деб ҳисоблайдилар. Улар босиб ўтилган тарихдан мисоллар келтирадилар ва яқин тарихга назар ташлаб, Гуржистон, Украина ва Қирғиз инқилобларини мисол келтирадилар.

Аслида охирги бу уч мамлакатда золим диктатор эмас, мўътадил яккаҳоким раҳбарлар ҳокимият теппасида эдилар.

Диктаторларни бир неча гуруҳга ажратиш мумкин, жумладан׃

1. Айёр ва золимлар. Судан, Шимолий Корея, Бирма, Зимбабве, Ўзбекистон ва бошқа шу каби давлатларни ана шундай қаттоллар бошқаришмоқда.

2.Замонасозлар. Покистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Россия, Хитой ва ҳоказо мамлакатлар “теппа”сида шундай диктаторлар ўтиришибди.

Диктаторлар йилдан-йилга айёрлашиб кетмоқдалар. Хавф қайси томондан келишини олдиндан тахмин қилиб, чорасини кўрмоқдалар ва бу борада ҳаммадан ҳам айёрликларини намойиш этмоқдалар.

Мухолифларини йўқотиш, ўзларига шерик, қалқон топишда ҳам устомонлиқ қилмоқдалар. Биргина Андижон воқеаларини ўйласангиз, Каримовнинг нақадар айёрона ҳаракатларини кўрасиз. У ва у кабилар тинимсиз ўйламоқдалар ва ўзларини қутқариб қолишнинг йўлларини топмоқдалар.

Хўш демократлар-чи?

Улар ҳали ҳам архаик кураш услубларидан бошқа нарса топганлари йўқ.

Суиқасд уюштиришга уриниш… Бу темир йўлнинг ўртасида туриб олиб, келаётган поездга кесак отишдек гап. Қолаверса, бу демократликка зид.

Халқни намойишларга чақириш… Бу диктаторларнинг қон ҳирсини қондиришга хизмат қилмоқда. Ҳар қанча халқ намойишга чиқса ҳам золим диктатор Андижондаги, Бирмадаги каби бостиради. Аммо нозўравон кураш усулларини ҳам ўрганиб бориш керак. Хусусан Ўзбекистонда бу Каримовдан кейинги раҳбарлар пайтида асқотиши мумкин, бугун эмас.

Дунё жамоатчилигидан мадад кутиш… Бу кўзи кўрдан кўча номини сўрашдек гапга айланиб қолаётир.

Хўш нима қилиш керак?

Қаранг, ҳар йили компютерларнинг янги-янгиси чиқади. Программалари ҳам янгиланади. Шунга қараб уларга қарши вирусларнинг ҳам янгилари чиқади. Кейин вирусга қарши янги дастур ва ҳоказо. Ўн йил олдинги компютер ёнида ўтирган одам Интернет оламини деярли кеза олмайди ёки чўлоқ одам каби ҳаракат қилишга мажбур. Бутун технология, бутун олам ана шундай ривож топмоқда.

Демократлар диктаторлардан орқада қолиб кетдилар. Уларга етиш ва ўзиш учун курашнинг тактика ва стратегияларини ўзгартиришлари лозим ва замонга мос ҳаракат қилишлари шарт. Масалан׃

-бугун дунёда исломий радикализм ва терроризм деган гаплар диктаторларнинг энг катта баҳонаси, уларнинг тегирмонига сув қуймоқда ва демократлар биринчи галда ана шу тузоққа тушмасликлари зарур,

-мукаммал бўлмаса ҳам Саакашвилли тажрибасини ўрганиб, уни такомиллаштириши керак. Жасур ва юрагида демократия ишқи бўлган, дунёни кўрган ёшларни ҳукуматга киритиш ва улар орқали ҳокимиятни ўзгартириш йўлларини қидириш лозим. Ўзбекистонда бугун сепилган уруғ Каримовдан кейинги ҳукумат пайтида куртак отган тақдирда ҳам бу катта одимдир. Чунки 16 йил жуда тез ҳувиллаб ўтиб кетгани каби яна 16 йил ўтиб кетиши ҳеч гап эмас,

-ёш демократларни парламентга киритиш учун керак бўлса диктатор тузган партия ва ташкилотлардан ҳам фойдаланиш лозим ва ҳоказо.

Шундай қилинг, деяётганим йўқ. Булар ишоратлар, холос.

Гап шундаки, демократлар тактика ва стратегияларини қайта қурмасалар сайловлар диктаторларнинг “саҳна асари”га айланиб ўтаверади, демократларнинг ўрни эса Интернетдан ташқарига чиқмай қолаверади.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Ishoratlar, Shu kunning gaplari, Uzbek. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s