Мамлакат ичидан

БИР-БИРИНИНГ ЙЎЛИНИ БОҒЛАГАНЛАР ёки бўлинган қарашлар ҳақида

Кўча тўла нолиш! Бу нолишлару надоматлар қаердан ва қандай юзага келмоқда? Нима учун дарди-бир, армони ўхшаш одамлар шу битта дардга, ўхшаш армонга чора топа олмайдилар? Бу улус наҳорги ошдан бўлак яна нимада уюшқоқлик кўрсата олар экан? Саволлар охири бордир, аммо жавоб-чи?

Оддий фаррошдан тортиб, йирик бир ташкилот раҳбаригача чорадан гапирсанг, қўл силтайди. Айнан шу қўл силташ эмасмикан ночорликка кўникикишнинг илдизи?..

Нега бу аҳволга тушиб қолдик?-десангиз, жавоб ўрнида ё раҳбарлар, ё мавжуд тузумни сабаб қилиб кўрсатадилар аксарият! Аслида ҳам шундаймикан?

Бизнинг энг катта фожиамиз-“кўрпага қараб оёқ узатиш”ни эътиборга олмаслигимизда! Қашшоқ-ликнинг боши шундан кўринади. Йиллаб йиғиниб, бир ўткинчи ҳавас иштиёқида борини сочиб юбо-риш айнан бизга хос хусусият! Яна бир ҳафта ичида мирқуруқ бўлинади. Бор бўлса, томиб турадиган жойи бўлса, ўрни тўлиб кетар, аммо “…ингичка узиладиган аҳвол” бўлса-чи?.. Ҳозир аксарият ИНГИЧКАлашиб кетгани ҳам рост!

Майли, тўй-ҳашам, маъракалар хусусида чуқурлашмайлик. Буларсиз ҳам Ўзбекнинг муаммоси ўзига етарли. Шундай муаммолардан бири-ТАРҚОҚЛИК! Яъни, бир-бирини қўллай олмаслик. Аниқроғи, бир-бирига тўғаноқ бўлишлик! Бу ҳол кўпроқ ИҚТИДОРЛИлар орасида кўзга ташланади.

Биргина мисол: мамлакатда ўзини мустақил ҳисобловчи ва айнан бир турдаги фаолият билан шуғулланувчи шахслар, жамиятлар, ташкилотлар мавжуд. Буларнинг яна бир қанчалари хорижга чиқиб кетганлар. Ва хорижда туриб ҳам фаолиятларини давом эттирмоқдалар. Шундай йўналишдаги соҳалардан бири-ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ҲИМОЯСИ билан шуғулланувчи шахслар ва ҳ.к.лар… Ўзбекистонда хилма-хил номдаги шундай мустақил ташкилотлар бор. Бу номларни хорижда ҳам тез-тез учратиш мумкин. Ҳаммаларининг мақсадлари битта-МАЗЛУМ (ноҳақ жабр кўрган)лар ҳуқуқини ҳимоялаш, мамлакатда ишламаётган қонунларни ишлатилишига эришиш! Лекин энг ҳайратланар-лиси, шу баробарида энг тушунарсизлилиги-бу соҳадагилар аксарият бир-бирининг фаолиятига тўсқинлик қилишга уринадилар. Ҳатто шу даражадаки, ҳукумат махсус идораларига иш қолдирмайдиган даражада бир-бирларининг йўлини боғлашга интиладилар. Мен айнан шу жиҳатини сира тушуна олмайман. Энг ачинарлиси, бир-бирларини қўллашдан кўра жар (қамоқ)га итаришлари осонроқ кўринади. Бу борада Умида Ниёзова билан боғлиқ жараёнларни эслатиш мумкин. Мен Умидага нисбатан тузилган “Айблов хулосаси” матнига кўз ташлаб, ҳайратдан ёқа ушладим. Қўли кишанланиб турган АЁЛни терговчидан кўра айбланувчининг ўз ҳамфикрлари кўпроқ айблагандек туюлдилар менга. Ўз вақтида Умиданинг этагини тутиб, одам сирасига қўшилганлардан бири ҳатто ўзининг инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси эканлигини инкор этган. Ваҳоланки, айнан ўша пайтда шу кимса бошқа бир хорижий ташкилот вакиллари олдида ўзининг Ўзбекистондаги САНОҚЛИ ва кўзга кўринган Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси эканлигини даъво қилиб, нимадандир умидвор юрганди…

Ёки ГБРнинг тузилиши билан боғлиқ воқеаларни олайлик. ГБР тузилгач, ҳали ҳеч қандай тазйиқ бўлмасидан, унга қарши чиққанлар ҳам айнан ва фақат ўзини Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ҳисоблов-чилар эдилар… Уни шарманда қилган ҳам ўзини таниқли Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси санаган шахслардан биридир!..

Мен ҳеч кимни номма-ном кўрсатмаётганлигим учун ўқувчидан узр сўрайман. Бунинг сабаби оддий, яъни менинг мақсадим кимларгадир рўйхат тузиб кўрсатиш эмас, балки ўзаро зиддиятларга қисқача чизги битишликдир!

Биздаги тарқоқлик, ўзаро зидлашув ва келишмовчилик КИМларгадир жуда қўл келмоқда. Айнан шунинг учун ҳам ишимизда самара кутилганидан кўра озроқ!

Яқинда бир аналитик билан суҳбатлашдим. Уни айнан Инсон ҳуқуқлари ҳимояси мавзуси қизиқтирарди. Ўзбекистонда мавжуд шундай ташкилотлардан фақат “Эзгулик” жамиятининг фаолиятига ижобий баҳо бера олишим мумкинлигини айтдим. У аввалига ҳайрон бўлди, шу йўналишда фаолият юритаётган бошқа бир неча ташкилотлар ва уларнинг раисларини санаб ўтди. Мен ўз фаолиятим мисолида жавоб қилдим. Яъни, мен бир ойда элликта мақола ёзишим мумкин, бироқ фақат самара берганларинигина ҳисобга киритаман, холос. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида фаолият юритаётган ташкилотларнинг ёзган ахбооротномаси ёки кўтарган шов-шуви, ёхуд ўтказган пикети яхши албатта, аммо самара бўлмагач, ундан жабрдийдага нима фойда!

Ҳозирда аксарият Инсон ҳуқуқлари ҳимоясига алоқадор ташкилотлар “Альтернатив доклад” тайёрлашга зўр берган. Игнанинг учидек бўлса-да, бирор ҳуқуқбузарлик ҳақида маълумот топсалар, “доклад”га тиқиб ётибдилар. Зоҳиран қараганда, улар Инсон ҳуқуқлари масаласида мамлакатга фойдали иш қилаётгандек кўринади. Аслида-чи, мақсад-маблағ ундириш! Агар мақсадлари холис-Ўзбекистондаги Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан боғлиқ аҳволни ижобий томонга йўналтириш бўлганида, ҳар бири ўзига алоҳида “велосипед ихтиро қилмасдан”, ҳаммалари биргалашиб, ўзларида мавжуд ҳужжату воқеликни ўзаро муҳокама қилиб, энг тош босадиганларини жамлаб, ягона, аммо жуда кучли мухолиф маъруза тайёрлаган бўлардилар. Йўқ, бундай йўл тутилмаган ва тутилмаса ҳам керак! Ўзимиздагиларни қўяверинг, айнан моддий манфаатдорлик учун қўшни мамлакатда туриб, Ўзбекистондаги аҳволга баҳо бериб, пул ишлаётганлар қанча! Агар биздаги тарқоқлик қўл келмаганида, Ўзбекнинг турмушини яқиндан билмай туриб, унинг ҳақ-ҳуқуқи хусусида бирор сўз айтишга ҳеч ким ботина олмас эди!

Мен кейинги икки йил давомида мамлакатдаги ОАВ аҳволотини ижобий томонга йўналтириш хусу-сида бир қанча оғзаки таклифларни киритдим. Ва ОАВни жонлантирмай туриб, ижтимоий муаммолар-ни, шу жумладан, Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан боғлиқ муаммоларни ҳам ҳал этиш мушкуллигини мисоллар асосида тушунтирдим. Бироқ энг биринчи қаршиликни ўз фаолиятдошларимдан кўрдим. Матбуот жуда катта куч! Демократиянинг отаси матбуот бўлади, шу баробарида Диктатуранинг онаси ҳам матбуот! Ва бу икки жараёндан қай бири устун келиши қайси томон Матбуотни ўз измига олиши билан боғлиқ! Большевизмни давлат сиёсати даражасига кўтарган Ленин эмас, унинг “Искра”ю “Правда”си бўлади. Ҳозирда ўзини мустақил сановчи бирорта кучнинг ўз нашри мавжуд эмас. Пресс-релизлар асосан интернет сайтларида қолиб кетаяпти, оддий одамлар учун интернет дегани Оврўпога дам олиш саёҳатидек ушалмас орзу!

Яқинда бир пулдор ўзича ақл ўргатгандек бўлиб:

– “Адвокат пресс” ёпиб қўйилгач, “Ҳимоя-жараён” учун кўп талашдингиз-да! Нима, Ўзбекистонда газета камми?-деди.

– Аввали худо, қолаверса, “Адвокат пресс”даги мақолалар сабаб қанча жабрланганларга ёрдам берилганлигини биласизми? Қанча ноҳақ чиқарилган ҳукм ва ҳал қилув қарори қайта кўрилганлигию қонуний ҳал этилганлигини-чи? Энг асосийси, адвокат ёллашга имкони йўқ ўнлаб одамларга бепул хизмат кўрсатдик шу газета орқали. Газета бир менга эмас, кўпчиликка шу учун керак,-деб юзакироқ жавоб қайтардим…

Минг афсуски, бир-бирини қўлламаслик бизнинг ОАВ ходимлари учун ҳам тегишли ҳолат. Мен бу ҳақда олдин ҳам кўп айтганман, ёзганман. Айниқса, бу жиҳатни ўзимга нисбатан бўлган муносабат-ларда кўп кузатдим. Ҳозирга қадар бирор таҳририятга борсам, жуда ҳурмат билан муомалада бўлиша-ди ва шундай муомалада мен билан ҳамкорликдан ҳам тортинадилар. Биргина мисол: биздан анча ёш журналист бир қизимиз “Терминатор” китобимни ўқигач, кичик тақриз ёзиб, мени яхши таниган, ҳурматлаган нуфузли таҳририятга олиб борибди. Бош муҳаррир унинг мақолаларини мунтазам чоп этиб келар экан. Бироқ менинг китобимга ёзган тақризи эълон қилинмаганлиги баробарида бошқа мавзулардаги мақолалари ҳам берилмай қолган. Журналист қиз ҳайрон. Мен олдинлари шундай ҳолатда юрган таниқли қаламкашларни кўрганимда, “наҳотки шундай ижодкорнинг ёзганларини газеталаримиз босмаса?” деган ўйга борардим. Бу кун ўзим шу аҳволга тушиб турибман. Бироқ бундан сира ранжимайман!

Бизга хос бўлган ўзаро тарқоқлик, ўзаро зидлашув ва келишмовчилик қачон, қайси даврдан пайдо бўлганлиги менга номаълум. Буни энг зўр тарихчи ҳам билмаса керак. Шу баробарида бу иллатдан қачон ва қайси даврда фориғ бўлишимизни ҳам аниқ айтиб бера олувчи мунажжим топилмас. Чунки бу иллат назаримда урғочига ўхшайди ва ҳамма соҳада болалаб улгурган. Мустақил ва мухолиф йўналиш-даги барча фаолиятда шу иллат мавжуд. Юқорида ижтимоий муносабатларга оид ҳолатларга қисқача тўхталдик. Бундай мисолларни ўз фаолиятини сиёсий йўналиш билан белгиловчи ҳаракат, фирқа ва ташкилотлар мисолида ҳам очиқ кўриб турибмиз. Бу сиёсий фаолиятлар дастуридан келиб чиқилса, мақсадлари ягона-ҳуррият эканлиги маълум бўлади. Бироқ амалий ҳаракатларига эътибор қилинса…

Бу мавзуни истаганча давом эттиришим, нафақат бугунги кунимиздан, балки яқину узоқ ўтмишдан мисоллар келтиришим мумкин, бироқ самара кўринмаяпти. Менинг фикримча, хоҳи мамлакат ичкарисида бўлсин, хоҳи хорижда Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида фаолият юритаёт-ган ҳар қандай кўринишдаги ташкилотлар каолицияга бирикиши, ягона дастур ишлаб чиқиши лозим. Шу баробарида сиёсий йўналишдаги ҳаракат, фирқа ва ташкилотлар ҳам энг аввало ўзаро келишувга эришишлари зарур. Бу дегани бирлашиб кетишлик эмас, балки мақсад сари баҳамжиҳат интилишликдир!

Мамлакат ичида фаолият юритаётган Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан боғлиқ ташкилотлар ўз фаолиятларини хусусий адвокатлар билан уйғунлаштиришлари ниҳоятда муҳим жиҳат. Чунки Инсон ҳуқуқлари ҳимоячисининг ҳаммаси ҳам ҳуқуқшунос ихтисосига эга эмаслар. Агар фаолиятда ўзаро уйғунликка эришилса, ягона нашр ташкил қилиш ва расман рўйхатдан ўтказиш имкони юзага келади. Мен бу масалани анча олдин ҳам Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига, ҳам хусусий адвокатура эгаларига таклиф қилгандим. Бир неча марта бу борада уларга мурожаат этиб, эслатгандим ҳам. Аммо юқорида таъкидлаганимиз-тарқоқлик кўриниши бу таклифларнинг беэътибор қолишига сабаб бўлган кўринади.

Бир сўз билан хулоса қилинганда: токи ўзаро ҳамфикрлар ўзаро келишувга ва бирикувга келмас эканмиз, нафақат бошқаларнинг, балки ўзимизнинг ҳам ҳақ-ҳуқуқларимизни ҳимоялашга ожизланиб қолишимиз ҳеч гап эмас!

Дилмурод САЙЙИД.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: