ЖАҲОНГИР МАМАТОВ׃ Ишоратлар

ТАРБИЯ

Мусурмонқул ака художўй, мўминқобил, тарбияли одам. Унинг икки ўғли бор эди. Уларнинг ҳам ўзи каби тарбияли бўлишини истарди. Шунинг учун асосий вақтини уларга панд-насиҳат қилишга, нимадир ўргатишга сарфларди.

Рамазон кунларининг бирида катта ўғли қўшнисининг боласи-Раҳимни куракда турмайдиган сўзлар билан сўкканини эшитиб қолди.

-Болам рўзанг ҳаром бўлди,-деди у.-Сен Раҳимни сўкиш билан рўзангни буздинг. Бу ойда бировни сўкиш, ҳақоратлаш мумкин эмас.

-Ахир у биринчи бўлиб мени сўкди…

-Унинг рўза тутган-тутмаганини билмайман. Балки у умуман тутмас. Бу унинг иши. Худонинг олдида ўзи жавоб беради. Лекин сен рўзаликсан ва сенга сўкиш ҳаром.

Катта ўғил бу гапдан ўзига сабоқ олди ва шундан кейин нафақат Рамазонда, балки умуман бировни сўкмайдиган бўлди.
Лекин Мусурмонқул ака эртасига пешинни ўқиб, ташқарига чиқса, кичкина ўғли овқат еб ўтирибди.

-Ҳа, нима бўлди?-деб сўради ундан.

-Билмасдан Раҳимни сўкиб юборибман, рўзам бузилди,-деб жавоб қилди оғзини тўлдириб овқат чайнатган бола.

Мусурмонқул ака унга анча насиҳат қилиб׃

-Энди Рамазондан кейин қўшимча олтмиш кун рўза тутишингиз керак ,-деди.

Лекин эртасига яна шу ҳол такрор бўлди. Кичик ўғил шу зайл Рамазонда ҳам, ундан кейин ҳам ўтганни, қайтганни сўкадиган бўлиб қолди.

Отаси гапирса׃
-Ўзингиз айтгандингиз, жавобини ҳар кимнинг ўзи беради деб. Тангрининг олдига борганда бир гап бўлар…,-дейдиган бўлди.

Хуллас, Мусурмонқул аканинг икки фарзанди икки хил бўлиб улғайди. Бири – шимол. Бири-жануб. Бири-тун. Бири-кундуз. Бири-тарбияли. Бири-тарбиясиз. Бири-одил. Бири-золим. Бири-ориф. Бири-осий.

Мусурмонқул ака ҳам, маҳалла куй ҳам бу ҳолатга чора топиш билан овора. Чора топилармикан энди?

МЕРГАНЛАР

“Озодлик׃ Америка инқилоби” китобининг муаллифи Томас Флеминг (Thomas Fleming-Liberty: The American Revolution) қизиқ бир воқеани ҳикоя қилади.

1777 йилда Британиянинг машҳур мергани ўрмонда Шимолий Американинг бир гуруҳ сипоҳларини кўриб қолади. У пистирмада туриб, қуролини уларнинг олдида келаётган кишига йўналтиради. Лекин уни отмайди. Кейин у бу ишига “чавандознинг юзи қатъиятли ва меҳр-саховатли эди” деган изоҳ беради. Вақт ўтиб маълум бўладики, мерган отмаган одам армия қўмондони ва Американинг бўлажак президенти Жорж Вашингтон экан.

Халқимизда “меҳри иссиқ”, “меҳри совуқ”, “юзи иссиқ”, “юзи совуқ”, “юлдузи иссиқ”, “юлдузи совуқ” каби иборалар кўп. Ҳақиқатдан ҳам инсоннинг юзи, кўзига алоҳида эътибор қилинади.

Шунинг учун ҳам бутун дунёда сайловларда номзоднинг имиджи борасида махсус одамлар шуғулланишади. Лекин улар барибир юзга, кўзга меҳр солиб қўя олмайдилар. Бу иш яратганнинг ваколатида.

Хунук одамларни хафа қилмоқчи эмасман. Айб уларда ҳам эмас. Уларни шундай яратган бўлса нима қилишсин?! Балки уларнинг қалблари гўзалдир?!

Лекин 1990 йилларнинг бошида Каримовнинг сўзларига эмас, кўзларига қаралганда, балки Ўзбекистон бугунги куйга тушмаган бўлармиди?

Ёки унинг қалби гўзалдир дея алдандими халқ?! Балки халқ ўшанда Дажжолнинг чиқиши, Яжуж-Мажужларнинг меҳрсизлиги, қиёфаси ҳақида ҳеч нарса билмагандир?!

Гап буларда эмас, гап мерганда, мерганинг кўзларида дейишингиз мумкин.

Афсус гап бунда ҳам эмас.

Гап шундаки, бизнинг мерганлар меҳрсизни кўрсалар ётаверадилар, меҳрингизни кўрсалар отаверадилар.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Ishoratlar, Uzbek. Bookmark the permalink.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out / Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out / Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out / Change )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out / Change )

Connecting to %s