Мамлакат ичидан

Давлат бошлиқлари, партия лидерлари келиб кетаверади. Аммо, партия ва унинг олийжаноб ғоялари ҳамиша сиз билан бирга
Қ У Т Л О В
Ўзбек Халқига
Ўз юрти, тили, дини ва тарихига эга хар бир миллатнинг азалий орзуси бўлган озод, сувирен давлат ҳокимиятига асос солинган энг қадрли, энг қувончли озодлик байрами қутлуғ бўлсин, азиз Ватандошлар!

Биз маданий дунё тараққиётига ўз ҳиссасини қўшган, энг қадимий давлатчилик анъаналарига эга бўлган тунғич халқлардан биримиз.

Халқ бу ҳар бири ўз фикри, кўз қараши ва ўз хотирасига эга руҳан эркин бўлган миллионлаб шахслар жами демакдир.

Иштирокчилари ҳали ҳаёт бўлган яқин ўтмишни сохталаштириш бесамар нодонликдир. Бири унитса, бошқа бири албатта, ёдида сақлайди ва вақти келиб тарихий ҳақиқатни айтади

Шахсни жисман ёки расман асоратга солиш мумкиндир, аммо, тафаккурни, айниқса хотирани маҳкум этиб бўлмайди.

2007 йил 1 Сентябр куни Ўзбекистон миллий давлат мустақиллигига эришган кунга ўн олти йил тўлади.

Азиз ватандошлар, сиз учун қутлуғ бўлган кунлар, саналар кўп Уларнинг ҳар бири ўзига хос умуммиллий аҳамиятга , қувончли ва тарихий бир аҳамиятга эга бўлган кунлар ва саналардир.

Аммо Мустақиллик байрами миллат ва халқ тағдирини белгилашда тутган ўрнига кўра бошқа ҳеч бир сана билан солиштириб бўлмайдиган улуғ ва муқаддас моҳиятга эгадир.

ХIХ асрнинг 60-йилларида бошланган подшо Россияси истибдоди ХХ асрнинг 17- йилига келиб октабр давлат тўнтариши билан барҳам топди.

Аммо, ҳокимият тепасига келган коммунистлар империя таркибидаги халқларга нисбатан бошлаган зулм Ер куррасининг олтидан бир қисмини қип қизил қонга белади.

Мустабид, айниқса унинг хизматига ўтган миллат хоинлари энг охирги ҳур фикрли инсоннида излаб топиб, йўқ қилиш қасдида “тозалаш” компаниясини такрор, такрор ўтказдилар.

Босқинчилар ва уларнинг маҳаллий малайлари етмиш йил давомида тарихини, тилини, динини халқнинг хотирасидан ўчириб ташлаш учун қўлидан келган барча чораларни кўрди.

Инсониятга нисбатан қўллаган ваҳшийликлари даражасига кўра ёнма ён босқичда турган коммунизм ва фашизм ўтган асрнинг 41- йил июлида тўқнашди. Икки аждаҳо бутун дунёни жаҳон уриши комига тортди. Аммо фашистлардан фарқли ўлароқ, коммунистлар олиб борган уруши озодлик, халоскорлик уриши эди.

Балки Россиянинг ғалабасини таъминлаган асосий фактор уришдан кўзланган мақсад бўлгандир.

Жаҳон уриши харобалари орасидан 45 –йил май ойида бошини кўтарган халқ ўзини яна Сталлин барпо этган ер юзидаги энг улкан казармада кўрди.

Советлар истибдоди карахт қилиб ташлаган эрксиз Ватанда халқимиз ўтган асрнинг 90- йилигача бош эгиб яшади.

Миллат озодлиги, давлат мустақиллиги учун ошкора курашлар 80- йилларнинг охирида бошлнган эди.

Ватаннинг зиёли ёшлардан иборат , ўт юракли фарзандлари «Бирлик” халқ ҳаракати атрофида бирлашдилар.

Ғоя битта-ю битта ва мақсад муштарак: миллий давлат мустақиллигига эришиш.

Путурдан кета бошлаган бўлса-да ҳали анчайин қудратли КГБ “Ҳаракат” элитаси орасидан ўз малайларини излаб топди ва улар ёрдамида ҳали шакллланиш даврини бошидан кечираётган ташкилот фаолллари орасига нифоқ солишга эришди. «Ҳаракат», аниқроғи “Ҳаракат” раҳбарияти бир бирига адоваткор икки лагерга ажралиб кетди.

Бугун ўзини «ЭРК” партиясининг асосчиси деб даъво қилиб юрган баъзи собиқ эркпарварлар арзимас «туҳфалар” ва масхаромуз имтиёзлар эвазига демократик мухолифатни парчалаб ташлашда КГБга ёрдам берганди ўшанда.

Гарчи демократик мухолифат иккига бўлиниб кетган бўлса-да ўз ғояларидан, асл мақсадидан воз кечмади. Шахсий амбициялари тўрида ўралашиб қолган раҳбарият умумий йўналишга таъсир кўрсата олмади.

Бўлинган «Ҳаракат” заминида амалдаги хукуматга нисбатан сиёсий мухолифатдаги иккита партия: «ЭРК” ва “Бирлик” партиялари ташкил топди. Ҳар иккала партиянинг ўз ғоялари ва мақсадларида собит қолган фаоллари мустақиллик йўлида бошланган курашни елкама елка туриб давом эттиравердилар.

Союз таркибида қолиш ёки мустақил давлат сифатида ажралиб чиқиш масаласи кўлдананг қўйилган 1991йил март референдуми даврида ҳам «ЭРК” ҳам “Бирлик” партияси халқ орасига юриш қилиб, мустақиллик учун овоз тўплади.

Биз ўша даврда аслида қандай шароитда иш олиб борганимизни халқ ҳали унитгани йўқ. Референдум бошланишидан бир кун олдин мен сафдошим Дайнов Ташанов билан бирга Яккабоғ тумани сайловчилари билан учрашув ўтказаётган чоғда туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан қамоққа олиниб, то референдум ўтгунча 75 соат давомида “шахсини аниқлаш” мақсадида ушлаб турилганмиз.

Аммо, қизил империянинг тинкаси қуриган, умри тугаб бораётган эди. Болтиқбўйи республикалари бирин, кетин Союз таркибидан ажралиб чиқиб, ўз давлат мустақиллигини эълон қилдилар. Марказ қанчалик чиранмасин, бошланган парчаланиш жараёнига қаршилик қилолмади.

1991 йил 19 август куни Форосда давлат бошлиғи М.С. Горбачёвни ташқи оламдан узиб ташлаш билан бошланган давлат тўнтариши ойнинг охиригача жаҳоннинг энг қудратли империяси бўлган советлар истибдодининг қонсиз ҳалокати билан ниҳоясига етди.

1991 йил 31 август тонгида халқимиз миллат сифатида ҳур, давлат сифатида мустақил бўлиб уйғонди. Республикани бошқариб турган ҳукумат Ўзбекистон Республикасини мустақил, сувирен давлат деб эълон қилди. Эътироф этиш керак: ўша давр учун бу жуда катта жасорат эди.

Ҳозиргидек ёдимда: ўша куни мен бир гуруҳ сафдошлар билан бирга кўксимизга сиғмаётган шодликни одамлар билан бирга намоён этиш учун Қарши шаҳри кўчаларига чиқдик.

Бироқ, шаҳарда ҳаёт аввалгидек давом этарди. Халқ ўз мамлакати устида чарх ура бошлаган бахт қушини ҳали пайқамаганди ўшанда.

Компартиянинг ҳали ўз курсиларида ўтирган секретарлари «Энди ниима бўлади!?” деган таҳликада ўз кабинетларида пусиб ётишарди. Маъмурий бинолар устида эса, ҳанузқизил империянинг алвон байроқлари ҳилпираб турарди.

Эълон қилинган мустақилликни худди пахта планининг бажарилиши, навбатдаги пленум қарори ёки Навруз байрамини нишонлашга рухсат этилиши каби одатдаги ўткинчи компаниядек кутиб олинди.

Шунда ёдимга бир қозиқ атрофида занжир Билан ўттиз йил айланган филнинг занжир ечиб ташлангандан кейин яна ўттиз йил айлангани ҳақидаги воқеа келди.

Сал кам бир ярим аср давом этган эрксизлик халқимизнинг миллий ғурурини ўтмаслаштириб, онгини нечоғлик карахт қилиб ташлаганини англаб, хўрликдан кўзларимга ёш келганди ўшанда.

Қадимги юнонистонда Эзоп исмли машҳур бир файласўф ўтганлигини, унинг аслида оддий бир қул бўлганини сиз яхши биласиз.

Бўйнига туҳмат билан оғир гуноҳ қўйилган Эзопнинг олдига икки шарт қўядилар: ё умрининг охиригача қулликда давом этиш, ёки озодликка чиқиши билан қатлга бориш.

Эзоп иккинчи йўлни танлаганди ўшанда. Уни озод одам мақомида қатл этганлар. Эзоп қатл олдидан ўзини Юнонистоннинг энг бахтли ва энг озод фуқароси деб ҳайқирганди.

Эзоп замонасининг энг донишманд файласўфларидан бири эди. Шундай бир оқил инсон узоқ қуллик умрини эмас, озодликдаги қазони танлади.

Эркинликнинг қанчалар азиз ва мукаррамлигини англаш учун бундан-да ёрқинроқ ибратлар бўлса бордир, аммо, мен эшитмаганман.

Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришгандан кейин «ЭРК” партияси ўз олдига навбатдаги давр учун энг долзарб бўлган мақсадни қўйди.

ҲУҚУҚИЙ МУНОСАБАТЛАРДА ҚОНУН ВА ФАҚАТ ҚОНУН УСТИВОР БЎЛМОҒИ,

ИҚТИСОДИЁТ ЭРКИН БОЗОР ЙЎРИҒЛАРИ АСОСИДА ТАШКИЛ ЭТИЛМОҒИ,

ИНСОН ШАЪНИ ВА ФУҚАРОЛИК ҲУҚУҚЛАРИ ДАХЛСИЗ БЎЛМОҒИ,

БОШҚАРУВ ДЕМОКРАТИК ҚАДРИЯТЛАРГА ТАЯНМОҒИ КЕРАК. . .

Партиянинг Ҳаракат дастури бошдан оёқ ушбу ғоялар билан суғорилган эди. “ЭРК”партиясига амалдаги ҳукуматга нисбатан конструктив позициядаги демократик мухолифат деб аниқ таъриф берилди.

Сиёсий таъсир доираси, лекторат учун бўладиган курашлар фақат демократик баҳслар тарзида кечиши қатъий белгилаб қўйилди.

Аммо, раҳбариятнинг ички бошқарувда демократик тамойиллардан чекиниши, сиёсий жиҳатдан саводсизлиги ва субутсизлиги натижаси ўлароқ сиёсий фаолият тактикаси ва позиция танлашда йўл қўйилган қалтис хатолар туфайли 1993 йил кузига келиб, партия эгаллаган расмий мақомини бой берди.

Бу жараён 1991 йилги президентлик сайловларидан кейин, партия раисининг аввалига сайловда ғолиб чиққан номзодни ғалаба билан табриклаб, кейинчалик кутилмаганда фикридан қайтиши, сайлов натижаларини тан олмаслиги ҳақида баёнот тарқатиши ва амалдаги парламентга муқобил парламент тузишга уринишдек ахмоқона ҳаракати билан бошланди.

Ушбу на Марказий кенгаш, на Бошқарув ҳайъати билан маслаҳатлашмасдан қўйилган қадам рақибнинг хато қилишини кутиб турган собиқ коммунистлар учун жуда қўл келди. Демократик миухолифат зиммасига “Конституциявий тузимни куч билан ағдариб ташлашга уриниш” айби қўйилди.

Сиёсий рақобатдаги кучга мухолифатни сиёсий аренадан қонун йўли билан суриб чиқаришда қўл келган бу моҳиятан тутриқсиз баҳонани партиянинг ўша пайтдаги раиси С. Мадаминов топиб берганди.

2003 йил октабрида бўлиб ўтган V Съезд партияни боши берк кўчага тақаб қўйган ушбу сиёсий тутуриқсизликка кеч бўлса-да барҳам берди.

Янги сайланган раҳбарият бошқарувни партиянинг энг оғир, энг қора кунларида қабул қилиб олди.

Ҳаракати расман тўхтатилган, гуруҳларга парчаланиб, пароканда бўлган; кўзга кўринган фаоллари тиғиз назорат остида яшаётган партиянинг йўқотилаган позицияларни қайта эгаллаш, узилган алоқаларни қайта улаш, гуруҳларни қайта бирлаштириш каби мавжуд сиёсий муҳитда амалга ошириш имконсиз бўлган вазифалар янги сайланган раҳбарият чекига тушди.

Энг аламли ҳолат: бошқарувдан четлатилган собиқ раис партия номидан уни бадном этувчи асоссиз, жангари баёнотлар тарқатишда давом этмоқда.

Аммо, биз партиянинг асл мақсадини ифодаловчи ушбу

ҲУҚУҚИЙ МУНОСАБАТЛАРДА ҚОНУН ВА ФАҚАТ ҚОНУН УСТИВОР БЎЛМОҒИ,

ИҚТИСОДИЁТ ЭРКИН БОЗОР ЙЎРИҒЛАРИ АСОСИДА ТАШКИЛ ЭТИЛМОҒИ,

ИНСОН ШАЪНИ ВА ФУҚАРОЛИК ҲУҚУҚЛАРИ ДАХЛСИЗ БЎЛМОҒИ,

БОШҚАРУВ ДЕМОКРАТИК ҚАДРИЯТЛАРГА ТАЯНМОҒИ КЕРАК. . .

шиорларни бир лаҳза ҳам қўлдан ташлаганимиз йўқ. Вақти келиб, халқимиз ушбу эзгу мақсадларга эришади ва биз – эркчилар ҳам ўша дориломон демократик кенгликларда халқимиз билан бирга бўламиз деган комил ишонч туфайли яшаяпмиз.

Давлат бошлиқлари, партия лидерлари келиб кетаверади. Аммо, партия ва унинг олийжаноб ғоялари ҳамиша сиз билан бирга.

Яқинлашиб келаётган давлат мустақиллиги расман қарор топган қутлуғ кун барчангизга муборак бўлсин!

“ЭРК” партияси Бошқарув ҳайъати номидан САМАД МУРОД.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: