Самад МУРОД

БУЮК УЧЛИК

Энг аввал ишқ яралди;

Ботирнинг қалбида гунча уйгонди; яшил, ол рангларни шимирди, ёнди; қонига қўшилиб, жисмини ўртади; согинчдан эшилиб, жуфтини қумсади, ором не, уйқу не билмади; излади, излади…

Ой ўнтўрт кунлик бўлганда сулувнинг тушига кирди; сулув ўнтўрт ёшга тўлган эди; нақш олмадай юзларига ишқ ранглари қўнган эди; жуфтини қумсади, тўрга ўтиб қирқ кун йиглади, йўлига кўз тикиб, багрини тиглади; излади, излади…

Улар уларни ажратиб турган айрилиқ саҳросини босиб ўтиб, ёқасига ям-яшил майсалардан поёндозлар тўшалган, сархил гуллар очилиб, хушбўй ялпиз, райҳон ифорлари таралиб ётган васл чашмаси бўйида учрашдилар;

Кўзга кўз тушган чогда яшил, ол шуълалар жингала, жингала туташди; ола чилвирдай чулгашди, пачак гулдайин чирмашди;

Ниҳоят, улар қўл ушлашиб чимилдиқ ортига ўтишди; жигитнинг фараҳ тафтидан эриб бораётган бовридан ажралган бир қатра дур сулувнинг ташналикдан ўртанаётган боврига шабнам бўлиб томди;

Чимилдиқ ортидан жигит ота бўлиб, сулув эна бўлиб чиқиб келди…

МЕНИКИ! – деб дунёга келди ўглон. Ўглон яна ўглон кўрди. Кимдир кўзи чўлпон кўрди. қийин кўрди, осон кўрди, чимилдиқлар осмон кўрди. Аввалига неваралар, неваралардан чеваралар урчийберди.

Бир кун келиб, жайлов торлик қилди, олдинига манов кирдан, анов қирдан ошиб ўтов тикдилар, кейинига товдан ошиб қишлов тутилар; уруглар сувлотини била сувлаб, алгавлашиб овини овлаб, жилкисини галалаб, куйини сурувлаб, ўтлоқ ўришларни саралаб, уммонларга туташ бепоён даштларни босиб таркалиб кетаберди; илоҳий ишқ жилолари эҳтиросли рангларга, сеҳирли оҳангларга, настарин ҳидларга эврилиб, ер юзини қутли бир маконга айлантирди.

Бул уруглардан жойловини овуб жойлашган; тўйини бирга тўйлашган; ёвгарчилик кунларида жон тикиб, жовлик савашган; она тилни лаҳжаларда сўйлашган эллар тарқалдилар;

Эллардан эса, куррайи заминнинг муайян ҳудудини Ватан тутган, илдизи ибтидо булоқларидан сув ичиб тургувчи, шонли кечмишини ёддан билгувчи; ушокли, улугли; давлатли, тугли миллат бино бўлди;

Етти иқлимга таралиб, бутун ер юзини ишгол қилган миллатлар эса, ҳар бири ўз эътиқоди, асори атиқалари, бетакрор ва гўзал маънавий дунёси билан барчамиз ва ҳар биримиз тегишли бўлган ягона башарият мулкига асос солдилар.

Ҳар бир халқ миллат бўлиб шакилланмоги, ўзга халқлар томонидан миллат мақомида эътироф этилмоги учун умумбашарий йўриглар қўйган ушбу устивор талабларга жавоб бермоги керак.

Моварауннаҳрни жойлаган тўқсон уч бовли туркийзабон эллардан иборат ўзбек миллатининг шу ном билан аталиб, миллат сифатида эътироф этилишида олтмиш олти отали қўнгирот элининг ҳал қилувчи хизмати бордир.

Миллат мақомини олиш учун ҳар бир халқ қуйида келтирилган ушбу қадриятларга шаксиз эга бўлмоги керак:

Ҳудудий жиҳатдан яхлит Ватанга; ягона диний маданиятга; барча эллари ва элотлари учун тушунарлик ягона, умумий она тилга; мазкур халқнинг даҳосини, букулмас иродасини, ор-у номусини; қудрати, шон-у шавкатини; кўрки ва фазилатларини ўзида санъат даражасида мукаммал ифода этган тарихий достонга – миллий эпосига эгалик.

Қўнгрот ўзининг «Алпомиш» эпоси билан миллатлардан иборат башариятни таъсис этишда қатнашган, Ўзбекистон деб аталмиш Ватанда яшаётган туркий халқларга миллатлик мақомини тортиқ этган мумтоз элдир.

Зеро, Алпомиш инсоният тарихида паҳлавонлик ва баҳодирлик бобида замонасида тенгсиз ўтган саноқли тарихий алплардан биридир. У чорвадорлик қилиб, йилқи, қўй ҳайдаб, жойлов излаб тарқалиб кетган; ўзга элларга сигинди бўлиб, моли, жони, сулув қизлари талошга тушиб қолган қўнгирот элини ягона туг остида бирлаштириб, бийлик тузган; қўнгиротда илк давлатчилик тизимига тартиб берган тарихий хукумдорлардан биридир.

Бу достон Алпомишнинг достонидир.

Орадан юзлаб, минглаб йиллар карвондай елиб утиб кетди; бир нозли имоси билан юртига гавголар сола келган не бир гўзаллар хулё, туш каби унут бўлишди.

Не тонгки, маликалик шаънига қўл узатган Кўкамандай атанган алпни ўтирган ерида олиб урган; мактуб битиб, кабутарни Бойсун элга учирган; кашмирий ҳарир рўмолини боши узра туг каби тўлгаб, «қури-ё, қур ҳайто, қўнгротнинг оти!!!» дея Бойчиборга қичирган; «Ўз, жонивор, узмасанг куп ёмон бўлади, ёмонлик не, кунгиротда охир замон булади» деб ёлвориб, тождор тулпорнинг канотини ёздирган; калта кантарилган тизгинини уздирган; калмокнинг атанган беш юз тулпоридан ўздирган; туёгидан гул михларни тиши билан сугурган; кўз ёшига қалмоқларни чўктирган; сулувларни сулувликдан туширган; ишқида Алпомишдай тенгсиз алпни ақлидан оздирган; гул умрини бахшиларга достон қилиб ёздирган; барини жамлаб, авлодларга мерос килиб колдирган Барчиной, мана, орадан неча довруқли замонлар утиб кетибди-ки то ҳануз севги, садокат; химмат ва жасорат тимсоли макомида оламий ишк мулкига маликалик килиб келмокда.

Бу буюк достон Барчинойнинг достонидир.

Бобохон тогидан бошланган ушал тарихий пойгада Бочибор эгарга тангиб ташланган тизигинни узмаганда, пойганинг хавосини олган чин тулпор кўлтигини ёзмаганда, гарданини ёй ўкидай чўзмаганда, Ватан тимсолига айланган сулувнинг номусини ёлига тумор қилиб, Чилбир чўлнинг уйкусини бузмаганда, калмокнинг беш юз тулпоридан бирин, бирин ўзмаганда, қўнгиротнинг бўлажак маликаси Кўкалдошдек голиб чиққан бир қалмоқ алпининг илкида ўлжа бўлиб қолиб кетганда нима бўлар эди!!??

Барчин Барчин эмас, палахмонга солиб отилган, пойгага тикилган-у утилган; балки кул бозорга солиниб, чўри кисматида сотилган сулув бир заифа бўлар эди.

Алпомиш қанчалик зўр баҳодир бўлмасин, тагдир ҳукмига бош эгиб, алплик мақомидан жудо бўлиб, элига қайтар эди ва бир умр кўкрагини кўтаролмай армонда ўтиб кетар эди.

Демак, башарий шуҳратга эришган, ўзбек халқига миллатлик мақомини олиб берган бу буюк достон ёзилмас эди.

Аммо, қисматнинг ёзуги бўлак эди…

Чилбир чўлда Бойчиборнинг туёгидан тўзган шонли тўзонлар ҳанузгача тарқагани йўқ; машриқдан магрибгача сомон йўлидек узаниб ётибди.

Эртакларни ўқинг, достонларни ўқинг; кечмишдан нақл қилгучи ҳикоятларни, ибрат бўлиб қолган ривоятларни ахтариб чиқинг, аммо мислини тополмайсиз. Бойчибор инсон оёги тегмаган тогларни забт этган, Жайхун-у Сайхундек улуг дарёлардан ҳатлаб ўтган; Осиёнинг одам юрса оёги, қуш учса қаноти куядиаган ҳад-ҳудудсиз саҳросидан елиб ўтиб, миллатни қутқарган буюк тулпордир.

Бу буюк достон Бойчиборнинг достонидир.

АЛПОМИШ – БАРЧИНОЙ – БОЙЧИБОР

Ушбу достоннинг грекларнинг «Илиада ва Оддисея», гуржиларнинг «Арслон терисини ёпинган паҳлавон», қиргизларнинг «Манас», ўрисларнинг «Иля Мурамец», инглизларнинг «Робин Гуд», форсларнинг «Шохнома»си каби миллат эпоси мақомиги кўтарила олишига сабаб, аввало тангрининг иродаси ва алқисса, ундаги учликнинг тенглиги, ажралмаслиги, буюклиги ва тугаллигидадир.

Таҳририятдан׃ Нафақат сиёсатчи балки истеъдодли ижодкор ҳам бўлган Самад Муроднинг “БУЮК УЧЛИК” достонини эртадан бошлаб эълон қиламиз.


Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: