Мамлакат ичидан

БУГУНГИ САМАРҚАНД МАНЗАРАЛАРИ

Дурдона шаҳримизнинг 2750 йиллик юбилейи кунлари камина ҳам уни зиёрат қилиб қайтиш имконига эга бўлдим. Бордим, кўрдим, баъзан ҳайратландим, баъзан ўкиндим..

Аввало айтиб ўтиш жоизки, мамлакатимизнинг ҳали ҳануз қимир этмай ўтирган президенти нима демасин, Самарқандга муносабатнинг қандайлигини, ўсиб келаётган авлод, нафақат авлод, балки ҳар қандай ўзбекистонлик бу шаҳарнинг маънавий нуфузини ҳис қилиши учун ҳеч қандай шароит яратилмаганини аэропортданоқ билса бўлади. Камина сафарга отланган кун Тошкент аэропортида ўнлаб русияликлар, қўшни қозоғистонликлар ва ниҳоят ўзимизнинг ватандошлар терлаб-пишиб чипта олиш ҳаракатида турарди. Чиптачи аёл (рус аёли) мутлақо шошилмасдан, бемалол, бепарво тарзда хизмат кўрсатарди. У турнақатор бўлиб турган йўловчиларнинг иккитасига чипта чиқариб беришга улгурган пайтда, самолётга жойлашиш бошланди.

Бешта одамга чипта бериб улгурганида, карнайлар орқали, “поссадка тугади, ҳой, Самарқандга борувчилар борми?” дейилаётган эди. Хуллас мен айтиб ўтганим русияликлар, қозоғистонликлар ва биз чипта олган пайтимиз, самолётимиз аллақачон Самарқандга қўнишни мўлжаллаётган экан. Жуда ҳам алам қилди. Анави чиптачига нималар демадик, эҳ-ҳе, кўп сўзларни айтдик, безрайиб ўтираверди. Бошлиққа учрадик, “яна самолёт борми, ака”, у йўқ деб бош чайқади. Қаранг, юбилейи нишонланаётган шаҳарга, Шарқ ва ҳатто (ўша президент айтмоқчи) Ғарбнинг дурдонаси ҳисобланаётган шаҳарга, бир кунда атиги битта самолёт учар экан. Наилож, темир йўл вокзалига мурожаат қилдик, ўша аҳвол. Киракаш акаларга раҳмат, ҳар бир ўловчидан 15000 сўмдан олдилару, уч соат деганда Самарқандга олиб бордилар. Ҳали шаҳарга кириб улгурмасданоқ, қалбда алланечук хаяжон ҳис қилдим.

Ана Самарқандга келдик”, деди ҳайдовчи енгил табассум билан, негадир оғзимдан “бисмиллаҳ” деган калима отилиб чиқди. Англадимки, бу бетакрор шаҳарга айнан ана шу калимани айтиб, алоҳида ҳурмат билан қадам қўйиш керак. Ахир унинг қаърида не-не улуғ алломалар, буюк инсонлар ётибди. “Ассалому алайкум…”, калимасини айтдим, ҳатто худди Самарқанд қўйнида ётган минглаб донишмандлар, “во алайкум ассалом, кел болам” дегандай туюлди. Машинанинг олд ўриндиғида ўтирган, асли самарқандлик яҳудий аёл бу қадар тўлқинланиб, соф, тоза ҳаяжон билан Самарқанднинг биз ўтиб бораётган кўчалари ҳақида ҳикоя қиларди. Унинг ўша ҳолатига ҳавас қилдим, ҳатто унинг муҳаббати олдида бизнинг муҳаббат нақадар ожизлигини сезиб уялдим…

Хусусий меҳмонхоналардан бирига жойлашдик. Йўл юриб чарчаганмиз, кечки соат 18:00, тинимсиз эснаябмиз, йўл азоби… Булар кўзга кўринарканми, ахир Самарқанддамиз, Самарқандда! Кўчага отилдик, ёнимиздан ўтиб бораётган ҳар бир самарқандлик авлиёдай туюлди, ахир улар самарқандлик… Ҳар қандай илк бу шаҳарга келган инсон сингари биз ҳам биринчи галда Регистонга ўтдик. Узоқдан унинг минораларини кўрар эканман, юрагим алланечук безовталаниб тез-тез дуккиллай бошлади. Регистон яқинлашгани сайин менинг жуссам кичрайиб бораётгандай, худди улкан бир синоат олдида кичик бир заррага айланиб бораётгандай бўлди. Яқинлашдик. “Мумкин эмас, хой ака, нари ўтинг!”… Сесканиб тушдим, шундоққина уч қадам нарида турган миршаб қовоқларини осганича мен томон бостириб келарди. “Қаерга мумкин эмас, Регистонгами? Нега мумкин эмас?”…

Эртага келинг, кундузи икки соатга рухсат берилади, ўшанда кирасиз, ҳозир марҳамат бу ерни тарк этинг!”. Довдираб қолдим. Тарк этинг? Энди келдигу, уже тарк этиш керакми… Мен ҳам миршабга қовоғимни осиб қарадим, “Нима, Регистонни кўриш маълум вақтдагина мумкинми?”. Миршабнинг ёнига учта шериги келиб қўшилди. “Эртага келинг, тамом!”. Меҳмонманда, бўлмасам, шартта… кетворардим.

Бир чет эллик йигит менинг иккиланиб турганимни сезиб ёнимга келди ва бузуқ рус тилида “там идиёт репетиция, по этому навьерно просият приходить завтра, поньемаете?”, деди. Репетиция? Қандай репетиция, айни Самарқанд зиёрат қилинадиган, минглаб одамлар у сари шошилган пайтдая! Тўсиқлар бўйлаб Регистон майдони томон ўтдим. Шундоқ Тилла қори мадрасасининг иккинчи қаватида бир гуруҳ раққоса қизлар қилпанглаб турарди. Майдон марказига ўрнатилган саҳнада эса юзлаб бошқа раққосалар рақс тушарди. Мирзо Улуғбек мадрасаси билан Шердор мадрасаси ёнига энига икки метр, бўйига икки метр овоз чиқарувчи карнайлар ўрнатилган бўлиб, улардан чиқаётган садолар йигирма, ўттиз қадам нарида турган бизларнинг қулоқларимизни қоматга келтирарди. Мадрасаларни-ку тасаввур қилаверинг…

Сафардошим секин мени туртиб, “Биби-хонимга борақолайлик унда”, деди. Мен негадир қўрқиб кетдим, у ердан ҳам қувишсачи?.. У ерда ҳам аллақандай репитиция бўлаётган бўлсачи? Ортга қайтдик, меҳмонхонага келгач, узоқ вақт уҳлай олмадим. Меҳмонхона ховлисига чиқиб, кўк чой буюрдим. Узоқда эса “так, девочки вместе и-и, пошли, раз-два-три, вряд, вряд, там наверху, делаем прижки, и-и, под музику, все вместе, поехали…” деган садолар эшитилиб турарди. Бу ўша, репетиция… Садолар чунонам тиниқ ва баралла эшитилар эдики, ҳатто меҳмонхона ёнидаги маҳалладаги уй ҳайвонлари безовталана бошлаганди. Худди ўша карнайда овози эшитилаётган одамга қўшилиб, “раз, два три-и”, дегандай бири мў-ў, деса бошқаси бэ-э, вов-вов… хуллас безовталанишарди. Бир пайтлар келажак авлод илмли бўлсин деб бунёд этилган ва биз авлодларга мерос қолдирилган илмгоҳларда, ана шундай манзара ҳукмрон… “Дружно, дружно, и-и, раз-два-три…”, миёв, мў-ў, бэ-э, вов-вов…

Эрталаб кимдир ойнамиз тагида кимнидир тожикчасига ахтариб сўкаётганидан уйғондим. Шундоққина меҳмонхона ойнаси тагида барпо қилинган қўйхона эгаси экан. Нега сўкинаётганини сўрай олмадим, аввало тожикчам муаммо, қолаверса бу унинг шахсий иши… Нонушта қилгач тағин Регистонга ошиқдик. Ё алҳазар, ҳамон ўтиш мумкин эмас. Гарчи унда анави қилпангловчилар йўқ бўлса ҳам. Анави миршабга қовоқларимни осиб жиддий тикилдим, у ҳам бўш келмади. “Соат 14:00дан, соат 16:00гача очиқ бўлади Регистон, ўшанда келинглар” деди. Гўри Амир сари кетдик. Бу тарихий иншоот ёнида улкан боғ яратилган бўлиб, у худди Тошкентдаги каби арчалар билан безатилган эди. Энг баланд арча аранг киндигимизга бўйланади. Боғни бир-биридан ажратилган иккита энли йўлка иккига бўлиб туради. Боғ марказида фаввора. Аллақандай одамлар бир гуруҳ ёшларни ундаб боғнинг у ер-бу ерига гул эктираётган экан, марказдан келган телевидение ходимлари эса буни суратга туширарди.

Шубҳасиз кечки “Ахборот”да бу ободонлаштириш ишлари алоҳида урғу берилиб намойиш қилинган бўлса керак. Боғ поёнига етганида Руҳобод мақбараси ёнидан чиқдик. Ичкари кирдик. Мақабара ёнида эмишки икки қаватли мадраса бўлган, унинг кўп жойлари вайрон бўлгани учун фақат айрим қисми, бўлиб ҳам фақат биринчи қавати сақланиб қолган. У ҳам бўлса ўша вақт илми-толиблари яшаган ҳужралар холос. Не ажабки, ҳужралар бугун ҳам бўш эмас, бугун ҳам уларда одам бор. Йўқ толиблар эмас, тижоратчилар. Маҳаллий халқ урфларига оид ҳунармандчилик намуналари, келин-куёв либослари, анави ўзбекними ё ҳукуматимизними билмадим, масхара қилиб ясалган сопол ҳайкалчалар… Руҳобод, Регистон, Гўри Амир, Шоҳ-и-Зинда, Биби хоним суратлари (ҳар бир сурат 25000 сўм) чизилган паннолар. Сопол ҳуштакчалар сотувчилари ҳуштакча нақадар зўрлигини исботлаш учун ҳаридорни ҳуштак чалиб чорларди, шундоққина уч-тўрт қадам нарида эса мақбара. Нима қилибди, тижорат муҳимроқ….

Ҳужралардан бирида мусиқа янграётган экан, ёш ўзбек эстрада юлдузи кимгадир қачондир келишни, ими-жимида муҳаббатини англатиб, лол қолдириб кетишни уқтириб минғирларди. “Мақбара ёнида мусиқа қўйиб ўтиришдан хижолат бўлмаябсизми, ахир айтишларича у ерда Темур бобомизнинг маънавий устозлари ётибди экан”, дедим. Тижоратчи лабларини буриштирганча магнитофони товушини пастроқ қилди, аммо ўчиргани йўқ. Мақбарага кирдик, унинг тарихи, у ерда дафн қилинган инсонлар ҳақидаги ҳикояни тинглаб, улар шаънига дуо қилдик. Сўнгра Гўри Амир сари юрдик. Бу обида чет эллик сайёҳларга лиқ тўла экан. Манзаранинг энг зўри шу ерда экан аслида. Бир ёнда одамлар Қуръон қироат қилаётган, бир ёнда ёш яланг (шеъвасидан билдимки тошкентлик сайёҳлар) киндиги очиқ, калта иштони зийнатларини яққол қилиб турган қизлар бобомизнинг мақбараси ичида у ёқда бир-бу ёқда бир ҳолатни танлаб суратга тушаётган, бир томонда инглиз, фаранг, рус, япон ва немис тилларида мақбара ҳақидаги ҳикоялар…

Мақбара ичидаги ходимлардан, наҳот келаётган меҳмонларга бу қандай жой эканини тушунтириб, бу ерда шовқин кўтармасдан, алоҳида ҳурмат кўрсатган ҳолда, одоб билан юриш маслаҳат берилмайди, деб сўрадим. Менга осмондан тушган инсонга боққандай қарашдию, нари кетишди. Афтидан одоб шарт эмас, Темур бобо тириклигида майли эди, ўлганидан кейин, бўлиб ҳам эҳ-ҳэ қачон, шартми… Мақбара ичидаги шўх кулгуларни-ку гапирмаса ҳам бўлади. Қимтинибгина бир четда ҳазрат шаънига Қуръон ўқидик, дуо қилдик ва қалбан бобомиздан бу қадар маънавиятсиз бўлиб етишганимиз учун узур сўраб, унинг оромхоналарини тарк этдик. Аслида оромхона кўпроқ базмхонага ўхшардику-я… Эртасига эса маънавиятсизларнинг энг каттаси чунонам куйиниб гапирдики, ҳайратдан ёқа ушладик.

“…юртимизни мўғул истилочиларидан халос қилиб, Самарқандни ўз салтанатининг пойтахтига айлантирган Амир Темур бобомизнинг номини ҳурмат билан тилга оламиз. Чунки Амир Темур ва Самарқанд тушунчаларини бир-биридан айри ҳолда тасаввур этиб бўлмайди. Албатта, бу буюк зот дунёнинг манаман деган бошқа шаҳарларини ҳам ўзига пойтахт қилиши мумкин эди. Лекин шавкатли бобомиз айнан Самарқандга меҳр ва ихлос қўйиб, уни жаҳондаги энг гўзал шаҳарлардан бирига айлантириш учун бутун борлиғини бағишлади”

Шу сўзларни айтаётган шахс, у зот ётган жойдаги ҳолатни билмайди деб ўйлайсизми?

Регистонга қайтдик, шукур бу сафар киришга рухсат бор экан. Айтганча, ортга қайтар чоғи яна анави будуший арчазордан ўтдик. Боягина ёшлар томонидан экилган гуллар жазирама иссиқдан аллақачон сўлиб қолган экан… Регистонга келдик. Аранг Мирзо Улуғбек мадрасасини айлана олдик. Зеро унинг ичида фақат, Самарқанд келин-куёвининг хонаси деган хона, турли сувенирлар, ўйинчоқлар сотилувчи расталар ўрнатилган экан, холос. Бирорта ҳам мадраса ҳақида ҳикоя қилувчи битик йўқ, ичкарида тартибни назорат қилувчилар ҳам. Юрагимиз эзилиб бу ерни шошилинч тарзда тарк этдик. Тошкент кўчасида яшовчи бир отахон эса, кейинчалик бизнинг ҳолимизга ачиниб, “Шердор мадрасасида меҳмонларга алоҳида жойлар таклиф қилинади, кофе, чой узатилгач, раққоса қизлар чиқиб келишади-да рақс тушиб беришади, ҳар ҳил кўринишдаги рақслар, яхшиям ҳозир анави репитиция сабаб бу намойишлар тўхтаган, бўлмаса ҳушингиздан кетар экансиз” деса бўладими… Ана, кеча президент куйиниб гапирган Самарқанднинг, ундаги асраб авайланаётган тарихий синоатларнинг аҳволи қандай.

Биби-хоним мадрасасида нисбатан тартиб бор экан. Ундай сувенирлар билан тўлиб тошмаган. Афтидан уларга жой бўлмаган шекиллида. Тарихий ҳолати ҳам нисбатан сақланиб қолинган. Яъни, қайта таъмирланмаган. Демак, мустақиллигимизнинг бош бемори, вой кечирасиз, меъмори бу ёқларни айланмаган. Илоё айланмасин ҳам. Сабабаи қайта таъмирлангач, барча обидаларнинг ички манзараси, Тошкентдаги евроремонт қилинган уйларга ўхшаб қолар экан. Бундан кейинги манзарани кўриб фақатгина “боболаримиз бугунги супер ремонтлар ҳақида ўша вақтлардаёқ билишган эканда” дейсиз холос. Маҳаллий археологларнинг айтишича, бундай бўлаётганининг сабаби, буларнинг бошида мутлақо аҳмоқ архитекторнинг турганида эмиш. Мутлақо саводсиз бўлган бу одам, президент кўрганда ҳаммаёқ ялтираши керак деган иддао билан, обидаларга битилган қадимий манзараларни буздириб, сал қолса Сенат биноси, Тошкентдаги мустақиллик майдони ва президентнинг портретларини чиздирмоқда экан. Қойилми?

Биби хоним мақбараси ҳам анча тинч экан. Кириб бемалол дуо қилдик. Сўнгра Шоҳи-Зинда (Тирик шоҳ) сари йўл олдик. Бу бетакрор меъморчилик мажмуаси ичида ҳам нисбатан тартиб ўрнатилган, савдо-сотиқ йўқ. Мажмуага кираверишда эса алоҳида одоб сақлаш жоизлиги, таҳорат билан кирмоқлик ва у ердаги масжитлардан бирида намоз ўқимоқлик ҳақида чиройли уқтиришлар берилган. Аммо ана шу уқтириш сайёҳларни етаклаб юрувчилар томонидан ҳам бирров айтиб ўтилса яхши бўларди. Айниқса ўзбек сайёҳлари учун бу одоб ҳақида кўпроқ айтиб туриш кераклигини билдик. Мажмуа ҳам, айтишларича 2004 йили қайта таъмирланган, шу боис унда ҳам янгиликларни сезиш мумкин. Бу борада ҳатто ЮНЕСКО ўз вақтида Ўзбекистон ҳукуматига эътироз билдирган. Аммо кейин ана шу таъмирлашлар сабабчисига медаллар берди.

Мажмуадан қайтар чоғи ён арофдаги маҳаллалар оралаб юрдик. Одамлар билан суҳбат қурдик. Энг катта муаммо Самарқанд учун ҳамон газ бўлиб қолаётганини айтишди, сув ҳам айрим ҳудудларда камёб неъматга айланган экан. Мажмуага яқин жойлашган Шохи Зинда кўчасидаги уйлар, яшовчиларга кўра, бузилиш арафасида эмиш. Бу маҳаллий аҳолида маълум маънода эътироз туғдирмоқда экан. “Бизнинг нечанчи авлодлар мана шу уйда яшаб келаяпти, энди бузишармуш, ундан кўра кўксимизга пичоқ урсалар нолимас эдик”, дейди ана шу кўчада истиқомат қилувчи кекса отахон. “Менинг отам болалик йилларини айтиб берар чоғи, айнан мана шу кўчадан не-не алломалар ўтганини ҳикоя қиларди, ахир бу кўча ҳам тарихий кўча”, ўкинарди отахон.

Чиндан ҳам бу кўчада анча эскириб қолган уйлар жуда ҳам кўп. Анча ҳувиллаб қолган уйлар ҳам. Бу уйлар яшовчилари аллақачон мажбуран кўчирилган экан. Сабаби, мажмуа атрофидаги кўча кенгайтирилиши, мажмуага яқин бўлган обидалар атрофидаги уйлар эса буткул теккислаб ташланиши айтилган экан. Энг қизиғи ана шу теккислаб ташланиши керак уйларнинг қоқ марказида Сиёб бозори жойлашган. Унинг тақдири қандай кечиши ҳозирча номаълум. Зеро, агар Шохи-Зинда мажмуасига яқин жойлашган обидалар атрофи тозаланиб, уларнинг мажмуага очиқ ҳолда қараб туриши таъминланиши мўлжалланаётган бўлса, у ҳолда бозорни ҳам… “Куз, қиш яқинлашгани сари безовта бўлишни бошлаймиз, чунки газ босими пасаяди, қишнинг қоқ ўртасига келганда эса мутлақо газ таъминоти тўхтайди”, дейди Мўлиён кўчаси яшовчиси. “Нима билан уйни иситасизлар?” сўрадим мен, “ўтин билан”, “уни қаердан оласизлар?”, “кўчалар бўйлаб юриб терамиз, дарахтларни кесамиз, шаҳар четидаги қаровсиз қолган боғларга борамиз… нима қилайлик ахир? Ҳокимият ҳар бир оила учун атиги бир қоп кўмир беради, у ёғига билганингни қил, дейди”…

Дехбет кўчасидаги вазият ҳам анча ачинарли экан. Бизни умуман хафа қилгани, анча ёшларга бориб қолган рус амакининг гаплари бўлди. “Бир пайтлар маҳалламизда ёш ялангнинг овозлари эшитиларди, янги тушган келинчаклар кўчаларни супурарди, эрталабданоқ саринжом-саришта эди. Ҳозир қаранг, ҳаммаёқ аҳлат. Сабаби қизларимиз кўчаларга чиқиб кетган, менга ёққан учта хонадоннинг келинлари билсам фоҳишаликка чиқиб кетибди, чунки эрлари Россия ёки Қозоғистонга кетганларича бедарак йўқолган, уларнинг фарзандлари ҳам, ҳатто ўн олти, ўн етти ёшли қизлари ҳам марказда санғиб юришибди, пул илинжида. Йигитлари эса аллақачон бошини кўтараолмайдиган бўлиб қолган, нимасини айтай, шаҳарни онасиникига киргизворишди”… Чорраҳа кўчаси яшовчиси, тожик отахон мутлақ бизларни кўрганида ғазабланиб кетди. Унинг ҳар бир сўзи юрагимизга ханжардай санчилди.

Санлар Тошкентда ўтириб олиб қаердаги нарсаларни ёзасан, ўзингча журналистман деб кериласан, аслида эса ғирт муттаҳамсан. Анави тахтдаги каттанг сингари ғирт муттаҳамсан. Қара, одамлар қай аҳволда яшаяпти. Бирорта соғлом ўзбек оиласи қолмади, ҳаммаси ҳар қаёқда, қизлари аннақа, йигитлари бир жойларда мардикор, падарига лаънат каттангни ҳам, санларни журналист қилганни ҳам. Халқингни мусибатида ўзларинг учун мартаба орттираябсан, халқингнинг оғриғидан ўзларингга медаллар, бойликлар ва обрў оляпсан, бундан кўра ўлиб кетсаларинг ярашарди!”. Биз отахонга у назарда тутаётган журналистлар эмаслигимизни, шунинг учун ҳам кўпларимиз қамалиб, сал мундайроқларимиз қочаётганимизни айтдик. “Қочиш санларга одатку, сал ёқмай қолса қочасан! Анави ерда қўшнинг касод бўлса ишинг йўқ, қўшнингни қизини бир нималар қилишса ишинг йўқ, фақат қочасан, ёзсанг ана шуларни ёз! Ҳўв биржойларга борволиб мардлик қилаётганларга айт, қисиб ўтиришсин, қочиб чиқиб кетдими, тамом енгилгани, қўрққанини тан олиб жим ўтирсин, сан эса ёз болам, ёз мана шу заминда яшаб ўтган барча аждодларинг ҳурмати ёз, улар сани яратган олдида қўлласин, ёз, халқ қирилиб кетаяпти!!!”.

Самарқанддан чиқиб кетар эканмиз, аввалги ҳаяжон ўрнини оғир хўрсиниқ эгаллаганини хис қилдик. У томонда эса шаҳар туғилган кунига бағишланган тадбир…

Ф. Муҳсимов, “Туронзамин” мухлиси.

Тошкент-Самарқанд-Тошкент

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: