Нуктаи назар

ҚЎРҚУВ

Сталинни ётоқхонасидан беҳуш йиқилиб ётган ҳолда топиб олишганида у тўртинчи куни ўзига келади. Пролетариат отаси боши устида тикилиб турган Берияга важоҳатли қарайди ва чап қўлининг кўрсаткич бармоғини унга таҳдидли силкитади. Баъзи тадқиқотчилар бу ҳолатни “Ҳали мен қайтиб келиб ҳаммангни онангни кўрсатаман!”-демоқчи бўлган, дея талқин қилишса, бошқалар “У доим ички қўрқув исканжасида яшаган, Берияга шунинг учун пўписа қилган”,-дея изоҳлашади. Доҳий йиқилиб ётган пайтда стол устида турган, озгинаси ичилган бир шиша боржоми суви сирли равишда йўқолади ва кейин бу ҳақда эсланмайди.

Агар руҳнинг умрини яшаб бўлган бир вужуддан янги туғилган иккинчи вужудга ўтиши ҳақиқатга тўғри келса, унда халқлар отасининг биринчи ҳолатдаги таҳдиди тўғри бўлиб чиқади.

Жамиятда одам ижтимоий муҳитга мослаша бориб ички қўрқув туфайли ё тобора олчоқлашади, ёки мукаммаллик касб этади. Бу унинг тарбиясига, иймон-эътиқодига боғлиқ. Лекин одамни аксарият ҳолларда ҳайвоний инстинкт-ички қўрқув бошқаради ва у ҳеч иккиланмай олчоқлик йўлини танлайди. Бундай одам фақат бугунги кун билан яшайди. Ўтган кунни тан олмайди, эртанги кунини ўйламайди. Унинг учун бугунги кундан муқаддасроқ ҳеч нарса йўқ. Бошида турган одам отасини ўлдирган бўлса, икки қўллаб унга онасини топширади, “Отам ўз бошини ўзи еди, онам бева қолмасин, мурувватингизни аяманг”,-дейди кўз ёш тўкиб. Бошлиқ алмашган куни “Отамни қатағон қилиб ўлдирган, онамни тортиб олган”,-дея аюҳаннос солади ва жабрдийдалар сафидан ўрин олади.

16-пленумдан қайтиб келган ободончилик департаменти бошлиғи Ғуччиев ички қўрқув таъсирида зудлик билан мажлис чақирди. Департамент ишчиларининг аксарияти маҳаллийлашган мўлтони миллатига мансуб бўлгани учун икки соат деганда ҳамма жамулжам бўлди.

-Пленумда нима гаплар бўлиб ўтганини сизларга тушунтириб ўтиришга ҳожат йўқ,-деди Ғуччиев тепани кўрсатиб.-Лекин бу гаплар бизга кўча супуришдай, ахлат йиғишдай муҳим эканлигини айтиб қўйишим керак. Онгимиз эскилик сарқитлари билан заҳарланганини мен шу пленум туфайли билиб олдим. Эндиликда ҳаммамиз шунга қарши курашишимиз керак.-Ғуччиев томоғини қириб олди.-Наврўз байрами эскилик сарқити эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Суннат тўйи бидъатдан бошқа нарса эмас. Ўлик бўлган жойда жаноза ўқиш турмуш тарзимизга мутлақо ёт. Бугундан бошлаб ана шуларга бутунлай барҳам берамиз. Бунга амал қилмаганлар ишдан ҳайдалади!-Ғуччиев “Гапим тамом”,-дегандай жойига ўтирди.

Залда ғовур-ғувур бошланди.

-Ўртоғ бошлэқ, бэр савол бор,-деди юзида кўкимтир холи бор аёл ўрнидан туриб.-Охэ, суннат бидъат бўлса, бундан буён эрэмэз бэлан ётсак бўладэмэ? Ёкэ қолганинэ ўзэнгэз улатэб бэрасэзмэ?-Ҳамма “гур” этиб кулиб юборди.

-Манга бир савол,-шопмўйлов эркак қўл кўтарди.-Эндэ ўлук ўлса, жаноза ўқэш ўрнэга қизэл байроғ кўтарэб турамэзмэ?

-Жимлик сақлансин,-Ғуччиев столни тўқ-тўқ уриб зални тартибга чақирди.-Бу саволларга жавоб шундай. Масалан, Наврўзни навбаҳор, гулбаҳор, келбаҳор ва ҳоказо деб номласак. Суннатни мучал тўйи, туғилган кун, ёш тўйи деб ўзгартирсак. Ўликда жаноза ўрнига митинг ўтказамиз. Бу ҳам замонавий бўлади, ҳам пленум талабларига жавоб беради.

-Домэлло, мучал тўйэ қилэнса, баланэ суннат қэлса бўладэмэ?-сўради бир ишчи.

Бўлади,-деди Ғуччиев.-Фақат духтурга олиб бориб суннат қилдирасиз.

-Пэлэнум тўғрэ айтгон,-деди бир аёл.-Шавҳарэм суннат бўлэб манэ бэр умэр ялчэтмагон, акнун ман баламнэ суннат қилдирэшга қўймайман.-Залда яна кулги кўтарилди.

-Бўлди, мажлис тамом,-деди Ғуччиев.-Сизларга фақат майнавозчилик деса. Пленум қарорларидан руҳланиб, ахлат йиғишни янада кучайтиришимиз керак.

Ўша Ғуччиев ҳозир нуронийлар фаоли, бирорта диний-оммавий тадбирларни қолдирмайди.

Мусулмончиликни қабул қилган бир ўрис ўлимидан олдин ўғлига бир жонлиқ сўйиб, маҳаллага худойи қилиб беришни васият қилипти. Ўғил отасининг хотирасига уюштирилган ичкилик маросимида унинг васиятини эслаб қопти. Кайф устида кўзидан дув-дув ёш оқиб, бозордан катта бир қўй сотиб олибди. Кейин пичоқ анжомларини олиб, маҳалла чойхонасига келибди. Чойхона гавжум, ҳамма улфатчилик қилиб ўтирган экан, ўғил “Жонлиқни бирор мусулмон киши сўйгани маъқул”,-деган хаёл билан ичкарига кириб:

-Среди вас есть мусулманин?-деб сўрабди. Оломон қараса, эшик тагида қўлида катта пичоқ, кўзлари қонга тўлган бир маст чайқалиб турганмиш.-Кто среди вас мусулманин?-деб яна сўрабди у. Ҳамма қўрқувдан тили калимага келмай қотиб турганмиш. Шунда кекса бир чол: “Нима бўлса-бўлди, ёшимни яшаганман, у дунёга иймонсиз кетмай”,-деган хаёл билан “Мен мусулмонман”,-дея ўрнидан турибди. Ўрис уни ташқарига чақириб, отасининг васиятини айтибди, қурбонликка келтирилган қўйни сўйиб беришни сўрабди. Чол калима қайтариб қўйнинг бўғзига пичоқ тортган экан, жониворнинг боши жон аччиғида унинг қўлидан чиқиб кетиб, рўпарасида турган ўриснинг кийим-бошини қонга белабди. У ёрдам сўраш учун яна чойхонага кирибди. Оломон қараса, ўриснинг ҳаммаёғи қон, қўлида пичоқ, кўзи қонга тўлиб, яна мусулмон борми, деб сўраяпти. Бу давангининг мусулмонларда нима қасди бор экан, дея оломон ички қўрқувдан қалт-қалт титраб турганмиш. Шунда ўрис юқорироқда ўтирган каттароқ саллали одамнинг ёнига бориб: “Может быть ты мусулманин?”-деб сўраса, у: “Йўқ, мен коммунистман!”-дебди партбилетини кўрсатиб. Ўрис бошқа бировидан кимлигини сўраган экан, у: “Мен шопирман!”-дебди-ю, урра ўзини эшикка урибди. Тўс-тўполонда оломон эшик-деразаларни синдириб, жонини қутқариб қолиш учун ташқарига отилибди. Ўрис уларнинг Азроилдан қочгандай қочиб кетаётганлигидан ҳайрон, “Неужели среди вас нет ни одного мусулманина”,-деб бўғилганидан-бўғилиб ташқарига чиқибди. Қараса, оломон аввалбошда чойхонадан чиқиб кетган чолнинг гапига кула-кула чала бўғизланган қўйни сўйиб, терисини шилишга ёрдамлашаяпти. “Қўй сўйиш керак демайсанми Иван, ҳамманинг ўтакасини ёриб юбординг-ку!”-дейишибди улар. “Ҳаммаларингиз мусулмонми?”-сўрабди отанинг васиятини адо этаётган ўғил қувониб. “Алҳамдулиллоҳ мусулмонмиз!”-дермиш ҳамма шодон овозда…

Ички қўрқув бўлган жамиятда одамзод ҳар бир нарсадан шубҳаланиб яшайди ва бу бора-бора руҳий касалликка айланади. У ички қўрқув туфайли замона зайлига мослашиб, соғлом фикрлашдан, тўғри гапни айтишдан қўрқади ва охир-оқибатда жамиятни ҳалокатга гирифтор қилади. Сталин бекорга Берияга пўписа қилмаган-соғлом бўлмаган жамиятга у албатта бир куни қайтиб келади.

Самарқандий.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: