Жаҳонгир МАМАТОВ׃ Ўзбеклар ва ўзбеклар

71.ҲОЖИМУРОД ҲОЛВАЧИ

Яқинда, яни 2004 йил, Май ойининг охирида Ҳожимурод ака 86 ёшда оламдан ўтдилар. Асли Ўзбекистоннинг Қарши шаҳридан бўлган бу одам қизил империя истилоси пайтида Ватанни тарк этиб, Афғонистонга ўтган ва умрининг охирги йилларида Америкада яшаган эди.

Мен Виржиниа штатига кўчиб келган кунларимда бу ердаги ўзбекларни бирлаштириб бир ташкилот тузиш ҳаракатини бошладик. Йиғилишларимиздан бирида ёнимга новча бир одам келиб ўтирди ва:

-Салом Жаҳонгиржон,-деди ширин бир овозда.

Кейин ўзининг кимлигини айтиб, “Ўғлимни биласиз, у “Озодлик” радиосда ишлаган эди, Усмон Мурод, шунинг отасиман” деди ва ўғлини ҳам ёнига чақирди. Усмон Мурод билан телефонда кўп гаплашган эдик. Аммо кўришмагандик. Шу баҳонада у билан ҳам кўришдик.

Ҳожимурод ака билан суҳбатимиз қовушди. У Ўзбекистонда қийналаётган бечораларга жуда ачинадиган одам экан. Тез-тез бориб келишига қарамасдан Каримов режимини қўрқмасдан ёмонлаши билан ўз тенқурларидан ажралиб турар эди. Тўғри сўз ва ҳамма гапни одамнинг юзига айтадиган киши экан. Кейин ҳам қаерда бир маърака бўлса у ёнимга келиб ўтирар ва Ватан ҳақида маълумот олишга қизиқар ёки ўзи эшитганларини айтиб берарди.

Бир куни “Америка овози” даги ҳамкасбим Абдул Маннон Кескин бир рўмолчага ўралган ва Самарқандда “Соч ҳолва” дейиладиган Кунжит ҳолвадан келтирди ва:

-Буни сизга Ҳожимурод ака бериб юбордилар,-деди.

-Ватанга бориб келибдилар-ми?-деб сўрадим.

-Йўқ, у киши қандолат ва ҳолва пишириб турадилар. Афғонистонда дўконлари бор эди, бу ерда ҳавас учун пишириб, яқин дўстларига тарқатадилар,-деди Абдул Маннон ака.

Ҳожимурод акани охирги марта Абдул Маннон Кескиннинг уйида кўрдим. Абдул Маннон аканинг Саудия Арабистонида бир қардоши оламдан ўтгани муносабати билан тўпланган эдик. Ҳожимурод ака энди Ўзбекистонга бориб-келган эканлар. Ёнимга келиб ўтирдилар ва:

-Самарқанддан салом,-дедилар. Кейин Ургутга борганларини, у ердан жиянлари билан Самарқанд шаҳрига келаётганда мен ҳақимда гапирсалар улар мени таниганини айтиб қолдилар.

-Жаҳонгир яшаган жойга олиб бор дедим,-дея у киши уйимизнинг ёнидаги дарахтларнинг қанақа эканлигига қадар айтиб бердилар ва:

-Жиянларим, “У кишининг яқинларини сўроқлаб кирсангиз бизга гап тегади” дегани учун, уларга жаҳл қилиб, уйингизни ёнида у ёқдан бу ёққа, бу ёқдан у ёққа юриб, қайтдим,-дедилар.

Ўшанда у киши:

-Ҳар сафар Ватанга жон таслим қилиш учун бориб, тирик келаяпман,-деб ҳазиллашгандилар.

Охирги марта боришларидан олдин мачитга кириб “Мени дуо қилинглар, Ватанда жон берайин” деб кетган эканлар. Орзуларига етиб 86 ёшда Ватанда жон бердилар. Лекин Усмон Муроднинг ота васиятини бажариш учун қилган интилишлари зое кетиб, қолган фарзандлар ва қариндошларнинг талаби билан майитни Америкага олиб келишди.

Яқинда бир покистонлик Стаффорд деган жойдан ер сотиб олиб мусулмонларнинг мозорини ташкил этибди. Американинг Жануб ва шимолини боғлайдиган 95 рақамли шоҳ йўли бор. Вашингтондан жанубга қараб юрсангиз 140 рақамли кириш жойидан чапга қайрилиб 4-5 километр юрсангиз ана шу қабристон чиқади. Ҳожимурод ҳолвачини шу ерга кўмар эканлар қабр бошида уч марта “У қандай инсон эди?” деб сўралди ва кўпчилик кўзда ёш билан “Яхши одам эдилар” деди.

Ҳа, Ҳожимурод ака ошини ошаб, ёшини яшашга муяссар бўлган яхши одам эди.

72.ОЗОДЛИК ВА ЗИНДОН

Ҳамкасбимнинг ҳикояси:
“Америка овози”нинг анча йиллар илгари раҳбари бўлган Қ. вафот этиб қолди. У пайтларда жамоамиз бутунлай тарқоқ эди. Нима қилишни билмай бошимиз қотди. Ғассол ҳам йўқ, ҳатто бирортамиз жаноза қандай ўқилишини ҳам билмаймиз. Суриштириб, покистонлик бир кишини топиб, марҳумнинг уйига бордик. Хотини ниятимизни эшитиб, авзойи бузилиб:

-У бир қанча йил аввал бизнинг динимизга ўтиб, насроний бўлган. Шунинг учун ўзимиз хохлаган каби кўмамиз, -деди.

Шундай ҳам қилишди. Тўрт бурчак қилиб қазилган, атрофи бетон билан мустаҳкамланган чуқурга тобут билан бирга кўмишди. Жуда ҳазинлик ва кўзда ёш билан кузатдик.

Раҳматли ҳаёт эканида динини ўзгартиргани ҳақида ҳеч нарса демаган, назаримизда бир мўмин-мусулмон бўлиб юрарди. Шунинг учун уни қабрга қўйишларини кутиб, ҳамма кетиб бўлгандан кейин қабр бошида жаноза ўқиб қайтдик.

Кейин кўрдикки, ҳамма ана шундай қабрга қўйилар ва соғлиқни сақлаш тизими ўзимиздаги каби лаҳат ковлаб, жасадни ерга қўйишга рухсат бермас экан.

Буни образли қилиб айтсак, бизда тириклигингда қамоқдаги каби ҳаёт кечирсанг ҳеч бўлмаса ўлгандан кейин эркинлика қовушасан. Бу ерда эса, тириклигинда эркин бўлиб, ўлгандан кейин қути ичига ҳабс этиласан.

Танлов, ҳар ким истаганини танлайди.”

(Давом этади).

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: