“Turonzamin”ga kelgan xatlar izidan…

9-ётоқхона ва ҲИЖОБ
Қадрли ўқувчи хабарингиз бор, “Туронзамин” сайти ижодий жамоаси Сиз азиз ўқувчилардан келаётган мактублар, уларда битилган истак ва мурожаатларга имкон қадар жавоб беришга ҳаракат қилмоқда. Сайтнинг аввалги сонларидан бирида, биз шу кунларда Британияда бўлган миллатдошимизнинг илтимоси бўйича махсус тадқиқот ўтказиб, унинг натижаси ҳақда хабар берган эдик. Яна ўқувчиларлардан мактублар олмоқдамиз ва аввалгилари каби бу мактубларда ҳам жиддий ва эътибор талаб масалалар кўтарилган.

Дастлаб мактублар эгалари ва улар кўтарган мавзулар ҳақда. Аввало айтиб ўтиш лозим, биз тўхталмоқчи бўлаётган мактубларнинг ҳеч қайсисида муаллиф исми аниқ ёзилмаган, бундан англадикки, муаллифлар айни дамда Ўзбекистон ичида ва демакки ўзларини ошкор қилишдан бироз чўчийдилар. Бунинг учун мухлисларимиз мутлақо хижолат бўлмасинлар, зеро муҳими бу эмас. муҳими кўтарилган мавзу. Демак дастлаб ўзларини ТошДПУ талабалари дея таништарган мухлисларимиздан келган мактубга тўхталсак. Мактуб муаллифлари, сайтимиз ижодий раҳбарига йўллаган мактубларида, жумладан шундай ёзишган: “Ассалому алайкум юртимизнинг мард ва танти ўғлони Жаҳонгир ака! Бизлар Низомий номидаги ТДПУ талабалари Ўзбекистондаги ҳақиқатни сиз ўзингиз билан олиб чиқиб кетибди деб эшитган эдик ва шу нарсага гувоҳ бўлдик ҳақиқат ҳақиқатдан ҳам сиз билан АҚШ га чиқиб кетган экан бизларнинг ёзмаган жойимиз қолмади лекин жавоб йўқ. Илтимос Ўзбекистонга ҳақиқатни қайтариб беринг ахир 26 млн ЎЗБЕКИСТОНЛИК НИМА ҚИЛАДИ? Ҳақиқат бўлмаса! Мана бизлар излаган ҳақиқат! Ўқиб кўринг сиз нима дейсиз! Олисда бўлсангиз-да сиз ҳақиқатни айтинг?”. (Мактуб матнини айнан, ўзгартириш ва тўғрилашларсиз келтирдик, зеро унинг қай ҳолатда келгани ҳам, аслида мактуб эгаларининг ўша пайтдаги кайфиятини кўрсатади, деб ўйладик).

Шундан сўнг талабалар бевосита уларни бу қадар изтиробга солаётган воқеа баёнига ўтган. “Ётоқхонамиз коменданти Муродов Камол шу кунгача ташқаридан 70дан зиёд бозорчилар ҳар ҳил инсонларни ётоқхонага талуқли бўлмаган инсонларни ётоқхонага ўз ихтиёрича қўйиб ҳар биридан ойига 15 минг сўм пул олиб келмоқда эди. Бизар мир неча маротаба унверситет раҳбариятига оғзаки мурожат қилдик лекин сабаби бўлмади. Комендант Муродов Комол бизларни менсимасдан бизларни ҳақорат қилиб қўлларингдан ҳеч нарса келмайди тинч юрмасаларинг ўқишдан ҳайдатиб юбораман деб дўқ урарди. Вазият шунчаликга этиб бордики ўзининг уйнши бўлган ёш бир қизни олиб келиб ётоқхонанинг 2 этажига жойлаб қўйди . Хапо куни ўшанинг олдида бизлар ўқишга пул тўлаб ўқисагу кўчадан келган бир қиз талабалар учун олинган янги нарсаларни биринчи бўлиб ишлатса” ва ҳоказо, ва ҳоказо.

Дарвоқе, мактубнинг тўлиқ матни билан сайтимизда танишиш имконига эга бўлганингиз боис унга батафсил тўхталмай қўяқолдик. Мазкур ҳолат юзасидан аниқлаганимиз маълумотларга тўхталиш, ва талабаларга йўриқ кўрсатиш аввалида улар учун икки оғиз бир сўзни айтиб ўтсак. Ҳурматли дўстлар, Ўзбекистонни ҳақиқат тарк этгани йўқ. Ҳақиқат сизнинг ҳар бирингизда, ҳар бир сўзингизда яшаяпти, фақат уни сезиш керак ва уйғотиш керак. Аслида муаммо ҳақда баралла айтиш ҳам, ўша ҳақиқатнинг борлигидан, ғарибгина бўлсада. ҳамон яшаётганидан. Йўқса нима тўғрию, нима нотўғрилигини, қайсиниси адолатдану, қайсиниси аксинчалигини ўлчовчи меъзон қолмаган бўларди…

Энди бевосита кўтарилган масалага қайтсак. Бизнинг аниқлашимизча, ТошДПУ ётоқхонасида чиндан ҳам бирмунча тартибсиз вазият ҳукмрон. Биз суҳбатлашишга эришган айрим талабаларнинг маълум қилишича, ётоқхонада истаган одам, истаган муддатгача истиқомат қилиши, бунинг учун ўша номи тилга олинган коммендант билан келишиб олиш кифоя қилишини айтиб ўтдилар. Аммо бир масалада озроқ ноаниқликка йўл қўйилибди. Яъни, бизга айтилган маълумотга кўра, ҳозир ётоқхонадан жой олиш учун коммендант деганларига йигирма мингдан-ўттиз мингга қадар пул узатмоқ лозим экан.

Айтилган миқдордаги пул, маълум қилинишича, энг аввало участка нозирининг оғзини ёпишга, университет раҳбарияти томонидан бўлиши мумкин эътирозларнинг олдини олишга ва ётоқхона ичида бемалол ҳаракатланишни кафолатлаш учун сарфланади. Бемалол юриш деганда, тушунтирилишича, чин маънодаги бемалол юриш назарда тутилган. Яъни, меҳмондорчилик уюштириш, ёлғиз уҳлай олмаслик дарди борлар учун “шерик” олиб келишлик ва бошқалар шулар сирасига киради.

Бундан ташқари, билдирилишича, истаган пайтда, қизлар истиқомат қилаётган хоналарга кириш имкони ҳам яратиб берилиши мумкин, бунинг учун қўшимча миқдор талаб қилинади. Умуман олганда, ётоқхонада истиқомат қилувчи йигитларга кўра, қизларнинг аҳволи анчайин оғир. Зеро, улар тинимсиз безовта қилинади, хоналари эшиклари ёнида тунни-кунга уловчи шахсларнинг кети узилмайди. Баъзан қизларни аллақандай ҳолатларга мажбурлаш уринишлари ҳам учрайди. Шу боис бўлса керак, талабаларга кўра, ТошДПУ ётоқхонасида истиқомат қилувчи қизлар ҳақда хунук гаплар тарқаб туради.

Университет маъмурияти бу борада биз билан нафақат мулоқот қилиш, ҳатто юзлашишни ҳам истамади. Тўғри биз уларга “Туронзамин” сайти ходимларимиз деб бормадик, зеро бу ҳолда биз билан юзлашиш истагида бўлган бошқалар етиб келиши ҳеч гап эмасди. Биз шу ётоқхонада истиқомат қилувчи айрим қизларнинг акалари ва опалари сифатида борган эдик. Тўрт ярим соатлик кутишдан сўнг, тегишли хулосага эга бўлиб, у ҳудудни тарк этдик. Хуллас талабалар мактубида айтган гаплар тасдиғини топди ва ҳатто қўшимча маълумотларни тақдим этди.

ТАВСИЯ: азиз талабалар, тўғри биз қуйида келтирмоқчи бўлганимиз тавсияларимиз юз фойиз вазиятни ўзгартириб юборади дея олмаймиз, зеро гап Ўзбекистондаги университет ётоқхонаси ҳақида кетмоқда. Яқиндан бери буюкликни даъво қилаётган бу мамлакатда эса сиз тилга олган ҳолат муаммо саналмайди, бу демократиянинг ўзбекча модели ҳисобланади. Яъни, бу дегани “зўр бўлсанг ва юқорида танишларинг бўлса, қандингни ур, имкон топсанг атрофдагиларни ҳам, уриб ташла!” дегани.

Аммо, умидсизланманг, тавсиямиз, ҳар бир университетда талабалар кенгашими, деган уюшма бор, энг аввало ана шу уюшмани мазкур муаммо юзасидан жиддий чоралар кўришга мажбурланг, акс ҳолда сиз бу ҳақда Республика прокуратурасига мурожаат қилишингиз ҳақда огоҳлантиринг. Агар юзма-юз туриб айтишдан истиҳола қинлсангиз ёзма шаклида, имкон қадар кўпроқ имзолар билан керакли инсонлар қўлига етказинг. Бундан ташқари, мазкур ҳолат юзасидан президент номига, “биз фарзандларингиз… сиз азиз президентимиз” шаклида мактуб йўлламанг. Билингки, бундай усул ҳеч қандай натижа бермайди. Аввало бир нарсани англанг, президент “болаларим” деганда сизни назарда тутмайди, ўз фарзандларини тутади, ишонмасангиз улар учун яратилган имкониятлар билан, сиз учун яратилган имкониятларни солиштириб кўринг. Хўш, гапимиз тўғримикан?

Демак, президентга мактуб йўлласангиз, “Муҳтарам президент” деб мурожаат қилинг ва масалани батафсил ҳикоя қилмай, лўнда қилиб, “Сизни маънавий соғлом бўлиб етишишимиз мақсадида яратилган имкониятлар билан бевосита танишиб кўришингиз учун ТошДПУ ётоқхонасига таклиф қиламиз”, деб ёзишингиз мумкин. Зеро, сиз президент олдида эмас, президент сизнинг олдингизда кўпроқ масъулият ҳис қилмоғи шарт. Сабаби, айнан ўша “муҳтарам” зотнинг имзоси билан қабул қилинган Конституцияга кўра: “Ўзбекистон Республикаси президенти, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафилидир” (93-модданинг 1-банди).

Конституциянинг 19-моддасида эса шундай дейилади “Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас”. Шу жумладан, сизнинг ётоқхонада тинч яшашингиз, тоза кўрпа-тўшакка эга бўлишингиз ва сизнингча тинч яшашингизга ҳалақит қилаётган нарсалар юзасидан эътироз билдириш ҳуқуқингиз ҳам дахлсиз ҳисобланиб, улардан сизни маҳрум қилишга ҳеч ким ҳақли эмас.

Боз устига Конституциянинг 43-моддасида шундай дейилган: “Давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди”. Сиз эса, ўша Конституция бўйича, “билим олиш ҳуқуқига”га (41-модда) эгасиз. Ўша ҳуқуқингизни чалғимасдан ва мукаммал тарзда амалга оширишингиз учун ҳам давлат сизни ётоқхона билан таъминлайди ва у ерда тинч ва осуда кун кечиришингиз учун барча чораларни кўришга мажбур, акс ҳолда Конституцияга зид ҳаракат қилаётган бўлади. Ва энг сўнгги тавсиямиз, Ўзбекистонда, бирмунча дадилроқ ваколатларга эга бўлган “Камолот” аталмиш ҳаракат мавжуд. Бу бевосита Сиз учун тузилган ва Сизнинг манфаатингизни ҳимоя қиладиган ташкилот. Унинг раҳбариятига мурожаат қилиб, қатъий тарзда муаммоингиз юзасидан жиддий чоралар кўришга чақиринг.

Агар бордию, келтириб ўтганимиз тавсияларнинг ҳеч бири натижа бермаса (ҳатто прокуратурага ёзилган шикоят мактуби ҳам) у ҳолда… Яхши ният қилақолайлик….

Иккинчи мактубга ўтсак. Иккинчи мактуб эгаси ўзини Муаррих, деб таништириб, шундай мазмундаги мактуб йўллабди: “Assalomu Alaykum, Jahongir aka.

Kecha eshitgan xabarimga ko’ra, Toshkentdagi maktablarda ro’mol o’ragan (hijobdagi) qizlarga nisbatan majburiy tarzda ro’mollarini yechtirish chorasi qo’llanilayotgan ekan. Lekin bu haqida hech qanday rasmiy chiqish (xuddi Tojikistondagi kabi) bo’lgani yo’q. Nima deb o’ylaysiz, bu ham Karimov hukumatining dindorlarga qarata ochgan o’ziga xos yashirin urushimi? Bu haqida yuqorida (hukumat doirasida) qandaydir og’zaki qarorlar qabul qilingani to’g’risida siz aloqada bo’lib turgan manbalar xabar berishdimi? (Chunki hozir Toshkentda shunday mish-mishlar tarqalgan.) Umuman siz bu masalaga qanday munosabat bildirasiz? AQShda hijobdagi xotin-qizlar bilan qanday muomala qilinadi?”.

Ҳурматли Муаррих (назаримизда мактуб муаллифи бизнинг унга шу кўринишда мурожаат қилишимизга қарши эмас), сиз тилга олган ҳолат, ўтказганимиз текширувларга кўра, чиндан ҳам мавжуд ва бу не таажжубки аллақачон мактаблардаги ички қатъий қоидага айланиб улгурган. Ҳар бир ўқувчи қиз, мактаб маъмуриятига кўра, ўрнатилган ички тартибга жиддий риоя этмоғи шарт, акс ҳолда мактаб маъмурияти бу қизга билим беришдан воз кечишга ҳақли. Ўз вақтида ана шу қоидаларга эътироз билдирган ота-оналар ҳам бўлган, аммо афсуски, мактаб маъмурияти ўз сўзида қолишни афзал билган. Давлат идоралари эса мактаб маъмурияти ишига аралаша олмасликларини айтиб, чекинган.

Маҳаллий ҳукумат бу борада ошкора қарор ёки фармойишлар эълон қилган эмас, шу боис истаган пайтда сизнинг бу борадаги даъволарингизни инкор қилиши, сизни эса “мамлакат шаънига туҳмат” ёғдиришда айблаши мумкин. Бугун бутун дунё биладики. Ўзбекистон ҳукумати айблаш ва айбини “исботлай олиш” масаласида дарс бергулик. Вазирлар маҳкамаси қошидаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари диний идоралари эса, мавжуд қонунлар ва Конституция бўйича давлат ишларига аралашиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Маълумки мактаблар ҳудди колледж ва институт ҳамда университетлар сингари давлатга қарашли муассасалар ҳисобланади.

Аммо, мактаб маъмуриятининг сиз назарда тутган ҳолат бўйича чиқарган талаблари, Ўзбекистон ҳар йили кенг байрам қилаётган Конституцияга мутлақо зиддир. Зеро, Конституциянинг 31-моддасида “Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга”, дейилган. Ҳижоб кийиш ҳам хусусан ўша қизларнинг эътиқод эркинлиги ҳисобланади, мактаб маъмуриятининг қизлардан ҳижобларни ечиб ташлашни талаб қилиши, акс ҳолда мактабга киритмаслик ҳақида огоҳлантириши эса уларнинг Конституция билан кафолатланган ўша ҳуқуқларини менсимаслик ҳисобланади. Амо Ўзбекистон шароитида ҳуқуқлар аввало давлат идоралари, уларнинг ходимлари, ходимларининг оилалари ва оилаларига яқин кишилар, яқин кишиларнинг оилалари ва ҳоказолар учун мавжуд ва кафолатланган, оддий халқ эса…

Азиз ўқувчи сизни қизиқтирган ҳар қандай мавзу юзасидан бизга мурожаат қилишдан андиша қилманг, биз эса, албатта, имкон қадар саволларингизга жавоб беришга, сизни қизиқтирган мавзу юзасидан батафсил маълумотлар йиғиб беришга ваъда қиламиз.

Самимий ҳурмат билан, “Туронзамин” рўзномасининг Ўзбекистондаги ижодий жамоаси.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: