Mamlakat ichidan

Бугунги Андижон׃иккинчи мақола

ЮЗЛАРИ ХОМУШ, АММО ЎТА ҒУРУРЛИ ОДАМЛАР

Тошкентдан Андижон сари сафаримиз анча ташвишли кечгани боисми, қотиб уҳлаб қолибман. Ҳатто меҳмонхона ходими қўйиб кетган чой совуб, нон сал қатиб қолган экан. Ойнадан ичкарига мўралаётган ёруғликдан илҳомланиб ташқари боқдим. Кўча ғиж-ғиж одам, машиналар улардан кўп, тавба светофорлар ҳам бор экан… Юзимни ювиб чой ҳўплайману, ташқарига чиқиб атрофни ўрганаман. Ия, сув йўқ-ку!..

Нархлар мунча баланд?

Меҳмонхонадан чиқиб бироз юргач, бозор олдига чиқдим. Аллақайси донишманднинг бозор ҳақдаги бир гапи эсимга тушиб ичкари кирдим. Ҳа-а, бозормисан бозор эканда ўзиям. Истаган нарсангизни топиш мумкин, гўё. Хонамда бир жуфт-бир жуфт мева, озроқ помидор, бодринг бўлсин деб, ўшандай маҳсулотлар сотилувчи расталар томон юрдим. “Помидор неча пул холажон?”, жавобдан жағим осилиб қолди, “арзонлатвордик болам, бор-йўғи икки минг”, “нима, икки минг?”… “Бодрингчи, у неча пул?”, “уям шу нархда болам”… Ростдан Андижондаманми, деб атрофга аланглаб олдим. Мунча қиммат?.. Кел, шу памидор, бодринг емасам нима, Тошкентга қайтсам тўйиб ерман. Қулупнайлар олдидан ўтиб кета олмадим. “Қулупнай неча пул ака?”, “Бир ярим минг, ками бор ука”… нима?

Мундай ҳисоблаб чиқсам, нархлар Тошкентдагидан икки-уч баробар қиммат экан. Тавба, авваллари Тошкентдаги нархлар энг баланд ҳисобланарди, чоғи. Суриштирганим нархлар анча мени довдиратиб қўйгани боис, қолган меваларнинг нархларини суриштириб ҳам ўтирмадим. Бироз бозорни айлангандай бўлдим-да, ташқари чиқдим. Қизиқ, одамлар шу нархларда нарса сотиб оляптимикан а? Ҳар қалай у ён-бу ён юришим керак, шу боис, чўнтагимнинг бир четида жим ётган 50 доллар пулимни ўзбекчага таржима қилиб олишни режаладим. Бозорнинг атрофини айланиб чиқдиму, аммо анави “Валюта айрбошлаш шахобчаси”ни учратмадим. Бозор эшиги ёнида аравача билан турган уч-тўрт йигитни гапга тортдим, “долларни қаёқда алмаштираман, йигитлар?”, “оно акалар туриптию, ашиларга айтсез, алмаштириб беришади”. Чиндан ҳам алмаштириб беришди, анча арзонга…

Кўчаларни анча вақт кезиб юрдим, Интернет кафе учраган эди ичкарига кирдим. Ўша ерда ҳозир сизнинг ихтиёрингизга ҳавола қилганим мақоламни ёзмоқчи бўлдим. Интернет кафедаги йигитлардан бири буни билгач, секингина қулоғимга “ака, журналистмисиз?” деб шипшиди. “Нимайди?” худди ўшандай шипшиб сўрадим мен ҳам. “Просто, агар журналист бўсез, бу ерда аши нарсаларди ёзмаганиз маъқул, бемалолчиликмас-да”, “қайси маънода?”, “раса содда экансиз, козёллар бор”… Козёли нималигини тушунмадиму, аммо бу Интернет кафеда мақола ёзиш хавфли, дегани эканини англадим. “Анчадан бери шундайми?”, “Очилганимиздан бери”, “ўша козёлларингиз йўқ бўладиган вақт ҳам борми?”, “худо хоҳласа бўб қолар, ҳозирча чидаб турамизда, ака”… Чиндан ҳам халқ анча сабр косаси тўлиб тошган экан, қаранг ҳатто кичик бир йигит нималарни орзу қилиб яшаяпти.

Бир маҳаллар Тошкентда танишиб қолганим, шифокор танишимнинг уйини қидиришга тушдим. Ўшанда у Тошкентга малака оширгани келган экан, танишиб қолиб анча гаплашган эдик. Тошкентдан кетар пайт эса уй адресини берганди. Телефони ҳам бор эди, чоғи. Чўнтагимдаги қоғозларни бирма-бир кўздан кечириб танишимнинг телефонини топдим. Гўшакни ўзи кўтарди, “ия, қаердасиз, ҳозир бораман”. Ўн минут ҳам ўтмай танишим мен турган жойга етиб келди. Қучоқлашиб кўришдик, ўша ернинг ўзида шинамгина чойхона бор экан, ош буюрдигу, суҳбатга киришиб кетдик. Кўп нарсалар ҳақда гаплашдик…

Болалар ўлими кўпайиб кетди

Танишим оз-моз ёзиб туришимни эслаб қолди, “мақола қилгани келдизми, дейман?”, “шунақа деса ҳам бўлади, қолаверса бироз шаҳарни айланиб, танишларни зиёрат қилиб қайтаман девдим”, дедим. “Яхши ўйлабсиз, ома ёзаман десез, ёзадиган нарсалар тиқилиб ётипти”, “йўғ-э”…

Танишимнинг айтишича, мана бир неча ойдирки Андижонда болалар ва чақалоқлар ўлими кўпайган. “Духтирларимизам соводсизда, болага қарашти билмеди, шуни натижасида болаларимизи бериб қўйяппиз”. Унинг айтишича, шаҳарда янги туғилаётган чақалоқдан ҳар иккитасининг ёки учтасининг биттасига СЕПССИС аталмиш инфекция юқтириб қўйиляпти экан, бунинг натижасида бироз нимжонроқ туғилган чақалоқлар ҳаётдан кўз юмяпти экан. “Бўлибам бундай ҳолатлар шу қадар кўпайганки, кўёрасиз”… Танишимнинг айтишича, мана шу сўнгги бир ой давомида унинг иккита дўсти болаларидан айрилган. Ўлган болаларнинг бири бир ойлик бўлган, иккинчиси эса бир ярим ёшли. Менинг бу мавзуга қизиқиб қолганимни сезиб, танишим у ҳақда тўлиқроқ гапириб беришга киришди.

“Ошнамизи боллари (яъни рафиқаси демоқчи) кўзи ёришганда бола соғлом туғилган. Онаси ўша куни болани кўрган, эмизган. Эртаси кундан бошлаб бола тинимсиз йиғлайдиган, иситмалайдиган бўлган. Духтирлар текшириб аниқлашадики, СЕПССИС инфекцияси юқтирилган. Бу одатда оно, киндик кесар пайт юқтирилиши мумкин. Духтир деган сал эътиборлироқ бўлмаган-да. Бир амаллаб болани ўзига келтиришган, икки-уч кундан кейин аёлни роддомдан чиқаришган. Ошнам икки кун боласини дийдорига тўйган холос. Кейин яна аши йиғлаш ҳоллари, қусиш, ҳатто ҳушдан кетиш ҳоллари такрорлана бошлаган. Кечки пайт эди, телефон қилиб қолди, детскийга (шаҳар болалар шифохонаси) олиб бордик. Таниш йигитлар бор эди, кўриб уч-тўртта дори ёзиб беришти, ошнам икомиз аши дориларни сотволдик…”.

Танишимнинг айтишича, ҳар бир дори фалон пул туришига қарамай ота боласи учун уларни сотиб олган. Муолажалар туфайли бола яна бир ой яшаган, сўнг дарди кучайган. У ёғини яна танишимнинг ўзидан эшитсак: “Ошнам кечаси ўн икки яримда ранги оқариб, чинқираётган болани қучоқлаганича детскийга борган. У ерда унга қандайдир укол қилишган ва инфекционнийга боришни айтишган. Ошнам инфекционнийга югурган, йўлда кетаётса боланинг томири тортишиб, ранги кўкариб кетган. Бечора қўрқиб кетиб инфекционнийга етиб келгану, духтирларга манақа бўп қолдию, деган. Улар эса бундан қўрқиб кетиб, реанимацияга оборинг, тезроқ дейишган. Энди ошнами аҳволини тасаввур қилорингда. Реанимацияга кеса, бир духтир чиқиб, қандайдир укол қилгану, жой йўқлигини айтиб, яна аши инфекционнийга боришни тавсия қилган…”.

Йўлда болани яна томири тортишиб қолган. Бу сафар ҳам инфекционний шифохона шифокорлари болани бу аҳволда қабул қила олмасликларини айтиб, реанимацияга қайтишни тавсия қилишган. “Ошнам қайтиб келса, уже соат кечаси икки бўлган, реанимациянинг эшигини қулфлаб қўйиб, духтирлар ташқарига чиқмасмуш, қаранг. Ошнами айтишича, аши пайт реанимация эшиги ёнида ўзиям беш-олтита хотин-эркак боласини кўтариб олиб, қий-чув кўтараётган экан. Аммо духтирлар пинагини ҳам бузмасмиш, денг. Шунда уч-тўртта эркак ошнамиз билан бирга реанимациянинг эшигини синдиришга киришган. Ашиндагина ичкаридан уйқусираган медсестралар югуриб чиққан, тўба қилдим. Бўмаса эшиги тагида шунча одам дод-вой кўтариб турипти. Эътиборам қилишмаганда, духтирмиш яна…”.

Бу сафар реанимация шифокори болани кўриб, индамай ичкарига олиб кириб кетган. Ота ташқарида қолган, орадан ярим соат ўтгач эса, ичкаридан хунук хабар чиққан. “Маши воқеа болалар шифокорларининг аҳволини, болаларга муносабатни кўрсатади”… Биргина январ-феврал ойининг ўзида, шифокор танишимнинг айтишича, ўнга яқин чақалоқ ҳаётдан кўз юмган. Икки ой ичидаги болалар ўлими, келаси ойларда ҳам давом этган. Аммо, бу ҳолат на Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасини, на-да Соғлиқни сақлаш вазирлигини ташвишга солган. Айни ҳолат англашимча, андижонликларда халқни қириш ҳаракати бошланибдида, деган гап-сўзларни пайдо қилган…

Аёлларни қамаш кампанияси авж олди

Бошқа вилоятларда бўлгани каби Андижонда ҳам сиёсий фаол қатлам, бу аёллардир. Буни 2004-2005 йиллари Озодлик ва Америка овози радиоларини мунтазам тинглаб борганлар яхши билади. Ҳозир бу радиолар бу ҳақда гапирмасалар ҳам, шаҳар кезиб билдимки, аёллар фаоллиги асло сўнган эмас. Ахир Андижонда сиёсий фаол бўлмай яшаб бўлар эканми, ҳар қадамда муаммо. Бу муаммолардан аслида ҳамма азият чекади, яъни аёллар ҳам, эркаклар ҳам демоқчиман. Аммо эркакларнинг эътироз билдириб чиқиши у қадар хавфсиз бўлмагани боис, бу юмуш аёллар чекига тушганди. Буни қарангки, танишларимнинг айтишича, энди аёллар учун ҳам бу юмуш у қадар хавфсиз бўлмай қолган.

“Мен уч-тўртта маҳаллани биламан, мелисалар ўша маҳаллалардан ўнта-ўн бешта аёлни олиб кетган. Ҳаммаси конституцион тузумга қарши чиқишда айбланиб қамалиб кетди, уларди ҳеч бўлмаса олтитасида ёш боллари бўлган, қарабам ўтиришмади”, дейди танишларимдан бири. Ҳатто аёлларнинг ўзаро гап-гаштаги пайтида ҳам бордию, эътирозли нимадир айтилса, эртасига ушлаб кетилмоқда экан. “Қийин бўп қолди ошна”, дейди танишларимдан яна бири. “Газ аранг икки сантиметрга кўтарилади, шунисига ҳам шукур, сув фақат кечаси бўлади, свет ҳақдаку гапирмеман. Нима бўляпти ўзи десез тамом, шартта апкириб қўйяпти, одамнинг қадри қолмади ошна. Бу Каримов дегани одамхўр бир нарсеканда, қурғур”…

Чойхонада ўтирсанг ҳам, тўғри ўтир!

Андижон шаҳри ўзининг покиза ва халқнинг асл маданиятига хос чойхоналари билан машҳур бўлган. Истаган мусофир йўловчи бу шаҳарга келиб қолса, бемалол учраган чойхонага кириб, бир коса иссиқ овқатга эга бўлиши, таҳорат олиб намоз ўқиб олиши мумкин эди. Зеро, чойхоналарда бунинг учун барча шароитлар мавжуд эди. Нега “эди”, деб айтаяпман? Сабаби, вилоят ҳокимининг талаби билан барча чойхоналардаги намозхоналар ёпиб ташланган. Бу борада бироз тортишишга уринганларнинг эса чойхонаси ҳам ёпилиб, ўзлари “акромий” сифатида қамаб қўйилаганмуш. Андижонликлар айниқса “Водий” деб аталмиш чойхонанинг ёпилишини алоҳида бир оғриқли воқеа сифатида тилга олишади.

Аксар чойхоналарда, гарчи намозхоналар ёпилиб, ҳатто таҳоратхоналар оддий хожатхонага айлантирилиши талаб қилинган бўлса-да, спиртли ичимликлар истеъмолига қатъий қарши турилади. Танишларимнинг айтишича, бундай чойхона эгалари ҳам яқиндан буён безовта қилинадиган бўлган, зеро эмишки, ҳоким жаноблари бутун Андижонни ичувчи, чекувчи ва бир-бири билан жинсий бузуқликлар қилиб турувчиларга айлантирмагунимча қўймайман, деб қасам ичганмуш… Хуллас гапирсак гап кўп, дейди танишларим. Шундай бўлсада кўп нарсалар айтилди, уларнинг аксарини айтиб ўтдим… Ортга қайтар эканман, дилимда қандайдир изтироб пайдо бўлганини англадим. Аммо бошқа бир ҳолатни ҳам сездим, гарчи андижонликлар устма-уст келаётган кўргуликлардан анча хомуш бўлиб кўринсаларда, ғурурлари ниҳоят даражада баланд.

Шу ўринда бир андижонлик отахоннинг гапини келтириб ўтмоқчиман, “халқ вазиятни ўзгартираман, оно тепадагиларни эътиборини тортаман деб уриниб кўрди, ўзи қақшади. Болам, бир нарсани билинг, уларни тек қўйиш керак, сабаби уларни Кетказувчи бор, унинг Ўзи уларнинг суробини тўғрилаб қўяди, халқни қақшатиб ким бахт топибди, болам”.

Илҳом Мўминов,

“Туронзамин”нинг махсус мухбири.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: