Munosabat

“Туронзамин”да 20 Май куни элон қилинган “Уйғон, кўзларингни оч” ни ўқиб

“НИМА КИЛАЯПСАН? “
Биздан сўрайдиганлар бор!..

“…одамлар бир-бирига ишонмайдилар, бир-бирларидан шубҳаланадилар.
Бас энди, уйғон! Кўзларингни оч, бир кучаниб занжирларингни уз!
Балки сен улардан қутулишнинг йўлини биларсан. Балки сен уларни ёвузлик зарраларидан тозаларсан. Балки сен уларни йиғиб, бир кўзага соларсан-у, уммоннинг тубига улоқтирарсан.
Уйғон! Ўша ёвузликлар ғазотга келиб, инсонлар даҳшатли тус олмасдан уйғон!
Уларни қутқар!
(Шоира Дилсора Фозилова ижодидан)

Талантли шоира Дилсора синглимизнинг айни даврда гуркираб ўсаётган ижоди дилимни тилкалаётган дардларимни тўкиб солишга туртки бўлди.

Ҳозирги вақтга келиб, жамиятимизнинг ҳам маънавий, ҳам маърифий улкан инқирози, охир-окибат давлатчилигимиз таназзулига ҳам олиб келиши эҳтимолидан ташвишдаман. Бу ташвишимни ўзим гувоҳ бўлган, иштирокчиси бўлган айрим воқеалар билан асослашга ҳаракат қилмоқчиман:

Қачон Тошкентга бормоқчи бўлсам, бошимга «дўппимни олсаммикан ёки йўқ?» деган ўй келади. Барибир дўппимни кийиб оламан. Гарчанд, Тошкентда метрода миршабнинг совуқ нигоҳига нишон бўлишимини билсам-да. Дўппили, соқолли, айниқса, афт-ангори шаҳарга сингишмайдиган одамларни ҳе йўқ, бе йўқ тўхтатишади. Миршаб ўз оти билан миршаб, аммо уларнинг кўпчилигида оддийгина ахлоқий хусусиятнинг ўзи йўқ: на андиша бор, на тартиб, на салом бор. Олдингизга келиб «Паспорт борми?» дея асабга тега бошлашади. Мен ҳам анойилардан эмасман, миршабларнинг ўзларини қандай тутишлари, характерларини яхшилаб ўрганиб олганман. Бундай ҳолатларда дарров ташаббусни қўлга олиб:
— Ҳа, ўғлим, биринчи навбатда, ўзбекчилик… саломингиз қани? Нега ўзингизни таништирмай, чест бермай паспортдан гап бошлаяпсиз? Аввалига устав дегандай, биринчи навбатда, бўйнингиздаги кўйлакнинг тугмасини қадаб ол. Отангизни чорвоғида юрганингиз йўғ-у ўғлим, — дейман. Кутилмаган саволдан саросимага тушиб қолган миршаб дарров узр сўраб:
— Майли кетаверинг — дейди.
Кейинги вақтларда улар орасида безбетлари ҳам кўпайганки, бу гапларга эътибор ҳам қилмасдан, бошимдаги дўппига бир қараб:
— Нима номоз ўқийсизми? Ёки «яқин кишингиз ўлганми?” дейди. «Қазо қилганми ҳам демайди, тўғридан-тўғри “…ўлганми?” дейди.
— Қани, паспортни чиқаринг, — дейди.
Албатта бу юзсизларга яхшигина жавобимни бераман ва ҳозиргача вазиятдан чиқиб келмоқдаман. Мени бошқа нарса қийнайди. Худди мен каби «текширилганлар»нинг ҳолатларни кўплаб кузатганман. Кўплаб фуқароларимиз шундай ҳолатда индамайгина бу миршабларнинг ҳамма буйруғига қулдек бўйсунганлигига, кўплаб бу текширишдаги ҳақоратларни ичга ютиб кетганларнинг гувоҳи бўлиб хуноб бўлиб кетаман-да, “э воҳ, булар, тўғридан-тўғри, катта кўчада ёки метрода «Номоз ўқийсизми, дўппи кийиб олибсиз, нима яқин одамингиз ўлганми, сумкада нима бор?” — дейишгача боряпти. Асрлар оша гуллаб-яшнаган манавиятимиз, маърифатимиз, давлатчилигимиз қандай аҳволга тушиб қолди-я? Нима бўлаяпти ўзи? Асосий фожеа қаерда? Нима қилмоқ керак? Кетма-кет жавобсиз қолаётган саволлар қийнайди.

Ҳар бир кишининг, бўш вақтларида ўтказадиган эрмаги деймизми ёки хоббиси деймизми, менинг севимли машғулотим бор, яъни муккасидан кетган балиқчиман. Ҳаёт ташвишларини бир оз бўлса-да, унутай деб балиқ овига девонадай бошимни олиб чиқиб кетаман.
2006 йил 18 август куни Буюк Британия элчихонасининг учинчи котиби Бен Гринвид ва сиёсий ишлар ва ОАВ бўйича маъсул котиб Леонид Кудрявцев ҳамда оила аъзоларим кўз ўнгида, боз устига, ўз уйимда, бир гуруҳ ноъмалум аёллар томонидан калтакланганимдан сўнг ўн кунлар ўтиб, асабимни тинчлантирай деб, балиқ овига бош олиб чиқиб кетдим. Жиззах музофотида нима кўп, зовур кўп, суъний кўл кўп, сизот сувларнинг сизиб оқишидан пайдо бўлган ариқлар кўп. Ўша куни зовурлардан биридан овлоқроқ жойини топиб олиб, борлиқни унутиб дам ола бошладим. Мен учун ноъмалум кичкина қушчанинг чуғурлашини ҳисобга олмаганда жимжитлик.
Бир вақт тепамда бир нусха пайдо бўлди. На салом бор, на мулозамат. Тўғридан-тўғри, сенсираб:
— Нима қилиб ўтирибсан? — деса бўладими? Аччиғимни жиловлашга ҳаракат қилиб,
— Ҳа энди, қурбақа овлаб ўтирибман ака, — деб кесатдим. Эгнимдаги бир оз эскирган кийимларимга кўз югуртириб:
— Балиқ овлаб ўтирибсан-ку?, — дейди.
— Ҳой дунё тургунча тургур, билсанг …га сўрайсанми? — деб юборибман аччиғимдан. Бирдан қилиб қўйган катта хатоимни тушуниб:
— Минг бор кечиринг биродар, сўкиниб юборибман.
— Ахир, нима ишингиз бор, нима қилиб ўтирганим билан? Ўз йўлингиздан кетавермайсизми? — дедим ўзимни яна аранг тутиб. Бу нусха бўлса худди ҳеч нарса бўлмагандай:
— Ҳа энди, мен ҳов ана ерда ерим бор, фермерман. Бу ерларга кимлар келаяпти, кетаяпти албатта сўрашимиз керак. Шундай топшириқ бор! Бу ҳақда биздан “сўрайдиганлар бор”, — дейди.
Эй АЛЛОҲим бандаларингни ўзинг кечиргин, минг карра тавба қиламан. Айтгин ўзинг. Энди қайларга бориб яшай? Э воҳ, ўзганинг шахсий ҳаётига арлашадиганлар шу овлоқ жойда ҳам топилди-я, тинч қўйишмайди-я? Нега ҳар ким ўзича ўзгаларнинг ҳаётига аралашаверади-я?

Аниқ эсимда, 13 май 2005 йил Андижондаги хунрезлигидан ўн кунлар ўтиб, 24 майдан 25 майга ўтар кечаси соат 23.00 ларда Жиззах шаҳар прокурори Бултаков:
— Бахтиёр ака, бир келиб кетинг, гап бор — деб қўнғироқ қилиб қолди. Мен дарров худди билмагандай:
— Прокурор бова, нима, ярим тунда ҳам ишлайсизларми ёки уйқунгиз қочдими?, — дедим.
— Ҳа энди иш чиқиб қолди, бир келиб кетинг.
— Мендан-да яхши биласиз, сабабини кўрсатиб эртага чақирув қоғози юборинг, албатта бораман, менга қолса кейин пишириб емайсизми.
— Йўқ, ҳозир келинг.
— Прокурор бова, ярим тунда нега менинг шахсий ҳаётимга аралашаяпсиз. Сизга ҳеч ким бундай ваколат бермаган. Ярим тунда керак бўлиб қолдимми, а?. Бундан кўра, сарсон-саргардон бўлиб юрган бечораларнинг аризаси бўйича Сизга берган аризамизга жавоб беринг. Биламан, жавоб беролмайсиз ҳам. Майли бизнинг ташкилотга жавоб берманг, ҳеч бўлмаса аризачиларни ишига кўзингизни қирини бир ташлаб кўринг ахир. Бу не бедодликки, кечаси соат 11да мени безовта қилаяпсиз?
— Йўқ, ҳозир «повестка» юбораман, албатта келинг.
— Яна қайтараман… телефон гўшагини қўйиб қўяман, буни одобсизлик деб тушунманг, прокурор бова — дедим-да, гўшакни қўйиб қўйдим. Ушбу «суҳбатдан» кейин қайси кўз билан кўрайки, маҳалламиз нозири Толиб Абдуалимов чақириқ қоғозини кўтариб ховлиқиб уйимга келса бўладими. Қарасам чақириқда нима сабабдан чақирилганим, на муҳр босилган экан. Нозир Толибга «Бу «повесткани» бугун ёстиғингингиз тагига қўйиб ётинг, зора бугун яхши ухларсиз» дедим. Шунда нозир «Нима деяпсиз. Бизга уйқу йўл бўлсин. Биз кўпинча кечаси билан ухламай чиқамиз» дейди.
Айтгандай бугун 24 май, ушбу бўлган воқеага ропа-роса икки йил тўлибди. Ҳали ҳам ўша–ўша аҳвол. Айниқса, Жиззахдаги ҳуқуқ ҳимоячиларини, ўзгача фикрловчиларни керакли жойларга чақиришлар, тазйиқлар, қўркитишлар, қўйингки, энг асосий фожеа, яъни инсонларнинг шахсий ҳаётига аралашишлар давом этмокда!..

Ҳа, мен ҳам Дилсора синглимиздай ҳайқиргим келади: …одамлар бир-бирига ишонмайдилар, бир-бирларидан шубҳаланадилар.
Бас энди, уйғон!

Бахтиёр Ҳамро
24 май 2007 йил
Жиззах шаҳри «Заргарлик» маҳалласи

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: