Mamlakat ichidan

Бугунги Андижон׃ Биринчи мақола

АЛЛАҚАЧОН ШАҲАРДАМИЗ, БИРОДАР…

Сарлавҳа учун танлаб олганим анави сўз мени Андижонга элтиб қўйган бир киракашга тегишли. Мана, орадан уч-тўрт кун ўтибди ҳам унинг нима сабабдан ўша сўзни айтганини эслаб кулгум келади. Аслида-ку, кулгу ўрнини йиғи эгаллаши керак эди…

Бир Андижонга боргим келувди

Сўнги пайтда у сайтда ундоқ-бу сайтда бундоқ деган гаплар чиқиб кетди, Андижон шаҳри ва у ердаги вазият ҳақда. Шу боис камина бир шу шаҳарга бориб келишни режаладим-да, шартта йўлга чиқдим. Аввало, Андижон сари бориш ниятида бўлганларга айтиб қўяй, асабингизни темирдан қилиб олинг, зеро айнан ана шу томонга қатновчи таксистлардан сурбетроғи дунёда учрамайди.

Агар қурғур ҳайдовчи ниҳоятда шошиб турганингизни сезиб қолса, кўзларини лўқ қилиб нарҳни чунонам кўтариб оладики, бормай қўяқолсамми, деб қастлашиб қоласиз. Қанчалар бу ҳайдовчи деганларини иймонга чақиришга уринманг, фойдаси йўқ, худойим кечирсин ундан кўра эшигингиз тагига дайдиб келиб қолган кучук билан тил топишиш осонроқ. Туриб ўйланиб қолдим, бечора андижонликлар ҳатто мана шу киракашларга ҳам ёлчимаган эканда…

Наилож, ичимда ғўдранганча машиналардан бирига ўтирдим, менга ўхшаш кайфиятда яна уч киши машинадан ўрин олгач, йўлга чиқдик. Энг қизиғи, ҳайдовчининг сурбетлигини қарангки, сўнгги чақангизни суғуриб олаётгани етмай, “йўлда чой-пой ичишга тўхтаймизми?”, деб масхара ҳам қилади. Асабим роса таранглашган эканми, “Майли, сиз тўхтаб чой-пой қилиб олаверинг, биз унгача йўлимизда давом этиб турармиз”, дедим, уялмай кулиб, менга қараб қўйди. Ҳэ-э, ўша…

Аслида эрталаб соат 09:00ларда йўлга отланган эдим, ҳайдовчи билан музокаралар, қўшимча йўловчиларни кутиб олиш, ва ниҳоят дуо қилиб йўлга чиққунимизча нақ 4 соат ўтиб кетибди. Шундай қилиб соат 13:00да пойтахтни ортда қолдириб, Андижон томон йўл олдик. Барча асабийлашишлар натижасидами билмадим, ҳар қалай сал ўтмай уҳлаб қолибман. Анчадан кейин кўзимни осам Қамчиқ давонига чиқаверишда турибмиз. Ортимизда нақ бир километр масофага чўзилиб машиналар турибди. “Нима гап?”, сўрадим ҳайдовчидан, “Анави ерда тоғнинг бир қисми кўчиб тушибди, йўл тозаланишини кутиб турибмиз”, жавоб берди у.

Машинадан тушиб тоғ кўчиб тушган томон юрдим, зум ўтмай икки милиция ходими йўлимни тўсди, “Қаёққа, кўрмаяпсизми?”, “унчалик кўринмаяпти” ҳазиллашишга уриниб жавоб қилдим. Милиция ходимидан бирининг жаҳли чиқди, қўлини пахса қилиб, ортимга қайтишни талаб қилди. Қайтдим. Йўлни тозалаш ишлари икки соат давом этди, ўшанда ҳам йўлнинг бир қисми тозаланди, холос. Машиналар бирин кетин ҳаракатга тушди, камина жойимга ўтирибману, яна уйқуга кетибман. Бу бола тоза уйқучи экану, деган гумонга борманг, шунчаки довонда ҳаво совуқроқ экан, бироз совуқ қотган эканман шекилли, иссиқ машинага чиққач, ўзим буни билмаган ҳолда… ҳар қалай уйқучи эмасман-да…

Тахминан ўн-йигирма километрча масофа юргач, машинамиз яна тўхтади. Бу сафар биз Қамчиқ довонидаги иккинчи тоғ ости йўлаги остонасида турардик. Оббо, яна тоғ кўчди шекилли. Машинадан тушиб, ҳарбий киймда ҳаммамизга худди Андижонга кетаётганимизни сезиб, буларга мумкин дегандай автомат ўқталиб турган йигитларни гапга солдим. “Тинчликми, акалар?”. Улардан бири, мен томон бир қараб қўйдида, “тинчлик, жойингизга бориб ўтиринг!”, деди. “Бироз оёқларимнинг чигалини ёзай девдимда, акажон, нима сабаб йўл тўсилди, билсак бўладими?”, тиржайганча сўрашда давом этдим. “Анави тепаликни портиллатяппиз, ўн-ўн беш минутдан кейин йўл очилади, мумкин бўлса оёғиз чигалини мошинез ёнида ёзинг, хўппи?”, хўп дедиму, машинамиз ёнига бориб турдим.

Ярим соатлардан сўнг йўл очилди, машинага ўтирдим, йўқ, умид қилманг, энди уйқум келмаётганди. Чунки соат алламаҳал бўлгани боис йўллар қоронғуликка чўмган, мен эса айни шу пайт сурбет ҳайдовчи билан кимсан Қамчиқ довонидан ўтаётганимни сидқидилдан ҳис қилиб турганим боис, абсалютна уҳлай олмасдим. Билиб бўладими… Анча юрдик, бир маҳал йўл четида патир сотаётган қатор ёнига келганимизда, ҳайдовчи машинасини тўхтатди-ю, “патир олувчилар бўлса беш минут танафус, олволинглар”, деб эълон қилди. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг ўзидан бошқа патир олувчи топилмади, ҳаммамиз хижолатомуз жилмайганча бир-биримизга қараб қўйдик. Камина йўл учун олволган пулимни эконом қилаётган бўлсам, қолганлар ҳатто ўша “эконом”дан ҳам аллақачон айрилиб бўлган экан. Нима, патир Тошкантда йўқми, ҳали қайтай, нақ иккита сотиб олиб ейман…

Балиқчилик уста болага балли

Ҳайдовчи патир сотиб олди. Яна нималардир олди, кейин бориб бир пиёла сувми, чойми ичиб ҳам олди. Биз ҳам сўлакларимизни ютиб олдик, ҳар қалай анчадан бери йўлдамиз… Анчадан кейин йўлбон жойидан ўрин олди, бир кекирдию, машинани юргизди. Ош бўлсин! Бу сафар машина довондан тушган, аллақайси вилоятнинг чекка туманлари бўйлаб учиб бораяпти. Яъни, катта тезликта демоқчиман. Атроф зимистон, қарайдиган ҳеч нарса йўқ, англаганингиздай камина тағин… аммо яна эслатаман, уйқучи эмасман. Бир маҳал машинамиз секинлай бошлаганини сезиб уйғониб кетдим. “Тинчликми, нима, ер кўчибдими?”, бу саволимдан ҳайдовчининг қошлари пешонасига чиқиб кетди, “йўғ-э, ака худо сақласин денг, моно бензанасос ишдан чиқди шекиллида, чўта бўмаяпти”… Машинамиз йўлнинг четида тўхтади.

Йўлнинг четроғида, зимистон ичида чироқ нури кўринди. Шўпир машинаси билан овора. Камина эса ўша томонни ўргансамми, деб чироқ нурлари томон юрдим. Буни қарангки, маҳаллий пивохона экан. Чойхона кўринишидаги пивохона. Тараққиётни қаранг. Пивочидан “ака, сизнингча биз ҳозир қаёқдамиз?”, деб сўрадим. Маладес, шўхроқ экан, “шу ердасизда, ука”, деб кулиб юборди. “Шунақами, етиб кебмизда унда а?”, мен ҳам кулдим, “э-э ишоноринг”, дедию, пивочи пиёлада нимадир узатди. Ичмайман дедим кескин, у эса жилмайиб, “бир пиёла чой узатдим, ичмасангиз бўлмайди”, деди. Чой? Меҳмондўст экан, хафа қилмай деб чойни индамай ютиб юборавердим, акам узатишдан чарчамади. Кейин гап орасида, “меҳмонмисиз?”, деб сўради, бош ирғадим, “ундай бўса ука, шу топта Балиқчидасиз”, деб жавоб қилди.

Демак биз Андижон вилоятининг Балиқчи туманида эканмиз. Ва ниҳоят етиб кебмизда, деб юборибман. Пивочи ака эса, “шундай ука, келдиз”, дедию яна кулиб юборди. “Биз ҳозир Балиқчининг четроғидамизми?”, сўрадим пивочидан, “йўғ-э, ука, нақ марказидасиз”, жавоб қилди у. “Унда нега атроф зимистон, пивохонадан бошқа ҳеч вақо йўқ?”, сўрадим мен, “зимистонлигининг сабаби Анжандасиз, атрофда кўп нарса бор, просто қоронғида кўринмаяпти, ука”, кулиб жавоб қилди у. Ҳа-я, чиндан ҳам ахир Андижонга келдик, демак бу ёғи зимистон бўлиши табиий. Обдон пивочининг чойидан симиргач, машинамиз ёнига чиқдим. Ҳайдовчи бошини қашиганча атрофга олазарак эди. “Тинчликми?”, “Э-э, моно нарса ўхшамаяптида ука, устахона йўқмикан деб қараяппан”. Пивочи ёнига қайтишга тўғри келди. Зеро бу зимистон ичида нимадир топиш зарур бўлса, биз, машина атрофида тоқатсизланиб турганлардан кўра у, бу ишни афтидан яхшироқ уддалайди.

Аммо қойил, ўйланиб ҳам ўтирмай, шартта шогирдларга жойини топширдию, юринг, деган ишора билан қоронғулик ичига сингиб кетди. Бир ютиниб кетидан тушдим. “Эҳтиёт бўлинг ариқ бор”, деди у, қадамимни секинлатиб оёғим тагига термулдим, барибир ҳеч нарса кўрмадим. Яна озроқдан сўнг эса, “анавини босиб олманг”, деди, анависи нимайкин билмай қолдим, кўринмадида. Умид қиламанки босиб олмадим… Бир жойда тўхтадик, кўз олдим зимистон, пивочи олдга қўлини чўзиб ниманидир тақиллатди. Тавба эшик бор экан, чоғи. “Шарақ-шуруқ” этиб олдимизда бир нарса шартта очилдию, фонар ушлаб олган аллаким чиқди. “Устанг шу ердами?”, сўради пивочи, “ҳа, ака қалайсиз, шу ерда, нимайди?” сўради аллаким. “Анави ерда бир машинага ёрдами керак бўлиб қолди, чақирвор”, деди пивочи, аллаким қаёққадир кириб кетди. У билан бирга фонар нури ҳам.

Пивочи унинг қайтиб чиқишини кутиб ҳам турмай, қўлимдан тортиб ортга қайтди. Мен ҳам унга эргашдим. Машина олдига келиб турган эдим, бирин кетин иккита “ТИКО” машиналари келиб тўхтади. Уларнинг биридан уст боши қорайиб кетган, чамаси ўн беш ёшлар атрофидаги йигитча тушди. Индамай машинамиз ичига бош суқди, сурбет ҳайдовчи бензанасос турадиган жойни очиб қўйган экан, у ерда бироз тимирскиландида, “Машинани устахонанинг ёнига обормасак бўлмайди, кўринмаяпти”, деди. Ҳаммамиз машинага ёпишиб, уни ўша қоронғулик ичига итара бошладик. Анча юргач, бир пастаккина хонадон олдида тўхтадик, ичкари кирсак устахона экан. Йигит дарҳол ишга киришди, устахонанинг у ёғидан-бу ёғига бориб келгунимизча (бу хонанинг умумий майдони бўйига беш қадам, энига тўрт қадам экан, эринмай юриб билдим), иш тамомланди. Хизмат ҳақини узатдиг-у, йўлга чиқдик. Балли йигит!

Худо хоҳласа Анжандамиз

Атроф қоронғулик, ташқаридан ниманидир кўриш амримаҳол, қолаверса вақт ҳам алламаҳал бўлиб улгурган, шу боис камина… Ҳайдовчи йигит, тавба ростдан ҳам тоза сурбет экан, шартта магнитофонини ёқиб юборса бўладими. Сесканиб тушдик. Мириқиб кулди, номард. Ташқарига термулдим, қоп-қоронғу. “Ака, яна қанча юрамиз?” сўрадим ҳайдовчидан, “аллақачон шаҳардамиз биродар”, жавоб қилди ҳайдовчи. “Йўғ-э, шаҳар кўринмайди-ку”, “эртага кун ёришганда кўрасиз, ука”, деди ҳайдовчи кулиб. Қоронғулик ичидан у ёқдан-бу ёққа ҳар ҳил рақамларни ўрнатиб олган “ДАМАС” машиналари, турли енгил машиналар ўта бошлади. Демак, чиндан ҳам шаҳардамиз. Буни қарангки, қоронғу тушгач Андижон тўлалигича зимистонга чўмар экан, на светофор кўринади, на-да кўчалар четидаги чироқлар нури йўлни ёрита олади. Ҳаммаси гўё шунчаки омонатгина ўрнатиб қўйилгандай…

Мени ҳаммадан ҳам ҳайратга солгани, ана шу қоронғуликда андижонликларнинг бир-бирини кўра олиши, анча катта тезликда машина бошқаришлари, ва ниҳоят машинада кетиб борар чоғи, йўл четидаги танишларига салом бериб, сигнал чалиб қўйишлари. Камина сигнал чалиниб, бош силкиб қўйилган томонга қараб, қоп-қоронғу “девор”дан бошқа ҳеч нарсани кўрмадим. Кўзлари ёнадиган бўлиб қолганми буларнинг?.. Ҳайдовчи эпчиллик билан машинасини бошқариб, мен сўраган меҳмонхона ёнида тўхтади. У тўхтагани учун ҳам меҳмонхона ёнига келганимизни тушундим, акс ҳолда билмас эдим. Юкимни тушириб, пулни чиқариб узатдим, машинанинг олд эшиги ёнида турганча пулни санаб олди. Қоронғуда адашиб кетмади ҳам. Ўрганиб кетганда а? Анча йўл юрганимиз боисми, гарчи сурбет бўлса ҳам ҳайдовчи билан қадрдонлардай хайрлашдик. Ҳар қалай бошдан анча ишлар ўтди-да.

Ҳайдовчи бошқараётган машина чироқлари қоронғулик ичига сингиб кетгач, меҳмонхона ичига кирдим, Ассалому алайкум!

Илҳом Мўминов,

“Туронзамин”нинг махсус мухири.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: