Nima deysiz?

КИМ АСЛИДА ЖАВОБГАР?..

Бугун дўстлар (ҳар қалай мен уларни шундай деб ўйлайман), танишлар, қўшнилар ва шунчаки бирор бир сабаб туфайли вақтинча суҳбатдош бўлганлар билан фикр алмашар чоғи, тинимсиз такрорланадиган бир ҳолатга гувоҳ бўлаябман. Яъни, ана шу келтириб ўтганларимнинг ҳаммаси Ўзбекистон фойдасига ҳимоя сўзларини айтиш вақти келди, зеро уни анча камситиб юборишди, майли камчиликларимиз бошимиздан ошиб ётган бўлса ҳам, мелисаларимиз ўзини бошқараолмай тинчимизни бузаётган бўлса ҳам, судларимиз ҳар бир маҳкама аслида кимнидир қамаш, кимдандир ниманидир ундириш учун ўтказилади, деган тушунчага астойдил ишонган ҳолда ишлаётган бўлса ҳам, уйимизку, ҳимоя қилақолайлик, деган даъватни такрор-такрор айтадиган бўлиб қолган.

Баъзан ўзимча, балким шундай қилиш керакдир, деб иккиланиб қолган пайтларим ҳам бўлди. Баъзан эса йўғ-э, биз уйимиз ҳақда камситувчи нимадир айтибмизми ёки содир этибмизмики энди бу ишимиздан хижолат бўлиб ҳимоя қилишга тушсак, деб хуноб бўламан.

Нега биз, оддий фуқароларни бу қадар ташвишга солаётган масала, аслида бу ҳақда бош қотириш керакларни ташвишга солмайди, ахир биз эмас, ўшалар бу ҳақда астойдил қайғурмоғи керак-ку, деб унингсиз ҳам аранг турган столимни муштлайман. Кейин бурним тагига минғирлаганча уни қайтадан тиклайман. Бу ҳам ўзига яраша кураш-да, деб ўзимни овутаман, битта менми, ҳамма шундайку деб, ўзимни оқлайман, худди айбли иш қилиб қўйгандай… улар, ўша аслида бу ҳақда ўйлаши керак бўлганлар эса ҳар бир янги кунда, янги қилиқлари билан ярамизни бошқатдан тирнайверади…

Бугун мен сизларга ана шу Ватанимиз шаънини ҳимоя қилиш ўрнига унинг номига доғ тушираётганлар тўғрисида тўхталмоқчиман, токи дўстлар (аввал айтиб ўтганимдай ҳар қалай мен уларни шундай деб ўйлайман), танишлар, қўшнилар ва шунчаки бирор бир сабаб туфайли вақтинча суҳбатдош бўлганлар ўзлари учун тегишли хулосалар чиқариб, нотўғри томонларга ортиқча “кучаниб” юришмасин.

Яқинда эълон қилинган хабарларга кўра, 23 март куни гулистонлик фуқаро Комилжон Носиров ўзига тегишли бўлган тилла узугини бир аёлга 185 000 сўмга пуллаган. Зарурат сезгани учун шундай қилгандирда. Ахир ўзининг узуги хоҳласа сотади, хоҳламаса йўқ.

Хуллас сотади. Аммо шўрлик билмайдики узукни сотиб олаётган аёл милиция томонидан атай йўлланган бўлиб, узук учун санаб берилган пул махсус тамғаланган пул бўлган. Олди-берди амалга ошган захоти милиция ходимлари бечора Носировни шартта ушлашади ва аёлнинг ёнидан (гўё) топилган аллақандай моддага ишора қилиб, гиёҳванд модда савдоси билан шуғулланганликда айблаб, олиб кетишади. Аммо ясама ҳаракатлар тезда панд бериб қўяди. Яъни, тиббий экспертиза гиёҳванд модда сақланган идишда Носировнинг қўл излари йўқлигини маълум қилади.

Буни қарангки, воқеанинг бу тарзда ўзгариб кетишидан жазавага тушган милиция ходимлари Носировлар хонадонига етиб келишади. Уй ичида тинтув ўтказишади ва Носировнинг нафақадаги турмуш ўртоғига эрининг костюмини олиб чиқишни сўрашади. Аёл олиб чиққач эса, уни қўшни хонага етаклаб боришадида, костюмнинг чўнтагидан гиёҳванд модда топилгани ҳақида акт туза бошлайдилар.

Табиий бу ҳолатдан таажжубга тушган аёл костюм эндигина ювиб дазмоллангани ва шу боис унинг чўнтагида нимадир бўлиши мутлақо мумкин эмаслигини айтиб туриб олади. Бунга жавобан тинчлигимиз ҳимоячилари, агар аёл тузилган актга иқрор бўлиб имзо чекмаса ўзи ва фарзанди ҳибсга олиниб, кўз кўриб қулоқ эшитмаган шароитга солинишини пўписа қилишади. Ваҳимага тушиб қолган аёл бўлмаган нарсани бўлди дея иқрорнома ёзиб беришга мажбур бўлади. Энди юрак хасталигига эга бўлган Носиров қилмаган “жинояти” учун жавобгарликка тортилиб, вақтинча қамаб қўйилган. “Эзгулик” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан келтириб ўтилган айни воқеани ҳазм қилгунингизга қадар мен яна бир воқеа тафсилотларига тўхталиб ўтсам. Бу воқеа ҳам назаримда мамлакатимиз шаъни борасида бу қадар куюнаётганлар учун ўта қизиқ бўлади.

Навбатдаги воқеа қурбони Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида истиқомат қилиб келган Бекзод Иброҳимовдир. 2002 йили Бекзод Россиянинг Кемерово вилоятида тирикчилик пайида юрган чоғида, туман ички ишлар томонидан ЎзР ЖКнинг 164-моддаси (босқинчилик) ва 169-моддасида (ўғрилик) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланиб қидирув эълон қилинади.

2003 йили Россия милицияси уни ҳибсга олиб, Қашқадарёга етказиб беради. Шаҳрисабз туман ИИБда терговчи Т.Шоимов оператив ходимлар Илҳом, Фарҳод, Баҳодир ва Баҳриддинлар иштирокида айбига иқрор қилдириш ниятида Бекзодни обдон калтаклашади. Натижада Бекзод фалаж бўлиб қолади. Шунга қарамай суд ҳукми билан Бекзод айбдор топилиб, 16 йилга озодликдан маҳрум қилинади. Ўз фарзандининг айбсиз айбдор бўлиб қолишига чидай олмаган онаизор унинг ҳимоясига отланади, турли идораларга илтижо мактубларини йўллайди, умид қиладики кимдир унинг арзига қулоқ тутар, деб.

Аммо бунинг ўрнига аёл Шаҳрисабз туман ИИБ ходимлари томонидан халқ душмани, ватан хойини дея эълон қилинади. Бу воқеани ҳам ҳазм қилиб тургунингизча, мен учинчи ва сўнгги воқеани келтириб ўтаман…

Учинчи воқеа қаҳрамони жиззахлик Нилуфар Соттиева. Бу аёл 2005 йили Ваҳоб Коржовов исмли шахс томонидан зўрланади. Айни кўргулик етмаганидай, воқеадан хабар топгач, турмуш ўртоғи уни уйдан ҳайдаб чиқаради. Шўрлик аёл туман прокурори ва ички ишлар бошқармасига шикоят мактуби йўллайди, аммо жавоб бўлмайди. Республика Бош прокурорига мактуб йўллайди, бу ерда мактуб вилоятга, вилоятдан эса яна ўша жавоб бермаслар қўлига қайтарилади. Жавоб кутавериб фиғони тўлган аёл Ички ишлар бошқармасига боради, бу ерда уни фоҳиша дея ҳақорат қилиб қувиб солишади. Бундан ларзага келган аёл вилоят ҳокими томон йўл олади, бу воқеани аёл шундай ҳикоя қилади, “Вилоят ҳокими У.Яманқуловга аризани олиб уч нафар фарзандим билан кетаётганимда, Озод ва Хасан исимли милиция ходимлари мени йўлда икки қўлимни орқага қайриб, туман ИИБга олиб борди ва подвалдаги камерага, бири 18 ёш, иккинчиси 8 ёш, учунчиси эса 5 ёшлик болаларим билан бирга қамади”

Буниси ҳам камлик қилганидай аёлнинг айтишича, олиб борилган жойда нафақат аёлнинг ўзи, ҳатто ёш болалари ҳам ўта қўпол муомалага дучор бўлган. Келинг бу ҳақда ҳам аёлнинг ўзидан эшитайлик, “5 ёшли ўғлим Анварбек, “онамга тегманглар”, деб ёнимни олган эди, Озод исимли милиция ходими, “овозингни ўчир зумраша”, дея оғзи ва бурни аралаш урди, зумда ўғлимнинг юзи қонга бўялди…”. Ана шу ҳолатда аёл то кечга қадар уч нафар муштдек болалари билан туман ИИБ ертўласида қолган, ҳатто унинг айтишича, уларга бир тишлам нон у ёқда турсин ичгани сув ҳам беришмаган. Кечга яқин эса ҳеч бир сўз айтмай милиция бўлинмасидан чиқариб юборишган… Энди келтириб ўтганим ана шу уч мисол юзасидан озроқ фикр юритиб кўрсак. Яъни мақсад, мамлакат шаъни ва ким унга зарар етказаяптию, ким уни ҳимоя қилиши лозимлигини аниқлаш.

Аслидаку ҳамма, аниқроғи деярли ҳамма бу саволга жавобни билади. Балким ўша, сизу бизни ватанимиз шаънини ҳимоя қилишга чорлаётганлар ҳам. Аммо била туриб ўзларини гўлликка солишлари таажжубли ҳол. Улардан бирининг мана бу гапларини келтириб ўтсам, “Каттага ҳамма нарсани ағдаравериш керак эмас, унинг ўрнига бошқа келса ҳам шундай бўлиши мумкин. Ундан эмас, ўзимиздан қидиришимиз керак муаммонинг сабабини. Ҳаётимиз ёмон эмас, тирикчилик қилса ҳам, бир зумда бойиб кетса ҳам бўлади, ҳаммаёқ етарли, фақат ялқовмиз ҳаммамиз, нуқул гапиришдан нарига ўтмаймиз. Ватанни ана шундай валақлашлардан ҳимоя қилиш пайти етди…”, у ёғини келтирмай қўя қолай, кўнглим айниб кетди. Хуллас ана шундай гаплар ҳаммаёқ зўр, ҳаммаёқ яхши. Энг даҳшати бу кайфият сенинг ўзингни хафа қилмагунларича давом этади. Умид қилаётганинг нарса қўлингга етиб келмай шундоққина бурнинг тагидан сендан кўра афзалроқ топилган бошқа бировга етиб боргунича. Шундан сўнг аламинг жўшиб, сен ҳам ўзинг айтмоқчи “валақлашга” тушасан, демак…

Келинг майли ўша дўстимиз келтирган иддаолар мисолида вазиятни баҳолаб чиқсак. Унинг айтишича, “каттага ҳамма нарсани ағдаравериш керак эмас…”. Дўстим кечирсину аммо бизнинг ёзилгани захоти унутилиб юборилган Конституциямизда, адашмасам шундай дейилган “Ўзбекистон Республикасининг президенти, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг кафилидир”. Демак айнан ана шу шахс биринчи галда мамлакат ичида фуқаролар хавфсизлиги кафолатланмагани, улар истаган пайт, истаган идоранинг шум ходими томонидан шунчаки эрмак учун ҳам безовта қилинишига йўл қўйиб бераётгани, фуқароларнинг ҳимоя сўраб йўллаётган илтижолари жойларда эътиборсиз қолаётгани ва ниҳоят фуқаролар ҳамма нарсадан қўрқиб пусиб қолаётгани учун бевосита жавобгар бўлиб чиқаяпти.

Сиз айтаяпсизки, “бошқаси келса ҳам шундай бўлиб қолиши мумкин…”. Яъни, сизнинг сўзларингиздан келиб чиқаётган мантиққа таянадиган бўлсак, мамлакат теппасида умуман фуқаролар учун қайғурадиган ҳеч ким йўқ, “ўзинг учун ўл етим” даври аллақачон келиб бўлган чиқаяптида, шундайми? Шундай экан у ҳолда биз сидқидилдан хафа бўлишга, бугунги кунимиздан қайғуришга ва ҳамма катталарни ёппасига ёмон кўришга ҳақли бўлиб чиқаяпмиз…

Бунинг учун, демак, бизлардан ўпкалашнинг кераги йўқ, тўғри тушуниш керак экан. Бордию эртага, ҳўв замонлардаги каби, қўлимизга кетмонми, таёқми, тошми олиб чиқсак ҳам террорчи эмас, сабр косаси тўлганлар сифатида қабул қилинишимиз керак эканда. Боз устига, каттанинг ўрнига келган ҳам вазиятни ўзгартира олмаса, демак 1) вазият умуман дабдала бўлиб улгурган ва уни энди бутун дунё бирлашиб ҳам ўнглай олмайди, 2) катта ўз олдига мутлақо ишга ярамайдиганларни йиғиб олганки, улар нимадир қилишга қодир эмас.

Кейинги гапингиз айниқса қизиқ, “ундан эмас, ўзимиздан қидиришимиз керак муаммонинг сабабини” деган гапингиз. Масалан, анави учта воқеа қаҳрамонларига мана шу мантиқ бўйича эътироз билдира оласизми? Бекзод фалаж бўлмаслиги ва онасининг ёмонотлиқ қилмаслиги учун ушлаб келингани заҳоти шартта ҳамма айбни бўйнига олмоғи ва бошқа айблар ҳам борми, буниси камку мен учун деб қўлини кўксига қўйиб турмоғи керакмиди? Узугини сотмоқчи бўлган фуқарочи? Зўрланган аёлчи? Балким бизда эмас, аксинча ўшалардан қидириш керакдир муаммонинг сабабини, ҳў-ўв ўшалардан. Биз ахир ҳеч кимни зўрлаётганимиз йўқ, чўнтагига гиёҳванд модда тиқиб жавобгарликка тортаётганимиз йўқ, бировнинг боласини уриб фалаж қилаётганимиз ҳам йўқ. Нима учун муаммонинг сабабини ўзимиздан қидиришимиз керак? Балким сиз индамай бош эгиб туришимизни назарда тутиб шундай дегандирсиз? У ҳолда…

Кимда қандай фикр бор?.. Балким мен мушохадамда адашаётгандирман, нима дейсиз?..

Ҳ. Иброҳимов, Тошкент.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: