Nuqtai nazar

ЧАГАЕВ ҒАЛАБАСИНИНГ СИРИ

Ким нима демасин, президент Каримов нималар деб мактуб йўлламасин, барибир Чагаевнинг ғолиб келиши сабабини билиш учун андижонлик бўлиш керак. Негалигини тушунтириб ўтаман. Аммо, бошқа бир ҳақиқатни ҳам айтиб ўтмоқчиман. Яъни, Чагаевнинг ғалабаси ҳақида гапириш керак, керак бўлса кўз ёшларни бемалол яширмай, баралла гапириш керак. Зеро, бу ғалаба ўзбекистонликнинг биттаси шу қадар муштлай олди, ҳаммаси бир бўлиб муштласа эҳҳе не-не бурунлар пачоқ бўлишини, намоён этиб қўйди. Гапириш керак, токи ўша муштнинг хуморида юрганлар ҳушёр бўлсин…

Русланнинг ғолиб келишига биринчи галда унинг турмуш шароити, Андижондаги асл вазият сабаб бўлган. Ахир, ўзингиз бир ўйланг, сув йўқ, газ йўқ, свет йўқ, нормал яшаб, нормал турмуш кечириш учун ҳеч қандай шароит йўқ. Ҳатто бу ҳақда гапирганда эшитадиган мард йўқ, муаммони очиқ ойдин тан олиб, уни ҳал қилишга киришадиган раҳбар йўқ, умуман тишни-тишга қўйиб яшаш чинакам машаққат. Энди ана шундай “йўқ”нинг ичида аламини ичга ютиб чиқиб келган йигит, нафақат қандайдир Валуев (аслида у қурғур қандайдир эмас, а-а-анчагина ваҳимали эди), иккита Тайсону, бир нечта Кличколарни ҳам суробини тўғрилаб қўйишга қодир бўлади-да. Сув, газ, свет, иссиқлик бермай қийнаганлари етмай, қандайдир Валуевларга рўбаро қўйиб, йиқитмоқчи ҳам бўлишса, жазавага тушасанми киши?..

Қолаверса, сўнгги йилларда андижонликлар анча қийнаб қўйилган эди. Тошкентдан бу шаҳарга қатнаётган тинимсиз катта еб, катта …лар, одамларнинг энг сўнгги бурдасини ҳам тортиб олиб, сал дадилроқ гапирганини “акромий” деб қамаб, тумшуғини қонатаётганлар Чагаевни ҳам сабр косасини тўлдирганда. Помир тоғидай келувчи Валуевни йиқитар пайт аминманки, Чагаев каттангни ҳам, энг каттангни ҳам, атрофидагиларию, кейинроқ келадиганларини ҳам онасини, деб “гупа-гуп” мушталаган-ов. Хумордан чиққунча урган одамгина ўзига нақ иккита келадиган рақибини ҳам довдиратиб қўяди, ахир шу фикрга қўшиларсизу. Анави Чагаев ҳақида Ўзбекистон телевидениеси орқали эшиттириш қилган Озодликнинг ишлаётган мухбири ҳам буни тан олса бўларди. Чагаев шу йигитни ҳам қайтар пайт бирров туртиб ўтса, бутун мазлум халқ номидан раҳмат айтардим, миллатимиз ичидаги майда-чуйда ана шу каби манқуртлар камаярмиди…

Эрта саҳар кўчага чиқиб, мундоқ қарасам икки-уч ёш йигит шовқин кўтариб бир нарса ҳақда гаплашаяпти. Яқинроқ бориб тингласам, “онови ўристи нақ пачақ қивордида ўзиям, анжаликтики қанақа бўлишини билди, ишоноринг…” дерди улардан бири. Иккинчиси эса “эттага аши Чагаев сабаб уйимизда чироқ ёниб, сал сувлик бўлиб колармикинмиз?” дерди. Қалбим алланечук бўлиб кетди. Қаранг, андижонлик бу ғалабадан нима умид қилаяпти. Агар ўша сув, свет, газ бўлса андижонликнинг ҳар иккинчи йигити жамики Валуевларни қайта турмайдиган қилиб ташлашга тайёр. Йигитларни гапга тортдим, Чагаев ўзи қаёқда туради, уйи қаерда дедим. Тушунтиришди, қаердалигини. Аввалги мақоламизда Андижонда ўтган бир тўй, тўй бошидаги воқеа ҳақда гапириб ўтган эдим. Чагаев ўша маҳалладан экан…

Йигитлар бошқа бир ҳақиқатни ҳам гапириб ўтишди. Билсангиз агар, бир пайтлар бошқа бир андижонлик боксчи ҳам ана шундай шов-шувли чиқиш қилган эди. Муҳаммадқодир деган боксчини айтаяпман. Ғалабаси учун президент деганлари яхшигина моддий рағбат, битта сал мундайроқ автомашина совға қилган экан. Зеро, яхшироқ машина олиши учун Муҳаммадқодир жуда бўлмаса Туркманбоши бўлиши керак эди-да. Хуллас, боксчи пулни ҳам, машинани ҳам олиб, уйига қайтса, эшиги ёнида тумонат одам йиғилиб турган экан. Нима гап, деб йигит халққа мурожаат қилибди. Шунда андижонликлардан бири боласининг операцияси учун, бошқаси ўғлини уйлаб олиши учун, яна бири уйига гўшт олиб бориш учун ва ҳоказо мақсадларга озроқ пул сўраб келишганини айтишибди. Муҳаммадқодирни билганлар йигитнинг иймонли, эътиқодли эканини эсласа керак, йигит ҳеч қандай гап сўзсиз одамларга сўраганича пул улашибди. Ўша президент берган пулни.

Ҳеч қанча ўтмай қараса пулнинг таги кўрина бошлабди, сўраб келганларнинг эса сўнгги кўринмасмуш. Муҳаммадқодир шунда одамларга ёлворибдики, ҳаммангизга етмайди, ўзимнинг ҳам тирикчилигим бор, тушунинглар, деб. Шундай бўлсада одамлар узоқ вақт эшиги ёнида тунни кунга улаб юришган экан. Йигитларнинг айтишича, эрта индин Чагаевнинг эшиги ёнига ҳам халқ терила бошлайди. Чунки ҳамма билиб улгурганки, чемпионга пул беришади, машина ҳам. Машинаси майлику, аммо пулдан озроқ бермаса бўлмайди, қўшничилик, ҳамшаҳарчилик, ҳамма оч қолиб у қандай тўқ юра олади… Йигитларнинг сўзларидан турган жойимда қотиб қолдим. Шунақа денглар, дедим ҳайратланиб. “Ака оддий одамларни қўёринг, мелиса бошлиғлариям, ҳокимиятдегилар ҳам келишади пул сўраб, Муҳаммадқодирди пулини қуритишда улар ҳам яхшийла иштирок этган”, деб кулиб юборди йигитлардан бири. Ана холос… Чагаев ҳамма учун муштлашибдида а?..

Туриб ўйланиб қолдим, биз кўп нарсаларда ютуқларга эришишни орзу қиламиз, шу жумладан спортда ҳам. Чагаев мисолида бир икки таклифим бор, балким депутатлар кўриб чиқиб, президентга узатишар, ул жанобимиз кўз қирини ташлаб, балким маъқуллаб юборар. Хуллас таклифим, футболда ғалаба қозонишни хоҳласак футболчиларни Андижонга кўчириб, ўша ерда бир икки йилга қолдирмоғимиз керак. Ортиқча тренировка ҳам, бир неча миллион турувчи ажнабий мураббий ҳам керак эмас. Курашчи, югурувчи, сузувчи ва ҳоказо бошқа “чи”ларни ҳам. Икки йил етади, вей андижонликлар айтмоқчи ишоноринг, ҳаммаси қайтиб ўша шаҳарга бориб қолмаслик учун истаган чемпионатда олий ўринни эгаллаб беришади. Қолаверса чемпионлар кўпайса андижонликларнинг қозонлари ҳам қайнаб қоларди, ахир ўша шаҳар борлиги учун ҳам, ундаги ўша вазият борлиги учун ҳам чемпион бўлишлик имконияти кўпроқда.

Аммо жиддий гапирадиган бўлсак, Чагаев маладес. Анчадан бери қадди букилиб, бўлар-бўлмас фитналар оғушида қолган андижонликларнинг қаддини тиклаб қўйди. Ҳар қалай ақли жойида бўлган инсон бу қадар ноинсоний шароит яратилиб қўйилганига қарамай паҳлавонлар чиқаяпти эканми, демак бу вилоят аҳли осон синадиган, Тошкентда оч қолиб қутуриб кетган амалдорнинг дағдағасидан чўчиб бош экканича нари кетадиган эмас, мавриди келганда битта уриб аллақаерларга йўналтириб юборвориши мумкин эканда, деган хулосага келиши керак. Агар шундан сўнг ҳам, майли ошкора бўлмасин тан олмаса, демак кунимиз аҳмоқларга қолган бўлади.

Яша Руслан, бутун андижонликлар номидан сенга раҳмат!

Нидои Мазлум.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s