Savol…Javob…

Чет элларда қолиб кетамизми?

САВОЛ׃ Чет элга чиққан ўзбекларнинг тақдири ҳақида кўп ёзгансиз. Уларнинг Ватанга ташналиги ҳақида ҳам ёзганларингиздан ўқиганмиз. Сизнинг анчагина тахминларингиз тўғри чиқади ва бу ҳаётий тажрибанинг натижаси бўлса керак. Шундан келиб чиқиб хориждаги ўзбекларнинг яқин келажакда Ватанга қайтиш имконлари бор деб ўйлайсизми? Бор бўлса қачон ва қай шароитда? Йўқ бўлса, уларни нима кутади? Булар социологик муаммолардир. Бунга сиз жавоб бера оласиз деб ўйлайман. (Бобур).

ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Илгари бир жавобда ўзбекларнинг четга кетиш сабабларини бир тизимга солгандим. Аслида кўп нарса ўша чиқиб кетиш сабаблари билан боғлиқ. Лекин модомики четда эканмиз, бугунга қадар босиб ўтилган йўлга назар солиб, келажакни тахмин қилиш, башорат эмас, тахмин қилиш мумкин.
Мени жуда ҳам ачинтираётган ва ташвишга солаётган нарса шуки, бугун хорижга чиққан ўзбеклар ҳам илгари Шарқ мамлакатларидан Ғарбга сиғинган салафларининг йўлидан кетмоқдалар. Бу эса ўзлари яшаган жамиятда энг кейинги одам бўлиб қолиш ва ўз ўринларини ўз қўллари билан йўқотишга интилишдир.
Бугун Ғарб мамлакатларига назар солсангиз, Шарқдан келганлар аксарият ҳолда ғариб, унутилган бир вазиятдалар. Ораларида давлат арбоблари, таниқли олимлар, дунёга сўз айта оладиган шахсиятлар, сиёсатчилар йўқ.
Бунинг сабабларидан бири шундаки, хорижга келганлар бу ернинг эркинлигидан гангиб қоладилар. Оилалари ва фарзандларини йўқота бошлагандек бир ҳиссиёт гирдобига тушадилар. Натижада анаъналар, одатлар, оила ва фарзандлар тарбиясини мамлакатдагидек сақлаб қоламан деб ўзларини тўрт томонга урадилар. Аслида мамлакатдаги аҳвол Ғарбдагидан ҳам барбод бўлганини тан олгилари келмайди.
Муҳожирлардан кўпчилиги агар динни маҳкам ушласам, анаъналар, одатлар, оила ва фарзандлар тарбиясини муҳофаза қилиб, сақлаб қоламан, деб ўйлайдилар. Натижада замонавийлик, яшаган мамлакатнинг қадриятлари, демократия талаблари четга сурилиб, фақат диний йўлга бош урилади. Бир қарашда бу яхшигина бўлиб қолмай, фарзу қарз бўлиб кўринади. Аммо аста секин мейёр бузилади ва фанатик бир инсонга айланилади. Чунки бора-бора жамиятдан ажралиб қоладилар. Ўз дўкончалари, оддийгина бир ишлари ва шунчаки умргузаронлик қилувчи жамоалари билан ўралашиб, болаларини ҳам шу аснода тутишга уринадилар. Болалари ўқишдан, илмдан, сиёсат ва жамиятдан узоқ қолиб, кўринишда мўмин қобил, лекин аслида тескарисига айланади. Ота-она эса бари бир ватанга қайтаман, деб ўзини овутади ва фарзандларининг келажагини ўйламайди. Бир кун келиб, орзулари саробга чиқа бошлаганини кўргач, асабийлашади, оиласи бузилади, дунёдан норози, ёлғиз бир кимсага айланади.
Бугунга қадар Ғарбга Афғонистон ва Туркия орқали минг-минглаб ўзбеклар келганлар. Биз бугун ҳатто уларнинг номларини ҳам билмаймиз. Қаерларда яшаб, қаерларда қолиб кетдилар, номаълум. Фарзандлари эса жамиятнинг иккинчи эмас, учинчи даражали одамига айланиб қолдилар.
Юқорида айтганимдек, минг афсуски, бугунги авлод ҳам шу йўлдан кетмоқда. Адиба Дилсора Фозилова каби келиши билан ҳуқуқшуносликни ёки шунга ўхшаш илмни олишга киришганлари бармоқ билан санарли. Бугун ҳар қанча дод-вой дейилгани билан йиллар ўтгач, ҳеч ким Ватанга қайтмайди. Ҳатто икки фуқаролик берганда ҳам қайтадиган одам топилмайди. 40-50 йил Ватаннинг озодлиги учун жонларини таҳликага қўйганлар мустақиллик келганда, бориб, дарҳол ортга қайтганлари бунинг бир мисоли. Чунки йиллар давомида бошқа одамга айланасиз. Борсангиз ҳамма нарса бегонадек туюлади. Энг асосийси сизга бегонадек қарашади. Чунки бегона бўлиб қолгансиз-да. У ерда энди Ғарбда сиз топган эркинликнинг мингдан бирини ҳам тополмайсиз. Ҳатто Ўзбекистон демократик давлатга айланганда ҳам бутунлай қайтадиганлар саноқли бўлади. Улар ҳам бир муддатдан кейин ортга йўл соладилар. Бу мен яратган янгилик эмас. Бу социология илмининг тажрибалардан олинган хулосалардир. Шунинг учун ҳам доим такрорлайман, кетдингизми, тамом қайтиш йўқ. Қайтишингиз мумкин, фақат вақтинчага, меҳмон тарзида.
Шунинг учун демоқчиманки, бугун четга чиқиб, вақтингизни беҳуда ўтказманг. Ўқинг, илм олинг, жамиятга қўшилинг, изланинг ва ўзингиз яшаётган жамиятингизда ўз ўрнингизни топинг. Худди мана шу нарса сизга ўз маданиятингизни сақлаб қолишга замин яратади. Нафақат сақлаб қолиш балки шу маданиятингизга хизмат ҳам қилишга йўл очади. Табиийки, агар шундай истагингиз бўлса!

Manba:www.jahongir.org

One Response

  1. […] Чет элларда қолиб кетамизми? ni […]

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: