2008 saylovi:MUNOSABAT

Абдураҳмон Ташанов׃

Абдураҳим Пўлат Ўзбекистонга албатта қайтади

“Бирлик”нинг кечаги ҳайъат мажлисида бир журналист сифатида мен ҳам қатнашдим. Президентлик сайловларига тайёрланиш, сайловда иштирок этишнинг механизми, умуммухолифат томонидан илгари сурилаётган ягона номзод ғояси муҳокама этилган мажлис анча мунозарали кечди. Айни пайтда умумий қарашдаги якдиллик мухолифатнинг бошқа фирқаларига ҳам ўрнак бўлиши керак.

Албатта, ҳатто “Бирлик”чилар орасида ҳам ўзининг дунёқараши, тажрибасидан келиб чиқиб, партия Марказий кенгашининг Абдураҳим Пўлат номозодини сайловларда илгари суриш фикрига эътироз қилувчилар бор. Улар билан узоқ суҳбатлардан сўнг бундай эътирозлар, хавотирнамо шубҳаларга ягона сабаб Пўлатовнинг истаганида ҳам мамлакатга кела олмаслиги эҳтимолидир. Ўйлайманки, Абдураҳим ака шахсига нисбатан ҳурматда бўлганлар, у кишини “Бирлик”нинг етакчиси ўлароқ номзодликка лойиқ билганларнинг шуурида ҳам айнан шу эҳтимол ғужгон ўйнамоқда.

Шу боисдан ҳам оммавий ахборот воситаси вакили сифатида Абдураҳим Пўлатдан бу масалани ойдинлаштиришни сўрадим.

Модомики, Сиз сайловларда иштирок этишга жазм қилсангиз, мамлакатга келишингизга қандай монелик бор? Айтайлик, ўзингиз истаган тақдирда ҳам Ўзбекистон ҳукумати Сизни мамлакатга киритмаслиги мумкинми? Оддийгина паспорт ёки виза важидан аэропорт ва божхона тўсиқларидан ўта олмаслигингиз эҳтимоли борми?” дедим.

Абдураҳим Пўлат эса бундай шубҳаларни кескин рад этиб, унинг фақатгина хавфсизлик важидан хавотирлари йўқ эмаслиги, бу хавотирга эса сафдошларнинг якдиллиги ва ишни тўғри ташкил эта олиши кафолат бўлишини таъкидлади. Ўзининг чиқишларида Ўзбекистонга келишни, айни пайтда мухолифатнинг ўқ илдизлари бўлган шахсларнинг яна кураш сафларига қайтишидан куч олишини яширмаётганини билдирди.

Демак, унинг яқин орада Ўзбекистонга келишига шубҳа йўқ, ҳар ҳолда, Пўлатовни аҳдида собит бир сиёсатчи сифатида биламиз. (Шахсан мен Пўлатовнинг келишини шунчаки бир муҳожирнинг юртга қайтиши деб тушунаётганим йўқ.) Масаланинг бошқа тарафи ҳам борки, у “Бирлик”ни маъмурий жиҳатдан бошқариб туриш учунгина келаётганида масала муҳокама учун арзимасди. Демак, гап сайлов, мухолифатнинг кейинги тақдири теграсида бораркан, нафақат Пўлатовнинг, балки Маматов, Маликов, ҳатто Муҳаммад Солиҳнинг юртга қайтиши кўп жиҳатдан аҳамиятли. Бунинг устига сайловда иштирок этиш механизми кун тартибига чиқаётган пайтда.

Мана сайлов ҳақида гап очилгани, умуммухолифатнинг ягона номзоди изланаётгани, ҳаммага маъқул бир кишининг ўртага чиқиш эҳтимоли борасида мулоҳазалар пайдо бўлганига ҳам анча бўлди. Кимдир мамлакат ичкарисидан номзод бўлиши керак, деди. Мухолифатдаги тарқоқликдан азбаройи юрак олдирганлар лидерларни сўкиб ётишибди. Айримлар эса ўзларининг лидерлик даъво қилмаслигини жамоатчиликка билдиришяпти. Ўзбекистон ичида эса айни кунларда айрим мухолифатчиларнинг баъзи аламзада амалдорлар, ҳатто ҳукуматда ишловчи айрим шахслар билан музокаралар бошлаб юборганини ҳақида миш-мишлар оралаган. Лекин умуммухолифатнинг ягона номзодини танлаб олиш борасида сайловларга кам муддат қолаётганига қарамай амалий ҳаракатлар сезилмаяпти.

Ўзбекистон шароити билан ичдан таниш бўлган одам учун амалдаги ҳукумат ичидан фикрлаши мухолифатга мойил шахсни танлаб олиш ва уни номзод сифатида илгари суриш усули бироз хомхаёлдек. Айни пайтда мухолифатнинг собиқ етакчиларини ҳам ўзларидан ташаббус чиқмагунича лидерликка ундаш нотўғри. Чунки лидерликка, Президентликка даъвогар ўзининг бу масъулиятга иштиёқманд эканини кўрсатиши керак. Шу маънода, оз фурсатда умумумхолифатнинг сайловларга тайёргарлик механизми деярли йўқ. Демак, айнан бугунги куннинг муҳокама учун мавзуси яна “Бирлик”нинг Президентликка вакили — умуммухолифатнинг ЯГОНА НОМЗОДига номзодидир. Шундай экан, “Бирлик”нинг сайловда иштироки механизмини кўриб чиқайлик.

Партия фаолларининг таъкидлашича, “Бирлик” сайловлар олдидан яна Адлия вазирлигидаги рўйхатдан ўтиш билан боғлиқ можароларини қўзғамоқчи. (Вазирликда партияни рўйхатдан ўтказишни сўраган 25 минг фуқаронинг имзоси турибди) Чунки, бу билан нимгадир эришилса, ғишт қолипдан осон кўчади. Партия Қурултойининг ўзиёқ Президентликка номзод кўрсатиб қўя қолади. Бу эҳтимол ҳақиқатдан анча йироқ бўлгани учун сайловчиларнинг 300 кишилик ташаббус гуруҳини тузиш ва шу орқали фуқаро Пўлатов Абдураҳимнинг номзодини Марказий сайлов комиссиясига топшириш йўли ҳам бор. Бу номзод мўъжиза юз бериб, рўйхатга олинса, умумий сайловчилар (14 миллионга яқин)нинг 8 фоиз имзоси (400 мингга яқин) тўплаш қолади. Бу ҳам осон бўлмаган баръер. Учинчи йўл эса умуммухолифатнинг ягона номзод танлаш учун боши бирикади ва ягона номзод учун “Бирлик”нинг номзоди Пўлатов бўлиб қолаверади. Агар Пўлатовнинг умуммухолифат ҳам қўлласа, сайловда иштирок этишнинг механизми яна ҳам кенгроқ доирада муҳокамага чиқади.

Албатта, мен бир журналист сифатида мухолифатнинг сайловлардаги иштирокини (агар шундай бўлса) мамлакат ҳаётида инқилоб ясай олади, деб ўйламайман. Чунки, Каримовдан кейин ўсиб келаётган амалдорлар авлоди демократиянинг Марказий Осиёдаги том маънодаги инқирозидан маънавий рағбат ва куч олди. Қолаверса, ҳали мухолифатчиларнинг ўзи мамлакатни амалдаги ҳукуматдан яхши бошқара оладими, инқилобий ислоҳотлар ўтказиб, халқни ёруғликка олиб чиқадими, буни ҳаёт кўрсатади. Бироқ шунга интилишнинг ўзиёқ мамлакатни, халқни мазлумлик, қуллик ботқоғидан олиб чиқишга йўлчи юлдуз бўла олиши ҳам мумкин. Жуда бўлмаганда ғариб мухолифат сиёсий саҳнада бироз қаддини кўтаради…

Камина “Бирлик”чилардан модомики, лидерингиз умуммухолифатнинг меҳрини қозона олмаса, ҳаммаслакларнинг мададини ола билмаса, нима бўлади, деб сўрадим. Негаки, ҳозирданоқ Пўлатовнинг номзоди масаласи кўтарилгандан беҳузур бўла бошлаганлар бор. Қолаверса, ҳар бир шахснинг “мен”и борки, бу совуққон ўйлашга, вазиятни тўғри баҳолашга, ўзининг шахсий манфаатнамо бир қарашларини улоқтиришга халал беради. “Бирлик”чилар эса бу сўровимга “…умумкелишувга эришилса, нур устига нур, аксинча, биз сайловларга ўз номзодимиз билан барибир қатнашамиз ва ишонамизки, буни албатта эплаймиз”, деди. Менга уларнинг гапи маънилидек туюлди.

Абдураҳмон Ташанов, журналист

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: