2008 yil Saylovi

Сайлов саодатини истаб…

Қашқадарёлик мухолифатчи дўстларимиз номидан хат

йўллаган қадрдон Дайнов Ташановга мактуб

Ассалому алайкум ҳурматли Дайнов ака. Самимий туйғулар билан йўғрилган мактубингиз учун раҳмат ва мен ҳам сиз орқали жасоратли, матонатли ва диёнатли мухолифатчи дўстларимга саломларимни йўллайман.

Қашқадарёнинг менинг қалбим ва шууримда ўз ўрни бор.

Озодлик ҳақида мушоҳада қилганимда, озодликнинг муборак овози-сафдошим Мурод Жўраевнинг садосини эшитиб тургандек бўламан…

Бугунги режим каби зулм машинасидан қўрқмаслик ҳақида фикрлаганимда, бошим узра раҳматли-паҳлавон дўстим Шовруқ Рўзимуродовнинг руҳи нур сочиб турганини ҳис қиламан…

Сўзларимни соддароқ ва узил-кесил айтишга интилганимда, раҳматли касбдошим Асадулло Ортиқнинг деҳқонона фалсафаларини эслайман…

Бирлик, эрк ва адолатсизлик тарихидан сўз кетганда, эрк учун калтакланиб, адолатсиз бўҳтонларга қолган алпомиш дўстим Самад Мурод кўз олдимга келади…

Миллат ва мамлакати тақдирига бефарқ бўлмаслик ҳақида ўйлаганимда сиз ва сиз каби фидойилардан ибрат оламан.

Сизларнинг-Қашқадарё мухолифатчиларининг Ўзбекистонда демократик мухолифат сарчашмасининг кўзини очганингиз ҳар доим тафаккуримдан кечиб туради.

Бу шунчаки гаплар ёки муболаға эмас, Ўзбекистонда “Бирлик” ва “Эрк” тарихидан хабардор бўлганлар буни яхши билишади ва бу ташкилотлар тузилиши ҳамда оёққа туриши, бугунга қадар бу номлар йўқолиб кетмаганлигининг муҳим сабабларидан бири бу Қашқадарё мухолифатчиларининг метинлиги, бирлиги, эркпарварлиги ва қўрқмаслиги билан боғлиқ.

Бу ҳамма томонидан эътироф этилган ва этиладиган ҳақиқат, аммо нима учундир айтилмай қолаётган эди. Мана сизнинг мактубингиз бу ҳақиқатни ҳам айтишга омил бўлди.

Сиз жуда долзарб масалани кўтаргансиз.

Ҳа, тарқоқлик доим дардимиз ва бирлашиш ҳамма вақт орзуимиз бўлиб келди. Баъзилар бу хусусда энди айтаётган гапларни биз 15 йилдан бери айтамиз. Ҳар доим мана иш битди, деганда бир бузғунчининг касофати билан жуда кўплаб одамларнинг тинимсиз уринишлари зоега кетиб қолаверди.

Бугун баъзилар БМТ, Авропа Иттифоқи ва Кенгаши, АҚШ ҳукумати, яна бир қанча жойлардан Ўзбекистондаги аҳволга панжа орасидан қарамоқдасиз, дея хафа. Лекин айбни улардан эмас, ўзимиздан қидиришимиз зарурлигини унутмоқдамиз.

Ёдингизда бўлса керак, Андижон қатлиоми муносабати билан “Озодлик” радиосининг “Курултой” дастури орқали 2005 йилнинг 23 Май куни эълон қилинган ва электрон почта билан Каримов режимига қарши бўлган барча демократик кучлар мансубларига йўлланган Мурожаатимда шундай дегандим׃

“Андижонда 2005 йилнинг Май ойида намойишлар бошлангандаёқ, Ўзбек Демократик кучлари унинг ёнида, халқнинг ичида бўла олмадилар, шу боис намойишлар сиёсий курашдан қуролли ҳаракатга юз тутди ва Каримовнинг бешавқат зулми билан қонга беланди. Бугун шу боис одамлар демократик кучлардан таркоқликка барҳам бериш ва бирлашишни талаб қилмоқдалар!

Намойишлардан кейин ҳамма ўз ҳолича курашмоқда. Лекин дунё, Каримовнинг жиловини тортадиган дунё Ўзбек демократик кучларини Гуржистон, Украина, Қирғизистондаги каби қўлламади ва қўлламаётир. Бунинг сабаби эса, уни реал куч деб тан олмаётганидадир.

Мен шу фожеалар давомида дунё сиёсатида бевосита сўз соҳиби бўлган жуда кўп одамлар билан гаплашдим. Уларнинг ҳаммасида битта фикр мавжуд. Улар “Ўзбекистонда мавжуд ҳукумат кетган тақдирда унинг ўрнини оладиган демократик-сиёсий алтернатив куч йўк, агар шундай куч мавжуд бўлганда Андижонда дарҳол ташаббусни қўлга олиб, масалани қамоқдагиларни қўйиб юбориш билан эмас, балки янги демократик ҳокимиятни эълон килиш билан ҳал этарди ва мамлакатнинг ҳама жойида халқни бирданига кўтарса, Каримов режими қулар эди ” дейишади…”

Улар ҳақ ва тан олишимиз керак-ки, бугун ҳам ҳали ана шу алтернатив сиёсий куч ўртада йўқ.

Бугун ҳам дунё ўзбек мухолифатини тарқоқ, кучсиз, сиёсий кадрлари йўқ, бошқарувни, оддий демократик тамойилларни билмайди, деб ҳисоблайди. Бунинг устига мухолифатнинг баъзи “лидер”ларининг демократияга мутлоқ зид ва диктатурадан ҳам ўтиб тушадиган ҳунарлари Ғарбда гаплашиш учун Каримов режимидан бошқа куч йўқ экан, деган фикрга олиб келди.

Хуллас, ҳали ҳам ана шу алтернатив сиёсий кучни майдонга чиқариш фавқулодда муҳим бўлиб турибди. Бунинг учун 2008 йил сайловини платформа сифатида фойдаланмоқ зарур. Сиз ҳақсиз, сайловда ютиш мушкул. Лекин ютиш ҳам мумкин. Мағлубият ва зафар ёнма ён юради.

Ҳа, бутун ўзбек халқи Каримов режимига қарши овоз берган тақдирда ҳам бу юзсиз ҳукумат ўзини ғолиб деб эълон қилавериши аниқ.

Шунга қарамай демократик мухолифат битта номзод билан ўртага чиқса ва сайловда қатнашиш учун уринса, бу дунё кўз ўнгида Каримов режимига қарши жиддий сиёсий алтернатив куч пайдо бўлганини кўрсатади.

Бу масаланинг биринчи жиҳати. Шу билан иш битмайди.

Иккинчи жиҳати бундан ҳам муҳим. Ўзбек демократик мухолифати бугунга қадар ҳатто ўзи қабул қилган қоидаларни ҳам менсимай, демократик тамойилларни ҳурмат қилмай келганини ҳам ювиши керак. Бугун оддий тамойил ва қоидаларни менсимаган одам эртага ҳар қандай қонунни оёқ ости қилиши турган гап. Бунинг олдини олиш учун ҳар бир одимни демократик тарзда қўйиш лозим.

Битта одамнинг ёки маргинал бир гуруҳнинг айтган битта гапи билан дунёга ўзини номзод деб эълон қилиб юбориш каби масхарабозликлар ўзбек халқининг келажагига болта уриш эканлигини ҳар бир киши англаб етмоғи керак. Бундай ҳолга вақтида жавоб бермаган ва аксинча буни қўллаб қувватлаганларни ҳам таниб қўйишимиз, уларнинг ҳам халққа Каримов режими қадар зиёнлари теккани ва тегаётганини очиқ айтишимиз шарт.

Бугун энди Абдураҳим Пўлатнинг ҳам ўзи танқид қилаётганларнинг куйига тушиб қолмаслиги муҳим. Сиз айтган каби ким хато қилмайди, А. Пўлатнинг ҳам хатолари кўп. Биз бир-биримизни жуда кескин танқид қиламиз ва жуда қаттиқ тортишиб турамиз. Шундан келиб чиқиб, мен уни гаплашиш, тортишиш ва юзига тик қараб эркин танқид қилиш мумкин бўлган сиёсатчи деб биламан.

Шунинг учун ҳам Абдураҳим Пўлат кимларнидир масхарабозликда айблар экан, уларга демократиядан дарс бериши ва ҳақиқий демократ қандай бўлишини амалда кўрсатиб, ўрнак бўлмоғи керак, деб ҳисоблайман. Унда бугун ана шундай имконият бор.

Сизлар Абдураҳим Пўлат номзоди ҳақида сўз юритаётган бир пайтда у майдонга чиқиб, сизларга қўшилиб, мен бу ишга бошчилик қиламан ва умуммухолифатнинг битта номзодини кўрсатамиз, у эса мамлакат ичидан бўлади, деса, рақибларининг юзига тарсаки тортган ва ўз позициясини жуда мустаҳкамлаган бўлади. Миллати ва ватанини ўйлаган фидойи учун ўзи номзод бўлиши шарт эмас, бошқа бир номзодни чиқариб ҳам қаҳрамонга айланиш мумкин.

Бугун Ўзбекистонда демократик мухолифат сафларида шундай номзодлар жуда кўп ва Абдураҳим Пўлат улардан бирини қўлласа, бу нафақат умуммухолифат бирлашиб Каримов режимига қарши алтернатив сиёсий куч бўлишига, балки рақибларининг ўйинларига ҳам кучли зарба бўлади, ҳатто зафарга йўл очиши мумкин.

Маълумки, демократияларда ҳамма нарсанинг ўз тамойили бўлади. Биз Демократик Ўзбекистон Конгресси президент сайлови борасида, чет элда яшовчи фаолларимизнинг аниқ позициясини белгилаганмиз ва бу қароримиз матнини 2006 йил Аперелидан бугунга қадар ДЎК сайтининг биринчи саҳифасидан олганимиз йўқ.

Мабодо Абдураҳим Пўлат сайлов олдидан Ўзбекистонга қайтса, мен биринчилардан бўлиб, унинг номзоди илгари сурилишига қўшиламан ва уни қўллайман. Бугунги қонунлардаги тўсиқларни бир томонга қўйиб турганда ҳам, у Ўзбекистондан менга ўхшаб СССР паспорти билан чиқиб кетган ва бугун ҳатто номзоди кўрсатилган тақдирда ҳам режим унга паспорт бермаслиги ёки АҚШ паспорти билан бораман, деса, виза ололмаслиги жуда жўн ҳақиқатдир. У ташқарида туриб, ичкарида эса уни номзод деб кўрсатиш, бу яна демократик йўлни инкор этишимизни кўрсатади ва бугунга қадар бўлгани каби яна ҳеч нарса ўзгармай қолаверади. Буларни Абдураҳим Пўлат идрок этади деган умиддаман.

Мухолифатнинг сиз айтган каби фақат сайловчилар ташаббус гуруҳи орқали сайловда иштирок этиш имкони мавжуд. Шундан фойдаланиш мумкин. Битта мисол. Таклиф эмас, мисол. Масалан, дейлик, Васила Иноятованинг номзоди кўрсатилади. Бу мавжуд қонунларга ҳам зид эмас. Бунинг устига Васила рўйхатдан ўтган расмий ташкилотнинг раҳбари, инсон ҳуқуқлари борасида таниқли, мард курашчи. Мухолифатнинг асосий дастагини ҳам олади. Баъзилар уни ҳукумат билан алоқа қилишда айблашади. Уларга “Агар сайланса, ҳукумат билан расман бирга ишлайди” деб жавоб берасиз. Бу муҳим эмас, муҳими бир зумда дунё кўз ўнгида Каримов режимига қарши алтернатив кучнинг пайдо бўлганини кўрасиз. Ҳамма сизни қўллашга ошиқади ва ҳатто ичкарида ҳам буни ҳис этасиз. Сайловда ютиш ҳам ҳеч нарса эмас. Ютмаган тақдирда ҳам зафар қозонасиз, келажакнинг муҳим, демократик пойдеворини қуриб оласиз.

Номзод Васила Иноятова бўладими ёки бошқа бир киши бўладими, менинг назаримда унинг дастури бир моддалик бўлиши керак.

У агар сайланса, умумхалқ муҳокамаси йўли билан Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш киритиши ва мамлакатда президент бошқарувидан парламент бошқарувига ўтишни амалга оширишини эълон этиши керак.

Чунки от ёки эшакни қўйиб туринг, ҳатто жар ёқасидаги синиқ эгарга минган бизникиларнинг бу эгарни бир умрга эгаллаш зеҳнияти билан Ўзбекистонда президент бошқаруви мамлакат ва миллатни қутқармайди. Агар парламент бошқарувига ўтсак, ана ундан кейин ким хохласа, сайловга кираверсин!

Парламент бошқарувига ўтиш нега Демократик Ўзбекистон Конгрессининг тамалий қараши эканлигини 2005 йил, 29 Июнда эълон қилинган ва қизғин муҳокама этилган “Сарой тўнтариши эҳтимолидан халқ бошқарувига” деб номланган мақоламда изоҳлаб бергандим.

Агар мамлакатда бугун демократик шароит бўлганда эди, сайловда мухолифатчиман деб Эшмат майдонга чиқадими, Тошматми уларнинг иши ва баҳосини халқ берган бўларди. Лекин бугун бундай шароит йўқ. Ана шу шароитни вужудга келтириш учун эса, демократик одимлар отиш замонидир. Сиздек зукко инсон мени тўғри тушунасиз деган умиддаман.

Мен ҳар доим сизлар билан биргаман. Чунки бизнинг дардимиз битта, у ҳам бўлса халқимизнинг озодликка қовушмоғидир. Кимки, бунга демократик йўл билан эришамиз дер экан, мен унинг ёнидаман.

Мактубим сўнгида яна бир марта сизларга фидокорона ва қаҳрамонона ишларингизга омад тилаш баробарида, сизларни бу йўлда қўллаётган матонатли оила аъзоларингизга, яқинларингизга ҳам самимий саломларимни йўллайман.

Биз орзу қилган сайлов саодати ҳар биримизга ёр бўлишини тилаб қоламан.

Эҳтиром ила сафдошингиз Жаҳонгир Муҳаммад,

2006 йилнинг 5 Март куни, рўзи пайшанба.

 

 

Муҳаммад Бобур МАЛИКОВ жавоби

Ассалому алайкум!

Сиздан хат менга ва Жаҳонгир Муҳаммад номига келганди. Жавобда мен ҳам айтмоқчи бўлган гапларнинг асосий қисмини Жаҳонгир Муҳаммад айтибди. Ҳаммасига қўшиламан ва қўллайман. Бу масалада фикримиз бир хил. Шунинг учун ҳамма гапни такрорлаб ўтирмасдан айтилганларга фақат бир-икки илова қилмоқчиман.

Булар эса қуйидагилар׃

1.Биз қонунларни ҳурмат қилишимиз керак. Бу демократиянинг асосий талаби. Қонунларни ҳар ким ўзича талқин қилишга киришдими, анархия бошланади. Калаванинг учини тополмай қоламиз. Шунинг учун бугун биз демократлар қонунларни ҳурмат қилишимизни амалда кўрсатишимиз керак. Демак, амалдаги қонунларни тан олиш ва уларга бўйсиниш муҳим деб ҳисоблайман.

2.Чет элдаги дипломатлар ва мардикорлар масаласида…Булар ноўрин гаплар. Чет элдаги ҳар бир элчихонамиз Ўзбекистон ҳудуди ҳисобланади. Қолаверса, сайлов пайтида чет элда бўлган ҳар бир ўзбек элчихонага бориб, рўйхатдан ўтиши ва овоз бериши мумкин. Хуллас, демоқчи бўлганим шуки, бундай гаплар билан бирор бир ҳаракатни оқлаш қийин. Қонунлар ёқмайдими, буни ҳокимиятга келсак, демократик йўл билан ўзгартирамиз, деган тамалда туришимиз керак.

3. Биз мағлубият психологиясидан воз кечишимиз зарур. Ғалаба қилишимизга ишонч билан майдонга тушмоғимиз керак. Бизнинг бошқа кутадиган на вақтимиз ва на имконимиз бор. Бу аҳволда қари бўри Каримовнинг ўрнига ундан бешбаттар ёш бўрилар келади.

4.Мухолифатнинг номзоди ягона бўлиши керак. Бу одамни қидириб топайлик. Бугун айтилаётган номзодлар ноўрин. Биз Гуржистон, Озарбайжоннинг 1990 йиллар бошидаги хатоларини такрорламаслигимиз керак.

5. Биз ҳам қўл қовуштириб ўтирганимиз йўқ ва сайлов, номзодлар ҳақида бош қотираяпмиз. Жаҳонгир Муҳаммад билан биргаликда “Биз лидерликка даъво қилмаймиз” дея баёнот беришимизнинг ҳам асл моҳияти бу сафарги сайловдан унумли фойдаланиш, лидерлик даъвосига тушиб қолганларга йўл кўрсатиш эди. Ҳали ҳам кеч эмас, улар тўғри йўлни топишлари мумкин. Айниқса, Абдураҳим Пўлат мамлакат ичидан чиқадиган номзодни қўллаб, бу борада ибрат кўрсатиши ва шу билан жуда катта сиёсий ютуққа эришиши мумкин…

Буларнинг ҳаммаси бизнинг фикрларимиз ва умид қиламизки, сизлар ҳам бунга қўшиласизлар.

Ҳурмат билан Муҳаммад Бобур Маликов.

2 Responses

  1. […] 2008 saylovi:MUNOSABAT Сайлов саодатини истаб…ni o’qib […]

  2. […] шоир Ризо ОБИД “Туронзамин”да эълон қилинган  Сайлов саодатини истаб…  жавоб мактубида номзоди таклиф сифатида эмас, балки […]

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: