2008 yil Saylovi

Қашқадарёлик мухолифат аъзоларидан Муҳаммад-Бобур Маликов ва Жаҳонгир Муҳаммадга

Ассалому алайкум Бобур ака, Жаҳонгир ака!

Қашқадарёлик мухолифат аъзолари, ҳуқуқ ҳимоячилари Сизлар ва оила аъзоларингизга барқарор тан сиҳатлик ва ишларингизда омад тилайди. Сизларни ватанда зиёли арбобларнинг катта армияси орасидан ўз вақтида диктатура истибдодига, ўзбек халқига қаратилган зулмга ошкора бош кўтарган инқилобчилар сифатида қадрлайди.

Биз қашқадарёликларга Сизларнинг зулмга қарши исёнларингиз илгаридан маълум бўлса-да яқинда ДЎК сайтидан чиқишларингиз Сизлар билан янада яқинроқ алоқада бўлишга, фаолиятимизни мувофиқлаштиришга ундамоқда. Мен қашқадарёликларнинг бир вакили сифатида уларнинг розилиги билан хат ёзмоқдаман ва уларнинг фикрларини сизларга етказишга ҳаракат қиламан.

Мен аввало “Озод деҳқонлар” партиясининг вилоятдаги фаолиятига диққатингизни қаратмоқчиман. Диктатуранинг Ғарб ва АҚШ билан ҳамкорликлари туфайли бироз мухолифатга таъқибу-қатағонларнинг юмшаган пайтлари эди. Мен узоқ бир қишлоқда яшасам-да “Озод деҳқонлар”ни қайта тузиш ташаббускор гуруҳи аъзоларидан уч вакил уйимда меҳмон бўлишди. Мендан партиянинг вилоят бўлимини тузишда ёрдам беришимни сўрадилар. Биз бирликчилар, Эркчилар ва ҳуқуқ ҳимоячилари фаоллари “Озод Деҳқонлар” партиясининг вилоят бўлимини тузишга киришдик. Бир ойлик меҳнатимиз зое кетмади. Ўзимиз “Озод деҳқонлар”га қабул қилган қирқдан ортиқ таъсисчиларни тўплаб, Қарши шаҳрида таъсис йиғилишини ўтказдик. Ўз даврида Баҳористон тумани партия комитетининг биринчи котиби бўлиб ишлаган Яшин Расуловни ОДПнинг вилоят кенгаши раиси, Т. Шодиевни раис ўринбосарилигига сайлашди. Аъзоларнинг аксарияти зиёли фермерлар эди. Қисқа давр ичида аъзолари сони 300 дан ортиб кетган ОДПнинг вилоят раиси Яшин ака катта лавозимларда ишлаган бўлса-да, рузгори бироз камтар киши эди. Н. Ҳидоятова кашқадарёликларга молиявий кўмак тугул тишининг оқини ҳам кўрсатмади. Яшин ака ноилож бир нохукумат ташкилотига ишга ўтди-ю, партиянинг иши тўхтаб қолди. Бошқа вилоятларда хам ишлар шунга ўхшаш.

Ҳозирги кунда ўзбек халқи яна чорраҳага яқинлашмоқда. Мухолифатни бирлаштириш М. Солиҳга ўхшаганлар қанчалик панд бермасин, орзулигича қолмаслиги керак. Бу борада бирликчилар ва эркчилар талайгина ишлар ҳам қилишган.

Республиканинг жанубий вилоятлари (Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро)да эса ҳозирги кунда сеники-меники деган гап йўқ. Қарорлар доим бир даврада олинади. Жорий йил бошида қашқадарёлик мухолифат фаолларининг қўшма йиғилишида айнан бўлажак президентлик сайловида мухолифатнинг иштироки хусусида гап борди.

Энг аввало мухолиф сиёсий партиялар ва хуқуқ ҳимоячиси жамиятлари фаолларининг мухолиф сиёсий ва ҳуқуқий кучлар ягона умумий номзод билан сайловда иштрок этиши энг самарали йўл деган қарори олинди. Сўнгра Самад Мурод, Мухаммад Бобур Маликов, А. Пўлатов ва бошқа лидерлар номзодига алоҳида-алоҳида тўхталиб, қизғин баҳсу-мунозаралар сўнгида Бирлик раиси А. Пўлатов номзоди мухолифатнинг бўлажак президентлик сайловида умумий ягона номзоди бўлиши эхтимоли юкорилигига далиллар келтирилди. Жумладан Инсон Ҳуқуқлари жамияти вилоят кенгаши раиси Ё. Турлибеков, БХҲПси фаоли Ғ. Раҳматов ҳамда “Эзгулик” Инсон Ҳуқуқлари жамияти вилоят кенгаши раиси З. Мирзоқуловлар А. Пўлатовнинг сал кам тугаб кетган Бирликни қайтадан оёққа турғизгани, барча вилоятлар ва шаҳарларда бирликнинг маҳаллий ташкилотлари тузилиб, ҳозирги кунда фаолият олиб бораётганлиги, адлия рўйхатидан ўтиш учун 25000дан ортиқ қўллаб-қувватловчилар имзосини тўплаши, Бирлик фаолларидан 15-20 кишига ва ЭДП фаолларидан 2-3 кишига мунтазам муайян миқдорда ойлик маоши бериб туриши, “Ҳаракат” журналининг мунтазам нашр этилиб, ўқувчиларига етказилиб турилиши, М. Жўраев сингари ўхшаган моддий таъминотга муҳтожларнинг оиласига ёрдам ва бирликчилар билан телефон орқали бўлсада мунтазам алоқаларни йўлга қўйиш А. Пўлатовнинг фазилатлар сифатида таъкидланди.

Албатта, Бирликнинг ичида хам, мухолифатда хам Абдурахим акани кулламайдиганлар куп. Хатто биз хам у кишининг номзодини илгари суришда у кишини идеал сифатида танламаганмиз, балки мазкур сайловгача колган ута тигиз муддатда имконият у кишида купрок эканлигини айтганмиз.

Сайловлар –демократиянинг оммавий мактаби. Демакки, мухолифат сайловларда қайси йўл билан бўлса-да, қатнашиши шарт! Каримов ҳукумати муҳолифатни рўйҳатдан ўтган сиёсий партия сифатида сайловда қатнашишига йўл бермайди. Фақатгина (сайловчилар ташаббуси гуруҳи) СТГ тузиш орқалигина сайловда ўз нозодимиз билан қатнашишга уринишимиз реалдир. СТГ тузиш, имзолар тўплаш эса ташкилотчилик ва молиявий таъминотни талаб қилади. Юқорида такидланган ишларни уддалаган А. Пўлатов ва у кишини кулловчиларнинг СТГ ва имзо тўпловчиларни, ҳар хил тадбирларни молиялашга қурби етишига, маблағ қидириб топишига ҳам ишонамиз дейишди йиғилганлар.

Бизнинг йиғинимизда А. Пўлатов номзодига сайлов қонунларида монелик қиладиган модданинг борлиги ҳам муҳокама қилинди. Ҳорижда яшовчи дипломатик корпус вакиллари ва бир миллиондан ортиқ мардикорда юрган юртдошларимизнинг ҳуқуқларини чеклашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ деган гаплар юзага қалқиб чиқди.

Биз, қашқадарёликларнинг фикримизча бу галги сайловда ҳам муҳолифатнинг ғалаба қилиши қийин. Аммо, биз ўз номзодимиз билан сайловда қатнашиб , ҳукумат билан ҳуқуқий ва сиёсий майдонда курашда катта тажриба мактабини ўтаймиз. Муҳолифатнинг ғояларини, мақсадини, демократияни шу йўл билан халқ онгига сингдирамиз ва келажакда муқаррар ғалаба учун замин яратамиз деб ўйлаймиз.

Бобур ака, Жаҳонгир ака, Сизларнинг фикрларингиз билан қизиқмоқдамиз.

Камоли эхтиром билан кашқадарёлик сафдошларингиз номидан Дайнов Ташанов.

Қарши ш. 30 март 2007 йил.
ТАҲРИРИЯТДАН׃ Тез орада Муҳаммад-Бобур Маликов ва Жаҳонгир Муҳаммаднинг жавобларини ҳам эълон қиламиз.

2 Responses

  1. […] Пўлатни номзодини кўсатишни тавсия килинган хатини […]

  2. […] Tashanov o’z vaqtida hammamizni qiynab kelayotgan dardni ko’targan. Unga o’zimning rahmatlarimni aytaman. Ammo, A.Polat nomzodini qo’llab-quvatlash fikriga […]

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: