Bugunning gaplari

ОЛИЙ МАЖЛИС КИМНИ ҚИДИРЯПТИ?

Ўзбекистоннинг қонун чиқарувчи идораси — Олий Мажлис депутатларининг ҳушёрлиги ва ҳозиржавоблигига қойил қоласан киши. Ўзбек депутатлари шу қадар тезкорлик билан ишлашадики, қонунчилик борасида бирор бўшлиқ пайдо бўлдими, зудликда уни мукаммалми, чалами, ишқилиб, бирор қонун ҳужжати билан тўлдириб қўйишади. Олий Мажлиснинг қуйи тармоғи — Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғинида ўта муҳим қонун ҳужжати қабул қилинди. Янги қонун лойиҳасининг номини ўқибоқ у ҳам барча расмий ҳужжатлар каби ўта тушунарсиз ва мавҳум эканига амин бўласиз: ╚Ўзбекистон Республикаси телекоммуникация тармоғида тезкор-қидирув тадбирлари самарадорлигини ошириш мақсадида айрим қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида╩. Бундай узундан узоқ номни ўқиган оддий ўқувчи ҳеч нарса англамаслиги аниқ. Боз устига, қонунни ижро этиш учун тайёрлаётганига ишониш қийин бўлган ҳуқуқшуносларнинг мураккабдан мураккаб тилига бир-икки аччиқ гапларни айтиши ҳам мумкин.
Мамлакат телекоммуникация тармоғида тезкор-қидирув тадбирлари самарадорлигини ошириш мақсадида тайёрланган қонун лойиҳаси парламентда муҳокама қилинган пайтда у қадар қизғин мунозара кузатилмади. Чунки қонун ҳужжатини қабул қилишга масъул бўлган аксарият ноибларнинг ўзи ҳам унинг моҳиятига кўп-да тушунмаганди. Шу тариқа қонун ҳужжати “Мендан кетгунча, эгасига еткунча…” қабилида иккинчи ўқишдаёқ бир овоздан маъқуллаб қабул қилинди (Одатда Ўзбекистон парламентида қонун ҳужжатлари бир овоздан маъқуллаб, имкони бўлса, олқишлар билан қабул қилинади).

Телекоммуникация тармоғида тезкор-қидирув тадбирлари самарадорлигини ошириш деганда нимани тушуниш керак, умуман, янги қонун ҳужжати нима мақсадни кўзлайди? Бу саволларга расмийлар аниқ жавоб беришмаган. Аслида бу табиий ҳол: бирор ишкали, тўпалони бўлган қонун ҳужжатлари ортиқ овоза ҳам қилинмай, тасдиқлаб қўя қолинади. Бу сафар ҳам ана шу ҳолат кузатилди. Қонун ҳужжати на тайёрланаётганда, на қабул қилинаётганда жамоатчиликка маълумот берилди.

Хўш, Ўзбекистоннинг қонунчилик идораси куйиб-пишиб кимни қидиряпти? Бу телекоммуникация тармоғи деган мавҳум ва мубҳам атама нимани англатади ўзи?

Кузатувчи ва мутахассислар қонун ҳужжатидаги телекоммуникация тармоғи атамаси Интернет маъносида қўлланилганини тахмин қилишяпти. Агар ана шу фикрга суянадиган бўлсак, Интернет тармоғида тезкор-қидирув тадбирларини кучайтириш ортида қандай мақсад турганини англаш қийин эмас. Демак, мамлакат раҳбарияти амалдаги ҳукуматга мухолифатда бўлган сиёсий гуруҳларнинг матеиралларини Интернет орқали тарқалашига қарши курашни кучайтиришга ҳаракат қилаётган бўлиши мумкин. Албатта, Ўзбекистон шароитида халқаро компьютер тармоғида тарқалаётган, кескин танқидий қарашлар акс этган сайтларга қарши кураш оддий кундалик ҳол. Ҳукумат мухолиф ва қарши фикрли сайтларга блок қўйгани ҳам бор гап. Бироқ Интернетга қарши кураш борасидаги жиддий янгилик шуки, бу сафар мазкур тадбир мамлакатнинг қонунчилик органи даражасида муҳокама қилиняпти, бунга қарши қонун даражасидаги расмий ҳужжат қабул қилиняпти.

Олий Мажлис томонидан Интернет тармоғида қидирув амалиётини ривожлантиришга қаратилган қонун ҳужжатининг тасдиқлангани кўпдан буён амалга оширилаётган режанинг узвий ва мантиқий давоми дейиш мумкин. Бундан бир неча ой муқаддам Ўзбекистон ҳукумати (Вазирлар Маҳкамаси) махсус қарор билан Интернет нашрларининг ҳам давлат рўйхатидан ўтиши зарурлиги тўғрисидаги қоидани жорий этди. Энди эса Ўзбекистон парламенти халқаро тизимда тезкор-қидирув тўғрисида қонун қабул қилди.

Бу ҳаракатларнинг барчаси Ўзбекистонда расмий ҳукуматга қарши кайфиятдаги сайтларга қарши кураш кучаётганидан далолат бераётгандек…

А. Камолов(www.erkinminbar.com)

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: