Nuqtai nazar

НЕДАН БУНЧА ХАФА БЎЛДИНГИЗ?

12 март куни Ўзбекистоннинг энг эҳтиёткор идорасига қарашли “Пресс-уз.инфо” сайтида Фарғона вилоят телерадиокомпанияси Бош муҳаррири Масъуд Мирзоевнинг “Озодлик” радиоси мухбири Ф.Юсуфийга “очиқ хат”и чоп қилинди. Умуман олганда истаган шахснинг, истаган ОАВга нисбатан ўз эътирозини билдириши ва айни чоқда эътирози нақадар асосли эканини исботлаб ўтиши, нормал ҳолат. Шу боис, аслида “очиқ хат” масаласига кўз қирини ташлаб ўтиш кифоя эди. Аммо, жаноб Мирзоевнинг айрим “пикр”лари шу қадар менга таъсир қилдики, ўтириб бир нима қораламасам бўлмайди-ёв деб ўйланиб қолдим. Қораладим ҳам.

Аввало касбдош дўстимизга кичиккина дашномим бор эди, яъни, ҳурматли Масъуд ако, президент Имомали Раҳмоновга йўлланган қайси “очиқ хат” ҳақида гап кетаяпти ўзи? Сизнинг назарингизда масалага ўта хом ёндашган “журналист”га жавоб ёзар чоғингиз сиз ҳам, сал хомнамороқ баёнга қўл уриб қўймадингизмикан?.. Ахир мен бир оддий ўқувчи, ойда йилда бир “Пресс-уз.инфо”ни қарайдиган инсон сифатида бу касбий “можарога” сабаб бўлган “мактуб”дан хабарим йўқ. Юсуфий деганлари ҳақми ноҳақми қаёқдан биламан? Агар менинг билишим шарт бўлмаса (бордию, дейманда), у ҳолда ҳамма учун кўринарли қилиб, чиқиш қилишдан мақсад не? Шу жойига сал оқсаб қўйгансизда мавлоно…

Бевосита сизнинг ўзингизга тегишли бўлган ва мен фақирнинг ҳам аралашишимга сабаб туғдирган “хат”га тўхталсак. Ако, шубхасиз бу Юсуфий деганлари анча сизни қақшатгани сезилиб турибди. Гарчи имкон қадар вазминликка уринган бўлсангизда, бу ҳолат барибир сезилиб қолган. Бу ҳам тушунарли албатта, ҳўв ёқдаги Юсуфийга гап етиб бориб, озгина бўлсада таъсир қилиши учун афтидан бироз кескинроқ оҳангга таянмоқ лозим. Яна ким билади, дейсиз.

Демак, “хат”ингиздаги урғу берганингиз ҳолатларга эътибор қаратсак. Менинг эътиборимни тортгани, Юсуфийнинг сухбатни ўзбекчада давом эттириш таклифи сизни бироз ”довдиратиб” (расстерялся деган жумлани шундай таржима қилдим, агар таржимада адашган бўлсам, ако узур, атай бундай қилмадим — муаллиф) қўйгани бўлди.

Яъни, сизнинг айтишингизча, айнан ўзбекчада сухбатнинг бориши, жавоблардаги ноаниқликларга сабаб бўлган. Бунга афтидан, сизнинг ўзбекчада у қадар мукаммал гаплаша олмаслигингиз сабаб бўлган, шундайми, тўғри тушунибманми? Яна бир бор айтаман, агар нотўғри тушунаётган бўлсам узур, мен ўрисчани унча яхши билмайман, ўзбек бўлганим боис.

Ҳўп, агар тўғри тушунган бўлсам, сизга яна бир савол, ўзбекчани яхши билмаган Сиз, Фарғона вилояти телевидениесида НИМА қилаяпсиз? Умуман олганда агар “нима қилардим, бошқараяпман”, десангиз ҳам жавоб ўта чиройли ва ўринли бўлади, зеро Ўзбекистонда бирорта ҳам ўзбек бошлиқ йўқлиги ҳаммага маълум. Ҳатто ўша сиз тилга олган “Озодлик” радиоси ўзбек хизматида ҳам. Шу боис, яна бир бор ўринсиз ва мантиқсиз саволим учун узур.

Мактубингизда иккинчи маъно ҳам бор, яъни Юсуфий тилни (яъни тожикчани демоқчисизда а?), тушунмайдиганроқ қилиб ўз кўрсатиш орқали, жавобларингизни худди нотўғри тушунгандай бўлиб, нотўғри талқин қиворишга уринган, шундайми? Ҳа, бундай бўлса, Юсуфий деганлари анча калтафаҳм инсон экан. Зеро соф (мактубингизда айтганингиздай) тожикчада сухбатни бошлаб, сўнгра ўзбекчага ўтиб олган “журналист” уни бу қадар чалкаш талқин қилиб юбориши калтафаҳмликда. Аммо йигит ўзбекчани яхши тушунмай, довдираган бўлиши мумкин, зеро билсангиз, у ҳам айтишларича, тожикистонлик. Ўша ернинг фарзанди, десам муболаға бўлмас экан. Унинг баъзан бошловчилик қилар пайт қовун туширар сўзлашлари, “э-э-э”, “а-а-а”, “ммм-ммм”, дея дудуқланиши шунга яққол мисол, аслида. Ахир ўзбек йигити ўз тилида гапирар чоғи, ўзгалар тилидан келган ана шундай “кўмакдош” “имконият”ларга таянмайдида.

Ана шунинг учун, агар сиз (мактубдаги учинчи маъно) ўзи ўзбекчада сўзлашни таклиф қилгани баробарида, тилни яхши билмагани боис бирам мантиқсиз ёндашганки, деяётган бўлсангиз, балким ҳақсиз. Бу ерига ҳам, демак жаноб Маъсуд ако, озгина изоҳ бериб ўтсангиз, тўғрироғи аниқлик киритиб ўтсангиз маъқул бўларди. Мактубингиздаги иккинчи нуқтага эътиборингизни тортсам.

Айтаяпсизки, бу Юсуфий деганлари ўзаро мулоқотингларни ёзиб олиб, сизни огоҳлантирмасдан ундан фойдаланган. Бўлиб ҳам, гўёки, ўзига маъқул усулда узиб-юлиб фойдаланган ва бу билан Сизнинг ҳуқуқларингизни бузган, шундайми? Аввало, ако, биз овмиларга озроқ тушунтириб ўтсангиз, қайси ҳуқуқингиз ҳақида гап кетаяпти? Наҳот сиз сухбат аввалида, Юсуфий деганларини, сухбат ўта конфиденциальний экани, икки инсон ўртасидаги омонат бўлгани боис, уни овоза қилиш мақсадга мувофиқ эмаслиги тўғрисида огоҳлантирган бўлсангиз?

Агар шундай бўлса, у ҳолда шубҳасиз Юсуфий сизнинг ҳуқуқларингизни бузган, яъни мулоқотни овоза қилмаслик ҳақидаги келишувни менсимаган бўлади. Агар бордию сухбат аввалида бундай келишув бўлмаган тақдирда, ако, қанчалар оғриқли бўлмасин Юсуфий ҳуқуқларингизни бузмаган бўлиб чиқади. Зеро, у сиз билан маълум радионинг мухбири сифатида, уни қизиқтираётган масала юзасидан гаплашмоқчи эканини айтиб, мулоқотга чорлаган, шундайми?

Агар шундай бўлса, сизнинг “майлин” деб мулоқотни қўллаб юборишингиз, журналист билан унинг радиоси учун сухбат олиб боришга рози бўлганингизни англатади (айни тарздаги айбловлар ўзбек хизматчилари томонидан кўп ишлатилиши туфайли, камина бу масалага ҳам кенгроқ тўхталишни ният қилмоқда — муаллиф). Бу ҳолда журналист сизнинг РОЗИЛИГИНГИЗ билан олиб борилган сухбатни ёзиб олиш, суратга тушириш ва бундан эфири учун фойдаланиш ҳуқуқига эга. Бу масалада ако, сал адашгансиз.

Келинг шу ҳолатни бироз кенгроқ кўриб чиқсак, майли у Юсуфий деганлари дамини олиб турсин. Сиз “эркин” деб урғу берилаётган мамлакатнинг “эркин” фуқаросисиз, тўғрими? Ана шу “эркин” фуқаро сифатида, сўзингиз аввалида Юсуфий деганларидан КИМлиги, НИМА УЧУН сухбатга чорлаётгани, сухбат “МЕВАСИ” қайси мақсад учун ишлатилиши ва ниҳоят сухбат ҚАЙ тарзда эфирга узатилиши ҳақида суриштириб олиш ҳуқуқига эгасиз, зеро бу сизнинг масала (мухокама учун кўтарилаётган масала, демоқчиман) моҳиятини билувчи шахс сифатидаги ҳуқуқингиз эди. Мактубингизда бу муҳим нуқталарни эслатмай ўтишингиз, аслида сиз бу борада ҳеч нарсани билмаслигингиз (гарчи телевидение вакили, бўлиб ҳам Бош муҳаррири бўлсангиз ҳам, уят-эй), балким эса бу борада Юсуфий деганларига тўлиқ ишонганингиздан далолат беради. Агар иккинчиси тўғрироқ бўлса, у ҳолда охиригача ўша “позициянгиз”да қолганингиз маъқул эди. Агар биринчиси тўғрироқ бўлса, у ҳолда ўзингиздан хафа бўлмоғингиз тўғрироқ бўлади.

Аммо, мактубингизда мутлақ тўғри бўлган, сўзсиз сизга қўшилишимга сабаб бўлгувчи иддаоларингиз ҳам бор. Яъни, сиз айтаяпсизки, сухбат давомида гап қайси президент ҳақида кетаётгани англаниб, бу борада аниқ изоҳ бериб ўтган бўлишингизга қарамай, мавлоно Юсуфий “мактуб муаллифи бўлмаган … Мирзоев”, “Очиқ мактубни битмаган … Мирзоев” дея таъкидли сўзларни ишлатган. Бундай ҳолатнинг мавжудлиги, аслида сиз эътироз билдираётган шахс журналистликдан анча йироқ эканлигини исботлайди. Аввало, журналист қурғур, сўз бошида сухбатдошига нима ҳақда гап боришини тушунтириши, ана шу масалани айнан сиз билан муҳокама қилишга ошиқаётганининг сабаби ҳақида изоҳ бериб ўтиши ва шундан сўнг мулоқотни бошламоғи лозим эди.

Сизнинг мулоқот ўртасига келганда НИМА ҳақда, тўғрироғи ҚАЙСИ мактуб ҳақда гап кетаётганини тушуниб етишингиз, журналистнинг аслида нақадар саёз касбий билимга эгалигини, балким эса, умуман “0”лигини кўрсатади. Мактубингиз давомида сиз яна икки миллатдошингиз ҳақида эслагансиз. Афтидан улар ҳам назарда тутилган “мактуб”нинг (Имомали Раҳмонов номига битилгани айтилаётган мактубни назарда тутаяпман — муаллиф) битилишида иштирок этган муҳим инсонлар ҳисобланади. “Журналист” бу икки ғоядошингизни топа олмаганини айтгани боисидан билдирган эътирозингиз ҳам ўринли. Чиндан ҳам “журналист” лавҳа мукаммал ва “пишиқ” бўлишини таъминлаши учун ўша икки зотни топишга астойдил уринмоғи (бордию лавҳа учун уларнинг бўлиши муҳим бўлса — муаллиф), агар топа олмаган тақдирда мақолани кечиктириб туриши мумкин эди.

Сиз бунда радио раҳбарияти (олдий раҳбариятини айтаяпман, ўзбек ҳизмати раҳбариятини эмас — муаллиф) шундай имконият бера олмасмиди деган ўринли саволни ўртага ташлагансиз. Тўғри, радио раҳбарияти бундай шароитни яратиб бериши мумкин эди. Масалан радионинг эндиликда собиқ, профессионал журналистларидан бирининг айтишича, улар ишлаган пайтлари мақола мукаммал бўлмаса унинг қолдирилиб турилиши нуқсон ҳисобланмаган. Аксинча, мақола мукаммал ва тўлиқ бўлиши асосий мақсад ҳисобланган. “Буни радио ичида ҳам яхши биладиган, профессионал журналистлар бор, улар билан маслаҳатлашмоғи мумкин эди”, дейди собиқ радио мухбири. Хўш, нега ундай бўлмади? Сабаби, чиндан ҳам сиз аконинг кўтарилаётган масала моҳиятини англамаган ҳолингизда берган жавобларингизнинг “журналист”га маъқул тушгани сабаб бўлганов. Аслида бу мавзуни янада кенгроқ ўрганиш ва унга аниқ жавоб айтиш мумкин эди, агар ўша назарда тутилган “мактуб” қандай оҳангдаги мактуб бўлганини билганимизда…

Шу ўринда Маъсуд аконинг мактубини четга суриб, бошқа бир хабарга эътибор қаратсак. Бу хабар ҳам худди ўша эҳтиёткор идоранинг сайтида чоп қилинди (20/02/2007 “Имомали Рахмонову угрожают “фиалковой революцией” сарлавҳаси остида эълон қилинган). Аммо бу сайтнинг шахсий хабари эмас, у мақола Россиянинг “КоммерсантЪ” газетасидан кўчириб босилган. Мақолада тожик мухолифати вакилли Дадажон Атоуллоев, мамлакат президенти Имомали Раҳмоновга “очиқ мактуб” йўлланиб, унга ўз хоҳиши билан президентликдан воз кечиши таклиф қилингани, акс ҳолда мухолифат Тожикистонда “фиалковий революция” уюштириши ҳақида огоҳлантирганини айтган. Яъни, Раҳмоновга маълум маънода “ультиматум” мактуби юборилган. Мақола давомида тожик мухолифати ўзаро бирлашиш мақсадида Лондон, Вашингтон, Берлин, Тошкент, Олма-Ота ва Москвада йиғилишлар ўтказгани айтилади.

Демак, дадил хулоса қиладиган бўлсак, Ғарб ва Европани рангли инқилобларда айблаётган Тошкент, Қозоғистон ва Москва ҳам бундай инқилоблар учун замин яратиб беришда иштирок этаяпти. Демак, бу давлатлар ҳам инқилоблар масаласида четда қолмаслик кайфиятига эга. Майлида, инқилоб учун танланган мамлакат аҳли бунга рози бўлса ОЛҒА! Тошкент билмай қолганов дейиш адашган фикр ҳисобланади, зеро Тошкент нафақат ЭШИТИШ қобилиятига эга, ҳатто КЎРИШ, АНИҚЛАШ ва баъзан йиғилиш янада қизиқроқ ўтишини ТАЪМИНЛАШ имконига эга. Фақат, савол туғиладики, ўзимиз ҳам бир нималарни уюштиришга уста эканмиз, балким ҳўв йилги воқеаларни ҳам … астағфируллоҳ, тил қурғур суяксизда, ҳар балони гапирворади, тавба қилдим, тавба қилдим…

Энди яна мавлоно Масъуд ако мактубига қайтсак. Ако, агар Имомали Раҳмоновга йўлланган мактуб сифатида ўша, мен ҳозир эслаб ўтганим мактуб назарда тутилаётган бўлса, у ҳолда радио ходимларидан хафа бўлмасангиз ҳам бўлади. Нега дейсизми? Мана шу мақоламиз чоп қилиниб турган сайтда анча аввал бир мақола чоп қилинганди. Озодлик радиоси ўзбек хизмати директори лавозимига Сожидахоним Жаъфарованинг мустаҳкам ўрнашгани тўғрисида. Ана шу мақолада радионинг ўзини ошкор қилишни истамаган мухбири Жаъфаровага Имомали Раҳмоновдан табрик мактуби келганини эслатган. Демак, Жаъфарова Раҳмонов билан яхши таниш. Бу масалани ойдинлаштиради, ахир қарға қарғанинг кўзини чўқирмиди… Масъуд ако, шунинг учун кўп ҳам хафа бўлманг…

Нидои Мазлум.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: