Nuqtai nazar

КИРИЛЖОН ва КИРИЛЖОНЛАРГА!

Яқинда бир мақолани ўқиб қолдим. Ўқиб чиққач, дастлаб мақола муаллифига қойил қолдим. Қойил қолганимнинг боиси, мақоланинг зўр ёзилгани ёки унда ажойиб фактлар келтирилгани учун эмас. Одамларнинг нажасга буланиб улгурганини фош қилганингдан сўнг ҳам безрайиб сасийверишидан қойил қолдим. Бу таажжуб аралаш қойил қолиш эди. Таажжуб ҳам эмас, ҳайрат аралаш десам тўғрироқ бўлса керак…

Бу ўзбекларни жону-дилидан “севадиган” буюк ўзбекпарвар “дўстимиз” (унинг исми Кирилл Александров экан) ўз мақоласи, тўғрироғи арзномасида Европа Иттифоқининг Ўзбекистон билан “нормал, соғлом” алоқалар ўрнатиб олишига гўё халақит бераётган ҳолатларни ўзича фош қилгандай. Қаранг, сиз билан бизга ёд бўлиб кетган усулники, шўрлик Ўзбекистоннинг у ёки бу давлат билан соғлом алоқа ўрнатиб олишига тиним билмас журналистлар, айрим ғарб ташкилотлари халақит бераётган эмиш.

Халқда зўр гап бор, шуни мана бу жойда ишлатиб ўтсам, умид қиламанки мени тўғри тушунасиз, Кирилжон, “пулни сомсани егандан сўранг”. Бу қаламкаш “дўстимиз”нинг ўзи ўзбеклар ва Ўзбекистонни қанчалар севиши, ўзигагина маълум ҳол аслида, аммо у айтаётган икки опа-сингил хафа қилаётган зотлар (зеро масала тагида айнан ўша зотлар ва улар қурган режим ҳақда гап кетаяпти — муаллиф) Ўзбекистон ва ўзбекларни нақадар севиши ҳаммага ҳатто Кирилжоннинг ўзига ҳам маълум.

Мисол келтирай, акс ҳолда Кирилжон ва унга ўхшаш бошқа алломалар каби қуруқ гап эгасига айланиб қоламан. Оддий мисол, аввалги мақолаларимнинг бирида, мен “халқ душмани” тамғасига изоҳ бериб ўтган эдим. Аминманки у мақолани Кирилжоннинг ҳомийлари кўрган. Акс ҳолда ҳатто “прокси” сайтлар ҳам очилмайдиган бўлиб қолмас эди…

Ўша мақоламда ким аслида “халқ душмани” деб аталишга ҳақлилигини, мамлакатимиз, ўша Кирилжон жон-жонидан севадиган мамлакатимиз қонунларидан бири ёрдамида исботлаб берганман. Эслатайми, ўша қонун ва унинг моддасини? Марҳамат, ЎзРЖКнинг 153-моддаси (“Геноцид”), унга кўра “миллий, этник, ирқий ёки диний мансублигига қараб, бир гуруҳ шахснинг жисмонан тўла ёки қисман қирилиб кетишига олиб келадиган турмуш шароитини қасддан яратиш бундай шахсларни жисмонан тўла ёки қисман қириб юбориш, бола туғилишини зўрлик билан камайтириш ёхуд болаларни ана шу одамлар гуруҳидан олиб, бошқасига топшириш, шунингдек, бундай ҳаракатлар содир этиш тўғрисида буйруқ бериш” геноцид, бизнинг мисолда “халқ душмани” номига муносиб топилиши мумкин.

Бир миллат ёки халқнинг моддада айтилганидай “қисман қирилиб кетиши” учун уруш олиб бориш шарт эмас. Бунга яқинроқ “шароит” яратиш ҳам кифоя қилади. Аввал камқонлик кучаяди, фарзандлар тўйиб овқат емагани, йод танқислиги туфайли нимжон бўлади, кейин эса аёллар туғолмайдиган йигитлар эса кечирасизу туғдира олмайдиган бўлади, хўш ҳурматли Кирилжон бу “геноцид” яъни ўзбеклар ва Ўзбекистонни “илиб” қўйишми ахир? Яна бир ҳолат, моддада айтилиша “бола туғилишини зўрлик билан камайтириш” ҳам геноцид хисобланади. Бу масаладаги вазият ўйлайманки сизга яхши таниш ёки ундай эмасми? Истаган янги фарзандлаган аёлни суҳбатга тортинг, унга қилинган талаб ҳақида гапириб беради. Яъни навбатдаги ҳомила у қадар керакли эмаслиги ҳақидаги талабларни, демак, нима хулоса қиламиз? Халқ қашшоқлангач, йўқсиллар сони кўпаяди ундан кейин нима бўлишини билишни истайсизми? Марҳамат, бунинг учун “Ҳуррият” газетасига мурожаат қиламиз…

Ҳа, хайрон қолманг, ўзимизда чиқадиган, ҳамма газеталар каби олиб қочар газетада баъзан қизиқ нарсалар чиқиб қолади. Балким ҳозир мен иқтибос келтирмоқчи бўлганим мақола муаллифи бошқа нарсаларни назарда тутгандир, аммо мен уни Кирилжондай Ўзбекистонни бирам яхши кўрадиганларга ўзим тушунган усулда етказмоқчиман. Яъни газетада ёзилишича: “Муҳтожлик одамни ҳаммага душман, беҳаё қилади, инсоф ва мурувватини қўлидан олади, қувват ва идрокини заифлаштиради. Муҳтожлик гуноҳ ва фасод манбаидир. Кимки камбағаллик ва муҳтожликка тушса, унинг шарми, обрўси ҳам кетади. Ҳаёни қўлдан берган одам кек сақлайдиган ва сўкинадиган бўлади, ғам пардаси унинг ақлини қоплайди, фаросати, зеҳн-закоси озаяди. Бундай бахтсизликка мубтало бўлган одамнинг бутун қилган иши, сўзи ҳаммага ёмон кўринади, берадиган маслаҳатлари ўзига зиён етказади”.

Кирилжон русийзабон мантиқ эгаси бўлгани учун балким тушунмас. Аммо сиз азиз ўқувчи назаримда яхши тушундингиз, бу сатрлар кимлар ҳақда баён қилаётганини. Яъни анави келтириб ўтганим моддага қиёслайдиган бўлсак, ўзбекларнинг инсофсиз, мурувватни унутувчи, идроки заиф, гуноҳ ва фасодга муккасидан кетган, шарм ва обрўни илиб қўйган, ҳаёни бой бергани боис сўкинадиган (ҳатто аёллар ва ёши катталар турибди демай шартта варақлаб юбораётганларни кўраяпсизку, ахир, тўғрими) ва ниҳоят бахтсиз бўлиб қолишига бугунги сиёсат, олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар, демократик руҳдаги бошқарув сабаб бўлаяптими? Демак ана шу сиёсат халқни дастлаб маънавий қирилишига сабаб бўлаяпти, маънавий қирилган халқ эртага руҳий ҳам ўлади, руҳий ўлган халқ эса, уже халқ эмас. Ана сизга ГЕНОЦИД борасида исбот, жаноб Кирилжон, қани томоқ йиртиб эътироз билдиринг бу ҳолатга. Ахир сиз ўзбекларни севасизку.

Йўқ, ундай қилолмайсиз, чунки сиз бу қилмишингиз билан “озчилик”ни хафа қиласиз, уларни эса хафа қилиб бўлмайди, ахир замон уларники. Айтгани айтган, дегани деган. Илло, ўша “Ҳуррият” газетида айтилганидай “Бойлар айтганда мақтовга сазовор бўлган сўзни камбағал айтса, уни нафрат ва таъна билан қарши оладилар. Агар камбағал шижоат кўрсатса, уни қўпол ва нодон дейдилар, сахийлик қилса, исрофгар дейдилар, мулойим бўлса, қўрқоқ дейдилар, ҳикматли сўзлар айтса, сергап деб, хомуш ва сокин ўтирса, тилсиз ҳайвон дейдилар. Хуллас, бундай йўқсилликдан ўлим яхшироқдир”. Шу боис ҳам кўпчилик ўзбекистонликлар ўзини ўзи ўлдириб қўйяпти. Бирор талаб билан чиқса террорчига айланаяпти, ёрдам сўраб келса жағини тагига мушт еяпти, ўзини-ўзи ўнглашга интилса моли тортиб олинаяпти, томорқаси бузилиб аҳлатхоналарга айлантирилаяпти, мевали дарахт экса кестирилиб, ўрнига арча экилтирилаяпти, чунки арчадан болалар учун витамин унуб чиқмайди. Мевали дарахт эса йўқсилларга таом бервориши мумкин… Ана ҳурматли Кирилжон халқни ёқтирмайдиганлар шу ернинг ўзида…

Яқиндагина Санк-Петербургнинг Пушкин шаҳарчасида бир гуруҳ маҳаллий йигитлар икки Ўзбекистон фуқаросини калтаклаб ўлдиришди. Хўш, Кирилжон айтингчи бу борада сиз ўзбекларни жон-жонидан яхши кўрадиган инсон сифатида бирор чиқиш қилдингизми, сиз бирам севадиганингиз мамлакат раҳбариятичи?

Россия ҳукуматини, бундай воқеаларнинг урчиб кетишига кенг йўл очиб қўйгани учун нега танқид қилмайсиз, нега икки ўзбекнинг ўлдирилишидан жазавага тушмайсиз? Қаранг, Таиландда икки Россия фуқароси ўлдирилгани бўйича мамлакат телевидениеси икки-уч кундан буён жар солиб ётибди, Ташқи ишлар вазирлиги бу иш юзасидан қандай чоралар кўргани ҳақида томошабинларга хисобот бераяпти, воқеа жойига Россиянинг Таиланддаги фаҳрий консули етиб бораяпти, ана уни назаримда халқига муҳаббат деса бўлади, аммо бизда унинг бир парчаси ҳам кўринмайдику.

Ташқи ишлар вазирлигимиз нега баёнот билан чиқмади, нега воқеа жойига махсус вакил етиб бормади ва ниҳоят нега парламентимиз бу борада Россия парламентига жиддий эътироз юбормади, ахир бу биринчи воқеа эмаску.

Тунов куни йўналиш бўйича қатновчи таксида (халқ тилида маршрутка — муаллиф) кетаётиб ҳайдовчи ва йўловчи (милиция ходими экан — муаллиф) ўртасидаги суҳбатнинг гувоҳи бўлиб қолдим. Ҳайдовчи бир пайтлар милиция ходими бўлган экан, кейинчалик нафақага чиққач, тирикчилик умидида йўналишдаги такси ҳайдовчиси бўлиб ишга кирган экан. Такси ҳайдовчиси, йўловчига шундай деди: “Ҳозир милициянинг асл мақсади ноаниқ, тескари бўлиб қолди. Ишонасанми ўзбек милицияси ўзбекни автобусга босиб шаҳардан чиқариб юборишини кўриб анқайиб қоласан киши. Яқинда бир йил Қозоғистонда автобус ҳайдовчиси сифатида ишлаб қайтдим, энг қизиғи мен у ерда бирор бир қозоқ милициячиси қозоқ йигитини ёқасидан тортиб автобусга чиқараётганини, сотаётган товарини тепиб ташлаётганини, прописканг борми, деб чўнтагидагини тортиб олишга уринаётганини кўрмадим”…

Айтингчи, ўзбек халқини химоя қилиш учун ташкил қилинган милициядаги бу қадар ўзбекларга нисбатан кучли “муҳаббат”нинг пайдо бўлиш сабаби қаёқда? Россиядамикан а, балким Россиядаги анави нима эди, ҳа, скинхедлар жойида ўлдира қолайлик деб, пластик операция қилиб, ўзбекистонга келишгану милицияга ишга кириб, халқни қираяптимикан а? Назаримда бу ҳолат ИИВдаги халққа нисбатан зўр муҳаббатнинг, уларга бу қадар кенг имкониятлар яратиб берган ҳукумат раҳбариятининг ва шахсан …нинг халққа бўлган муҳаббатининг яққол намунаси эмасмикан?

Айтингчи, ер юзида умуман ўзбеклар устидан кулмаганлар қолдимикан? Бу қадар ўзбекни севадиган сиз ва ҳўв теппадаги “оғалар”ингиз нега халқнинг ким томонидандир қул қилиниб олинишига, ким томонидандир эса ҳўв КВН деган жойлардан туриб масҳара қилинишига жим қолаябсизлар?

Қаранг, анави куни “Программа максимум” деган кўрсатувда (Россиянинг НТВ канали махсулоти — муаллиф) адашмасам Симферополда бўлиб ўтган воқеа кўрсатилди. Унда бир қишлоқ аҳолиси, кечагина ўша жойга етиб борган ўзбекистонликларни лопаткалар, темир парчалари билан уриб майиб қилгани, бир нечасини эса умуман ўлдириб юборгани айтиб ўтилди.

Бу ишнинг бошида турган ҳарбий десантчи йигит, биз адашибмиз бу ўзбекларни бошқалари билан адашибмиз деди, аммо унинг қишлоқдошларидан бири “ненавижу их, всех бы до одного убила бы” деди. Ўйлайманки сизга бу сўзларни таржима қилиш шарт эмас. Ундан аввалроқ эса, Россиядаги жинойи гуруҳлар ҳақидаги кўрсатувда (Россиянинг 1-канали махсулоти — муаллиф) ҳозир эсимда йўқ қайсидир бир шаҳарда ўзбеклар молхона ичида оилалари билан яшаб ишлатилгани кўрсатилди, бу ҳолат аниқлангач иттифоқдош дўстимиз (яъни Россия раҳбарияти) хижолат бўлиб айбдорларни жазолаган эмас, ўзбекларни депортация қилиб юборган, холос. Хўш, бу ҳолат нега сизни хафа қилмади, ёзинг ахир булар ҳақда ҳам…

Хуллас оғайни бундай мисолларни сизга юзлаб келтириб ўтишим мумкин. Ҳар бир мисол сизнинг аслида ўзбекларга ҳеч қандай туйғуингиз йўқлигини, сиз майликуя ҳатто сиз қайғураётган шахсларнинг (яъни раҳбарларнинг) ҳам халққа мутлақо муҳаббати йўқлигини исботлайди.

Так что уважаемий, сиз тан оладиган матбуотда кўп учрайдиган сийқаси чиққан сарлавҳада айтилганидай “Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир!”.

Абдул Латиф.

2 Responses

  1. Abdul Latif aka, maqolangizni onalarimizga o’qib berdik.
    Ular hammaning dardi ichda. Butun xalq bir-biriga nafrat bilan yashayapti. Qanday qilib bo’lsa ham bir-birovini sotib kun kechirsa. Umuman, oqibat qolmagan odamlarda. Onam aytadilarki, bunday zamonlarni ko’rganimdan o’lganim yaxshi deb. Mahalladagi erkaklar umuman ayollarni hurmat qilmay qo’yishgan, ayollar ham faqat pul topish dardida. Qizlar yaxshiroq er topish bilan ovora bo’lsa, yigitlar esa xotin boshningga bitgan tashvish deb o’ylanishdan bezor. Umuman dahshat. Ammo bularning hammasining ostida o’sha IAK va uning qo’l ostidagilar aybdor. Chunki xalqning bola-chaqasini boqishga puli yo’q, shu sababdan turli y’o’llardan jirkanmaydigan bo;lib qolishgan. ESSIZ UZBEK XALQI!!! – deb aytdilar. Umida va Faxri.
    Note: Aytgancha, Nasiba va Kamolaning onalari kelishgan. Ular bu erni ko’rib hayratda qolishmoqda. Hali yana 2 oy turishadi. Ulardan hamma muxolifatchilarga salomlar.

  2. Maqolaga gap yo’q lekin mana bunday joylarni “…Одамларнинг нажасга буланиб улгурганини фош қилганингдан сўнг ҳам безрайиб сасийверишидан қойил қолдим…” biroz jurnalistikag mos kelmasa kerak.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: