Nuqtai nazar

ҲЎ-В МУХОЛИФАТ, ҚАЕРЛАРДАСИЗ?..

Мухолифат. Бу ном хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг бугун Ўзбекистонда бироз кинояли луқмалар билан сийланувчи номга айланиб улгурди. Ҳўв теппада ўтирганлар мухолифат масаласида ўз латифалари ва бўлар-бўлмас иддаоларига эга бўлса, оддий одамлар мухолифат ҳақида ўз луқмалари ва маълум маънодаги эътирозларига эга. Агар мамлакат ичида қолган мухолифат вакиллари ростгўй инсонлардан бўлса, марҳамат сўзимни исботлашлари мумкин. Албатта, тағин улар халқ орасидаги гап-сўзлардан хабардор бўлишса. Айтайлик, уйидан чиқмай мухолифатлик қилувчилар бўлса, улар учун сўзсиз бу гаплар ғирт олиб қочиш, балким ҳатто айрим идораларнинг заказ қилинган фитнаси туюлиши мумкин. Аммо яратган гувоҳ бу заказ ҳам эмас, кимнингдир аччиқ чиқишига эргашиш ҳам эмас, бу шахсий кузатишлар ва кечинмалар асосида чиқарилган хулоса.

Аввало бир нарсани айтиб ўтиш керак, мухолифатга нисбатан халқ орасидаги ва ҳатто мухолифатга мухолифат бўлганлар орасидаги киноялар ва кулгуларнинг пайдо бўлишига азбаройи уларнинг ўзлари айбдор. Негаки, ҳеч қандай куч, ҳеч қандай қўллов ва ниҳоят ҳеч қандай позиция, аниқ ҳаракатга эга бўлмаганлари ҳолида нуқул баёнотлар тарқатишади. Баёнотларнинг бири биридан қизиқ, бири биридан ўткир, аммо уларнинг ҳаммаси хитойча буюм каби, бир маротабали. Керосин сепиб гугурт чақсангиз қандай бўлади, лов этиб ёнадию зум ўтмай пасайиб қолади, тўғрими? Баёнотларнинг руҳи ҳам, чўғи ҳам шундай кўринишда. Кейин, кечирасизлару, дарёнинг у соҳилида туриб олиб, бу соҳил ҳақида аниқ фикрга эга бўлиб гапириш, ғирт кулгулида.

Мухолифат аниқ позицияга ҳам ҳаракатга ҳам эга эмас дедим. Дарҳол хафа бўлгувчилар топилса керак, ундай эмас-ов, деб. Хафа бўлманглар, мен ҳар бир таниш “мухолифатчи”ни инсон сифатида ҳурмат қиламан, баъзи жойларда ҳатто жуда қаттиқ ҳурмат қивораман. Аммо, журналист дегани сал ана шунақа қитмирроқ бўлади, борини айтади қўяди. Қаранг, агар ўша айтганим позиция ёки аниқ ҳаракат режаси бўлса ҳалиги бир пиёла ароқни ҳўплагач, мияга урган шижоатдан руҳланиб стол шапатилаб юборадиганлар сингари ҳаракат қилинмас эди. Мана масалан, айтайлик Тошкент ёки Андижонда аёллар кўчага чиқди, дарҳол мухолифат жонланади, тўғрироғи тиллари жонланади. Озодлик ёки яна аллақайси радио мухбири оғзидан сўлаги томиб бу жонланишни мухрлаб олади. Қарабсизки талаб қилганлар ўзлари билан ўзлари бўлиб, тортадиганини тортиб, кўрадиганини кўраверади, мухолифат эса радио карнайлари орқали баёнотлар қилади. Сўнгра бу буюк чиқишини “ювиб” юз-юз эллик отиб оладию, ана шу сўзлари туфайли ё эртага ёки индинга юз беражак буюк инқилоблар ҳақида фантазиялар қилиб уйқуга кетади. Айтингчи, шу қиёфа бизнинг мухолифат қиёфаси эмасми?..

Халқ орасидаги гап-сўзларнинг пайдо бўлишига ҳам мухолифатнинг ўзи айбдор дедим. Чиндан ҳам шундай. Айбдорлигининг биринчи белгиси, мухолифат халққа суянмайди, теппадаги халққа суянмаслар тўғри айтганидай Ғарбга, Шимолга яна аллақайси томонларга суянади, аммо халққа эмас. Нима учун, деган табиий савол туғилади. Истаган элчихонага киринг, у ердаги ҳатто пол ювувчи фарроши мухолифатимиз вакилларини ёддан танийди, халқчи? Чет элда бирор конференция ўтадими, элчихоналар бирор тадбир уюштирадими, мухолифат ўша ерда шай. Вей чунонам вазиятдан куюниб гапирамизки, қўяверасиз, хўш, нима фойда? Нима, ўша элчихонадаги, чет элдаги сизнинг хисоботингизни тинглаб қош чимирувчи алломалар бу ердаги вазиятни аслида билмайдими? Ҳўп ана билмайди ҳам дейлик, сиз зорланиб борини тўкиб солдингиз, хўш?.. Эснаб, эснаб тинглайдида, учрашув биносидан чиққунича асосий гаплар эсидан чиқиб бўлади…

Ҳеч замон бир муддат бўлса ҳам ўйлаб кўрмаймизки, шу инсонларга дод-вой қилишимиздан бирор наф бормикан деб. Мисол учун мана АҚШни олайлик, бу давлатга бўлган чексиз ҳурматимни унутмаган ҳолда очиғини айтай, шу давлатга сизнинг муаммоингиз қизиқ деб ўйлайсизми? Умуман қачондир қизиқ бўлганми ўзи? Мана масалан, кечагина Америка ташкилотида ишлаган бир қиз ҳибсга олинди, уни ҳўв хоналарга олиб кириб, ким билади нима балолар қилишаяпти экан. Хўш, Америкачи, нима югуриб елиб уни чиқариб олиш устида иш олиб бораяптими? Биласизми йўқми, аммо бу давлат (Колумбнинг ватанини назарда тутаябман) у ёки бу инсонни ҳимоя қилиб, олиб чиқиш масаласида келишишга жуда ҳам уста. Ёки ана Америка радиосида рўй берган воқеалар, нима сизу бизнинг ҳуқуқларимиз ҳақида қайғураётган ташкилотлар буни билмайди дейсизми? Билади, аммо иши йўқ. Энг қизиғи бу радиода бу каби фитналар одатий ҳол бўлиб улгурган. Аввал ҳам бўлган, аввал ҳам гапирилган, нега демократия тарафдори бўлган давлат у ерда тартиб ўрнатиб қўймайди, нуқул аймсорридан нарига ўта олмайди?..

Европа Иттифоқини олинг, унга ҳам аслида оддий халқнинг дарду ҳасрати бир тийин, зеро унинг бу ердаги манфаати халқ орқали эмас, ўша халқни ер билан бир қилаётганлар билан ҳал бўлади. Бу оддий ҳақиқатни англаш учун файласуф бўлиш шарт эмас, энди маълум бўлишича ўзбек ҳам бўлиш керак эмас, зеро ундай анқов халқ дунёда йўқ. Бир тийин учун бир-бирини ейдиган халқ бошқа қаерда бор? Ўзингиз ҳам бир жойда иш битирмоқчи бўлсангиз у ердаги нуқсонларга шартта кўз юмасиз, чунки у нуқсонлар ҳақида гап очишингиз фойдангизга ўйнамайди ёки аксинча ўша вазиятдан ўз манфаатингиз учун, яъни айрим келишувларни қўлга киритиш учун (худди ўзбек журналистлари каби) фойдаланасиз. Сизга маъқул нарса ваъда қилингач, ҳамма муаммога, халқ тили билан айтганда “қўйиб” қўясиз. Бу давлатлар ҳам худди шундай, акс ҳолда улар керакли натижаларга эриша олишини биламиз. Оддий мисол, бир воқеага кўз юмилиши учун кимдир озод қилиниши кераклиги ҳақида келишинишини мухолифат яхши билади ахир, шундайми, демак…

Ҳақиқий мухолифат, яъни мавжуд тузумга мухолифат бўлган инсон, халқ билан ишини битиришга уринади. Яъни унинг ягона таянчи ва шериги халқ бўлиши керак. Ҳар ҳил жаноблару сэрлар эмас. Минг марта учрашиб, минг марта арзланинг ҳеч нарса ўзгармайди. Тўғри, бу зорланишлар ортида маълум нарсага эришиб олмоқчи бўлаётганлар нимагадир эришар, аммо халқ бундан заррача фойда кўрмайди. Оддий мисол, Андижон воқеалари пайтини эсланг, чинакам халқим деганлар унинг олдида бўлди, унинг нидосини тепса тебранмасларга етказмоқчи бўлди. Саиджаҳон Зайнабуддиновни бутун Андижон танийдиган бўлди, махсус мактуб билан чиқиб, куч ишлатилмаслиги талабини қўйганлар, намойишчилар ва ҳукумат ўртасида мулоқот ўтказишга отилиб чиққан бирликчиларнинг ҳар бирини андижонликлар ёддан танийди. Нега, чунки улар улкан ваҳшийликнинг олдини олишга уринди, уйида ўтириб ўнга-чапга интервьюлар бергани йўқ, қирғизларга маслаҳат берганидай. Халқ нимагадир эришса, боришга тайёрман дегани ҳам йўқ. Шартта халқ ёнига чиқди!

Анави журналист йигитларни эсланг, Андижонда гапиришга қодир бўлганлар тозаланиб ташланган пайит ўша ерда бўлишди. Бирини гапи ҳануз эсимда, унинг фитначи ҳамкасблари ҳам эсласа керак. “Халқ ниманидир, муқаддас ниманидир йўқотгандай ғамгин кайфиятда… Зебунисо: Нима экан халқ йўқотган ўша нарса? Мухбир йигит: ҲАҚИҚАТ!”. Вилоят шифохонасида ярадор бўлганларга қилинаётган муносабат, улар қай аҳволда олиб кетилиб, қай аҳволда сўроқ жойидан қайтариб олиб келинаётганини айтган ҳам ўша йигит эди… Боғи шамол даҳасидаги қабристон ҳақида хабар берган йигитчи, қай аҳволда ҳозир у, унга шерик бўлган Жўравой деган одамнинг оиласи ҳақида бугун қайси мухолифат қайғураяпти? Ахир, ўшаку миллатнинг қаҳрамони, ҳақиқат учун ўлдирилдику! Саиджаҳон ҳам ҳамма қатори уйида бекиниб ўтириши мумкин эди. Зеро, у отишмани билганди, нима бало рўй берганини билганди, аммо шундай бўлса-да қалби чидай олмади, чиқди ҳар бир гилзани териб бутун дунёга нима бўлганини намойиш қилди, чапга ўнга интервью бериб чой ҳўплаб ўтирмади…

Келинг андижонлик халқ билан бирга, бугун ҳам эътирозини дадил айтиб кўчаларга чиқаётган халқ билан бирга бўлинг, Тошкентда, мана энди ҳатто Қашқадарёда кичик-кичик бўлсада гуруҳлар бўлиб эътироз айтиб чиқаётганлар билан бирга бўлинг, денг “қамайдику, хавфлику”, деган жавоб эшитасиз, ҳўв аллақайси давлатдаги мухолифатимиздан. Ия, мард одам, чинакам мухолифат дегани халқ дардини бирга тортади, уни дардига шерик бўлади. Ташлаб қўйиб нимагадир эришганда пайдо бўлишлик, тайёрга айёрлик дейилади халқда. Рауф Парфий бутун ҳукуматга, бутун давлатга исён қилиб яшадику, ундан қўрқишди дейсизми? Йўқ, қўрқишгани йўқ, шижоатига, мардлигига, ғайратига қойил қолишди, ҳатто мукофот ҳам беришди. Вафот қилганида таъзия ҳам билдиришди. Ана куч, ана қудрат, мардни рақиб ҳам тан олади! Халқнинг оғирини хис қилмай, унинг дардини ич-ичидан сезмай унинг лидери бўлиш мумкин эмас. Мухолифатман дегани, лидермар дегани ўзбекнинг ҳар бир фарзанди кечинмасини юрак-юрагидан ўтказмоғи керак. Мана Исроил элчихонаси ёнида 2005 йилнинг 3 майида бир инсон шунчаки отиб ташланди, нега уни ҳеч бир мухолифатчи эсламаяпти? Нима учун Исроил элчихонаси Ўзбекистон халқидан бу қилмиши учун кечирим сўрамаяпти?

Чин мухолифат, аниқ мақсадга интилган мухолифат курашнинг нозик усулларини танлай билиши ҳам керак. Бунинг учун унда озроқ бўлса-да ақл бўлиши керак, халқнинг азобига чек қўйиш истаги дилини ўртаётган бўлиши керак. Учига чиққан муттаҳҳам деб билганимиз Лениннинг ҳаракатини эсланг, нима девди, мақсадга эришиш учун бир қадам ортга тисарилиш зарур бўлса тисариламизки, кейин икки қадам олдга юриш учун, деган эди, адашмасам. Қани айтинг, бирорта мухолифат бугун майли нима қилиб бўлса ҳам анави парламент деганидан ўрин олволайлик, майли сеники маъқул деб юриб бўлса ҳам у ерда кўпчилик бўлиб олайлик, майли такаббурлик қилиб бўлса ҳам вазирликларга ўз одамларимизни киритиб олайлик, кейин қонун ёрдамида, кўпчилик овоз билан, вазирликлар кучи билан мақсадларимизни кўндаланг қўямиз, деб ҳаракат қилаяптими? Йўқ. Нега? Негаки у ҳолда Озодликка чиқиб бўлмайди, ғарбча шароитда яшаб бўлмайди, меҳнат қилиб, тер тўкишга тўғри келади… Яхшиси тайёрига келган маъқул, унгача ким нима бўлса бўлиб кетмайдими, дейилади шекиллида а?

Менга, хафа бўлмасину, мухолифат лидерларидан бирининг қирғизлар инқилоби пайтидаги чиқиши ёққанди. Яъни, оғзимни очириб қўйгандида, ўзининг қирғизларга йўллаган маслаҳатлари билан. Ахир соғлом ўйлаб кўрмайдики, инқилобгача чиқа олган халқ, ўшандай қила олмаган мухолифат вакилининг гапига мухтожмикан деб. Аминман унинг бу сўзларини қирғизлар одоб юзасидан, ҳай майлида, деб қабул қилган, лекин ўзаро жилмайиб қўйган бўлса керак. Уюшган, мақсади аниқ бўлгани учун нимадир қила оладиган, ўзига халқни эргаштириб, четдан кузатиб эмас, унинг олд қаторида дадил юриб бора оладиганлар аслида сизга маслаҳат бергулик, шундай эмасми? Бизнинг мухолифат, табиатидан келиб чиққан ҳолда маслаҳат берувчи, кимдир бир ишни бошлаб юборса, ҳа, баракалла, давом этинг, биз ҳам сизни қўллаймиз, бир гап бўлса биз шу ердамиз, дейдиган мухолифат чиқиб қолди.

Биродарлар хафа бўлманглар, аммо сизнинг мухолифатлигингиз, ўлик шижоатингиз халққа мутлақо керак эмас. Сизнинг бор ғайратингиз шоиримиз айтганидай бир бирингизни ейишга етади. Сиз ҳатто ўзингиз намуна бўлиб бирлаша олмайсизу, бошқаларга ақл ўргатасиз. Тағин ўзингизга бирам чиройли номларни танлаб олгансиз. Нима эмиш, “Эрк”, “Бирлик”, “Озод деҳқонлар” яна бирнамалар. Мен бу номларга эътироз қилмайман, уларнинг ҳар бири маълум маънода муқаддас, агар ўша номларга хос ҳаракат бўлса умуман бебаҳо. Аммо, эрк ташқаридан қидирилиб, уй ичидан топилса, бирлик фақат танишлар ва маъқуллар орасида ўрнатилса, деҳқонлар негадир озод бўлиш ўрнига, озод деҳқонлар ҳақида ўн бешинчи ёки йигирма бешинчи шахслар томонидан, бир афсона мисол эшитиб “уни қарая”, деб ўтирса, бу кулгилими, ахир? Хуллас, биродарлар, мендан хафа бўлманглару аммо мухолифатчиликни четга суриб қўйганингиз маъқул. Биз ўзимиз секин-секин ватанимизда осойишталикка эришиб оламиз. Барибир сиздан фойда йўқ!!!

Нидои Мазлум.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: