Адвокатнинг кундалиги

Мулк хуқуқи муқаддасдир …

бироқ Қаршида бу хуқуқ бироз бузилгандай …

Кўпчилик нохақликдан нолийдиганлар бироз қўпол, айни пайтда маъноли бир гапни тез-тез айтиб юрадилар: “онангни қози зўрласа, додингни кимга айтасан!”. Қадимдан қолган бу гап аслида нохақ қозиларга нисбатан айтилиб келинган. Қозилар қонунларни хар қандай вазиятда хам уларнинг асл маъноси бўйича қўллашлари лозим. Қонунларнинг мақсадга мувофиқлик нуқтаи назаридан талқин этиб қўллаш, кўпинча, адолатсизликни келтириб чиқаради.

Бугунги замонавий хуқуқшунослик фанларининг ўзагини бир неча минг йил олдин яратиб берган Римликлар ўша пайтлардаёқ қонунларни мақсадга мувофиқлик нуқтаи назаридан талқин этиб амалиётга қўлланилишига қарши чиқишиб, хаммага барала: “Дунёни сув босса босаверсин, бироқ адлия яшасин”, деган эдилар.

Жиноят ишлар бўйича Қашқадарё вилоят судида бир жиноят ишини кўриб чиққан суднинг амалдаги моддий ва процессуал нормаларни мақсадга мувофиқлик нуқтаи назаридан эркин талқин этиб амалиётга қўллаши айрим фуқароларнинг хуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатига путур етказганига, Қарши шахрида яшовчи Н.Рустамов, И.Панжиев, Ш.Амирқулов, Х.Панжиевларнинг Конституциямизнинг 53-моддасида: “Хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат химоясидадир. Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган холларда ва тартибдагина мулкидан махрум этилиши мумкин”, деб белгиланган қомусий нормага зид равишда ўз мулкидан махрум этилганига гувох бўлдим.

Фикримни ўша жиноят иши материалларига таянган холда баён этай.

Судья Б.Диёров раислигида жиноят ишлар бўйича Қашқадарё вилоят суди Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а”, “в” бандлари ва бошқа моддалари билан айбланиб судга берилган Н.Шоимов, Х.Исматов ва бошқаларга оид жиноят ишини 2006 йил 6 март куни кўриб чиқиб, айблов хукми чиқарган.

Жиноят ишининг Қ.Панжиевга оид қисми судда кўриб чиқилмаган бўлса-да, ўша иш бўйича чиқарилган айблов хукмининг тавсиф қисмида: “Қарши шахри Кўлбўйи кўчаси 1/1 уй, Қарши шахри, Кўлбўйи кўчаси 1/2 уй, Қарши шахри, Навоий кўчаси 1/10 уй, Қарши шахри, А.Авлоний кўчаси 34/1 уй, Қарши шахри, Йўлчилар махалласи А.Авлоний кўчаси 34/2 уйлар, Қарши шахри, Жайхун кўчасида жойлашган, қурилиши тугалланмаган “бозорча” объектлари “Қашқадарёавтойўл” бирлашма раиси Қ.Панжиевни кўрсатмасига асосан йўл фонди маблағи хисобидан қурилганлиги тергов ва суддаги рад этиб бўлмас далиллар йиғиндиси билан тўлиқ тасдиқланади”, деб кўрсатилади.

Вахоланки, қонунларимиз талабига кўра, айби судда мухокама қилинмаган шахсни (Қ.Панжиевни) хукмда жиноятчи деб тасвирлаш мумкин эмас.

Шу хукмнинг қарор қисмида: “Қарши шахри, Кўлбуйи кўчаси 1/1 уй, Қарши шахри, Кулбўйи кўчаси 1/2 уй, Қарши шахри А.Навоий кўчаси 1/10 уй, Қарши шахри, Йўлчилар махалласи, А.Авлоний кўчаси 34/1 уй, Қарши шахри, Йўлчилар махалласи А.Авлоний кўчаси 34/2 уйлар, Қарши шахри, Жайхун кўчасида жойлашган қурилиши тугалланмаган “бозорча” объектлари жиноий йўл билан орттирилган мулк сифатида эътироф қилиниб, етказилган мулкий зарарни қоплашга қаратилсин”, деб хукм қилинади.

Қонунларимиз талибга кўра, ўша кўчмас мулк эгаларини судья Б.Диёров раислигидаги суд жиноят ишига фуқаровий жавобгар тариқасида жалб этиши, уларнинг хар бирига фуқоравий жавобгарнинг хуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши, суд мухокамаси пайти фуқоравий жавобгардан ўзларининг номидаги кўчмас мулкнинг қанча қисмини ўзлари қурганлигини, агар бирон бир қисми йўл фонди маблағи хисобидан қурилган бўлса, айнан қанча қисми йўл фонди маблағи хисобидан қурилганини, йўл фонди маблағини фуқоравий жавобгарлар қандай йўл билан қоплагани ёки хали қопланмагани масаласини аниқлаши, ўшандан кейин кўчмас мулк эгалари бўлган фуқоравий жавобгарларга ўша кўчмас мулки учун сарфланган йўл фонди маблағининг қанча қисмини қайтариши кераклигини тушунтириши лозим эди.

Судья Б.Диёров раислигидаги суд, тергов органи томонидан хатланган кўчмас мулклар кимга тегишли эканлигини аниқлаш, мулк эгаларини жиноят ишига фуқоравий жавобгар сифатида жалб этиш чорасини кўрмасдан жиноят ишида судланувчи, фуқоравий жавобгар бўлиб ўтмаган шахслар номидаги оилавий мулкларни жиноий йўл билан орттирилган мулк деб топган ва ўзга шахсларнинг жинояти туфайли етказилган зарарни ўша кўчмас мулклар хисобига қоплаш кераклигини белгилаган.

Қонунларимиз талабига кўра, суд фақат судланувчиларга, баъзи холларда фуқоравий жавобгарларга тегишли мулкни жиноий йўл билан орттирилган мулк деб топиши ва уларни суд мухокамаси натижаси асосида зарарни қоплашга қаратиши мумкин, яъни бундай мазмундаги хукм чиқарилиши учун жиноят иши кўрилаётган суд жараёнида ишнинг фуқоравий даъвога аниқроғи мулкни жиноий йўл билан орттирилган деб топишга оид қисми тарафларнинг тортишуви асосида мухокама этилиши, мулк тақдири, агарким унинг эгаси ишга фуқоравий жавобгар тариқасида жалб этилган холлардагина, хукм билан хал этилиши мумкин.

Хукм эълон қилинганидан анча кейин мулкдорлар ўзларининг мулкини судья Б.Диёров раислигидаги суд жиноий йўл билан орттирилган мулк деб топилганидан хабар топадилар-да, ўша хукмнинг мулкни жиноий йўл билан орттирилган мулк деб топиш қисми юзасидан 4 нафар мулкдор кассация шикояти ёзадилар.

Биз танқид қилаётган хукм чиқишида раислик қилган судья Б.Диёров мулкдорларнинг ўзларига тегишли мулкини жиноий йўл билан орттирилган мулк деб топилганидан норози бўлиб берган кассация шикоятларини тегишли тартибда расмийлаштириб, ишни кассация тартибида кўришга юбормасдан, уларга кассация шикоятларини хат орқали қайтаради.

Кассация шикояти ёзган мулкдорларга уларнинг шикоятларини қайтариш хақидаги хатларда: “Сизлар хукм юзасидан кассация шикояти ёзишга хақли эмассизлар, Сизлар ишда фуқоравий жавобгар эмассизлар, Сизлар ўз хуқуқларингизни тиклаш учун фуқоравий ишлар бўйича судларга мурожоа қилинглар”, деб кўрсатади.

Аслида Ўзбекистонда жиноят ишлар бўйича судлар чиқарган хукмлар, хусусан бирон бир шахс номидаги мулкни жиноий йўл билан орттирилган мулк деб топиш хақидаги хукмдан норози бўлиб, фуқоралик ишлар бўйича судларга мурожоат қилиш мазмунидаги қонун хам, процессуал тартиб хам йўқ.

Судья Б.Диёров ўзи чиқарган хукм юзасидан ёзилган кассация шикоятларини қабул қилиб, тегишли тартибда расмийлаштирмагани юзасидан 05.02.2007 йил куни Олий судга шикоят қилиб бордик. Олий суд судьяси Муродова бизни қабул қилиб, арз-додимизни эшитдилар ва бизга: “Судья Б.Диёров мулкдорларни ишга фуқоравий жавобгар сифатида жалб қилишлари керак эди, шунда улар ишда тараф сифатида иштирок этарди, шунда улар хукм юзасидан шикоят ёзиш хуқуқига эга бўларди. Энди Сиз мулкдорлар номидан кассация шикояти ёзиб вилоят суди Раисига топширинг, шу холатда хам ишнинг фуқоравий даъво қисми кассация тартибида кўрилади”, деб тушунтирдилар.

Олий суд судьяси Муродованинг тушунтиришича мен, адвокат Ғиёс Номозов, 12.02.2007 йил куни хукмнинг жиноят ишида тараф сифатида иштирок этмаган шахсларнинг мулки жиноий йўл билан орттирилган мулк деб топилган қисми юзасидан кассация шикояти ёзиб Қаршига, жиноят ишлар бўйича Қашқадарё вилоят суди раиси қабулига бордим.

Вилоят суди Раиси ёрдамчиси А.Ғаппоров кассация шикоятларим нусхаларига имзо қўйиб, уларни қабул қилиб олдилар.

Хамкасбим, шу жиноят иши бўйича химоячи сифатида қатнашган шеригим Ж.Жабборовнинг Қаршидан телефон орқали хабар беришича, менинг кассация шикоятларимни жиноят ишлар бўйича вилоят суди раиси вазифасини бажарувчи У.Нурматов судья Б.Диёровга, кассация тартибида расмийлаштириши учун эмас, балки бошқа судьяга шикоятларни шикоят ёзган шахсга қайтариш учун берибди, судья Б.Диёров бу кассация шикоятларини умуман кўрмаган эмиш.

Вилоят суди девонхонаси ходими Фаррух Ниёзовнинг телефон орқали берган жавобига кўра, ўша 4 та кассация шикояти яна мен, адвокат Ғ.Номозовга хат орқали қайтарилибди. Бу воқеани тахлил қилган одам, суддан жабр кўрганларнинг “Онангни қози зўрласа, додингни кимга айтасан”, деган гап анча қўпол гап-у, бироқ бу гап хам бекорга айтилмаган-да деган фикрга боради, албатта.

Ғиёс Номозов,

адвокат.

24 февраль Жиззах шахри.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: