ЖАҲОНГИР МУҲАММАД
Ҳужжатли китоб
5.ЎХШАМАСА УЧРАМАС
Ўзбекистонда Олий суд раиси, Адлия вазири, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси бўлиб ишлаган, 1994 йилда Ўзбекистонда демократия оёқ ости қилинмоқда, деган баёнот тарқатиб, АҚШдан сиёсий бошпана олган Муҳаммад Бобур Маликов билан мулоқот
-Бобур ака, сизга илгари ҳам ҳикоя қилгандим, бизни Тошкентдаги уйимизни юздан зиёд миршаблар билан ўраб, тортиб олганларида Консерватория ёнида оқ “Волга” турганди. Унинг ичида Тошкент шаҳар ҳокими Адҳам Фозилбеков ўтирганди. Кейин билсам, унинг ёнида Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Шавкат Мирзиёев ҳам ўтирган экан. Улар бизни уйимиздан чиқариб отиш амалиёти ҳақида Каримовга рапорт бериб туришган. Каримовнинг жаҳли чиққани, биз яшаб турган уйимиз мамлакатдаги ўқитувчиларга берилган имтиёзлар ҳақидаги Фармонга кўра хусусийлаштирилиб, биз томонимиздан сотиб олингани бўлган экан. Умр йўлдошим кўп йиллик ўқитувчи эди.
Хуллас, ўшанда тўрт ёшли жажжи эгизакларим ухлаб ётганига қарамай, уларни жовдиратиб, ётган тўшакларини судраб ташқарига олиб чиқишганди. Танишларимдан кейинчалик эшитишимча, Каримов “Мен ёмону фармоним яхшими?!” деб бақирган экан ўшанда.
-Жаҳонгир, тушунаман, мен ҳам Каримовга қарши чиққанимдан кейин бизни уйни ҳам худди мана шундай буйруқ билан тортиб олишган…
-Туркияда эканлигимда, у ердан Озарбойжонга бориб, оиламни олиб қайтсам, Мадаминов менинг уйимнинг эшигини очиб, меҳмон талабаларга берган экан. Биз келгач, талабалар Мадаминов ҳисобидаги учта квартирадан бирига ўтишди, ўшанда Рустам Маматқулов деган талабанинг у билан гаплашаётганини эшитиб қолдим.
-Тўртта боламизнинг биттагина овунчоғи шу телевизор…,-деди умр йўлдошим.
-Менга фарқи йўқ. У квартираларнинг ҳар бир хонасида биттадан янги телевизор турибди. Бунинг устига бу жуда эски,-деди Рустам.
Мен аралашмадим. Кейин Рустам бир неча йигитлар билан қайтиб келиб׃
-Соли ака “Мен ёмону телевизорим яхшими?” деяптилар,- деди. Шу пайт Салай Мадаминовнинг укаси Муҳаммад Бекжон кириб келди ва жажжиларнинг кўзини жовдиратиб эски телевизорни олиб кетди.
Ўша телевизорларни асли андижонлик, Истанбулда тўқимачилик корхонаси соҳиби бўлган Маҳмат ака мухолифатга деб олиб келганди.
–Жаҳонгир Туркияга келиб, оилангиз билан қийин шароитларда қолганингизни биз Америкада туриб эшитганмиз ва Истанбулга бораётган ўзбеклардан Мирзапўлат Ҳакимий орқали қизларим қизларингизга кийим юборишганди.
–Раҳмат. Ўшанда роса қувонишган. Дарҳақиқат, ўшанда жуда қаттиқ ишлаб, оёққа туришимизга тўғри келган. Кейин биз АҚШга келганда, Орегон штатида кекса бир онахон телевизор олиб келиб берганда, “Муҳаммад Солиҳ” деган номни танлаб олган Мадаминовнинг ҳатто мана шу Меридес деган бегона бир аёлдек ҳам бўла олмаслигини ўйлаганмиз.
–Албатта, орада мана шунча гаплар ўта туриб яна Мадаминов ва бошқалар билан бирга, гина кударталарни ташлаб, бир жабҳада бўлишга уринишингиз бу осон эмас. Тушунаман, Ўзбекистондаги зулм қаршисида бу нарсаларни четга суриб туриш керак эди. Лекин буни Мадаминов суиистеъмол қилди. Бирлашиш ҳақидаги ҳамма ҳаракатларни бир йўлини топиб бузди, ўртага душманлик, иғво ва буҳтон солди.
–Бобур ака, мен яқинда Мадаминовнинг сохта бир ном билан ёзган уйдирмасига жавобимда унинг Каримов билан ўхшаш жиҳатларига ҳам тўхталгандим. Жумладан қуйидагиларни санагандим׃
–Каримов 1990 йилда эълон қилинган мустақилликни тан олмай, 1991 йилда ўзига керак бўлганда эълон қилди.
-Мадаминов ўз шахсини ўйлаб 1989 “Бирлик”ни парчалаб, 1990 йилда “ЭРК”ни тузди.
-Каримов аввал сайлов, рефрендум ўйинлари қилди ва муддати тугаса ҳам “қонунлар ясаб”, “лидерман” деб ўтирибди.
-Мадаминов партия уставидаги тўрт йилга, фақат икки марта сайланиш қоидасини бузиб, арвоҳлар кенгашлари ўтказиб, “кет” дейилишига қарамай, ўзини “лидерман” деб жар солмоқда.
-Каримов ўз атрофига самарқандликларни тўплаб, бу қадимий шаҳар обрўйига путур етказди.
-Мадаминов ўз атрофига хоразмликларни тўплаб, мухолифатни қорага чаплади.
-Каримов матбуотни бўғди, “Озодлик” ва “Америка овози”ни ўз пропагандасига ишлатиш учун ҳар қандай жирканчликдан қайтмади.
-Мадаминов ҳам айни йўлни танлади.
-Каримов миллат ва мамлакатни гаровга тикиб, оиласини ҳукмрон этди.
-Мадаминов ҳам миллат ва мамлакатни гаровга тикиб, мухолифат учун олинганларни оиласига, ўзига сарфлади.
-Каримов агар ўзига қарши чиқса сафдошлари ва яқинларини ҳам йўқотиши мумкинлигини кўрсатди.
-Мадаминов ҳам ўз шуҳрати учун сафдошлари ва яқинларини провакация қилиб қамоққа кетишларига йўл очди…
-Жаҳонгир чалғитиш сиёсати ҳақида унутган кўринасиз.
-Сиз Мадаминовнинг чалғитиш ўйинлари ҳақида олдиндан айтган эдингиз. Дарҳақиқат, чалғитиш Каримов сиёсатининг таркибий қисмидир. Жамиятда бир масала етишган пайтда унинг диққатини бошқа томонга буриб юбориш ҳолларини ўтган 15 йил давомида жуда кўп кўрдик.
1992 йил Талабалар шаҳарчаси, 1994 йил Каримовга суиқасд ўйини, 1999 йил Феврал фоқеаларидан тортиб, 2004 йилги портлашларга қадар жамиятда халқнинг норозилиги етилган пайтда унинг диққатини бошқа томонга буриб келинмоқда.
Мадаминов ҳам худди шундай қилмоқда. Қачонки мухолифат ичида пишиб етилган муаммолар таҳлил қилина бошланса у мавзуни бошқа томонларга буриб юборади. Одамларнинг диққатини майда-чуйдалар билан чалғитади. Шахсларга туҳматлар уюштиради. Буни бугун ҳам кўриб турибмиз. Биз суҳбатларимиз аввалида айтган эдик, гапимизни айтамиз ва йўлимизда давом этаверамиз, деб. Бизни чалғитишга уринишлар бўлишини ҳам айтган эдик ва бу чалғитишларга парво ҳам қилмаймиз.
-Ўхшамасга учрамас, дейдилар. Мана бу ўхшашликка қаранг׃
“Ислом Каримовнинг 12 томлик асарлар тўплами нашрдан чиқди. У ҳақда ёзилган китоблар, мақолалар, айтилган фикрлар ҳам катта бир куллиётга жамланмоқда”.(Ўзбек матбуотидан).
“Яқинда, Муҳаммад Солиҳнинг 4 жилдлик асарларига илова сифатида “Муҳаммад Солиҳ ҳақида” деган қалингина бир жилд ҳам нашр этилди.” (“Эрк” сайтидан).
Одатда аввал бир ишни қойил қилиб қўядилар ва кейин мақтов эшитадилар. Сиам эгизаклари эса акси. Биттаси кучли потенциалга эга бўлган Ўзбекистонни хароб этди. Иккинчиси кучли мухолифатни ер билан яксон этиб, шармандаи шармисор қилди. Лекин иккаласини ҳам мақтайдиган ошхўрлар бор. Иккаласи ҳам бу мақтовларни жирканмай қабул қилади.
-Жаҳонгир, биласизми, агар Каримов “Мана мен Ўзбекистон Конститутциясига содиқ қолиб, икки муддат президент бўлдим ва шундан кейин истеъфога кетдим” дея олганда эди, ҳалиги китоблар ҳожатхона мулкига айланмасди. Мадаминов ҳам “Мана мен партия низомига содиқ қолиб, икки марта ҳар бири 4 йилга сайланиб, кейин истеъфо бердим” дея олса эди, уни мақтаганларга биров қулоқ соларди. У агар ўзи ҳақида эмас, Каримов режимини фош этиш ҳақида китоб чиқарганини айтганида ҳам, э, булар бошқа-бошқа одамлар деб қўя қолардим.
-Бобур ака ўхшашликлардан яна биттаси ҳам бор. Буни ҳам мен ўйлаб топганим эмас. Фақат парчалар келтириш билан чекланаман׃
“Ўн йилдан бери ҳар ойда бир-икки марта Каримов номига хат ёзаман. Бир марта ҳам жавоб олмадим”. (Салима Қодирова, адвокат, “Туронзамин”).
“Мен бир неча марта сайтларига хат йўллаганман, лекин бир сатр ҳам жавоб бермаган. Мадаминовнинг ҳаттоки на электрон почтаси, на телефон рақами аниқ…” (Бобур Исоев, “Туронзамин”).
-Каримов халқдан мутлақо узилган. Унинг учун халқнинг дарди бир тийин. Керак бўлса, бу халқни онангни деб ҳам сўкаверади. Худди ана шу ҳолни Мадаминовда ҳам кўрмоқдамиз. Филаделфияда яшайдиган ҳамюртимиз Мақсуджон, уни балки эсларсиз, 2005 йил Андижон воқеаларидан кейинги учрашувимизга келган эди. Ўшанда Абдуманноб Пўлат уни Мадаминовга таништирмоқчи бўлиб ёнига борган ва “Бу бизнинг келажак ёшларимиз” деганда Мадаминов қайрилиб ҳам қарамабди.
-Бобур ака, у йигит ўшанда АҚШ Конгрессидаги учрашувга ҳам борган ва танишаман деса, “Вақтим йўқ” жавобини олган. Бундай мисоллар сони мингта…
-Ҳа, бундай менсимаслик билан бу халқни ҳақорат қилмаганда 16 йилдан бери бир партиянинг диктатор раиси бўлиб ўтирмасди. Демократман деган сўзига лойиқ бўлиб, демократик қадамлар билан Каримовни уялтирган бўларди. Аммо у бунга қодир эмаслигини исботлаб турибди. Каримов ўлгунча кетмасликка уринаётгани каби, у ҳам тиш тирноғи билан қаршилик кўрсатмоқда.
(ДАВОМИ БОР)
Filed under: 1.BOSH SAHIFA, Savol-Javob, Siam egizaklari, Uzbek |
Leave a Reply