Исми жисмига мосми?
САВОЛ׃ Одатда инсоннинг феълига, хулқ-атворига, одоб-ахлоқига, қилаётган ишига қараб тавсиф беришади. Баъзан унинг исмига қараб ҳам: “Исми жисмига мос” дейишади. Ота-оналар ўз фарзандларига ният қилиб турлича исм қўядилар, масалан, ўғлим жаҳонгашта бўлсин деб Жаҳонгир, бахтли бўлсин деб Бахтиёр ёки гулдек очилиб юрсин деб Гулбаҳор, Лола ва ҳоказо.
Лекин кўп ҳолларда ҳаётда ўша инсонларнинг ўз исмларига нисбатан тескариси ҳам бўлиб туради.
Эркин Халилов, Эркин Воҳидов, Эркин Самандаров, Эркин Аъзамов, Эркин Шайхов, Эркин Рўзиев, Эркин Ҳайитбоев… Бу инсонлар ҳақида бирон фикр билдира оласизми? (Ҳурмат билан Эркин).
ЖАҲОНГИР МУҲАММАД׃ Ўзбекнинг кўп одатлари бор. Сиз айтган каби турли ният-орзулар билан боласига исм қўйиш ҳам ана шу одатларидан бири. Инсон орзуси ҳамма вақт ҳам ушалмагани каби бу борада ҳам унинг орзулари чил-чил синган пайтлар кўп бўлган ва бўлаверса керак.
Акс тақдирда исми Ислом бўлиб, ўзи ислом душмани бўлармиди?
Ёки исми Шавкат бўлиб, ўзи бешавкат бўлармиди?
Ёки исми Гулнора бўлиб, ўзи бағри тошпора бўлармиди?
Сиз номларини санаган одамлар ҳам ҳаминқадар!
Менимча, сиз исмингиз Эркин бўлгани учун бу инсонлар билан қизиққансиз ва уларни яхши танийсиз ёки менинг “ИАК” китобимни ўқиб чиққансиз. Бу китобда шу одамлар ҳақида етарли қадар маълумот бор. Ҳатто уларга қўшимча яна бир Эркин -Эркин Ҳожиев ҳақида ҳам маълумот мавжуд.
Яқинда икки қисмлик бир китоб ёзишни бошладим. Бири “Уларни танийсизми?” деб номланса, иккинчи қисми “Салтанат сиймолар” деб аталади.
Биринчисида мен журналистика, адабиёт, маданият ва сиёсат жабҳасида бевосита ёки билвосита таниганларим, уларнинг менга маълум фитратлари ҳақида гап борса, иккинчисида менга яхшилик қилган шахслар ва шахсиятлар, қариндошларим, яқин дўстларим, оддий одамлар, танишларим ҳақида билганларимни ёзмоқчиман. Буни имкон қадар саҳифама саҳифа эълон қилиб бораман. Бу билан келажакнинг тарихчиларига озми кўпми ёрдам қилган ҳам бўламан.
Балки сиз эслатган каби, исмларга ҳам алоҳида эътибор беришимга тўғри келади.
Manba: www.jahongir.org
Filed under: 1.BOSH SAHIFA, Savol-Javob, Uzbek |
Leave a Reply