She’riyat

ТОҒБОЙ АБДУРАЗЗОҚ

ҚОРОВУЛ

Ташқарида совуқ ҳукмрон,

Қаҳратон қиш сочар заҳрини.

Тўхтаб тунда шовқин ва сўрон,

Уйқу олган Бишкек шаҳрини.

Деразадан муралаб танҳо,

Термуламан ташқарига жим.

Уйқу элтиб қолганда гоҳо,

Ёнбошлайман, ечинмай — ғижим.

Уйғонаман сесканиб баъзан,

Итлар ҳуриб қолганда чўчиб.

Ачинаман қадримга арзон,

Арзимаган чақага учиб.

Йўталаман хонадан чиқиб,

“Қоч, ўғри! — Мен бор”, дегандек,

Мен — қочоқни қидирганлар ҳам,

Хизмат қилса, кошкийди, мендек.

4 январ 2007 йил

НУРИЛАга

Никоҳни баъзида қиласан орзу,

Уйланишим керак, тўғри, жонгинам.

Ростини айтганда тилаклар эзгу,

Ишонма, яхшиси, сен менга, санам.

Лайлидек интизор васлимга зорсан,

Афсуски, дардимни айта олмайман.

Гаровда ҳаётим, юраман сарсон,

Аросат йўлларда қийналиб ёмон.

11 январ 2007 йил

ЭЛЛИРАга

Эй менинг суянчим, қайга кетдинг, айт?!

Лоақал, қилмадинг бир бор қўнғироқ.

Лобарим, кеч эмас, қайт, изингга қайт!

Интизор кутаман, ўртада фироқ!

Ранжитиб қўйдимми сени ногаҳон,

Айланай, кечиргин соғиндим бирам!

Гинага ўрин йўқ, бу ёруғ жаҳон,

Афсуски, қоронғу — сенсиз, эй Лирам.

5 январ 2007 йил

ҚИРҒИЗ ХОНИМЛАРГА

Сен билан яшасам, қоламан усиз,

Уни тарк этишим эмасдир осон.

Айбимни яшириб яшайман унсиз,

Баъзида ҳайдалиб уй-жойсиз, сарсон.

Ёнаман, куяман икки ўт аро,

Ўзимни ололмай оловдан нари,

Аёллар рашк қилманг, куйиб ўзаро,

Яқинда кетаман ўзга юрт сари.

5 январ 2007 йил

ТЎРТЛИКЛАР

* * *

Динда ҳам тортишиш, ҳийла ва ғирром,

Шубҳадан иборат ҳалол ва харом.

Ҳақиқат ягона — ҳаммага аён,

Лекин у бизларда шайтонга қарам.

* * *

Сувга зор, қуп-қуруқ сойларни кўрдим,

Пулдорлар етмаган жойларни кўрдим.

Дўзах азобидан тортиб ол! — дея

Гадойга қўл чўзган бойларни кўрдим.

* * *

Тушимга кирмаган тарафдаман,

Муаллақ ҳолат — изтиробдаман.

Бир ёнда жаннат, бир ёнда дузах,

Ўртада сарсонман, Аърофдаман.

* * *

Тўрт томон қоронғу, кўринмас чироқ,

Жудоман юртимдан, айрилиқ, фироқ.

Бу дунё зиндондай, тор келди менга,

Манзилим бир қадам, етишмоқ — йироқ.

* * *

Эй бахил, тоқатим йўқдир заҳрингга,

Муҳтож ҳам эмасман, ғараз меҳрингга.

Сиқилма, орқангдан эргашганим йўқ,

Ер юзи тушмаган ҳаққи маҳрингга.

13 январ 2007 йил

УЧЛИКЛАР

* * *

Ойнада ўзимни кўргандай бўлдим,

Шеърларингни ўқиб, дўстим, бирма-бир.

Нақадар аянчли, ғариб эканман!..

* * *

Мевали дарахтга тош отар ҳар дам,

Мевасиз дарахтлар бундан мустасно.

Ялтироқ, жин теккан дўланалар ҳам.

* * *

Сенга эргашмайман, кетсанг, кетавер!

Дунёга келгансан сен ўзинг менсиз

Ва менсиз дунёдан ўтишинг аниқ.

18 январ 2007 йил

ТАШАККУР

Жилмайишиб бермади жавоб:

“Ёрдам!” — деб қўл чўзсам бутларга.

Айлаганда уларни тавоб,

Сабабсиз таландим итларга.

Дайди бошга изладим паноҳ,

Тош юраклар уқмади оҳим.

Кутилмаган томондан ногоҳ,

Етказмоқда ризқим Аллоҳим.

Омонатман Ўзингга ёлғиз,

Яратган Зот — беадад шукр,

Меҳри дарё, эй аҳли қирғиз,

Ғамхўрлигинг учун ташаккур.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: