Nuqtai nazar

ВАҚТ ҲАММАСИГА ОЙДИНЛИК КИРИТАР ЭКАН…

Мен кўпдан бери кузатиб бораётганим бир сайтда эълон қилинган янгилик мени чунонам хурсанд қилдики, асти қўяверасиз. Чунки, эълон қилинган янгилик кўпдан бери яшириб келинаётган бир ҳақиқатни ошкор қилганди. Назаримда, бу Ҳикмати Олийнинг ким аслида ким эканлигини ўзига хос услубда аён қилгани бўлди. Ва айнан шундайлиги учун ҳам У зотга чексиз ҳамдлар бўлсин, дейман.

Гап шундаки, 16 январ куни ўзини “Озодлик” радиосининг энг кучли ва таниқли мухбири дея таништириб, халқ орасида маълум мавқега эришиб олишга жон жаҳди билан уриниб келаётган бир кимса, “Марказ-ТВ” дея аталувчи телеканалда махсус кўрсатув билан чиқибди. Яна ким сифатида денг, телеканалнинг махсус мухбири сифатида. Тавба, турланишингдан айланай, ахир бўлар экан-ку а? Гап радио мухбири Самандар ҳақида кетаяпти.

Аввало кўпчилик биродарларимиз (сайтга меҳмон бўлиб турувчи дўстларни назарда тутяпман) мазлумлар диёридан анча йироқда эканлигини инобатга олган ҳолда, озроқ изоҳ бериб ўтсам. “Марказ-ТВ” меҳрибон зулмкоримизнинг арзандаси, Гулнорахон Каримовага қарашли телеканал ҳисобланади. Боз устига бу канал, бошқа каналлардан фарқли, анави идора томонидан астойдил қўриқланиб, химоя қилинади. Яъни, анча-мунча одам бу телеканалга бурин тиқиши у ёқда турсин, ишга жойлашиши амримаҳол. Бунинг учун дастлаб махсус чиғириқдан ўтмоғи, кимсан, шахсан ўзларига (қизлари эмас, ҳў-в ўзларини айтмоқчиман) нисбатан чексиз муҳаббат ва садоқатга эгалигини исботламоғи лозим. Акс ҳолда пишт…

Мамлакатда шу кунларда ўнлаб анча маҳоратли, ўша телеканалда оғзини ёнга бурган ҳолда кучаниб минғирлаган йигитчадан кўра анча тажрибали журналист йигит қизлар ишсиз юрибди. Бир пайтлар Америка ташкилотлари билан алоқа қилиб қўйганликлари боис улар учун мамлакатдаги барча ташкилотлар, ҳатто баъзан ҳорижий компаниялар эшиклари ҳам ёпиқ. Каримовага қарашли телеканал ҳақидаку умуман гапиришнинг ҳожати йўқ. “Озодлик”нинг энг “зўр” мухбири, Ўзбекистонга келса гўё қамаб қўйишлари мумкин бўлган мухбири эса махсус репортажлар билан чиқиш қилиб туриптию… Бисотингизда кўк чой бўлса шу ерида мақолани ўқишдан тўхтаб, ундан бир хўплангда, мундоқ мушоҳада қилиб кўринга… англаяпсизми нима намойишлар бўлаяпти?

Ҳўв бир мултфилимдаги Мирзабек Ҳолмедовнинг қаҳрамони тили билан айтганда, бунақанги намойишдан сўнг, сигирлар роса болалайдиган бўлдида…

“Озодлик” радиосининг маълум маънода ўзи учун мухим санаган принциплари бўларди. Яъни, радио мухбири айни вақтнинг ўзида бошқа бир ОАВнинг ҳам мухбири, айниқса махсус мухбири бўлиши мумкин эмас. Қолаверса “Озодлик” радиоси билан 2004-2005 йиллар давомида олишиб келган телевидениеда “Озодлик” мухбирининг пайдо бўлиб қолиши ва шу билан бирга ўз радиосида ҳам ишлайвериши, просто ақл бовар қилмас ҳолда. Балким, радио ходимлари ўзларига хос андишасизлик билан бир нималарни валақлаб, бизга қарши чиқиши ҳам мумкиндир, “Марказ-ТВ” Ўзбекистон миллий телевидениесидан мутлақ мустақил канал, деб. Майли, айтишсин, жавобимиз тайёр. Ўзбекистондаги ҳар қандай ахборот манбайи хоҳ у мустақил бўлсин, хоҳ назорат остида бўлсин, айниқса электрон ОАВ (телевидение ва радио) шубҳасиз ҳукуматга қарашли.

Дарҳол радио ёмон отлиқ қилиб, четга улоқтириб ташлаган мухбир йигитга боғландим. У эса ҳозиргина Бирлик ҳаракати партиясига қарашли “Харакат.нет” сайти мухбири билан гаплашгани ва ундан бу ҳақда эшитиб, лол ўтирганини айтиб қолди. Нима деб ўйлайсиз, буни қандай изоҳлаш мумкин, деб уни гапга тортдим.

— Гапнинг очиғи, нимадир дейишга ҳайронман. Балким, бу биз анчадан бери сабр билан қидириб келаётганимиз исботдир, билмадим. Ҳар қалай бу ишнинг ортида шунчаки англашилмовчилик турибди, дейиш фикридан йироқман. Зеро, нафақат “Марказ-ТВ” раҳбарияти, балки телевидение фаолиятини мувофиқлаштириб бораётган идоралар ҳам “Озодлик” радиосининг барча мухбирларини ёддан танийди. Демак… рухсат бор эканда… қандайдир ришталар ҳам бордир, ким билади, яна озроқ сабр қилсак балким, барчаси ойдинлашиб қолар… Ҳар қалай Америкага қарашли барча ташкилотлар камситилаётган бир пайтда, ҳукумат томонидан алоҳида ғазабга учраган радио мухбирининг мамлакат телевидениесига қарашли, майли бир каналида бўлса ҳам чиқиб туриши, ғалати ҳолат…

Сизу бизнинг мулоқотимиз манбайига айланиб улгурган, шу билан бирга ўз саҳифасидаги бир қадар мушохадали чиқишлари билан кўнглимизга ўтирган, мазкур сайтда “Озодлик” радиоси борасида бир қанча фикрлар билдирилди. Бирлик партиясининг сайтида ҳам. Баъзан радиони химоя қилиб билдирилган фикрлар ҳам учради. Танқид эгалари ҳам, ҳимоя эгалари ҳам ниманидир билгани учун гапираяпти, деб кифояланган эдим. Буни қарангки, танқид эгалари чиндан ҳам кўп нарсаларни билган экан…

Ҳеч ёдимдан чиқмайди, Шайбонга нисбатан ҳўв фитналар уюштирилган пайтлари эди, қадрдонимиз Носир Зокирнинг олдига ўтдим. Ака, бу қанақаси бўлди, десам, Носир Зокир “Ҳайронман, Абдулла Искандар бизда юз фойиз исбот бор”, дедию, девди. Сарвар Усмон ҳам Носир акага “У масалага аралашманг, ўзингизга ғалва орттириб оласиз” деган экан, қолганларнинг оғзидан чиққан айбловларнику гапирмаса ҳам бўлади. Сал қолса ўз ҳамкасбларини учига чиққан муттаҳамга айлантириб қўйишди. Кимсан “Озодлик” радиосининг адолатпарвар ходимлари. Ўшанда Шайбонга боғланиб, дўстим бир нима денг ахир, биз мухлислар бундай гап-сўзлардан довдираб қолдик, дедим. Йигитнинг жавоби мени шу қадар илҳомлантирдики, уни аввалгиданда кучлироқ ҳурмат қила бошладим.

Шайбон, шундай девди: “Пайгамбаримиз алайҳиссаломнинг шундай ҳадислари бор, агарки кимдир сизга у ундоқ экан, бу бундоқ экан деб арзланса, билингки, унинг ўзи шундайдир, деган. Хулоса чиқараверинг, ака”. Қаранг Аллоҳнинг Сайиди ҳақ сўзни айтгани, исбот бўлиб турибди-ку. Мен ҳеч ҳам хайрон бўлмайман агар эртага, радионинг яна бир мухбири Ташқи ишлар вазирлигига, бошқаси МХХга, яна бири Ўзбекистон президенти қошидаги Давлат ва жамият қурилиши академиясига, Ўзбекистон радиосига, Бош прокуратурага келиб қолса. Шу ерга бориб тақалувчи имкониятлари борлиги бугун Ўзбекистонда оғиздан оғизга кўчиб юрибди. Бириси ҳақидаги гап сўзлар нечоғли ҳақлиги мана исботланиб қолди, демак қолганлари ҳақидаги гапларнинг исботланиши ҳам яқин орадаги иш…

Албатта сўзим сўнгида радио раҳбарияти кўзини очиб, йўл қўйган хатоларини ўнгламоғи, сабабсиз бурнини қонатгани инсонлардан расман кечирим сўраб, уларни тан олиши ва ниҳоят соғлом жамоатчилик томонидан айтилаётган эътирозлар бўйича зудликда тегишли чораларни кўрмоғи лозим, акс ҳолда унинг мавқеига янада путур етади, дейишим тўғри бўларди, балким. Аммо, шу ерида ўйланиб қолдим, ахир радио раҳбарияти хатога йўл қўйганини билади, билиб, англаб турса-да, уни шундай хато хулосалар чиқаришга ундаган шахсларнинг йўриғига юриб келаяпти экан, ўзбекнинг гапини гап тушунмасларга исроф қилдиришни истамайман. Энг тўғри йўл бу ҳолатда сизу бизнинг ва биз қатори яна юзлаб, минглаб ўзбекистонликларнинг ким аслида кимлигини англаб етмоғи. Шундагина сизу биз назарда тутаётган шайтон малайлари қилмишларига яраша жавобни олади. Ахир, ўзгача бўлиши ҳам мумкинмаску, шундай эмасми…

Нидои Мазлум

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: