Конли Январ

1992 йил, 16 январ…

Январ ойининг ўртаси бўлишига қарамай ҳаво юмшоқ эди. Менинг телевидениеда ишлаётганимга бир неча кун бўлганди. Иш кўплигидан саҳар келиб, ярим тунда қайтардим. Шу куни эрталаб хонамда янги тайёрланган дастурларни кўриб, кундалик мажлисга лойиҳалар тайёрлаётгандим. Ходимларимиздан бири ҳовлиқиб келиб қолди.

-Бугун Талабалар шаҳарчасида қандайдир воқеалар юз бермоқда. Ўғлим талабаларнинг нарх-наво ошишидан норози эканликларини, кеча кечқурун эса уларнинг домласи Марат Зоҳидов “Эртага туш пайти нон магазини ёнида намойишимиз бор, агар қаршилик кўрсатилса очлик эълон қилинглар” дебди.

-Кимга айтибди? – Мен ҳайратланиб сўрадим.

-Ўғлимнинг бирга ўқийдиган дўстига айтибди. Ўғлимга сен узоқроқ тур, дедим.

Иш ичида Марат Зоҳидов бўлса, демак яна қандайдир ўйин бошланди, деб ўйладим. Марат Зоҳидовни яхши танийман. Озгина манфаат учун отасини ҳам сотиб юборишга тайёр. Аслида талабалар ҳақ. Сайловдан олдин арзонгарчилик ҳақида гапирган Каримов сайловдан кейин дарҳол нарx-навони ошириб юборди. Айниқса, нонни қиммат қилгани талабаларнинг қонини қайнатиши аниқ. Зотан, улар сайлов ўйинларининг фарқидалар. Уларни сайловдан бир ҳафта олдин овоз беришга мажбур қилишди. Бир жойда гўгурт ёқилса, талабалар “портлаб” кетишади. Намойиш қилишса, майли. Инсонлар ўз ҳақларини намойишлар орқали кун тартибига қўядилар. Талабаларимиз бу йўл билан демократияни ўрганадилар. Бир куч, бир муштга айланадилар. Адолатнинг ҳимоячиси бўладилар. Лекин бу ишнинг бошида Марат Зоҳидовнинг туриши қандайдир ўйин борлигидан даракчи. Марат Зоҳидов ҳукуматнинг қўғирчоғи. Гоҳида билиб, гоҳида билмай қўғирчоқлик қилади. Бугунга қадар беш-олти ерда у бош рол олди. Қанча-қанча бегуноҳ инсонларнинг умри завол топди. Аввалига жилови Московда эди, кейин ўзимизникилар ҳам уни қўллай бошладилар.

Мен телевидениега ўтганимдан буён девондаги гаплардан унчалик хабардор эмас эдим. Балки девонда бўлсам ҳам бу ўйинлардан хабардор бўлишим мушкул эди. Чунки девонда нафақат талабалар шаҳарчаси, балки меннинг ўзимга қарши ҳам янги ўйинлар ҳозирланганидан кейинчалик хабар топдим.

…Талабалар шаҳарчасидаги воқеаларни билиш учун машинамга ўтириб, ўша томонга йўл олдим. Шаҳарчанинг атрофи миршаблар билан ўраб олинганди. Машинамни тўхтатишди.

-Ичкарига кириш мумкин эмас, – деди миршаблардан бири.

-Бу киши миллатвакили, қолаверса телевидениенинг раҳбари,- деди шофёр йигит.

-Миллатвакиллари, раҳбарлар учун бу ер таҳликали. Туман марказида раҳбарларимиз ўтиришибди. Улар кимни исташса, уни ўзлари билан бирга олиб киришади. Президентнинг топшириғи бу!

Мен машинадан тушиб миршабларнинг бошлиғига юзландим:

-Майли, мени киритманглар, лекин мухбирларга изн беринглар,- дедим.

-Сизни таниб турибмиз. Агар ичкарига ўтказиб юборсак, бошимиздан айриламиз. Боя бир икки миллатвакиллари боришди, аммо талаблар уларни тошбўрон қилишди.

-Кимлар борди?-деб сўрадим мен.

-ЭРК партиясининг раиси Муҳаммд Солиҳ билан, Бош Прокурор Бўритош Мустафоев талабаларни тинчлантиришга уринмоқчи бўлишди, аммо қулоқ солишмади, уларни тошбўрон қилишди, аранг қочиб, қутулиб қолишди,-деди миршаб.-Шу сабаб мухбирларга ҳам рухсат йўқ.

-У ҳолда мен ўзим ўтаман! Куч билан тўхтатиб қолишга ҳаққингиз йўқ. Танланг, ё менга ё мухбирларга рухсат беринг. Хуллас, Тошkeнт шаҳар ҳокими Фозилбековга қўнғироқ қилгандан кейин улар мухбирларга изн берадиган бўлишди, аммо таҳлика дея менинг ўзимга рухсат беришмади.

Дарҳол Ахборот бўлимида ишлаётган Комилжон Каримжонов исмли журналист йигитни чақириб, шаҳарчага жўнатар эканман:

-Ҳамма нарсани қамраб олишга ҳаракат қилинг, яна қўшимча одам керак бўлса олинг, бундай шароитда биз ҳақ тарафида туришимиз керак. Ҳақиқатни ўртага қўйиш учун воқеаларни тўрт-беш камера билан тасвирга олайлик -дедим.

Кейин ўзим марказига бормоқчи бўлдим. Лекин асосий ишим телевидениеда, бугунги дастурларни ўзгартиришим, ҳукумат раҳбарларини таклиф этиб, халқни хабардор қилишим, консерт дастурларини тўхтатишим керак, деб ўйладим. Чунки бир томонда отишмалар давом этган пайтда, биз консерт кўрсатиб ўтирсак, на ақли-салимга ва на инсонийликка тўғри келади.

Ишхонамдан Бош вазирга сим қоқдим. Ҳали яқиндагина Бош вазир этиб тайинланган Абдуҳошим Муталов билан яқинда касалхонада учрашгандим. Ўшанда Муталов вазир эди. Каримов “онангни” деб ҳақорат қилгани учун хасталаниб касaлхонада даволанаётганди.

-Каримовнинг кўнгли тор бўлса, унинг қанотлари остида яшаётганлар учун дўнё тор бўлади. Агар у кўнглига яхшию ёмонни, ўжару қобилни сиғдира олмаса, ҳам ўзини қийнайди ҳам бошқаларни, -деган⨎им унга.

-Каримов яхши одаму…- Абдуҳошим Муталовнинг бўғзига нимадир тиқилди. Бу қўрқув “мушт”и эди. Шунга қарамай узоқ суҳбат қилдик. У ҳар қанча эҳтиёт бўлмасин, баъзи нарсаларни тан олишга мажбур эди. Суҳбатлар қўр олган кунларда уни чақириб қолишди. даволанишни чала ташлаб кетаркан:

-Ҳечқиси йўқ, эрталабдан эрталаб спорт билан шугулланаман,- деди.

Менинг хаёлимни котибанинг мулойим сўзлари бўлди.

-Гапиринг, Абдуҳошим Муталович телефондалар,- деди у.

Салом-аликдан сўнг мен унга:

-Талабалар шаҳарчасида нима бўлаяпти? Эшитишимизча, талабаларга нон юборишмабди. Бунинг устига оч қолган талабаларни калтаклашибди. Ўқ товушлари эшитилгани ҳақида хабарлар келмоқда. Ҳукумат бу хусусда халққа бирор бир тушунтириш бермайдими? Қолаверса, нега бу қадар миршаб ва аскарлар шаҳарчага юборилмоқда? – дедим.

-Жаҳонгир ака,-деди Абдуҳошим Муталов гарчи ёши мендан анча улуғ бўлса-да. – Биласиз-ку, бу хусусда “катта” билан билан гаплашиш керак.

-Майли, гаплашиб олинг. Ҳатто бу воқеа ёмон тус олмаслиги учун миршабларни орқага чақириш таклифини айтинг. Аслида Марат Зоҳидовга ўхшаганларга кимдир яна рол берган бўлса керак. Тезроқ ҳаракат қилайлик, ёмон воқеаларнинг олдини олайлик.

-Менимча, сиз қўнғироқ қилсангиз яхши бўлармиди?- деди Абдуҳошим Муталов товушини ютиб.

Қўрқоқ, деб ўйладим мен. Лекин қўрқмасдан ҳам иложи йўқ, чунки у қўрқиш учун туғилган. Ҳаётдаги роли қўрқоқлик.

Мен девонга сим қоқдим:

-Ишлар яхшими? Корҳо нағзми? Как дела? – дея уч тилда “сайрай” бошлади Крайнов.

Унинг кайфиятига қараганда, дунё тинч. Баъзан мутлоқ тескариси ҳам бўлиши мумкин, ичкарида жиддий тортишувлар ёки Крайнов ибораси билан айтганда “осмон йиқилиб тушган” пайтларда у сир сақлашга уринади. Талабалар шаҳарчаси ҳақидаги гапни эшитган Крайнов расмий оҳангда: -Сиз Бош вазирга ҳам телефон қилган экансиз. Ҳозиргина ўртоқ Каримов Олий кенгаш раиси Йўлдошевга топшириқ бердилар. У икки дақиқа олдин девондан чиқиб кетди. Тез орада ўз хонасига етиб боради. Бу масала билан энди у шуғулланади. Телевидениеда эса шаҳар раҳбари Адҳамбек Фозилбеков чиқиш қилади,-деди ва бирдан гап оҳангини ўзгартириб, яна расмий минбардан ўз ҳолига тушди.- Нағзми? Яхшими? Хорошо, нима дедингиз, Жахангир ака?- деди исмимни русча талаффуз қилиб.

-Уч тилда гапирмасангиз тушунишим қийин эди,- дедим киноя билан.-Шаҳар раҳбари эмас, жумҳурият раҳбарларидан бири чиқиб, халққа тушунтириб берсин.

-Ўртоқ Йўлдошевга телефон қилинг! – деб телефон дастасини қўйди у.

Мен Крайновнинг тарзидан ранжиган бўлсам-да “ўша билан тенг бўлиб ўтираман-ми” дедим-да, Олий кенгаш раисига сим қоқдим. Йўлдошев дўриллаган овоз билан худди радиода баён ўқиятгандек расмий оҳангда гапира бошлади. Бу эса унинг Каримовдан ростдан ҳам топшириқ олганини кўрсатарди. Акс тақдирда у ҳол-аҳвол сўрашдан нарига ўтмасди. Ҳар бир нарсадан ҳуркадиган Йўлдошев бундай жиддий оҳангда худди ҳисоб бераётган каби гапирар экан, демак сарой қозонида кўп нарса қайнамоқда.

-Махсус хабарнома эълон қиламиз,- деди Йўлдошев.- Комиссия тузаяпмиз. Комиссия таркибига жамоатчилик вакиллари, ҳуқуқ-тартибот органлари тамсилчилари, мухолифат раҳбарлари ҳам киритилади. Адҳамбек Фозилбекович воқеалар ривожи ҳақида гапириб берадилар. Қайси пайтда кўрсатасиз?

-Ахборотдан аввал “Сўнги соатда” деган рукун остида берамиз.

-Яхши, тайёр бўлиб туринг!

Йўлдошев ҳам енгини ҳам почасини шимариб олган кишини эслaтарди. Бевосита Каримовдан топшириқ олганига шод эди. Мен бу одамдан бир иш чиқиши қийин, деб ўйладим-да, сиёсий-иқтисодий кўрсатувлар таҳририяти мудирини чақирдим. Унга шаҳар раҳбарини топишни ва унинг баёнотини ёзиб олишини уқтирдим.

-Шаҳарчадан келтирган барча репортажларни берамиз, ортидан эса расмий қарашни эълон қиламиз, – дедим.

Кўп ўтмай мудир ҳовлиқиб келди.

-Шаҳар идорасида ҳеч ким йўқ Ҳамма Талабалар шаҳарчаси яқинидаги штабда экан.

-Булар аллақачон штаб ҳам тузишибди-ми?

-Штабда фақат ҳукумат телефони ўрнатилган экан. Шу боис ўзингиз қўнгироқ қилсангиз.

Мен ҳукумат телефонидан шаҳар раҳбари телефонининг рақамларини тердим. Телефон жирингларкан, булар телефонлари билан бирга юришади, дарров штаб қуриб, ҳукумат телефонини ҳам ўша ерга олиб боришибди, ҳар ҳолда Талабалар шаҳарчасида қишлайдиганга ўхшашади, деб ўйларканман нариги томондан “хасаки” овоз эшитилди. Бу Фозилбеков эди. Хиррик овозда нутк ирод қиладиган Фозилбековни илк бор катта бир қурултойда кўргандим. Ранги оқариб, чеҳраси сўлиб қолган Фозилбеков ўшанда аввал Московдаги тўраларнинг “пўстагини қоқди”, кейин ҳатто пойтахт шаҳар миршабларининг бошлиғининг ўзининг машинасини ўғирлаб кетишгани, шаҳарда жиноятчилик ҳаддан ошгани, шунга қарамай миршаббошига генерал унвони берилганидан ранжиб гапирганди.

Бу ўша пайтда Коммунистлар партиясиниг бошида ўтирган Каримовга тегиб кетди. Чунки фақaт унинг тавсияси билан генерал унвони бериларди. Шу боис Каримов Фозилбековни чимдиб олди:

-Икки киши бир кўрпанинг остида ётолмасангиз, ЗАГСга айтамиз ажратиб қўяди,- деди у ёнидаги иккинчи котибга қараб. Иккинчи котибнинг кадрлар масаласи билан шуғулланишини ҳамма яхши биларди.-Кимга генерал унвони бериш-бермаслик эса бизнинг ишимиз.

Ўшанда кўпчилик Фозилбековнинг илдизи қуриди, у барг тўкаяпти, яқинда гурсиллаб йиқилади, деса-да у маҳкам чиқди. Тўғрироғи Шукрулло Мирсаидов уни асраб қолди. Аммо Каримов ўз креслосини мустаҳкамлаб олган кунларда Фозилбеков балиқдек сийрилиб, Мирсаидов ариғидан Каримовнинг денгизига “сакради”. Энди Каримов уни Мирсаидовга қарши қўллана бошлади…

Телефоннинг нарёғидан келган хиррик овоз бирдан тинчиб қолди. Кейин бошқа товуш эшитилди:

-Бу телефон номери 54 – 59, ким билан гаплашмоқчисиз?

-Фозилбековни қидираяпман,- дедим мен.

-У киши ҳозиргина чиқиб кетдилар. Ҳукумат комиссиясига телевидение раҳбарларидан Элбек Мусаев ҳам киритилган, қолаверса, радио-телевидение раиси Эркин Ҳайитбоев ҳам ўша ерда.

-Мен ҳали ўзимни танитганим йўк, мақсадимни ҳам айтганим йўқ сиз эса ҳаммасига олдиндан жавоб бердингиз. Ёнингизда ким борлиги ўз йўлига, лекин Фозилбековга айтинг, ҳукумат номидан гапириш у кишига ҳавола қилинди. Биз ҳаққоният учун ҳукумат фикрини ҳам бермоқчимиз. Агар гапирмасалар репортажлар билан кифояланиб қоламиз, – дедим мен.

Элбек Мусаев илгари менинг ўрнимда ишлар эди. Ижодий томондан талантли аммо раҳбар сифатида ҳеч бир қарор олмайдиган одам эди. Унинг ўрнига мени тайин этишганда бош вазир ўринбосари Эркин Самандаров у одамни сақлаб қолиш учун кўп уринди ва раиснинг биринчи ўринбосари, деган лавозим ташкил қилишди. Мана энди уни ҳукумат комиссияси таркибига қўшишган ва уни Каримовга яқинлаштириб, айни пайтда менинг йўлимни тўсишмоқчи эди. Бу ўйиннинг ичида Фозилбеков ҳам борлигини кейинчалик билиб қолдим. Менинг бу ишга тайинланганимдан норози бўлганлардан бири Марат Зоҳидов эди.

У бир мажлисда “Биз шунча иш қилсак-да, лекин Ислом Каримов ўзига қарши бўлган одамни шундай ишга тайин этса, бу нима дегани?” деб савол бераркан, номи Фозилбековнинг дафтарига тушган экан. Ўшанда Фозилбеков Марат Зоҳидовга берган ваъдаларининг ичида, жумладан мени йўқотиш ва бунда унинг ёрдами кераклигини айтган экан. Бу ҳақда кейинчалик Марат Зоҳидовнинг ўзи таб тортмай эътироф этган…

Ҳозир эса телефонда гаплашаётган одам пичирлаб менинг гапларимни ёнидаги кишига такрорлади. У Фозилбеков эди. Меннинг товушимни танигани учун телефон дастасини ёнидагилардан бирига берганди. У ингичка овозда “Ҳаммаси ўзини олиб қочади” деди. Бу гаплар менга эшитилиб турган бўлса-да, телефон дастасини тутган киши:

-Билишимизча Фозилбеков Олий кенгаш раиси билан гаплашдилар, у киши ҳам рози бўлдилар. Телевизорда Абдуҳошим Муталов чиқадиган бўлдилар, – деди.

Бироздан кейин мен яна Йўлдошевга сим қоқдим:

-Биламан, “Ахборот” соати яқинлашиб қолди. Абдуҳошим Муталов чиқадиган бўлдилар! – деди у қисқа қилиб.- Бу ҳақда Элбек Мусаевични ва Эркин Ҳайитбоевнинг хабарлари бор.

Орадан беш дақиқа кечиб Ҳайитбоев менга телефон қилди:

-Мен Талабалар шаҳарчасидан қайтаяпман, – деди у.

-Нима бўлаяпти ўзи? Сиз қачон бориб улгурдингиз? Мени шаҳарчага ўтказишмади-ку?! Бориб воқеаларни ўз кўзим билан кўриб келмоқчи эдим.

-Бу томонга яқин келманг. Ҳеч кимни ичкарига киритишмаяпти. Қолаверса, воқеалар кеча кечаси юз берган, ҳозир эса шаҳарчада осойиш ҳукум сурмоқда. Менга муҳтарам Йўлдошев жаноблари телефон қилдилар, биров орқали эмас, шахсан ўзлари, халқимизни воқеалардан хабардор қилсак, дедилар. Ислом акам ҳам ҳассосият билан бу масалага эътибор бермоқдалар. У кишининг топшириқлари асосида Бош вазир халққа мурожаат қилади. Сиз бутун телевидениени ана шу ишга сафарбар қилинг, ички масалалар булан шуғулланинг, ташқи масалани мен билан Элбек акангизга қўйиб беринг, дарвоқе ана у бузғунчи депутатлар телефон қилишмаяптими?- деди у.

Мен Ҳайитбоевнинг ўпкасидан чиқаётган гапларини телефон дастасини қўлоғимдан узоқрок тутиб тингладим.

-Бузғунчилар ким экан? Марат Зоҳидов кабиларми?,- дедим атайлаб.

-Унақа деманг, Марат ака ҳозир асосий фигура. Бевосита катталар билан гаплашиб турибдилар. Мен шунчаликка айттим қўйдим-да, бунга эътибор қилманг, Бош вазирнинг чиқишларини ташкил қилгунимча она сути оғзимга келди,-деб Ҳайитбоев усталик билан гапни бошқа томонга бурди.

Ҳайитбоевнинг ҳатто менга телефон қилишга қўрқишини билганим учун унинг кейинги гапларига эътибор ҳам қилмадим.

Репортажларни кўриб, уларни Паркент, Фарғона воқеларидаги тасвирлар билан солиштириб хонамга қайтар эканнман телефон жиринглади. Бу Бош вазир эди.

-Жаҳонгир ака, мени шу ишдан қутқазинг, ҳозир бир тумандаман. Бошқа бирортасини топиб, ёзиб олсангиз, илтимос,-деди у.

-Бу масалани Ҳайитбоев билан Мусаев ҳал қиладиган бўлдилар. Мен фақат ёзиб олишга маъсул,-дедим атайлаб.

-Улар рози, Адҳамбек ака билан Шавкат ака ҳам рози, фақат сиз ҳам рози бўлсангиз…

-Юз берган отишмаларда қон тўкилибди.Қўлимизда репортажлар бор. Миршаблар ҳадларини билишмаган. Қолаверса, уларга ким буйруқ бергани эртами кечми ўртага чиқади. Баъзи тахминларимиз ҳам рост бўлиб чиқмоқда. Воқеа уюштирилганга ўхшaяпти. Бўлмаса нега миршабларга Божхона раҳбари раҳбарлик қилмоқда. Божхонанинг бу ишга нима алоқаси бор? Сиз ҳукумат раҳбари сифатида халқнинг олдига чиқиб, икки оғиз сўз айтмасангиз, ким айтади? Ахир бу воқеалар нега бошланди? Нима учун, ўқ отган кимлар, ўлганлар кимлар, нима учун шунча воқеа юз бераяпти-ю ҳукумат жим? Бу саволлар фақат мени эмас, бутун халқимизни қизиқтиради. Ҳайитбоевнинг ибораси билан айтганда, биз бузғунчи депутатларни қизиқтиради, бу масала! Бугун оқшом телевидение ана шу саволларга жавоб бериши керак. Қўлимизда бошқа нарсалар ҳам бор. Талабалар шаҳарчасида студентларнинг олдида туриб “Ур” деб бақираётган йўлбошчиларни Паркент, Фарғона воқеалари ёзилган тасвирлардан ҳам топдик. Улар соқол қўйиб олган КГБ чилар эмасми?

Телефоннинг нарёғидан товуш келмади. Абдуҳошим Муталовнинг товуши ичига тушиб кетганди. У зорланган овозда:

-Менга ёрдам беринг, – деди.

-Мен президент бўлганимда эди, мендан ёрдам сўрасангиз,-деб жавоб қилдим.

Шу дамда Бош вазирга раҳмим келди. Лекин республика раҳбарлари нима сабабдан халқнинг кўзига қарашдан чўчишмоқда, деб ўйладим. Халқимиз “Хўш, Каримов қаерда? Намойиш бўлган, ёнғин чиққан жойларга бориб, от миниб, оломонни тўхтатганман, дея такрорловчи зот нега кабинетидан чиқмаяпти? Агар у икки чақримли йўлдан чўчимай Талабалар шаҳарчасига борганда, олам гулистон эди. Ўқлар отилмасди, қон тўкилмасди” деб ўйлашмайдими? Халқ ўйлайди-ю лекин халқнинг ўйлаганини булар ҳатто хаёлда жонлантиришга чўчийдилар.

Репортажларни кўраркан, вужудимни титроқ босди. Беш-олти миршаб бир қиз талабани судраб кетишмоқда. Уч-тўрт ОМОНчи эса бир талабани ерга ётқизиб тепишмоқда. Талабалар ётоқхоналардан бирига бостириб кирган миршаблар душ қилаётганларни ҳам калтаклашганини айтишмоқда, деразадан бошини чиқaраган талабага қарши ўқ узишганини ваҳима билан ҳикоя қилишмоқда. Наҳотки, шу даражада ваҳшийлашиб кетдик? Бу миршаблар ҳайвонот боғида етиштирилган эмас, булар ҳам қайси бир ота-онанинг фарзандлари-ку?! Балки бу талабалар орасида уларнинг ҳам укалари, сингиллари бордир?

Наҳотки, юқоридан келган буйруққа кўр-кўрона бўйин эгиб, ўз қардошларига ўқ отсалар? Ахир бу талабалар Каримовнинг саройини кул қилиб кўкка учирмадилар? Бор-йўғи нонимиз қани, нега нонимизнинг баҳосини қиммат қилдингиз, нега сайловда бизни алдадингиз, деб сўрашди. Каримовнинг истеъфосини сўрашга ҳам ҳақлари бор. Аслида Каримов минбарларда кўкрагига уриб гапираяптию лекин халққа бирор нарса бераётгани йўқ, балки халқнинг хирмонини совуриб, ҳаққини еб, ҳақлигига тупуриб юрибди. Халқдан болаларингни ўқитаман, дея солиқлар олинмоқда, лекин болаларнинг қўлидаги бир бурда нони ҳам тортиб олинаяпти. Буни мансабда ўтирганларга айтиш бефойда. Уларнинг дини ҳам, имони ҳам, Пайғамбари ҳам мансаб. Лекин мана бу оддий миршаблар-чи?

Наҳотки, улар ўзларини қул деб билсалар, мансабдагиларнинг қули деб билсалар?! Ёки кийиб олган либослари уларни роботга айлантирдими? Қалби йўқ, ақли йўқ, фикрламоқдан, мушоҳада қилмоқдан маҳрум бўлган роботларга айландилар-ми? Балки бир кун бу талабаларнинг ҳам баъзилари миршаб бўларлар? Улар ҳам ўз фарзандлари, ўз ака-укаларига қарши қурол кўтармайдиларми кейин? Қасос олмоқ учун шу йўлга бош ўрмайдилар-ми? Бир инсофсизнинг мансабини кўриқлаш, бир хоиннинг обрўйини асраш учун қон тўккан бу инсонларга нима дейиш керак?!

Нега бугун мен йўлдан қайтдим? Кўрқдим-ми?! Йўқ, булардан қўрқмайман. Унда нега бормадим? Балки талабаларни асраб қолган бўлармидим?! Балки миршабларни тўхтатармидим? Аммо мен боргунча бўлган иш бўлганди, ғишт қолипдан кўчганди. Менга тушадигани охиригача мужодала этиб, қотиллар кимлигини ўртага чиқаришда бошқалар билан бирлашишдир. Бир киши ҳеч нарса қилаолмайди.

Ўшанда бир нарса диққатимни тортди. Нега талабаларнинг ҳузурига Бош прокурорни юборишди? Прокурорни у ерга юбориш кимнинг хаёлига келди экан? Табиийки президентнинг кўрсатмаси бўлмаса прокурор бормайди. Бундай шароитда таҳдидга ўрин борми? Талабаларни қиздириш, бу фитнадир! демак, юборган одам шуни истаган. Ҳар томондан қуршаб олинган, калтакланаётган, судралаётган одамга “сенинг жазонг ўлим” десангиз, у раҳмат дейди-ми? Ҳали ҳам талабаларимиз инсофли экан! Охирига қадар қувиб бориб, машинасини ағдариб, ўзининг орқасига тепа-тепа ҳайдаб юборишмаганига қиллуқ қилсин.

-Сиз қайтгандан кейин шаҳарчада нима бўлаётганини ҳеч ким билмай қолди,- деди у ерга бориб келган мухбирлардан бири.-Кўп одамни ичкарига киритишди. Ҳатто бир қанча газеталарнинг мухбирлари ҳам ўша ерда эдилар. Мухолифатдагиларни ҳам кўрдик. Қайтишимизда миршаблардан бири сизни ичкарига киритмаганларни постдан четлатишганини айтишди.

Мен ҳайрон бўлдим. Балки Муталовга шикоят қилганим ўз таъсирини кўрсатгандир, деб ўйладим. Йўқ, бу одам бировга танбеҳ беришга қўрқади. Бунинг устига Телерадио кўмитаси раисининг “Девондан бутун раҳбарлар шаҳарчага боришсин, деб айтишди. Мен биринчи ўринбосар билан бориб келаман, сиз эса бў ердаги ишларга раҳбарлик қилиб тўринг”, деган гапни ўзингизни тополмаганим учун котибага ёздириб кетгандим” деганини эслди. Кейин Президентнинг маслаҳатчиси Темур Алимовнинг котибаси қўнғироқ қилиб, Талабалар шаҳарчасига бориб-бормаганим билан қизиқди. Ҳар ҳолда нимадир бор деб деб ўйладим. лекин ўша дамда муҳими бу эмас, муҳими репортажларни халққа кўрсатиш эди.

Шу пайт Олий кенгаш раиси телефон қилди:

-Сизни ҳам қийнаб қўйдик,-деди у мен қийналиб кетдим, деган оҳангда.

-Халққа бирор гап айта олмасак, ана у қийин,- дедим мен. -Сизга нима? Ҳайитбоев ишнинг ичида, биринчи ўринбосари Мусаевни комиссияга қўшдик. Ана уларнинг виждони қийналсин. Қолаверса, бугунн бериладиган барча кўрсатувларни комиссиямиз аъзоси сифатида ўртоқ Мусаев кўриб чиқсин. Биласиз, бир иш юзасидан тергов бошланса, унга ҳеч кимнинг ҳалақит қилишга ҳаққи йўқ. Биз ҳам текширув олиб бораяпмиз. Комиссиямиз фаолияти боши берк кўчага кириб қолмаслиги учун ҳар турли тадбирлар олишимиз керак. Эшитишимча, сиз Талабалар шаҳарчасига мухбирларни юборибсиз-ми?

-Мухбирларнинг бориб бормаслиги сиз учун воқеа эмас, лекин бир депутатнинг миршаблар томонидан йўлдан қайтарилиши сизни қизиқтириши керак, чунки раисимиз бўласиз. -Сиз бормасангиз ҳам воқеаларга аралашганингизни биламиз. Бундан бу ёғига эҳтиёт бўлинг,- деди Йўлдошев ва қўшимча қилди.- Ислом акамларнинг топшириқлари билан ҳозир Бош вазир ўринбосари Эркин Самандаров етиб боради. Мусаевдан кейин кўрсатувларга назар ташлайди ва лозим топса, “Ахборот”да чиқиб гапиради. Ҳа, дарвоқе бу ишни ўрганиш бизга топширилган. КГБ деган нозик гапларни айтиб юрган экансиз, бирор далилингиз бўлса комиссияга топширинг. Бўлмаса бундай обрўли идоранинг шаънига тош отманг-ки, охири бахайр бўлмайди.

Эрталаб бошланган бу ҳангома кечгача давом этди. Ниҳоят тоқатим тоқ бўлиб девон котибиятининг бошлиғига телефон қилдим:

-Илтимос, кириб Каримовга айтинг, кўрсатувларимизга сензура қўйишаяпти. Мен телевидение раҳбарлигига келаётганимда бу масалани кўтаргандим ва у киши “Биров сензура қўядиган бўлса бошини кесаман”, деган эдилар. Талабалар шаҳарчасидаги воқеа дунёга ёйилди. Москва ҳам кўрсатади, бизнинг жим туришимиз жиноят бўлади,- дедим. -Ҳозир шунинг маслаҳати бўлаяпти,-деди котибият бошлиғи.-Оқсоқолнинг ҳузурларида шу хусусда мажлис ўтказилмоқда.

Бироздан кейин яна Йўлдошев телефон қилди.

-Ҳаммасининг дами чиқиб кетди. Бу масалани эртага ҳал қиламиз. Бугун ҳукумат комиссияси тайёрлаган хабар билан комиссия рўйхатини эълон қилинг,- деди у.

-Ўттиз иккита исм-шарифни ўқишдан нима маъно чиқади? Қон тўкилгани, талабаларни отишга ким рўхсат бергани, неча киши ўлгани ва неча киши ярадор бўлгани, бунинг айбдорлари кимлиги – бу саволларга бугун жавоб беришимиз керак!

-Майли, буни Ҳайитбоев билан гаплашамиз, -деди Йўлдошев ва бошқа телефон жиринглаётганини айтиб, суҳбатни кесди. Беш дақиқа ўтар-ўтмас хонамга Ҳайитбоев кириб келди:

-Нега мен билан маслаҳат қилмасдан камера юбордингиз?- деди у ҳовлиқиб.- Менга Ислом акамнинг ўзлари телефон қилиб, “Камера-памерангни йиғиштир” деб айтдилар. Ҳатто мени “латта” дея ҳақорат қилдилар, раҳматли онамни ҳам тинч қўймадилар.

-Сиз ўзингиз нега бир неча марта бориб келдингиз-у камера олиб бормадингиз. Сиз ва менинг вазифам у ерга бориб келишдан иборат эмас. Биз хабарчимиз. Халқни воқеалардан хабардор этишимиз керак. Агар бу ишни уддалай олсак, асосий вазифани бажарган бўламиз, адолатсизликнинг йўлини кесамиз, ўйинлар учун имкон қолдирмаймиз. Ҳозир эса вақтдан бой бераяпмиз, ёлғоннинг гуллашига йўл очаяпмиз,- дедим мен.-Э’тибор қилдингиз-ми, нега миршабларга Божхона раҳбари Урайим Абуғаниев етакчилик қилаяпти?

-Оқсоқол бу ишни унга топширган бўлишлари мумкин…

-Шунинг ўзи фикрлаб кўриш учун асос эмасми?

-Оиламизда фикрлашга ҳаққимиз бор. Бу ерда эса оиламизнинг раиси Ислом акамиз. У киши халқимизга ёмонликни раво кўрмайдилар. Тўғрисини танлайдилар. Биз эса айтганларини бажаришимиз керак.

Эркин Ҳайитбоевнинг кулгичлари доим кулиб тургани учун у худди масхара қилиб гапираётгандек туюлса-да, бу гапларни жиддий оҳангда, самимий айтаётганди. Мен ўйланиб қолдим. Ё мен бошқа бир дунёдан буларнинг орасига тушиб қолдим, ёки булар ҳақу мен ўжарман. Ҳозир яна бироз тортишсак, жанжаллашиб қолишимиз аниқ, индамай қўйсам бора-бора индамасга айланаман. Баъзиларига шу билан баравар булиб ўтираманми, дея қўл силтайсан, айримларининг ошқовоқ каллаларига бир калима ҳам сингдиролмай хуноб бўласан, мана бундайлар эса бетон девордек гап: бош урсанг бошинг ёрилади, сўзинг ўзингга қайтади, асаблашиб жиғи бийрон бўласан. Лекин барибир кимлигини юзига айтиб, башарасини ойнада кўрсатиб қўйиш керак. Билса ўзига фойда. Билмаса ҳам ўзи билади.

-Майли, отангиз ҳам оилангизнинг раиси ҳам Каримов бўла қолсин, лекин ўқ еган, қони тўкилган, ўн гулидан бир гули очилмаган ёшда ўлдирилган талаба ўғлингиз бўлса-чи? Ҳайитбоев чўчиб тушди.

-Оғзингиздан бу гапни шамол учирсин! Худо сақласин, деб гапирсангиз-чи, ука. Дарвоқе, консертларни бекор қилиш ҳақидаги буйруғингиз ички низомга қарши бўлса ҳам бекор қилмадим. Ёшсиз, янги раҳбарсиз, жамоанинг ёнида уялиб қолманг, дедим. Лекин баъзи дастурлар ўз ҳолича кетаверсин, деб Элбек Мусаевга айтиб қўйдим.

Шу пайт котиба киз кириб, Бирлик Халқ ҳаракати ташкилотидан бир гуруҳ келганини ва раис билан учрашмоқни талаб қилаётганларини айтди.

-Мен Мўсаев билан репортажларни кўришим керак. Ҳозир Самандаров ҳам келадилар. Сиз бу масала билан эрталабдан буён шуғулланаяпсиз, ҳамма гапдан хабардорсиз. Улар билан учрашсангиз. Қолаверса, ўзингизнинг одамларингиз,- деди Ҳайитбоев киноя билан.

Мен унинг киноясига шиддатли бир қараш билан жавоб бердим-да қабулхонага чиқдим. Шоир Ёдгор Обид билан бирга “Бирлик”нинг тиниб-тинчимаган аёллари келишганди. Ёдгор ака кейинги пайтда сиёсий фаолияти билан оғизга тушганди. Фарғона ва Паркент воқеаларидан кейин ҳукуматга қарши намойишларнинг олдинги сафида ўрин олганди. У халқни ўзлигини танишга чақирган шеърлари билан машҳур бўлиб кетганди. Ҳали ёш бўлишига карамай соқол қўйиб олгани учун босиқ, кўпни кўрган нуронийни эслтарди. Мошгуруч соқоли айлана юзига ярашган, қалин қошларининг остида чақнаб турган кўзларини мунг босган шоирнинг негадир қадди букилиб қолганга ўхшарди. У қийналиб-қийналиб сўз топаётгандек, гап бошлади:

-Биз ҳукуматга мотам куни эълон қилиш таклифи билан чиқдик. Мотам қаёқда, байрам қилишаяпти, – деди у.- Бир томонда болаларимизни ўлдиришаяпти, бир томонда сизлар концерт қўйиш билан овора.

-Мотам фикрингизни қўллайман, лекин консерт қўяётганимиз йўқ. Консерт ва ўйин-кулги дастурларини бекор қилганман. Кечқурўн, Худо хохласа, воқеалар ҳақидаги репортажларни намойиш этамиз.

-Худо хохласа-ми ёки Каримов хохласа-ми?- заҳарханда жилмайиш қилди Ёдгор ака.

Мен ҳеч нарса демадим. Ростдан ҳам Каримов хохламаган бўлса керак-ки, репортажларни кўрсатувдан олдин қараб чиқишга қарор қилишди. Нима бўлса ҳам мужодала қиламиз, репортажлар, албатта кўрсатилади, деб ўйладим.

Ёдгор ака билан бирга келган аёллардан бири:

-Аллоҳ мададкор бўлсин, бу даҳшатни халққа кўрсатинг. Консертларга ҳам чек қўйинг. Биз эса бу масалада сизга керакли ёрдамни берамиз,- деди.

Улар ҳукумат идораларига ҳам боришганини, Талабалар шаҳарчасида ўқ отган қотилларга қарши норозилик намойиши ўтказганларини, бу масалани мутлоқ охирига етказажакларини айтиб, чиқиб кетдилар. Улар кетар эканлар, кейинги ҳафта “Бирлик” фаоллари иштирокида бир баҳс дастури тайёралшни ҳам келишиб олдик.

Хайриятки, шундай инсонлар бор, деб ўйладим. Агар улар ҳам фақат ўз ўғил-қизларинигина ўйласалар ва бутун эркларини теппадаги битта одамга бериб қўйсалар, ана унда олам гўристон бўлади. Бу аёлларнинг ҳар бири оиласида она, фарзандларининг ташвиши билан югуради, яна қаердадир ишлайди ҳам. Шунга қарамай адолат излашади. Бу адолатни ўзлари учун излашади-ми? Йўқ, шу халқим ҳам бошқалар каби ойдинликда яшасин, нурга илҳақ бўлмасин, зулм остида эзилмасин, дейишади. Халққа, Ватанга бўлган муҳаббат юракларида чўғга айланган. Бу чўғ қалбларини ёндириб туради. Шу оташдан куч оладилар. Баъзилар уларни англамайдилар. Ўтганнинг ўроғи, кетганнинг кетмони билан иши бор буларнинг, дейишади. Ҳа, ишлари бор. Ўша ўроқ миллатнинг бошини кесмасин, ўша кетмон инсонлар оёғининг остини ковламасин, дейишади. Оз бўлсаларда, хайриятки, улар бор.

Шоир Ёдгор Обид-чи? Унинг ҳам оиласи фарзандлари ва шу қадар ташвишлари бор. Аслида дарди йўк инсон шоир бўлолмайди. Дарднинг оғирлиги шоирнинг шеърларини юкдор, салобатли қилармиш. Аммо қанчадан қанча дардсиз шоирлар юрибди. Бир қанчаси девонда ишлашмоқда. Қизиғи, улар вақти-вақти билан Талабалар шаҳарчасида шеър ўқиб туришади, ўзларини талабалардан бири ёки уларнинг йўл кўрсатувчиси, деб билишади.Биз инсон руҳининг тарихини ёзамиз, дейишади. Талабалар шаҳарчасида инсон руҳи ўлдирилмоқда, сиз қаердасиз?! Фақат талабаларга қарши ўқ отилаёгани йўқ, сизга ҳам қарши отилмоқда. Ўзлигингизга қарши ўқ отилганда, мум ютиб ўтирибсиз. Бундан ортиқ разолат, бундан ортиқ шармандачилик борми?

Аслида сизнинг ҳам дардларингиз оғир. Фақат бу дард шуҳратга талпиниш, шоирлик орқасидан шоҳона яшаш, ўз жонини қутқариб қолиш дардидир. Лекин Ёдгор Обид сизга ўхшамайди. Шунинг учун уни севмайсиз. Аслида унга ҳасад қиласиз. Аммо бундан бехабарсиз.

Ёдгор Обид шўролар пайтида Сибирда яшади. Ватан ҳасрати нима эканлиги унга аён. Мустақиллик ҳаракати бошланганда юртга қайтиб, жабҳанинг олдидан ер олди. Аввалига уни дарбадар, бўйдоқ бир шоир, деб ўйлашди. Чунки кунни кун, кечани кеча демай югуриб юради. Кейин билишса, катта бир оиланинг отаси экан.

Қаерда ҳақиқат истаб байроқ кўтарилса, у ўша ерда. Ҳам шеъри, ҳам сўзи, ҳам ҳаракати билан инсонларга мадад беради. Кейинги кунларда бу шоир ҳақида маҳсус бир кўрсатув тайёрлатаман. Умуман, “Бирлик”, “ЭРК” ва бошқа ташкилотларнининг вакилларини чақириб, Талабалар шаҳарчасидаги воқеаларни муҳокама қилдираман… Кейин бирор кўрастувда шоирнинг шахси ва шеърияти бир бўлиши керак-ми ёки айри-айри бўлса ҳам фарқ қилмайди, деган мавзуни тортишувга қўямиз, деб ўйладим… (Davomi “IAK” da)

Жахонгир Маматов.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: