Nuqtai nazar

Абдул Ҳамид

ЖИРКАНЧЛАР ҒОЛИБ КЕЛГАН ЙИЛ

Одатда йил сўнгида қилинган ишлар, эришилган ютуқлар ва юз берган йўқотишлар сарҳисоб қилинади, керакли хулосалар чиқарилади ва келаётган йил учун иш режаси тузилади. Ҳар қандай соғлом давлатда йил сўнгида ҳокимлар, вазирлар, ҳуқуқий идоралар раҳбарлари ва ниҳоят давлат раҳбари йил бўйича ҳисобот беради. Бизда, албатта бундай урф шаклланмаган. Халқ ўзи учун, ҳукумат ўзи учун яшайди ва шу боис қандайдир ҳисоботлар ҳақида умид қилишнинг кераги йўқ. Аммо биз, журналистлар, воқеалар ривожини баъзан бевосита, баъзан билвосита кузатиб борувчи инсонлар сифатида хулосавий мақола қилсак ёмон бўлмайди. Зеро, ишонинг, ортда қолаётган йилда биз гувоҳ бўлганимиз ва ҳатто таажжубга тушганимиз воқеалар бўлди.

2006 йил бизнинг энг жирканч, энг хунук қобилиятларимизни намоён этган йил бўлди. Айнан мана шу йилда биз аслида қандай жамият қуриб улгурганимиз ва унинг келажаги қандай бўлишини билдириб қўювчи ишоралар кўринди. Қалби тоза инсолар (иншааллоҳ бундайлар ҳам бироз оз бўлсада бор) йил давомидаги бемазаликларимиздан лол қолиб, ич-ичдан эзилди, нопоклар дўпписини осмонга отди, номуссисзлар эса байрам қилди, хуллас ҳаммаси бўлди. Боз устига кетаётган йилда айниқса, биз учун муқаддас нарсаларнинг ўзи йўқлигига бутун дунё амин бўлди. Ахир, қаёқда, қайси миллатда, ёлғонни рост деб, ростни ёлғон дейиш одати бор, фақат бизда. Шу боис ҳам бирор мамлакатда бизни сидқидилдан ҳурмат қилишмайди, арзимаймизда…

Кетаётган йилда биз чиндан ҳам ҳеч қандай ҳурмат ва иззатга арзимаслигимизни, бизнинг миллат аслида ер юзида яшаб ўтган энг жирканч қавмларданда жирканч эканлигини исботлаб бердик. “Немис тўлқини” журналисти, бир ожиза аёл фоҳишага чиқарилди. Ҳамма ёққа унинг номидан хунук эълонлар ёпиштирилиб, Интернетда унинг номидан мақола чоп қилинди. Минг йиллик маданият эгалари дейилаётган, бизга қандай яшамоқни ўргатманг, деб томоқ йиртаётган миллат ана шундай қилиқларни билади. Уялиб ҳам, андиша қилиб ҳам ўтирмайди. Ҳақиқат учун, эркин сўз учун биз керак бўлса ана шундай энг жирканч ва бемаза усуллар ёрдамида ўч оламиз. Билиб қўйишсин ахир, бизга тик қараш нима билан якун топишини.

Лекин ожиза фитна қаршисида синмади, ҳамкасблари ҳам. Гап ажойиб журналист Наталья Бушуева ҳақида кетаяпти. Бемазаларнинг тупуги унга тегмади, қиз абжир чиқди, чап берди, ҲАМКАСБЛАРИ уни қўллади. Ахир ишониб ҳам бўлмасдида, негаки ўз ҳамкасби ҳақида ёмон ўйлаш уларнинг табиатига ёд эканда. Натижада ожизликда, ожиза аёлдан-да ўтиб тушган манқуртлар ютқазди. Наташа бугун ҳам журналистлик фаолиятини давом эттираяпти, у кунни кулиб эслайди. Нега кулиб дейсизми, чунки у ғолиб келди. Дўстлари уни ёлғизлаб қўймади, фитна мағлуб бўлди… Жирканч услуб эгалари эса жирканч кўнгиллари яраланиб, жирканч аламзадалиги тутди. Қизнинг уйига ўзлари телефон қилиб жирканч таклифлар қила бошлади, жирканч кузатувлар олиб борди, ахийри жирканч чекинди. Жирканч ютуниб, бир четда жирканч нафасларини ростлашаяпти, чоғи…

Кейинги ҳамла Наташанинг ҳамкасбига бўлди. Сабаби Обид Шабанов январ ойида мамлакат жанубидаги ҳудудларнинг бирида ишдан чиққан автобус туфайли 30га яқин йўловчи совуқ қотиб ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабар берди. Жирканчларнинг жазаваси тутди, ўлса бизники ўлибди, сенга нима, дея жирканч хафа бўлиб, жирканч тупукларини сочишди. Мухбирнинг аккредитациясини олиб қўйишди, аммо Немис тўлқини мухбиридан воз кечмади. Аксинча унинг фаолиятини тиклаш устида иш олиб бораяпти. “Фарғона.ру” Интернет сайти мухбири Алексей Волосевич ҳам жирканч маҳорат эгаларига йўлиқди. Унинг шаънини бадном қилишга қаратилган мақолалар чоп қилинди, аммо унинг ҲАМКАСБлари ҳам жирканчлар гапига ишонмади, аксинча дўстини қўллаб юборди. Шунда жирканчларнинг жазаваси тутди, бор жирканчликларини йиғиб унинг уйига тош отди. Кейин эса, бу воқеани Волосевич чет элга чиқиб кетишни кўзлаяпти, дея тақдим қилишди, топқирликни қаранг…

Умуман олганда жирканчлар учун бу йил анча сермаҳсул бўлди. Бироз машаққатли бўлди ҳам. Ахир тинимсиз жирканчликларни ўйлаб топиш, уларни устамонлик билан тақдим қилиш осон эмасда. Алишер Таксановга нисбатан уюштирилган фитна ҳам унча ўхшамади. Ҳукумат теппасида ҳам, пастида ҳам, ён-атрофида ҳам бирор кимса топилмадики, жирканчда иштирок этмаса. Ҳатто журналистнинг рафиқасига кўз олайтиришга ҳам етиб борилди-ку. Вой, бу ишда нақадар илғорлаган жирканчларимиз бор, эҳҳе. Аммо, Таксановнинг ҳам ҳақиқий ДЎСТЛАРИ бор экан. Дўстини ҚЎЛЛАШДИ ва жирканч юртдан олиб чиқиб кетишди. Саодатли инсон экан дедик, ва у учун қувондик… Энди жирканчлар унга ета олмайди, омади бор экан…

Жирканчларни бундай бемаза шижоатини бошқа журналист йигитга нисбатан уюштирилган жирканч туҳмат илҳомлантирган. Эсладингизми? Бир ажойиб журналист йигит бўларди, ҳа, афсуски, бўларди, ҳозир унинг овозини бўғиб қўйишди, собиқ ДЎСТЛАРИ иштирокида, билишимча… Илк хуруж унга нисбатан бўлган экан. Мақолани мен ҳам ўқигандим, ҳаёлимга келган биринчи фикр, бўлиши мумкин эмас, шўрликни фитна қилишаяпти, бўлди. Воқеанинг кейинги ривожи бутун баданимни увуштириб юборди, наҳотки?! Эмишки биринчи бўлиб йигитдан унинг собиқ касбдошлари воз кечибди, бу шубҳасиз сенинг ишинг, дейишибди, ҳатто бириси (улар баъзан бирга эшиттириш тайёрлашар эди) ҳар ёнга у ҳақда ақл бовар қилмас овозаларни тарқатибди. Тасаввур қилинга, ўз ҳамкасбига қилинган ҳужумни, ҲАМКАСБлар қўллаб юборишаяпти, тавба, бундан ҳам ўтадиган нодонлик бўладими?..

Юқорида номларини келтириб ўтганим журналистларнинг ҲАМКАСБЛАРИ жирканчни инкор қилганини айтдим, бу йигитнинг “ДЎСТЛАРИ” эса жирканчга шартта ёпишиб олибди, ҳатто жирканчга шерик бўлибди, тағин уялмай нетмай жирканчнинг жирканч тарқашига хисса қўшишибди. Негаки жирканч ривожланмаса йигит оқланиб қолиши ва бу ҳолда жирканчнинг иштирокчилари аниқланиб қолиши мумкин эдида. Баъзан радионинг эшиттиришларини тинглар чоғи ўйланиб қоламан, қизиқ мана Рамазон ойи ўтди, ҳар тугул умид билан рўза тутишгандир, Рамазон Ҳайити ўтди, умид билан Ҳайит намозига боришгандир мана энди Қурбон Ҳайити кириб келди умид қилиб уни ҳам нишонлашар, ўша пайт ортда қолаётган йилга бир назар ташлаб, виждони салгина бўлса ҳам қийналганмикан уларнинг. Жирканч оғир келиб, қийланишаяптимикан, дейману шу захоти, виждон бўлса йигитни ташлаб қўйишармиди, дейман.

Кетаётган йилда Андижон воқеаларининг бир йиллигини худди ҳеч нарса бўлмагандай ўтказдик. Андижон шаҳридаги ажойиб бунёдкорлик ишлари, шаҳарнинг гўзал хусни ва ютуқлари ҳақида қасидалар битдик. Гарчи одамлар совуқ қотиб ўтирган бўлса ҳам. Жирканчлар тағин ишга киришганди. Махсус бақиргичларни юбориб андижонликларни негадир президент атрофида жипслашишга чақирдик. Уни атрофига яқинлашиш ўлим билан бараварлигини айтмадик. Халқ 13 май 2005 йили президент билан бирга бўлди, деб жар солдигу ўзимиз эса ташвиқотга киришиб кетдик. Президентни севинглар деган ташвиқотга. Бу билан миллатга аслида сендан кўра президент азиз, сен яшашни истасанг унга эргаш, дедик. 2006 йилнинг 13-14 май кунлари эса юрагимизни ҳовучлаб ўтирдик, тағин халқ кўчага чиқиб кетсая, деб. Демак, кўчага чиққан халқ бўлган эканда а?.. Акс ҳолда хавотирга тушишнинг сабаби нима, ташвиқотнингчи?..

Атрофда минглаб муаммолар, ғайриинсоний ҳолатлар, ҳокимиятлар ва милиция бўлинмаларидаги зўравонликларни деярли сезмаётган ўзбек матбуоти, ортда қолаётган йилда бирам аламзадаларча акилладики, асти қўяверасиз. Энди жирканчлар матбуот орқали акиллашга киришди. Нима эмиш, АҚШ Давлат департаменти Ўзбекистонда диний эркинлик бўғилаётганини бутун дунёга ошкор қилиб юборганмуш. Вей, ҳатто сувараклар егувчилар жамиятию ахлат титувичлар партияси қолмади, ҳамма бир овоздан эътироз билдириб чиқди. Айримларининг эътирози энг қизиғи, бошқалариникига шу қадар ўхшаш эдики, муаллифи битта бўлса керакда, деб юборасиз. Аммо негадир ўшқираётган, сал қолса иштонини бошига кийиб қасам ичаётганлар ўша пайтлари Тошкент шаҳар судида иши кўрилаётган ногирон диндорни эсламади. Жирканчлар шунақа бўлади…

Кетаётган йилда Москвадан қочиб келган юртдошларимиз ҳақидаги хабарлар эълон қилинди. Улар иш излаб боришган, у ерда эса уларни ўзимизнинг ўзбеклар қандайдир корейсга сотиб юборган, у ўз навбатида йигитларни қулдай ишлатган. Энг даҳшати эса, қайтар чоғи йигитлар Москва вокзалида таланиб, пули етмай ўз шерикларини бировга сотиб, ундан тушган пулга келиб олганликларини айтишди. Воқеа аҳамиятсиз қолдирилди. Йўқ, айтганча, ундай бўлмади, ҳа, жирканчлар яна майдонга чиқди, ёлғондан олиб ёлғонга солишди. Мақола муаллифи эса лўттивозликда айбланди. Хоразмда Маъмун академиясининг 1000 йиллигига бағишланган тантана арафасида, жаноб президентимизнинг машиналари кир бўлиб қолмасин учун мактаб ўқувчилари кўча тозалашга олиб чиқилди. Болаларининг саломатлиги учун қайғураётганлар, ўзлари ўтадиган кўчаларни ўша болалар ёрдамида тозалашди.

Аслида болаларимиз аллақачон катталаримизнинг қулига айланган. Қани улар учун бел букмасинчи, ўқиш ҳам йўқ, ҳурмат ҳам йўқ, тинчлик ҳам. Жирканчлар ишга солинади, зудликда жирканч имкониятлар топилади ва болалар жирканчлар қурбонига айланади. Шу боис ғиринг демай бел букамиз, саломатлик ҳақида ўйлашга вақт йўқ. Каттанинг айтгани билан қилгани орасида шу қадар жирканч фарқ борки, қўяверасиз. Ишонмасангиз, қани айтингчи қайси вилоятда нечта 160 см. дан баландроқ йигит-қизларимиз бор, нечтаси умуман камқонлик нималигини билмай ўсаяпти, пахта даласи нималигини билмайдигани топилармикан, йўқ, йўқ, йўқ! Ана, Қашқадарёда пахта йиғим теримига чиққан бола поезд тагида нобуд бўлди. Хўш, бунинг учун ҳоким, вилоят ўрта ва махсус таълим бошқармаси вакиллари ўзларини айбдор сездими? Президент бу фожеадан ҳайратга тушиб, эзилдими?..

Нима деманг биз энг жирканч, ёлғончи, иймонсиз бўлганимиз боис Конституциямиз кунини ҳаммадан яширинча нишонлаймиз, бўлар-бўлмас гапларни гапириб ўзимизни ҳурсанд қиламиз. Умуман олганда қомусимиз дея атаётганимиз рисолани Гиннес китобига киритиш мумкин. 14 йил давомида ишламаётган аммо кенг байрам қилинаётган рисола сифатида. Ишончим комил кўпчилик амалдорлар Конституция китобимиз қай сўзлар билан бошланишини ҳам билмайди, ҳўв сенаторларимиз ҳам. Ҳомийлар йили, ҳомийлар йили, деб ўзимизча чапак чалдик, аммо айнан шу йили хусусий тадбиркорларга қарашли кафеларни буздик, савдо шахобчаларини таладик. Натижада Тошкент шаҳридаги туманлардан бирининг ҳокими ўзини осиб ўлдирди. Биз эса бу йил чунонам ютуқларга эришдикки, деб безрайиб рақс тушдик. Қанча кўп одамни қақшатсак, байрамларимиз шунча давомли ва дабдабали бўлаверди.

Икки оғиз санъат аҳли ҳақда. Ортда қолаётган йилда икки санъаткоримиз, бири масхарабоз, бири эса қўшиқчи, номардликнинг чин кўринишини намоён этди. Аслида, бир дўстимнинг айтишича, санъат аҳлида андиша деган нарса бўлмас экан. Бир айтиб, бир қайтиб яшаркан. Уларнинг айтиши ҳам, куюниши ҳам ўйиндай гап экан. Масалан Обид Асомов деганлари Андижон воқеалари куни халқ отилаяпти деб куюнди, орадан ҳеч қанча вақт ўтмай эса, менга билдирмай овозимни ёзиб олишган экан, деб журналист қизга туҳмат қилди. Бирорта ақлли одам топилмадики, билдирмай ёзганми, билдирибми, шу овоз сеникими, шу гап сеникими, дейдиган. Буниси муҳим эмас, муҳими журналист қиз билдирмай ёзиб ўзаро айтилган гапни овоза қиворибди. Жирканчми? Шерали Жўраевчи, ҳукумат бир тепиб бурчакка тиқиб қўйгани бор гапку. Ялинганидан эгаси бор юртнинг эртаси бордир, деб қасида айтиб чиқди-ку. Шунга қарамай тор доирадан нарига чиқа олмаяпти-ку, йўқ, булар ёлғон деб бидирлайди. Жирканчми?

Хуллас, биз ана шундай ўта хунук ва бемаза йилни кузатаяпмиз. Кимдир бу йилнинг самарали ўтганини байрам қилар, кимдир ва ниҳоят бу йилнинг тугаганини шукрона айтиб байрам қилар, биз эса ким аслида кимлигини кўрсатиб қўйган, қандай миллатмизу бошлиқларимиз қандай инсонлар эканлигини бутун дунёга намоён қилиб қўйган йил деб байрам қиламиз. Зеро, одамнинг оласи ичида, сабаб бўлмаса аниқлаш қийин дейишади, мана йил сабаб бўлди, аниқланди. Эндиги йил шу аниқлаганимиз нуқсонлардан тозаланиш йили бўлсин. Биз ўзимиз буни қила олмаймиз, зеро яхшимиздан ёмонимиз кўпроқ, бирам урчиганки, қўяверасиз. Шу боис Раббийга мурожаат қиламиз, ўзи қудрати илоҳийси билан тозалаб берсин, омийн!


Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: