Nuqtai nazar

МАРДЛИКМИ БУ ЁКИ НОМАРДЛИК?..

Сўнгги пайтларда Press-uz.info ҳамда Gzt.uz сайтлари орқали айрим чиқишларга раддиянамо мақолалар чоп қилинди. Бириси, Ҳуррият газетаси хусусидаги ахборот юзасидан, иккинчиси эса “Чегара билмас репортёрлар” ташкилотининг ҳисоботи юзасидан эди. Иккала раддия ҳам назаримда эътибор қаратишга арзирли. Зеро, уларда “йўғ-е” дегизгувчи иддаолар учрайди.

Аввало, айтиб ўтиш лозим, ҳар қандай раддия умуман олганда ўзини оқлайди, у қай тарзда билдирилганидан қатъи назар. Зеро, айнан мана шу раддия маълум масала юзасидан томонлар ўртасида мулоқот пайдо қилади, ҳақиқатни (албатта агар раддия бераётган томон ҳам, дастлабки маълумот тарқатувчи томон ҳам холисликка суянган бўлса — муаллиф) аниқлаш учун имконият туғдиради. Аммо, баъзан раддия билдираётган томон бироз олиб қочишга зўр берворадики, бу раддиядан кўра танқиднинг баҳосини ошириб юборади.

Дастлаб, Ҳуррият газетаси томонидан билдирилган эътирозга эътибор қаратсак. Энг аввало, бунда сарлавҳа раддиянинг юкуни тушуриб юборган. Нима эмиш, “Навбатдаги туҳмат” эмиш. Ўзини журналист ҳисобловчи ҳар қандай шахс учун (ҳатто у шахс Ўзбекистон журналисти бўлса ҳам — муаллиф) бирор ҳолат юзасидан берилган маълумотга ундай ёки бундай баҳо бериш нопрофессионаллик аломати ҳисобланади. Зеро маълумот баҳоланмайди, маълумотга аниқлик киритилади. Бу бутун ўзбек матбуотида мавжуд бўлган улкан нуқсон.

Энг муҳими бу усулдаги раддия зинҳор, унинг муаллифига бирор манфаат келтирмайди. Аксинча дастлабки маълумотга бўлган қизиқишни орттиради ва маълум маънода ўша дастлабки маълумотга кўпроқ ишониш кайфиятини туғдиради. Мана масалан, “Ҳуррият” газетасининг электрон сайти борасидаги ахборот юзасидан билдирган раддияси. Бош муҳаррир вазифасини бажарувчи Исмат Худоёров фикр билдириб, жумладан шундай дейди “Avvalo, menga Prezident devonidan info.islom.uz saytiga bevosita bog’liq  bo’lgan holat haqida  qattiq ogohlantirish” tugul hech kim so’ragani ham, telefon qilgani ham yo’q. Bu g’irt tuhmat va yolg’on gap. Buni biz shu kunlarda 10 yilligini nishonlayotgan  “Hurriyat” gazetasi va uning bugungi jamoasiga nisbatan ataylab uyushtirilgan “provakacion” xabar, deb hisoblaymiz”.

Ана шу “g’irt tuhmat va yolg’on gap”, “ataylab uyushtirilgan “provakacion” xabar” каби ибораларнинг ишлатилиши туфайли юқорида келтириб ўтганим меёрлар билан баҳолайдиган бўлсак, раддия эгаси инкор этаётгани маълумотдан саросимага тушиб қолгандай туюлади. Нимадир фош бўлиб кетганидан буткул довдираб қолган Худоёров, гўё астойдил ўзини оқлашга ва бу билан гап тегиши мумкин бўлган аллақайси идоралар олдида ўз кўрсатишга уринаётгандай туюлади. Ахир, қачон одам “туҳмат”, “ёлғон”, “провокация” каби сўзларни ишлатади, ўзини астойдил оқлашга уринганида, тўғрими?

Айтайлик, ўша дастлабки хабарда айтилгани, Ҳуррият сайтидаги Info.islom.uz логотипини таҳририят кимнингдир дағдағаси билан эмас, Худоёров айтганидай, шахсий хоҳиш билан олиб ташлаган тақдирда, назаримда Худоёров профессионал журналист сифатида, маданий қилиб “Таҳририятга логотип борасида ҳеч ким томонидан, ҳеч қандай эътироз билдирилган эмас. Бу таҳририятнинг ўз истаги билан кўрилган чора. Шу боис логотипнинг олиб ташланиши юзасидан билдирилган барча маълумотлар ҳақиқатдан йироқ”, деб кифояланиши мумкин эди.

Раддия сўнгида, Худоёров кутилмаганда бироз юмшаб, шундай дейди “buni biz “Hurriyat” mustaqil gazetasining  do’st”larini bizning o’n yillik sanamizga navbatdagi  sovg’a”si deb qabul qildik”. Демак Ўзбекистонда дўстлар провокацион чиқишлар, туҳмат ва ёлғон сўзлар билан бир-бирини табриклар экан. Раддиядаги яна бир ҳолатга эътибор қаратсак “Hurriyat”dan hali hech kim haydalgani yo’q. Kimdir qayergadir ketgan bo’lsa, uni kimdir taklif qilgan yoki boshqa ishga o’tgan”, дейди Исмат Худоёров. Тан олиш керак, раддиянинг бу қисми олқишга лойиқ, демак ҳаракат қилсак тўғри жавоб қайтаришни ўрганиб оламиз. Аммо…

Журналист Худоёров бу ерда Ўзбекистонда мавжуд воқеликни бироз четлаб ўтишга ва бу билан умуман тассавур қилиб бўлмас ҳолатни тасвирлашга киришиб кетган. Зеро, Ўзбекистонда бирор ташкилот ва ҳатто газета муҳаррири кимнингдир чақириб олиши туфайли бошқа ишга ўтиб кетмайди. Бунинг учун ҳўв президент деъвони деган жойдан махсус делегация келиб, кичик мажлис ўтказиб, кейин унисини у ёққа бунисини бу ёққа ўтказади. Ҳали бирор марта газета муҳаррири, айтайлик бошқа газета муҳаррирининг таклифи билан ўз газетасини ташлаб ўзга таҳририятга ўтмаган. Худди шундай корхона, муассаса, шу жумладан, давлат идоралари бошлиқлари ҳам. Раддиянинг қанчалар ишончли бўлиши раддия берувчи томоннинг обрўсини ошиши ва унга бўлган ишончни кучайтиришга ёрдам беради. Аксинча йўл тутилса эса…

Навбатдаги таҳлил қилмоқчи бўлаётганим мақола эгаси аллақандай Андрей Смирнов деган инсон. Аллақандай дейишимнинг боиси уни менсимаслигимдан эмас, асло. Шунчаки унинг ўзбекистонликми ёки русияликми билмаганим боисидан. Зеро, Смирнов менсимасликка арзимайди, сабаби мақоласи анча залворли. Муаллиф “Чегара билмас репортёрлар” ташкилотини танқид қилган. Айтиб ўтиш жоизки, айрим гаплари унга нисбатан ҳурмат пайдо қилади ҳам. Аммо афсуски, бу зот ҳам бироз эҳтиросга берилган. Ҳамма гап “Чегара билмас репортёрлар”нинг дунё мамлакатларидаги матбуот эркинлигига оид вазият борасидаги ҳисоботида.

Ташкилотга кўра, Россия матбуот эркинлиги масаласида 147 ўринни, Белоруссия 151, Ўзбекистон 158 ва Туркманистон 167 ўринни олган. Аввало Смирновнинг мақоласини ўқиб айнан қайси мамлакатнинг нечанчи ўринга туширилгани унда бу қадар эътироз пайдо қилганини тушуниш қийин. Яъни Россия учун оғиз йиртаяптими дўстимиз ёки Ўзбекистон учун. Нима бўлганда ҳам эътирозлари эътиборга молик. Аввало муаллиф ўз мақоласида бир неча саволларни ўртага ташлайди. Яъни, тадқиқот аталмиш бу амалиёт қайси мандатга асосланган ҳолда ва кимнинг буюртмаси бўйича тайёрланиши ва келтирилган маълумотлар нечоғли холислиги, масаласини кўтаради. Шу билан бирга муаллиф ташкилот ким томонидан молиялаштирилиши масаласи ҳам қизиқлигини айтади.

Дастлаб, муаллиф кўтарган биринчи саволга, яъни ташкилот томонидан келтирилган маълумотлар холис ёки нохолислиги масаласига тўхталсак. Агар Смирнов Ўзбекистонни назарда тутаётган бўлса, ҳеч шубҳасиз ташкилот маълумотлари асосли ва ҳақиқатга яқин дейиш мумкин. Зеро, бунинг учун алоҳида тадқиқот ўтказиб жаноб Смирновнинг ва бошқа у каби “журналистлар”нинг фикрини ўргани тинглаш шарт эмас. Бунинг учун Ўзбекистонга келиб, истаган газета ва журналга бирор мақолани чоп этишни илтимос қилиб кўриш кифоя. Айтайлик, Ўзбекистон мардикор бозорлари, чет элга сотиб юборилаётган ўзбек қизлари, Россиядан ўлиб қайтаётган ўзбек йигитлари ва ниҳоят Бош вазирнинг ақл бовар қилмас ҳаракатлари ҳақидаги таҳлилий мақола.

Чоп қилинадими, албатта йўқ! Андижонда ёш йигит қизлар янги ҳокимнинг талаби билан мажбуран дискотекаларга олиб чиқилаётгани, тунги клублар очиш масаласи кўндаланг қўйилиб, йигит қизларнинг у ерда учрашувга бориши, ўйнаши ва керак бўлса бироз … қилиб қайтиши қонунийлаштирилаётгани ҳақидаги мақолачи? Аҳолининг ҳақли эътирози билан бирга албатта. Назаримда чоп қилинмайди. Намангандан келган мелиса, халқдан узилиб фаҳшда юриб ўргангани боис, бутун бошли вилоятни фаҳш майдонига айлантиришга уринаётгани, Андижондаги неча минг йиллик маданиятни бир зинокор томонидан бузилиши қайси ўзбек матбуотида дадил чоп қилинади? Ҳеч қайсисида. Зеро давлат дастури ўзи мамлакатни улкан фаҳш майдонига айлантиришдан иборатку. Акс ҳолда келиб-келиб ўша тўнкани ҳоким қилиб оборармиди, ҳўв катта!

Мамлакатда бирорта ҳам мустақил журналист йўқ. Бирор кимса ўзича журналистлик фаолияти билан шуғуллана олмайди, ўз хоҳиши билан бирор сайт билан ҳамкорлик қила олмайди, кимнингдир рухсати керак. Интернетга озгина эркинлик берилса, педофилия, бесоқолбозлик ва хоказо каби иллатларнинг тарғиботи ривожланади, дейди Смирнов. Кечирасиз, агар халқнинг маданиятига астойдил ишонсангиз, унинг бузилиб кетишидан чўчимайсиз. Қолаверса, Ўзбекистон ҳукумати астойдил тўсаётган сайтлар педофилия, бесоқолбозлик ёки дискотека ва тунги клубларга чиқиб айш-ишрат қилишни тарғиб қилмайди. Шунга даъват қилаётган, шундай ҳаёт тарзини сингдириб келаётган ҳукумат ва унинг жойлардаги кўппаклари ҳақидаги ҳақиқатни фош қилади.

Шунинг учун ҳурматли Смирнов, ташкилот томонидан келтирилган далиллар юз фойиз ҳақиқат. Аммо ташкилотнинг баъзан Америкага оид ва Америка қилмишлари билан боғлиқ маълумотларни четлаб ўтиши ҳам бор гап. Бугун Ўзбекистонда ўнлаб Америка ташкилотларидан зиён кўрган ва адолат истаб, айнан Америка ташкилотлари ёрдамига муҳтож қолаётган журналистлар мавжуд. Аммо улар ҳақда ташкилот ҳам, Америка Давлат департаменти ҳам лом-мим демайди. Сабаби бу, афтидан уларнинг миссиясига зиддир, билмадим. Умуман олганда Америка ташкилотларида ходимни бадном қилиш амалиёти ҳар доим бўлган. Лекин бу амалиёт ҳам, унутманг жаноб Смирнов, биринчи галда у ёки бу давлат ҳукуматларининг талаби билан амалга оширилади. Шунинг учун ташкилотнинг икки юзламачилигини тушуниш ҳам мумкин.

Масаланинг иккинчи томонига ҳам урғу бериш керак чоғи. Сиз АҚШ аскарларининг қилмишлари, Абу-Ғрайб қамоқхонасидаги воқеалар ва бошқа шу каби далилларни келтириб “Чегара билмас репортёр”лар шунга қарамай Америка матбуотига яхши баҳо берган деб, хафа бўлибсиз. Менда ҳам сизга савол бор, сиз келтириб ўтганингиз ўша маълумотларни ўзингиз Абу-Ғрайб ва Ироққа бориб шахсан фош қилиб келганмисиз? Ёки Пентагон жорий қилган цензурани сиз ўзингиз Пентагондаги манбангиз орқали овоза қилганмисиз? Албатта йўқ, тўғрими? Сиз булар ҳақда адашмасам, айнан ўша Америка матбуоти орқали билгансиз, шундайми? Демак Америкадаги матбуот эркинлигига оид хулоса тўғри эканда.

Рамсфелд жорий қилган цензурага қарши чиқишлар қилиб, Рамсфелднинг истеъфосини талаб қилганлар ҳам Америка журналистлари эди чоғи, ё бу акцияни ҳам сиз ўтказганмидингиз? Энди бир муддат шундай акцияларнинг Ўзбекистонда уюштирилишини тасаввур қилиб кўрингчи. Гарчи расмий томон ҳимояси учун ишлаётган бўлсангиз ҳам гапим кулгуингизни келтиргани ростку, тўғрими? Зеро, бизда журналистларнинг норозилик чиқишларини тасаввур қилиш қийин. Цензура ўрнатиладими, бирор муҳаррир ишдан олинадими, жамоага уни қизиқтираётган мавзу борасида ТАБУ жорий қилинадими, ҳай майлида, деб кетаверамиз, шундайми жаноб Смирнов? Ана сизга бор ҳақиқат… Мен шулар ҳақда икки оғиз тўхталиб ўз фикримни билдирмоқчи эдим, холос. Эътиборингиз учун раҳмат.

Нидои Мазлум.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s