Nuqtai nazar

АНДИЖОН ФАРҒОНА ВОДИЙСИНИНГ МАРВАРИДИМИ?

Аслида бу мақола анча аввалроқ ёзилиши керак эди, ўзбекчасига айтганда иссиғида. Аммо маълумотлар танқислиги, қолаверса сўнгги пайтдаги вазият ҳақида аниқ тассавурнинг йўқлиги, мақоланинг бироз кечиктирилишига сабаб бўлди. Яратганга шукур, имконият туғилиб, Андижонга бориб келдим. Вазиятни обдон ўргандим ва ниҳоят “Андижон ҳақиқати” газетаси ходими Садриддин Шукуровга жавоб мақоласи битишга киришдим.

Садриддин Шукуровнинг мақоласи 3 декабр куни “Андижон — Фарғона водийсининг марвариди” сарлавҳаси остида чоп этилди. Адашмасам “Press-uz.info” отлиқ сайтда. Ўшанда мақолани ўқиб сал қолса жазавага тушган эдим. Негаки, унда ҳамюртимиз чунонам валақлаганки, иймонингдан айланай деб юборасиз. Ким билади, балким мақолани ёзиб, мухбир тушмагур қандайдир мукофотларни олгандир, балким, хонадонида газ босими бироз ошириб берилгандир, билмадим. Аммо ҳар тугул эътиборсиз қолмагани аниқда…

Мақолада ёзилишича, “Сўнгги икки йил ичида Андижоннинг кўриниши сезиларли даражада ўзгарди. Конституция майдони пайдо бўлди, Фитрат кўчаси янгиланди, Бобур проспекти қайта таъмирдан сўнг бирмунча кенгайди…”. Камина Андижонга келгач, шаҳар таксистларидан бирига ўша “Конституция” майдонини кўрсатишни илтимос қилдим. Бир неча дақиқада такси ҳайдовчиси темир йўл вакзали ёнидаги майдонга олиб келдида, “ана, аши сиз айтган майдон” деди. На кўрк бор унда, на жозиба. Худди Конституциямизнинг ўзидай номи улуғу аммо фойдаси йўқ, ҳувиллаб ётибди…

Майдон ҳақидаги тасаввурим чил-парчин бўлгач, мақолада тилга олинган анави иккита кўчани қидирмай қўяқолдим. Мақоланинг давомини ўқийман, “Асосий ўзгаришлар шаҳар бозорларида рўй берди. Ҳам харидорлар учун, ҳам савдогарлар учун қўшимча қулайликлар яратилди…”. Мен шаҳарда энг харидоргир бўлган икки бозорни бориб кўрдим. Бирини халқ оддийгина қилиб “Янги бозор”, бошқасини эса “Эски бозор” деб атар экан. Янги бозорга кирдиму, оёқ таги лойга беланиб ётганини кўрдим. Бозор назаримда битмагандай, афтидан мақола муаллифи, шунисига ҳам шукур дебди, чоғи…

Бозорнинг ён тарафидаги бир кўча буткул расталарга тўлиб тошган, оёқ босишга жой йўқ. Шундоққина оқ дока устига маҳсулот ёйилгану савдо бошлаб юборилган. Ҳа, бозор дегани ана шундай бўлиши керак эканда, деб бироз қойил ҳам қолдим. “Эски бозор”даги манзара унданда “гўзал”. Бозорга кириб бориш учун анча-мунча чапқирлик керак, акс ҳолда “ТИКО”ми, “ДАМАС”ми туртиб юбориши мумкин. Бордию соғ-омон кириб олган тақдирингизда ҳам, оёқ тагига ҳушёр бўлмасангиз тойиб кетишингиз ҳеч гап эмас. Аранг киндигимга етадиган болакайлар нақ “ДАМАС”дай келадиган араваларни еталаб югуриб юради, харидингизни олпчиқиб бериш ниятида. Аммо булар ҳақда Садриддиннинг мақоласида ғиринг дейилмаган.

Бозорнинг маркази ва бир ёни сал тартибга келтирилиб, тепаси ёпилган. Аммо қолган жойда, ким қандай эпласа шундай жойлашиб олганича савдо олиб боради. Савдогар сифатида улар қанчалик “қулайликлар”ни сезишаётган бўлишса, харидор сифатида мен ҳам деярли ўшанча “қулайликлар”ни кўрдим. “Темирчилик” деган жойда ҳар ҳил маҳаллий ҳунармандчилик маҳсулотлари сотилар экан. Мақолада айтилганидай, савдо олиб борилаётган жойнинг ўзида янги маҳсулот устида иш кетаётганини кўриш мумкин. Аммо шароитни чироқ билан қидириб топмайсиз. Айтишларича, шаҳарнинг зўр “чўнтакчилари” шу ерда эмиш. Кўча тор, демак, барча имконият бор!..

Ҳай, бозорларни қўятурайлик, зеро у ердаги муаммоларни ёзсангиз ҳокимият уни ҳал қилиш учун савдогарларни қувишга тушади. Тартиб ўрнатишнинг ўзбекча усули шундайку, ахир. Бош бўлгани билан ақл етарли эмас, шу боис анави таёқ кўтариб ҳайвон мисол ҳаммани ҳар қаёққа қувишни уддалайдиганларга мурожаат қилинади. У ёғи ҳаммага маълум. Мақоладаги бошқа маълумотларга эътибор қаратсак. Аминман сиз ҳам азиз ўқувчи Садриддин шаънига анча “илиқ” сўзларни айтиб юборасиз, зеро у шунга арзийдиган инсон эканда…

Қаранг мақолада нима дейилаяпти, “65,5 квадрат километрни ташкил этувчи ҳудудда 358000га яқин инсон истиқомат қилади. Бу аҳолининг ўта зич эканлигини англатади — бир квадрат километрга 5477 киши тўғри келади”, ва ниҳоят мақоладаги энг муҳим кўрсаткични ҳам келтириб ўтсам. Унга кўра, “ҳар йили шаҳар аҳолиси сони 4,5 мингга ошади” экан. Мақолада бир ноаниқлик бор, яъни 65,5 квадрат километрни 358000 эгаллаб тургани ҳақидаги маълумот бугунги маълумотми ёки уч-тўрт йил аввалгими? Майли, мақола шу йил ёзилгани боис, шу йилги кўрсаткич дейлик. Унутмаслик керакки, Ўзбекистонда аҳоли сонини ҳисоблаш (перепись) амалиёти анчадан бери ўтказилгани йўқ. Демак, юқоридаги кўрсаткич тахминий, қайсидир йилдаги кўрсаткичда.

Шундай бўлса-да, муаллифга кўра, ҳар йили шаҳарликларнинг сони 4,5 минг кишига кўпаяр экан. Шаҳарнинг у юзидан, бу юзига машинада нари-бериси билан тўрт-беш дақиқада ўтиб қўйиш мумкин. Яъни у, у қадар катта шаҳар эмас. Агар айтайлик ўша саноқ аниқланган кундан, тўғрироғи йилдан буён шаҳар аҳолиси 4,5 мингдан кўпайиб борган бўлса, бугун улар анчагина бўлиб қолгандир, тўғрими? Ҳўп, шундай экан, мақола муаллифи айтаётганидай, аҳоли эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда ўтказилган тадбирлар қатори нечта турар уй қуриб берилгани (ахир, давлат халқ манфаатини кўзлаб келмоқдаку, тўғрими, Садриддин?) нега айтилмади?

Аҳоли сонидан сўнг, шартта ишсизлик масаласига ўтиб, бу борада гўёки қилинган ажойиб ишлар ҳақида гапирибсиз. Майли, бу ҳам тўғри, лекин аҳоли сони ошса биринчи галда ишсизлик масаласи тушунилмайди, турар жой масаласи тушунилади. Ё андижонликлар иш бўлса етади, уй керак эмас, дегувчиларданми?.. Қаранг, аниқлаганим маълумот бўйича, Андижонда 1993-1994 йилдан буён турар уйлар қурилмаган, давлат бу масалани ташлаб қўйган. Ҳатто не тантана билан оғиз кўпиртириб кузатаётганимиз йилда, бирор ҳомий ҳам топилмабди, уйлар қуриб берадиган.

Мақоладан яна иқтибос келтирсам, “Андижонда 72та маҳалла, 10та микрорайон … мавжуд…” дейилибди. Мана шу маҳалла ёки боринг ана микрорайонда сўнгги икки йилни қўятурайлик, сўнгги 14 йил давомида бирорта янги уй қурилганми, Садриддин? Мен атайлабдан уч-тўртта ўша сиз айтганингиз “микрорайон”ларни айланиб чиқдим, у ердаги деярли ҳар бир кўп қаватли уйлар таъмирталаб, подъездларнинг ичи сасиб ётибди, деворлари доғлаб кетган. Уйлар ҳам назаримда сал чўкиб қолгандай, пастакда. Бирорта кенг, шинам, янги замон талабларига мос келувчи уй йўқ. Битта бинодан ташқари, корейслар учун қурилган уйдан ташқари. Корейсни эъзозлаган ҳукуматингиз нега ўз халқини унутди экан а, Садриддин?..

Уйлар билан боғлиқ яна бир ҳолат. Сизнинг ёзишингизча, “Томлардан чак ўтиши, уйларнинг ертўлалари сувга лиқ тўлгани, 1991 йилга қадар қурилган кўп қаватли уйлар ташқи кўринишининг хунуклиги раҳбарият учун чинакам бош оғриғи эди. Қатъий чоралар туфайли 2005 йилнинг ўзида 347 кўп хонадонли уйлар қайта таъмирланди”. Мен юқорида уйлар қурилиши 1993-94 йилларда тўхтаган, эмуш, деб тахминларга суяниб ўтирибман, буни қарангки, мақолада бу борада аниқ маълумот бор экан. Яъни уйлар 1991 йилга қадар қурилгани боис кўриниши хунуклашиб қолган экан. Андижондаги барча уй, ҳа, адашмадим барча уйлар таъмирталаб. Уйлар подъездларидаги сассиқ ҳид, айнан ана шу сиз айтаётган ертўлалардаги сув яхшилаб олиб ташланмагани боис пайдо бўлади. Демак ўша 1991 йилдан сўнг бирорта уй қурилмаган. Акс ҳолда ҳамма уйлар таъмирталаб бўлмас эди…

Тағин мақолангизга эътибор қаратсак, нима эмиш “Ишлаб чиқариш сектори 25та корхонани ташкил этади. Шаҳарнинг ишлаб чиқариш корхоналари Болтиқ бўйи, Жанубий Корея, Буюк Британия, Туркия, Германия, АҚШ, Италия, Хитой ва бошқа давлатлар билан иқтисодий алоқаларга эга”, дебсиз. Балким, эга эди, деганингиз тўғрироқ бўлармиди. Ўзбекистонда назаримда сиз санаб ўтган давлатлар билан алоқаси сақланиб қолган корхонанинг ўзи “уже” қолмагандиров. Ҳар қалай Буюк Британия, АҚШ, Италия каби давлатлар билан иқтисодий алоқалар аллақачон боши берк кўчага киргани, бор гапку… Қолаверса, иқтисодий алоқалар шу қадар экан нега унда биз у корхоналарни мақтаб, ҳар йили телевидениемиз орқали реклама қилмаймиз, УзДЭУ-автодан ташқари?..

Ниҳоят мақолангиздаги энг асосий олиб қочишга тўхталсак, мақолангизда аллақандай И.Ҳолматовнинг сўзларини келтиргансиз, унинг уялмай-нетмай айтишича “Республика раҳбариятининг ёрдами билан шаҳар газ хўжалигини яхшилаш масаласига 500 млн. сўм ажратилди. Қисқа муддат ичида кенг миқёсли ишлар амалга оширилди. Гапни чўзиб ўтирмай, бир кўрсаткични келтириб ўтсам: агар аввалги йиллари ёзги-қишки мавсумда газ таъминоти 30-40 фоизни ташкил этган бўлса, бу мавсумда кўрсаткичлар 90-95 фоизни ташкил этади” экан. Аввалги мавсумда газ таъминоти борасида, ўша сиз суҳбатлашган Ҳолматов сал ҳақиқатга яқин сўз айтгандир, аммо навбатдаги мавсум борасида алдаган…

Бу йил андижонликлар, уларнинг айтишича, ё олтинчи ё саккизинчи қишни газсиз, иссиқлик манбайисиз ва ниҳоят электр таъминотисиз ўтказмоқда. Айрим жойларда подъездларга кирсангиз димоғингизга аччиқ ҳид урилади. Сабаби, одамлар подъездларга ўчоқлар ўрнатиб олиб, ўша ерда овқат пиширади. Газ йўқда. Ҳолматов назарда тутган 90-95 фоизли газда овқат пиширмоқчи бўлишса, бугун осилган қозон индинга қайнай бошлайди. Сиз бўлсангиз ҳеч бир уялмасдан ёлғонни чоп қилаяпсиз. Андижонда газ қандай аҳволдалигини нафақат сиз, ҳатто ҳаммани бағрига босишни канда қилмайдиган юртбошингиз ҳам билади.

Ўз ватандошларингизнинг оғирини йўққа чиқариб, унинг дардини хурсандчиликка ёйиб топган пулингиз татияптими? Андижонликлар билан гаплашсангиз, бирини қўйиб бири дардини дастурхон қилади. Тинглаб ўтириб, бу шаҳар умуман Ўзбекистон раҳбариятининг эсидан чиқиб қолганми, дейсиз. Ахир унинг 8-9 йилдан буён газсиз, чироқсиз, сувсиз, иссиқлик манбайисиз, бензинсиз, жамоат транспортисиз яшаётгани ғалати эмасми? Аслида бу Садриддин деганларида ўз миллатига, ўз ҳамшаҳарларига озгина ҳурмати бўлса, озгина кўнгли оғриса, борини очиқ ёзарди. Газетангизни қаранг, қандай кучли номга эга, “Андижон ҳақиқати”. Лекин унинг саҳифаларида ўша “ҳақиқат”дан асар ҳам йўқ. Уят!!!

Нидои Мазлум.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: