Nasr

Ғафур ЙЎЛДОШЕВ 

АЗИЗАХОН РАСУЛОВА: ПРЕЗИДЕНТГА  ЛАЪНАТ!

(“Президентга лаънат” ҳикоялар туркумидан)

Бу воқеа 2004 йил 14 июнь куни бўлган эди. Эрталаб соат тўққизларда танишлардан бири телефон қилиб, Жиноят ишлари бўйича Андижон вилоят суди биноси олдидаги катта кўчани одамлар норозилик билан тўсиб олганини айтди.

Ўн беш минутларда етиб бордим. Ҳақиқатда ҳам суд биноси олдидаги Алишер Навоий номли шох кўчани ўртасида, ўн беш нафар атрофидаги одамлар, қий-чув билан бир-бирларининг қўлларини ушлаган ҳолда, транспортларни ўтказмасликка ҳаракат қиларди. Атрофда милиционерлар, врачлар ва воқеани қизиқиб кузатаётган ахоли.

“Озодлик” радиоси мухбири эканимни айтиб, норозилик қилаётган етмиш ёшлардаги чолга микрофон тутдим.

– Биз Расуловлармиз, кеча Қахрамон Расулов деган жиянимизни суд қилишиб ўн тўрт йилга кесди. Норкотик модда билан шуғулланган дейди. Бу нохақлик. Суд раиси бизни қабул қилмаяпти… – деркан чолнинг гапи шу ерда узилиб қолди. Йигирма беш-ўттиз ёшлардаги бир жувон бўзлаб микрофонга гапира бошлади:

– Ака, мен Расулова Лола бўламан, кеча эрим Расулов Қаҳрамонни ўн тўрт йилга қамашди! Иккита гўдагим тирик етим бўлиб қолди! Судья саккиз минг доллар сўровди, топиб бера олмадик! Эр-хотин колхозда ишласак, онамиз ногирон бўлса – биз аслида долларни тушимизда ҳам кўрмаганмиз! Саккиз минг доллари саккиз миллон сўм бўларкан, бундай пул бизнинг тушимизга ҳам кирганмас, жон ака! Бу судьяларда инсоф борми?!..

Расуловлар оиласининг норозилиги тўрт соатга яқин давом этди. Маҳкум Қаҳрамон Расуловнинг кекса онаси Азизахон Расулова ўрта кўчада хушидан кетиб қолди. Врачлар кампирга игна санчиб, юрагини уқалаб, анчадан кейин хушига келтиришди. Ниҳоят соат ўн учларда, суд раиси Расуловлар оиласидан иккита вакилни қабул қилишини билдирди.

Қабулга кириб кетаётган Азизахон Расулова мени қўлимдан махкам ушлаб:

– Шу мухбир ука ҳам биз билан киради, – деди. Суд мулозимлари бунга кўнмади. Расуловлар яна норозилик билан бақир-чақир қилишди. Яна йигирма мунутча вақт тортишув билан ўтди.

– Майли мухбирнинг ичкарига киришига раис рози, фақат микрофонсиз кирсин, – деди новча бўйли суд мулозими.

Жиноят Ишлари бўйича Андижон вилоят судининг раиси Нуриддин Тўхлиев Азизахон ва Лола Расуловаларни суд ҳовлисида қабул қилди. Атрофда ўн тўрт нафар милиционер, тўққизта суд мулозими кузатиб турибди.

Майдалаб, кучсиз ёмғир ёғишни бошлади. Азизахон Расулова юрагини ушлаб, инқиллаётгани учун қаердандир ёғоч курси олиб келиб беришди.

– Илтимос, кеча мени ўғлимни суд қилган Хаким Хўжамовни чақиртирсангиз, – деди Азизахон Расулова суд раиси Нуриддин Тўхлиевга. Нуриддин Тўхлиев, мулозимлардан бирига имо қилди. Хаким Хўжамов икки-уч дақиқада суд раисининг ёнига келди. Ҳамма диққат билан Азизахон Расуловага қараркан, кампир Хаким Хўжамовдан сўради: – Сиз мени ўғлимни кеча суд қилдингиз-а?

Хаким Хўжамов бош ирғади.

– Мана ҳозир худойим сизни қиблага қаратиб қўйди. Энди қиблага қараб туриб рост гапирасиз деб ўйлайман.Сизни нечта фарзандингиз бор?

– Бешта, – деди Хаким Хўжамов.

– Мен ҳозир бир нарса сўрайман, шу бешта болангиз ҳаққи, мана қиблага қараб турибсиз, рост гапирсангиз бўлди. Қани қўлингизни дуога очинг, шу ерда мусилмонман деганларнинг ҳаммаси қўлини дуога очсин, овмин!- деркан Азизахон Расулова атрофга қараб бироз кутди.

Ўн тўрт нафар милиционер, тўққизта суд мулозими, судья, суд раиси – ҳамма-ҳамма мажбуран қўлини дуога очди.

Азизахон Расулова Хаким Хўжамовнинг кўзларига тикилиб туриб сўради: – Кеча мени ўғлим Қахрамон Расуловни 14 йилга қамадингиз, тўғрими?

– Қонун бўйича, – деди Хаким Хўжамов.

– Хўп, қонун бўйича деб қамадингиз. Лекин суддан олдин, менга саккиз минг доллар олиб келсангиз, ўғлингиз чиқиб кетади, дедингизми-йўқми?

– Йўқ! – деди Хаким Хўжамов.

– Хўп. Айтмаган бўлсангиз, мана қиблага қараб турибсиз, бешта болангизни ўртага қўйдингиз, овмин қилинг! Овмин!

– Қимайман, – деди Хаким Хўжамов.

– Майли унда, айтмаганман деб овмин қилинг, – деди Азизахон Расулова.

– Қимайман, – деди яна Хаким Хўжамов.

– Мен 8 минг доллар топа олмайман, 2 гуруҳ ногирониман, бор-йўғи 16 минг сўм нафақа оламан, қариндош-уруғдан бир амаллаб минг доллар йиғиб келишим мумкин холос, деганимда, сиз: “минг долларга туфлимни ҳам артмайман!”-дедингизми-йўқми?!

– Йўқ, – деди Хаким Хўжамов.

– Хўп, айтмаган бўлсангиз, айтмадим деб овмин қилинг, ёлғон гапирган бўлсам касри менга уради, – деди Азизахон Расулова.

Хаким Хўжамов жим туриб қолди. Суд раиси Нуриддин Тўхлиев жимликни бузиб, Азизахон Расуловага ўшқирди:

– Сиз нега судьяни шантаж қилаяпсиз?! Бунга қонун бор, сизнинг ўзингизни ҳозир қамаб юбориш мумкин.

– Мен қонунни бузаётганим йўқ,- деди Азизахон Расулова. – Мана чет элни мухбири турибди, милиционерлар, ходимларингиз, қолаверса ўзингиз турибсиз. Суддан олдин менга, “раҳбарим кўп сўраяпти, саккиз минг доллар бўлмаса камлик қилади”, демаганман дея овмин қилса бўлди. Бу қийин иш эмас-у! Агар мен ёлғон гапираётган бўлсам, касри менга урсин! Мана мен ҳам овмин қиламан!

Майдалаб ёғаётган ёмғир тезлади. Мулозимлардан бири Нуриддин Тўхлиевга шамсия тутди. Тўхлиев шамсияни нари суриб, шаррос куйиб юборган ёмғир остида қолган Азизахон Расуловага дағдаға қилди:

– Бу индамаса жуда тилингиз бурро бўлиб кетаяптими?! Мен… мен пора олиб кел деб айтибманми?! Тухмат учун Ўзбекистон Жиноят кодексида махсус қонун бор, биласизми буни?!

– Бу қонунлар сизлар учун чиққан, хоҳлаганингизни қамайсиз, хоҳлаганингизни озод қиласиз. Агар пора олиб кел деб айтмаган бўлсангиз, қани овмин денг, сиз ҳам қиблага қараб турибсиз, қани овмин денгчи! – деди Азизахон Расулова.

– Э боринг-эй! – деб Тўхлиев қўл силтади ва суд биносининг эшигига қараб юраркан милиционерларга деди: – Агар бу кампир ҳозир яхшиликчи ўз оёғи билан чиқиб кетмаса, ҳибсга олинглар, бошлиғингизга айтинг, тухмат бўйича жиноий иш қўзғотсин!

– Қани овмин, худога солдим ҳаммасини, оллоху акбар! Энди мен масжидга бораман! Сиз мухбир болам, шу ерда кўрганларингизни одамларга етказинг,– деди Азизахон Расулова ва келинининг ёрдамида ёғоч курсидан турди.

Кампир суд ҳовлисини тарк этиб, кўчага чиқиш учун навбатчи милиционерлар хонасидан ўтиб бораркан, радиодан дикторнинг овози эшитилиб қолди:

– Ўзбекистон президенти бугун …

– Вой дод! – деб юборди Азизахон Расулова. – Эчки ўламан деса кети куламан деган экан! Э сенларнинг бундай президентингга ҳам минг лаънат-эй!!!

RS. Ҳикоядаги қаҳрамонларнинг, суд раиси ва судьянинг исм-шарифлари ўзгартирилмади ҳамда деярли бадиийлаштирилмай бор бўйича тасвирланди.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: