TAHRIRSIZ MAKTUBLAR

Фазлиддин Қўчқоров

ПРЕЗИДЕНТЛИККА ТАЛАБГОРДА АВВАЛО ФАРОСАТ БЎЛИШИ  КЕРАК 

“Эрк” партиясининг Андижон вилоят бўлими раиси Холдоров Исроил Андижондаги Уя 64\Т-1 қамоқхонанинг 1- ертўласида 5 ойдан бери ётибди.

Терговчи Қобилжон Шерматов томонидан тайёрланган “Айблов хулосаси”да, 2005 йил 20 октябрь куни Холдоров Исроил Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига қочиб ўтгани, 2006 йил 10 июль кунигача “Эрк” партиясининг фаолиятини тарғиб қилиш билан шуғуллангани ёзилади.

Холдоров Исроилнинг расман тан олишича, “Эрк” партиясининг ишларини тарғиб қилиш йўлида, партия раиси Мухаммад Солихдан фақат бир маротаба(!) 200 Америка доллари олган холос.

2006 йил 4 февраль куни Вестерн Юнионнинг Ўш шаҳридаги бўлими орқали Мухаммад Солихдан олинган 200 доллар “Эрк” газетасининг №131 март 2006 йил сонларини ва Мухаммад Солихнинг “Публицистика” номли 2005 йили рус тилида, “Билгеогуз” нашриётида чоп этилган китобларини, Қорасув, Ёрқишлоқ ва Қўрғонтепа туманидаги чегара постларидан Ўзбекистонга олиб ўтиб, тарқатиш учун сарфланган.

Холдоров Исроилга кўра, Ўшдаги институтда тахсил олувчи, асли фарғоналик Ғулом исмли талаба “Эрк” газетаси ва Мухаммад Солихнинг китоби билан чегарада ушланганида, 50 доллар пора бериб қутқариб олинган. 200 доллардан қолган 150 доллари газета ва китобларни Қирғизистон чегарасидан Андижонга олиб борган киракаш ҳайдовчиларга, уларни тарқатганларга бўлиб берилган.

Қисқаси, Холдоров И. салкам 9 ой Ўш шаҳрида қочқинликда яшаб, “Эрк” партиясини тарғиб қилган бўлса, Мухаммад Солихдан фақат бир маротаба 200 доллар олган холос ва уни ҳам ўзига олиб қолмай партиянинг газетасини, раиснинг китобини тарқатишга сарфлаган. Бу далилга ишониш мумкин, чунки Ўзбекистон қамоқхоналаридаги қийноқларда хатто темир ростини гапиради: агар Холдоров кўпроқ пул олганида, ортиқча жонини қийнамасликлари учун ҳам кўпроқ олганман дерди.

Холдоров Исроилнинг жиноий иши орасида бир дона CD-R compact диск ҳам бор.

Дискда, 2006 йил 13 май куни Андижон воқеасининг бир йиллиги муносабати билан УВКБ ООНнинг Ўш шаҳридаги бўлими биноси олдида, Холдоров И. бошчилигида 6 киши иштирокида ўтказилган пикет видео тасвири бор. Пикет иштирокчиларидан 5 кишининг бўйинларига 30х40 см.ли хажмда Мухаммад Солихнинг портрети илинган.

– Андижон воқеасининг бир йиллиги муносабати билан ўтказилган пикетга Мухаммад Солихнинг қандай алоқаси бор? – деб сўраган терговчи Шерматов Қобилжон саволига, Холдоров И.: – Уларни мен мажбур қилгандим, пикетдагилардан бири портретни илиш Ислом динига зид деганида, биз бари бир Мухаммад Солихнинг портретини иламиз, у бизнинг президентимиз бўлади, деб мен уларни мажбурлаганман, дея жавоб бергани “Айблов хулосаси”да ёзилган.

Юқоридаги гаплардан хулоса қилсак, Холдоров Исроил Мухаммад Солих учун ўта фидоий бўлган. Аммо Мухаммад Солих унга – “Эрк” партиясининг Андижон вилоят бўлими раиси Холдоров Исроилга нисбатан фидоийлик кўрсатдими? Афсуски йўқ!!!

Холдоров Исроил 2006 йил 10 июль куни Ўш шаҳрида дом дараксиз йўқолганидан, орадан 3 ой ўтиб Андижон қамоқхонасида топилганидан ва эндиликда иши судга оширилгани маълум бўлганидан, жами ўтган 5 ойдан буён Мухаммад Солих лоақал ярим соат вақтини, таъкидлаймиз –лоақал ярим соат вақтини ажратиб(!) партия номидан хатто баёнот ёзмади. Бу Мухаммад Солихнинг ўта фаросатсиз эканидан далолат бермайдими?!

2 ойча аввал Жамшид Мухторов Мухаммад Солихнинг эл.почтасига хат ёзиб, қамоқда қийналаётгани учун Холдоров Исроилга, оиласига ва адвокат ёллашга 200 доллар жуда зарур деган. “Андижондаги одамимиз орқали биз буни аниқлаб, зарур бўлса оиласига ўзимиз пул жўнатамиз,” – дея жавоб қайтарган Мухаммад Солих. Бу гаплардан бизни хабардор қилган МХХда ишловчи танишимиз: “Андижонда Мухаммад Солихнинг одами биргина Холдоров Исроил эди ва Исроилга 3 та чоллар эргашиб юрарди, холос. Мен кафолат бераман Солихни ҳозир Андижонда ҳеч кими йўқ, аслида “Эрк” раиси ҳам афёр экан!” – деди.

Яна шу танишимизнинг гапига қараганда, “Фергана.ру” интернет сайтида ишловчи Алишер Сойиповга 2006 йил 13 июль куни Мухаммад Солих эл. почта орқали хат ёзиб, Исроил Холдоровни ўғирлаб кетишибдими? – деб сўраган, Алишер Сойипов: Исроил Холдоров йўқолмаган, у Бишкекка кўчиб кетди, – деб жавоб ёзган ва Мухаммад Солих шу гапга лаққа тушган.

Дарҳақиқат, айрим одамлар Алишер Сойиповни Ўзбекистон МХХси билан ҳамкорликда гумон қилишади. Бу гапларда жон борга ўхшайди, чунончи Холдоров Исроил Ўш шаҳрида қочқинликда юрганида Алишер Сойипов билан яқин муносабатда бўлган. Лекин Холдоров Исроил йўқолганидан, яъни ўтган 5 ойдан бери “Фергана.ру”да бу ҳақида жўяли бир мақола эълон қилинмади. Зеро ҳарбийда калтакланган Алишер Сойиповнинг укаси ҳақида суратлари билан каттакон мақола берилди, аммо “Эрк” партиясининг вилоят раиси ҳақида, янглишмасак атиги бир маротаба қисқа сатрда айтиб ўтилди холос.

Мақоламиз якунида яна бир воқеани айтишга зарурати туғилади. СССР инқирозга учраётганида, Мухаммад Солих депутат ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг раис ўринбосари эди. Ўшанда, Тошкент шаҳар Пушкин кўчаси 1 уйнинг 2 қаватидаги Мухаммад Солих хонасига икки аскар кириб келганди. Кўринишида одам ахволи бўлмаган бу аскарлар, Узоқ Шарқдаги ҳарбий қисмидан қочиб келишаётганини айтганида, Мухаммад Солих – яъни жаноб депутат аскарларни хонасидан ҳайдаб чиқариб, кутиб туришни буюрганди. Кийимлари йиртилиб кетган, қоринлари оч ҳолда, Узоқ Шарқдаги Белогорск шаҳридан Тошкентгача юк вагонларида беркиниб келган аскарлар депутат Мухаммад Солихдан умидвор бўлиб, бари бир қабулхонада уни кутишга мажбур бўлишган. Аммо, ярим соатлардан сўнг қабулхонага чиққан Мухаммад Солих аскарларни тушдан кейин қабул қилишини айтиб, овқатланишга кетган.

Ўша аскарларнинг бири мени укам, икинчиси сурхондарёлик унинг хизматдоши эди. Ҳайрият ўшанда яхши одамлар топилиб, укамларнинг қорнини тўйдириб, йўлкирасига пул бериб, кузатиб қўйган ва улар ўшанда Мухаммад Солих билан учрашмай уйга келишган.

– Аслида Холдоров Исроил ўзи қамалишга лойиқ одам экан, кимки Мухаммад Солихга ишонса шунақа бўлади, – деди укам яқинда.

Шахсан мен Холдоров Исроил билан учрашмаганман. Унинг қандай одамлигини тузукроқ билмайман.

Мухаммад Солих билан ҳам учрашмаганман, учрашиш ниятим ҳам йўқ. Қолаверса, президентликка ёки бирор амалдорликка даъвоим йўқ. Ниятим ва интилишим битта – халқим тақдири эндиликда харомзода ёки фарсоатсиз президентлардан холи бўлсин, кўкрагига шамол тегсин!

Худойим, Ислом Каримовдай хамромзодани президент қилиб, тақдиримизни шу куйларга солган экан, ўзбекистонликлар Мухаммад Солихдан ҳам яхшилик кутиши мумкинми дея, бошим қотганидан юқоридагиларни қораладим. Зеро, “Арена” мухбири билан суҳбатда,(бу сухбат 2006 йил бошларида эди шекилли,) Мухаммад Солих 2006 йил август ойида Ўзбекистонга кириб борамиз деган эди. Бу – “Сичқон сиғмас инига, ғалвир боғлар думига” қабилида айтилган гап бўлиб чиқди. Қарангки, Мухаммад Солих кўпчиликдан кечирим сўрашни ёки президенти бўлишга ният қилаётган халқи олдида ҳисобот бериб, узр сўрашни-да лозим топмади.

Ё парвардигор – бу ҳам Мухаммад Солихнинг фаросати қай даражада эканлигидан далолат беради!

ТАҲРИРИЯТДАН׃ Маълумки, биз таҳририят қарашларига мос келмаган материалларни ҳам бериб келмоқдамиз. Ошкоралик нуқтаи назаридан ушбу мақолага ҳам ўрин бердик. Истаганлар бунга ўз фикрларини билдиришлари, жумладан, Муҳаммад Солиҳ ҳам ўз жавобини ёзиши мумкин. Қуйида мулоҳазалар ёзиладиган жойга кириб, қайдиятдан ўтган ҳолда фикрларингизни ёзиш имконига эгасиз.

One Response

  1. Истаганлар мана шу ерда ўз фикрларини билдиришлари, жумладан, Муҳаммад Солиҳ ҳам ўз жавобини ёзиши мумкин.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: