Nuqtai nazar

ЕВРОПАЛИК МУТАХАССИСЛАРНИНГ ШУМ КИЛИҒИ

Ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистон бироз дадиллашиб олди. Энди бемалол анча-мунча ташкилот ва давлатларга қарата тупугини сочиши ҳам мумкин. Сабаби, иш битди, ном оқланадиган бўлди. Бир тўда масхарабозларнинг Ўзбекистонга келиб кетиши ана шундай имкониятлар пайдо қилди, қойилми, қойил!

Энг қизиғи, европалик масхарабозларнинг бутун ташрифи сир тутилаётган эди, аммо бирдан сафар мақсади маълум бўлиб қолдию Ўзбекистонга қарашли махсус сайтларда шартта ахборотлар чиқиб кетди. Англандики, овоза қилса бўлаверади, зеро ҳаммаси просто ажойиб, зўр, икки юз эллик грамм кўтариб юборгудай… Ҳатто учрашув ташкилотчиларига “Ўзбекистон қаҳрамони” унвонини бергулик.

Адашмасам, ҳозирги “алломалар”имиз сингари бир аллома “сиёсат фоҳишанинг ўзгинаси” деган экан. Фоҳиша эса, маълумки фоҳишанинг юзига урмайди, гарчи европалик бўлса ҳам. Нима қипти, вазифа бир-ку! Ёлғонтакамига эҳтиросли инграшлар билан бўлса-да, кўзланган мақсадга эришиш, яъни ундириб олиш. Ингралди. Энди гап фақат олди-бердида қолди.

Бир ўйлаб кўринг, нега шунча вақт давомида қурғур халқаро экспертлар ташрифидан хавотирланиб талвасага тушаётган расмий Тошкент бирдан жим қолди. Келаверинглар деб, қўл силтаб қўйди. Албатта, ҳамма излар астойдил йўқ қилиб юборилгани боисидан эмас. Зеро, англандики, халқ деганига ишонч йўқ. Ҳўп-ҳўп деб туриб, шартта валақлаб юбориши мумкин, худди Маҳбуба Зокирова сингари…

Йўқ, Ўзбекистон расмийлари келадиганлар аслида нима учун ва қай тартибда келишини билгани боис йўқ демади. Агар АҚШ билан ҳам шундай келишувга эришилса, марҳамат улар учун ҳам йўл очиқ. Ўрганаверинглар жаноблар! Ноу проблэм! Бундай вазиятда майн ҳукумат сизнинг ҳукуматга энг садоқатли фрэнд!!! Плизз яна қайтадан ҳарбий база учун вэлком!!!

Аслида европалик фоҳишалар Тошкентга келган захоти, асл мақсадларини билдириб қўйишган эди. Биринчи навбатда фуқаролик сектори билан ҳар қандай мулоқотни четга суришди. Нима эмиш, келиб кетиш учун ажратилган вақт ўта қисқа бўлгани боис, ортиқча “машмаша”га имкон йўқ. Андижонликлар билан учрашишга ҳам вақт бўлмади, зеро ҳар куни чарақлаб турган қуёш, негадир бечора европаликлар келган пайт йўқ бўлиб қолди. Ҳаммаёқни туман қоплаб, икки метр нари кўринмай қолди. Одамлар ўша кунлари ҳатто кўчага чиқмади, адашиб бировнинг ҳовлисига кириб кетмаслик учун. Туман ахир, хавфли!!!

Ўзбекистон ҳудудини яхши билмаганликлари боис, туманда адашиб бедарак йўқолишнинг олдини олиш учун бечора европаликлар МВД ва СНБ шоввозларидан гид ёллашди. Ўзбекистоннинг ёввойи ҳудудларидан соғ омон чиқиш режаси тузилди, гидлар томонидан. Соғлом қайтиш ниятида бўлган европаликлар рози бўлди. Вей, бир кунда Андижонга бориб, кўриб, гаплашиб, аниқлаб қайтишди. Ҳа, кучли экспертлар экан… Бир кунда, аниқроғи, бир куннинг атиги тўрт соати ичида воқеа “мукаммал” ўрганилдия. Гиннес рекорди эмасми бу?! Илтимос бир қарсак чалиб юборайлик, биз бу ишни қойиллатамизу!

Пекка Ойнонен (адашмасам экпертлар гуруҳи бошлиғининг исми шундай эди) Озодлик радиосига берган интервьюсида ҳам, Uznews.net сайтига берган интервьюсида ҳам чунонам олиб қочди-ки, қўяверасиз. Аввало ул жанобнинг исмини айтар чоғи, адашмасам дейишимнинг боиси ҳақда. Ҳа, кўпчилик ўзбекистонликлар қатори мен ҳам жанобнинг исмини аниқ билмайман. Зеро, худди моховга ўхшаб ҳаммадан яширинча келиб, яширинча кетганидан сўнг унинг исмини қаёқдан ҳам билайлик…

Энди жанобнинг олиб қочишлари хусусида. Эмишки, қамоқхонадаги айрим махбуслар билан учрашув чоғи, айрим янги маълумотлар қўлга киритилган экан. Қизиқ, қайси қамоқхона ҳақида гап кетаяпти? Балким, қамоқхона эмас, расмий идоралардан бирида қисқа муддатли, айтайлик тушлик пайтида икки-учта олиб келинган махбусларнинг “шоу”си ҳақида гап кетаётгандир. Ундай маълумотлар билан Ўзбекистонга келмай туриб ҳам танишиш мумкин эди, ана бутун бошли Олий суддаги “шоу”нинг видео тасмаси бор!

Қамалганлар билан эмас, балким ҳали очиқда юрганлар билан гаплашмоқ керакмиди… Масалан, ҳозирда қамоқда сақланаётган инсон ҳуқуқлари химоячисидан бирининг оиласи билан, Махбуба Зокирова билан, ҳали очиқда қолаётган бир гуруҳ инсон ҳуқуқлари химоячилари билан, мухолифат вакиллари билан… Йўқ, эмишки, бу одамларнинг маълумотлари Европа экспертларида бор, улар фақат қўшимча маълумотларни ўрганиш ва расмий маълумотларни улар билан солиштириш учун келганмуш… Узур, кулгум келиб қолди, сал ўзимни босиб олай сўнг давом этамиз…

Солиштиришни жаноблар, уйингизда, вискими, пивоми ёки бренди ичиб ўтириб, амалга оширсангиз ҳам бўлаверарди. Зеро, расмий маълумотлар Ўзбекистон ичида қолиб, ҳаммадан сир тутилаётгани йўқ. Қайтанига норасмий маълумотлар тўсилиб, расмийси керак бўлса эшигингиз тагигача етказиб берилган. Сиз бу қадар зўр қизиқиш билан суҳбат ўтказганингиз Акмал Саидов, Сайёра Рашидоваю Рашиджон Қодиров ва Баҳодир Матлюбовлар томонидан тайёрланган маълумотлар нафақат сиз келган Европада, ҳатто Жанубий Африка мамлакатларию Шимолий муз океанида тобора камайиб бораётган оқ айиқларгача етказиб берилган. Билиб хулоса қилишсин учун…

Ўзбекистон расмийси унақа жим ўтириб, чатоқ бўлдида дейдиган эмас. Керак бўлса хожатда ўтирган жойингизга ҳам етказиб беради, ўзини оқловчи маълумотни. Шунинг учун, ҳурматли сэрлар, ёлғонни невараларингизга уҳлатар пайт айтинг! Ҳа, айтганча, жаноб Ойнонен халқаро сайтлардан бирига берган интервьюсида, шахсан 15га яқин фуқаролик сектори вакиллари билан суҳбатда бўлганини айтибди. Қизиқ, ким экан ўша “сектор” вакиллари, ҳойнаҳой Сайёра опа билан Акмал ака бўлсалар керакда а? Тўғри, бу икки инсоннинг ҳар бири етти ярим кишини ташкил этгулик савлатга эга. Ёки жаноб Ойнонен фуқаролик секторига МВД, СНБ, прокуратура ва Ташқи ишлар вазирлиги ходимларини ҳам қўшиб юбордимикан?

Ойнен, сэр, бизда аллақачон бу ташкилотлар вакиллари фуқаролик сектори вакиллари ҳисобланмай қўйган. Акмалжон ҳам, Сайёрахон ҳам фуқаролик секторидан, тарғибот ва ташвиқот секторига ўтиб улгурган. Фуқаролик сектори ҳеч замонда Олий Мажлиснинг бирор қўмитасини бошқарармиди? Ё Европада шундайми? Агар улар фуқаролик сектори хисобланса, сўрангчи, ташкилотида нечта оддий фуқаро ишлар экан? Қайси автомашинада юришаркан, автомашина кимнинг қарамоғида экан, ойликлари қаёқдан олинаркан, офисларичи, қаёқда экан?.. Уларнинг кетидан ҳам кузатув бормикан? Хая, борликка бор, фақат биз тушунган кузатувдан са-ал фарқланади…

Адашмасам, Европа нисбатан мўътадил иқлимли ҳудудларда ёки умуман иссиқ иқлимли ҳудудларда жойлашган, чоғи. Негаки, Ўзбекистон совуғи европалик экспертларни анча довдиратиб қўйдида. Айнан мана шу совуқ туфайли билишимизча, европаликлар Тошкентга кеч етиб келди, Андижонга узоқроқ муддатга бора олмади, қолаверса халқ билан ҳам учраша олмади. Ахир совуқда кўчада одамлар билан гаплашиш қийин, гаплар қовушмайди, касал бўлиб қолиш мумкин… Аммо иссиқ машина ичида ўтириб, айрим объектларни кўриб чиқиш мумкин. Масалан “террорчилар ёқиб” юборган театрнинг янги кўринишини.

15 мактабни-ку кўриш шарт эмас, у ҳақда ҳатто европаликлар аниқ маълумотга эга эмас. Вилоят СНБси биноси ва вилоят ҳокимлиги биносини кўриш шарт, бу мўътабар биноларга қилинган тажовузни кўрмай, ғазабланиб олмай бўладими. Дарвоқе ҳокимлик биносини ҳам “террорчилар” ёқиб юборишган эди. Европаликлар биноларни кўрар чоғи, шубҳасиз, “вой, номардларей” деб, бош чайқашган бўлишса керак… Аслида оддий одамлардан, айрим журналистлардан, инсон ҳуқуқлари химоячиларидан сўрашса, театрни ҳам, ҳокимлик биносини ҳам ким ёққанини айтиб беришарди… Аммо мақсад бўйича уни аниқлаб ўтириш шарт эмас эди… Шунчаки, кўриб қўйиш керак эди.

Ҳа, айтганча. жаноб Ойнонен яна бир гапни айтган экан. Яъни, экспертлар ташрифи Ўзбекистон таклифи билан бўлган ва шу боис асосий ҳаракатлар режаси ҳам Тошкент томонидан тузилган. Йўғ-э? Ироқда оммавий қирғин қуроли бор ёки йўқлигини аниқлаши керак бўлган комиссия ҳам Ироқ расмийлари таклифи билан келганди, чоғи. Европа Иттифоқига аъзо бўлмоқчи бўлаётган давлатлар ҳам ўзларидаги шароитни намойиш этиш учун, ўзлари таклиф қилишади… Демак уларни ҳам таклифи учун хурсанд килиб, шартта-шартта иттифоққа аъзо қилиб юбориш керак эканда а? Шимолий Корея ҳам бордию ўзи, дунё ҳамжамиятини мамлакатга таклиф этиб, бизнинг атом фақат тинчлик ўрнатиш учун, ҳаммаёқни тинчитиш учун деса, ҳамжамият “ўзлари таклиф қилиб, ўзлари ҳаммасини тушунтиргани боис, уларнинг фикрини маъқулладик”, дермикан?..

Ташриф тугади, қўшма хулосалар қабул қилинди, европаликлар келган жойига қайтди. Тамом! Энди бутун ўзбекистон халқи навбатдаги сафсатанинг қай тарзда узатилишини кутиб ўтирибди. Расмийлар ҳам. Зеро, бордию ҳаммаси келишилгандай бўлса, у ҳолда, барча демократлару инсон ҳуқуқлари химоячиларига яхшигина зарба тайёр. Европанинг қўли билан, албатта. Тавба, Европа ҳам аслида ўзбекка ўхшар эканда а? Ҳам айтади, ҳам қайтади… Тик туриб қарсак чаламиз!!!

Нидои Мазлум.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: