Наср

Ғафур ЙЎЛДОШЕВ

МАВЖУДА “СОТҚИН” :ПРЕЗИДЕНТГА ЛАЪНАТ

(“Президентга лаънат” ҳикоялар туркумидан)

Мавжуда биринчи фарзандга ҳомиладор эди. Оғироёқлигини еттинчи ойида, қони камлигидан шаҳар туғруқхонасида даволанаётганди. Эрталаб отаси билан қайнотаси “Тико”да келиб, акрамийлар қўзғолон кўтаришибди, шаҳар нотинч олиб кетамиз, кейин даволанаверасан дейишди.

Йўлда уларнинг машинасини ҳукумат аскарлари ўққа тутди. Отаси билан қайнотаси ўша ерда ўлди. Мавжуданинг эса қорнига ўқ тегиб, ҳомиласидан ажради.

Орадан тўрт ой ўтиб, Мавжуда Тошкентдаги судда гувоҳлик берди:

– …Бизга акрамийлар ўқ отди. Дадам ва қайнотам акрамийларнинг ўқидан ўлди. Мени ҳам қорнимга ўқ тегиб, ҳомилам нобуд бўлди, ҳаётимни дўхтирлар зўрға сақлаб қолди…” – деди Мавжуда.

Унинг судда айтган гаплари телевидение орқали бутун республикага кўрсатилди. Ҳамқишлоқлари ҳам Мавжуданинг гапларини эшитишди.

Индинига Мавжуда Тошкентдан қайтди. Қишлоққа кираверишда, эркаклар сартарошхонаси ёнидан ўтаётганида, отасининг ўртоғи Жамотой “уста” Мавжуданинг йўлига чиқди.

– Мавжу, бу одамлар айтаётган гаплар рост шекилли-а? Ҳукумат ростдан ҳам бир миллион сўм берганми?– деб сўради Жамотой “уста”.

– Ҳа, жабрланганингга деб, беришди, – деди Мавжуда.

– Э-э…аши акрамийлардан жабрлангансан-да, а?

– Ҳа-энди…биласиз-у…

– Ҳм-м…мен…менчи қизим сени ўрнингда бўлганимдами, отамнинг ўлигини ўзи йигирма миллион турарди, қорнимдаги болам ўн миллионга сотиларди, ҳа майли қайнотамни отганингиз учун пул бермасангизлар ҳам розима деб-чи, ўттиз миллион олардим! Суф-эй! – Жамотой “уста” қўлини силтаб, сартарошхонага кириб кетди.

Мавжуданинг баданига титроқ турди. Беихтиёр кўзларида ёш қалқиди. Отасининг оғайниси ҳеч қачон бу тарзда гапирмаган, доимо уни ўз қизидай эркаларди. У нима қиларини билмай бироз турди-да, ғайриихтиёрий йўлида давом этди.

Тошкентда, “гувоҳ”ни қўриқлаб борган милиционерлар бир қадам ҳам ошиқча юришга рухсат беришмагани сабаб, Мавжуда жиянларига совға харид қилолмаганди. Йўл-йўлакай қишлоқ гузаридаги озиқ-овқат дўконига кирди. Ёшликдан бирга ўсган дугонаси Олмахон уни кўрибоқ шошилганича ичкари хонага йўналди. Аввалига дугонасини бирор иш билан кириб кетгандир деб ўйлаган Мавжуда кутиб турди. Лекин дугонаси ҳадеганда чиқавермади.

– Олма, – деб дугонасини чақиришга мажбур бўлди Мавжуда. Ичкаридан эса дўкон мудири Мастура опа чиқди:

– Дўкон ёпиқ, ишламаяпти, – деди Мастура опа. Мавжудани гўё танимайдигандай ошиқча гап айтмади, ҳол-аҳвол сўрашмади.

Гарсангсираб қолган Мавжуда, дўкондан чиқиб кетишга тараддудланаётганида, ҳамқишлоқларидан Алимардон “пиён” кириб қолди. У ҳар доимгидай кайфи тарақ, тебраниб турарди. Мавжудага кўзи тушиб, “Ий-вей!Бу сизмисиз?” – деди ва бирдан шеър ўқиб кетди:

Отди, отди, дод отди:

Юртбошининг лашкари,

Анжанда одам отди.

Ҳомиладор аёлни

Қорнин мўлжаллаб отди.

Соти, соти, вой соти:

Ҳомила-ю, қайнота –

Аёл ҳаммани сотди.

Отаси ҳам бир миллион–

Бу аёл ёмон сотди.

Мавжуда қулоқларини беркитиб олди. Югурганича дўкондан чиқиб кетди. Бир алпозда уйга кириб борганида эса қайнонаси – Гулсум кампир келинининг йўлини тўсди.

– Нарсаларингизни йиғиштириб, отангизникига кетаверинг, – деди Гулсум кампир. – Эримни ўлигини бир машина пул беришганида ҳам мен сотмасдим. Бунақа сотқин келин энди менга керакмас, ўғлим Россиядан келганда ўзим айтаман, агар у турмуш қиламан деса, сизларнига бориб яшайверади. Бу уйга энди сиғмайсизлар! – шундай деркан Гулсум кампир қиблага қараб қўлларини дуога очди: – Сотқинларга тўзим бергин худойим! Чолимни отганларга ўлим бергин худойим! Отишга буйруқ берган президентга лаънат бергин худойим!!!

Мавжуда югурганича кўчага чиқиб кетди. Ўша кундан бери уни ҳеч қаердан дараги чиқмади. Баъзи миш-мишларга кўра, Мавжуда сочлари ёзиқ ҳолда, катта Фарғона канали томонга югуриб кетган, йўл аро худди ақлдан озгандай, бақириб:

– Аскарларга лаънат! Президентга лаънат!!! – деган экан.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: