Nuqtai nazar

АЛДАРКЎСА ВОРИСЛАРИ

folbin.jpg Яқинда, аниқроқ айтадаиган бўлсам, 4 декбр куни Ўзбекистон Миллий ахборот агентилиги сайтида, “Ижтимоий фикр” марказининг, мамлакат конституциясининг 14 йиллиги муносабати билан ўтказган сўровлари натижаси эълон қилинди. Албатта, нафақат журналист бўлганим учун, балки шу мамлакатниннг бир фуқароси, қолаверса ана шу Конституция кафолатлаган нарсаларга умид қилиб яшаётган бир инсон сифатида мен сўровлар натижасига қизқидим.

Танишиб чиқдим, рақамларни кўрдим. Ўзимча ҳайрон ҳам бўлдим, айрим қоғозга туширилмайдиган ибораларни ишлатиб, стол муштлаб ҳам олдим. Аммо ҳаммаси ҳақда батафсил… Дастлаб ана шу “сўров” натижасидаги айрим ҳолатларни эслатиб ўтсам. Демак, “Ижтимоий фикр” аталмиш идора маълумотларига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг 94,3 % тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро ва фуқаролар тотувлиги “мустақиллик” туфайли эришилган энг катта бойлик деб ҳисоблар экан.

Хўш, сўровда қатнашганларнинг кўпчилиги президент Ислом Каримовни демократия, ижтимоий одиллик, бағрикенгликни таъминлашнинг асосий кафолати деб билар экан ва унинг сиёсатини тўла қўллаб-қувватлар экан. Зеро, дейилади маълумотномада, ушбу сиёсат доирасида (президент юритаётган сиёсат назарда тутилаяпти — муаллиф) ҳаётимизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли (?) ислоҳотлар аҳоли фаровонлигини (??) янада ошириш, эҳтиёжларини қондириш (???) ва орзу-умидларини рўёбга чиқаришга (????) қаратилган.

Сабрингиз учун миннатдорчилик билидирган ҳолда, кейинги хулосаларга эътиборингизни қаратаман. Демак, “тадқиқотчилар”нинг яна айтишича, 92,8% сўралганлар мамлакатда барча (шу урғуни айниқса эсда сақлаб қолишингизни сўрардим — муаллиф) фуқаролар моддий ва ижтимоий аҳволи, дини, миллатидан катъи назар қонун олдида тенг, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўлиқ, (сўнгра қавс очилиб “деярли 100 фоиз” деб қўшиб қўйилган — муаллиф) амал қилинмоқда экан.

89,9% аҳоли сўров давомида бугунги ҳаётидан мамнун эканлигини айтибди. Бу жавобдан мамнун бўлган, журналист Анна Иванова, ўз ҳаяжонини яшира олмай “бу Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг самарадорлигига ёрқин мисол бўла олади” деб юборади. Майлида, бу унинг шахсий фикри, бунинг учун бечора журналистни нари-бери қилишнинг ҳожати йўқ. Қолаверса руслар учун чиндан ҳам бугун ҳамма нарса зўр! Бу ўша назарда тутилган сўровдан қисқа иқтибос эди. Энди биргаликда ана шу “сўров” деб тақдим этилган найрангни бир таҳлил қилиб кўрсак…

Сезиб турибман, “сўров” натижаси билан танишгач, кўпчилигингизда эътирозли фикрлар пайдо бўлган. Биз яхшиси, ҳамма жавобларни Конституция моддалари ва уларнинг ҳаётий намуналари билан қайтарсак, назаримда бу энг тўғри йўл бўлади. Келишдикми? Унда қани, бисмиллаҳ, бошладик…

Ўзбекистон Конституциясининг VII боб 25-моддаси “Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга. Ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши ёки қамоқда сақланиши мумкин эмас”. Аслида бу модда нечоғли ҳурмат қилиниб, унга риоя этилаётганини исботлаш шарт эмас. Ўзбекистоннинг истаган қишлоғи, тумани, вилояти ва ниҳоят шаҳарига борсангиз, бу модда аксинча талқин қилиниб, неча-нечалар қамоққа тиқилганини биласиз. Айниқса, диндорлар қамалиши жараёнини кузатиб кўрингга…

26-модда. “Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳир бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар яратиб берилади...”. Бизда бирор инсон иши судга оширилдими, тамом, у шубҳасиз айбдор саналади. Айбсизлик презумпцияси Ўзбекистонда ўша, илк “мустақиллик” пайтлариёқ олиб ташланган. Ўлим жазосига ҳукм қилинганлар, диний эътиқоди учун қамалганлар, суднинг биринчи куниданоқ айбдор саналган. Сўнгги шов-шувли судни, Андижон воқеалари сабабчилари, дея гумон қилинаётганлар устидан ўтган судни эсланг. Ҳатто адвокатлар ўз ҳимояси остидагиларга, ҳали суд тугамасдан аввал, айби учун узр сўрашга унданб турибдию…

26-модданинг кейинги қисмларига ўтсак, “Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас”. Мана шу мақолани ёзиш пайтида, интернет адресимга бир маълумотнома келиб тушди. Унда айтилишича, Қашқадарё вилояти Косон туманидаги 64/51 жазони ўташ муассасаси ходимлари, яъни, Шомурод Ражапов, Фармон Одилов ва Султоновлар қамоқ жазосини ўтаётган диндорларни ярим яланғоч ҳолатда кўчага олиб чиқиб, изғиринда ярим соатлаб туришга мажбурламоқда экан. Фамилиялар аниқ, жазони ўташ муассасаси давлат рақами ва манзили аниқ, демак, бўлаётган ўзбошимчалик ҳақидаги маълумот ҳам чин.

27-модда. “Ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга”. Демак, қонун бўйича, ҳар ким шаъни ва обрўсига қилинган тажовуз учун қонуний жавобгарликни талаб этиши мумкин, ҳар ким, фақат президент эмас. Айтингчи, бугун қайси ўзбек ўз хонадони дахлсизлиги ҳақида қатъий айта олади, кимнинг уй телефони СНБ (Миллий хавфсизлик хизмати) томонидан тингланмайди, кимнинг уйига милиция ходими ғоз кира олмайди, кимнинг шахсий пул кўчиришлари назорат қилинмайди? Кимнинг, борми, менинг дея оладиган мард? Давлат ишчилари, махсус идоралар ходимлари ва нихоят амалдорларимиз бундан мустасно.

Иш туфайли Тошкентга келиб қолган бирор шахснинг уйига ота-онасими, ёру-дўстими келсинчи, кўрасиз тамошани. Милиция нозири бемалол келиб, паспортларини текшириб, участкага олиб кетиши мумкин. У ерда нимага келгани, нега пропискаси йўқ бўла туриб Тошкентга келгани, жарима тўламаса (?) ўн беш кеча-кундузга қамалиши ҳақида дағдаға қилиши мумкинми, мумкин. Ахир, бу кимнингдир шахсий ҳаётига аралашиш эмасми? Кимни, қачон, қаерга таклиф қилиш менинг шахсий ишим эмасми? Қолаверса ота-онам, ака-укам менинг уйимга келиши ҳам бизнинг оиланинг шахсий иши эмасми, нима учун нозир бунга суқулиши керак? Нега инсон ҳуқуқлар и ҳимочиларининг уйлари олдида пойлоқчилар юради, нега истаган пайт, истаган одам уларнинг уйига бостириб киради, ва ниҳоят нега Бахтиёр Ҳамроевнинг уйига хотинлар бостириб кирадию, милиция ходимлари қўл силтайди?

Қаранг ўша модданинг давомида, биз санаб ўтган барча ҳолатлар қонунга зид эканлиги қайд этиляпти “Ҳеч ким қонун назарда тутган ҳолларда ва тартибдан ташқари бировнинг турар жойига кириши, тинтув ўтказиши ёки уни кўздан кечириши, ёзишмалар ва телефонда сўзлашувлар сирини ошкор қилиши мумкин эмас”. Ҳозир истаган метро бекати, шаҳар бозорлари ва ёки шунчаки шаҳарнинг одам гавжум жойларига бориб кўрингга. Милиция ходими вилоятдан келиб қолган фуқаронинг сумкасини, чўнтагини бемалол титаётган бўлади. Паспортида аллақандай тамғани талаб қилади. Ваҳоланки унинг ўзи бундай қилиб қонун бузаётгани парвосига ҳам келмайди. Ё нотўғрими?

28-модда. “Ўзбекистон Республикаси фуқароси республика ҳудудида бир жойдан иккинчи жойга кўчиш, Ўзбекистон Республикасига келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга”. Қайси мустақил журналист, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, борингки оддий фуқаро ташқарига эркин чиқиб кета олади? Албатта, СНБ рухсат бериши керак, ИИВ тасдиқлаши керак. Акс ҳолда виза ололмай сарсон юраверасиз… Тартиб билан таниш бўлмаганларга эслатиб ўтаман, ҳозир ҳорижга чиқишни мўлжаллаб қолгудай бўлсангиз, иш жойингиздан ҳужжат, ишламаётган бўлсангиз маҳалла фуқаролар йиғинидан ҳужжат, ҳарбий гувоҳнома, ҳар-ҳил тўловлар бўйича далолатнома, солиқ қўмитасидан рухсатнома ва ниҳоят қайтиб келишингиз аниқлиги ва нима учун кетаётганингиз ҳақида тушунтириш беришингиз шарт.

29-модда. Ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга, амалдаги конституциявий тузумга қарши қаратилган ахборот ва қонун билан белгиланган бошқа чеклашлар бундан мустасно”. Ўша мустасно нима экан, десак. Унинг ҳам жавоби ўша модданинг давомида айтилган, яъни “Фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги фақат давлат сири ва бошқа сирларга тааллуқли бўлган тақдирдагина қонун билан чекланиши мумкин” тамом вассалом.

Демак кимнингдир уйига милиция сабабсиз бостириб кирса, кимдир ноқонуний ҳибсга олиниб адвоқати билан учраштирилмай, ғайриодатий ҳолатларга мажбурловчи шароитга солинса, болалар пахта теримига жалб қилинса, президент бирор масала юзасидан ёлғон айтаётгани аниқланса, давлат амалдори ҳеч бир мантиқий тушунтиришсиз томорқангизни буздирмоқчи бўлса, нарх-наволар томдан тараша тушгандай тўсатдан огоҳлантиришсиз кўтарилса, трамвай ағанаб кетса, фуқаро милиция хонасида қийноққа солинса, маълумот олиш учун милиция ходими рафиқангиз, онангиз, синглингиз ёки опангизни номусига тегмоқчи бўлса, СНБ телефонингизни сиздан бесўроқ тингласа, интернет провайдерларни бўғса, ва ниҳоят Ижтимоий фикр ёлғон гапираётган бўлса, бемалол гапиришингиз мумкин!

Аммо гапириб кўрингчи…

Мана шу қисқагина таққосдан келиб чиқиб айтингчи, Ижтимоий фикр хулосаларини ҳақиқатга яқин деб бўладими? Президентнинг қайси сиёсати аҳоли фаровонлигини янада ошириш, эҳтиёжларини қондириш ва орзу-умидларини рўёбга чиқаришга қаратилган. Қайси, мен ҳеч эслай олмаяпман? Андижонда шундай бўлдими, Самарқанддами, Хоразмда, қаерда? Нима, биз “мустақил” бўлгунимизга қадар юртимизда тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро ва фуқаролар тотувлик бўлмаганми? Мусулмонлар насораларни, насаролар яҳудийларни тутиб олса онасини кўрсатганми? Агар шундай бўлган тақдирда, нега аксар ўзбекистонликлар кечаги кунни қўмсаб яшаяпти? Нима қонхўрлигимиз тутиб кетяптими? Насароларними, яҳудийларними ушлаб ургимиз келяптими? Тавба…

Сўровда 92 фоиз, 94 фоиз, 82 фоиз деган рақамлар келтирилади, бу бутун Ўзбекистон аҳолисига нисбатанми? Унда мен нега ўша сўровдан бехабарман? Қачон, қандай, қаерда ўтказилди ўша сўров? Президент Ислом Каримов демократия, ижтимоий одиллик, бағрикенгликни таъминлашнинг асосий кафолати, деб билишимизнинг сабаби нимада? Айнан нимада кўряпмиз ўша кафолатни? Ижтимоий одилликни тушуниб айтдикми бу сўзларни ёки биздан нима кетди, деб айтдикми? Ижтимоий одиллик нима дегани ўзи? Тошкентда газ зўр, айрим уйларда иссиқлик манбайи даҳшат, ичар сув мўл, бинолар гўзал, вилоятлардачи? Ана шу эмасми ижтимоий одиллик? Андижонда одамлар уйларини қандай иситиб, овқатларини қандай пишираётганини Ижтимоий фикр кўрмабдими? Президентчи, ўша ижтимоий адолат кафолатчиси бўлган президент? Оқ саройдан нарини ҳам кўрармикан ўзи у?

Ижтимоий фикрнинг хулосалари ҳам ўша ижтимоий одилликнинг аслида йўқлигини кўрсатиб турибди. Акс ҳолда шунча мисол келтириб турибмиз, вазият нечоғли эканлигини исботлайдиган, шунга қарамай олиб қочишни қаранг… Алдаркўсанинг ворисларими булар дейман… Қозоқ фолклоридаги Алдаркўсани назарда тутмаяпман…

Нидои Мазлум.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: