Жиззахлик адвокатнинг кундалиги-2

adolat.jpgАЙБДОР ҚИЛМИШИНИ ТЎҒРИ МАЛАКАЛАШ – ҚОНУНИЙЛИК ВА АДОЛАТЛИЛИК ШАРТИ

Баъзан адвокатлар гапига беписанд қараётган судьяга “Охиратда шундай тегирмон бўлади-ки, унда бошлар янчилади. Бу – адолатсиз ҳукм чиқарган қозиларнинг бошлари” деган ҲАДИСни эслатаман, ҳам

Призидент И.Каримов мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида “Янги уй қурмай, эскисини бузмайлик”, деган чуқур маъноли гапни айтган эдилар. Бу гап Советлар давридаги яхши тажрибадан кўр-кўрона воз кечмайлик, деган маънода айтилган эди. Ҳақиқатан ҳам улкан Совет Иттифоқи баъзи бир соҳаларда анча яхши натижаларга эришган эди. Масалан, қонунларни бир хил қўллаш масаласида. Мисол учун, “бандитизм” сўзи узоқ Сахалинда ҳам, Болтиқ бўйида ҳам, Ўрта Осиёда ҳам бир хил талқин этиларди. Агар биз қонунларни бир хил қўллаш тажрибасини советлар давридан мерос қилиб олганимизда эди, бу биз учун яхши натижаларни берган бўларди. Афсуски, бугунги кунда ихчамгина мамлакатимизнинг алоҳида вилоятларида қонунларни турлича қўллаш вазияти юзага келди. Қонунларни қўллашда “Жиззах”ча, “Сирдарё”ча ва ҳ.к амалиёт шаклланди. Бунга асосий сабаб шуки, Олий суд бир-бирига ўхшаш воқеалар бўйича Тошкентда бир хил, Сирдарёда бошқача ҳукм чиқишига мутлақо бепарво. Ҳатто, алоҳида бир вилоятнинг турли туманларида бир-бирига ўхшаш воқеалар турлича малакаланади ва айбдорлар турлича жазоланади. Бу одатий ҳолатга айланиб улгурди, бунга юристларимиз кўникиб қолдилар.

Шундай воқеалардан таъсирланиб, 2004 йил “Ҳуррият” газетасига мақола ёзгандим, ўша мақолам “Малакалаш учун … малака лозим” деган номда босилиб чиқди. Унда учта ҳаётий мисол, яъни мижози фойдасига хал қилув қарори чиқариши учун, мижози ташаббуси билан, мижозининг пулини судьяга берган адвокат, судьянинг пора олиш бўйича шериги деб (аслида адвокат мижозининг “пора бериш”даги шериги), бюджет маблағи ҳисобидан болалар боғчаси учун пул кўчириш йўли билан қимматроқ нархга фермердан гўшт сотиб олган амалдорнинг гўшт сотувчи фермердан “шапка” талаб қилишни пора олиш деб (аслида ўша раҳбар бюджет маблағини талон-тарож қилган), мол фермаси моллари билан ёниб кетгани учун, унга ўт қўйганликда айбланган чўпонни суд оқлаган бўлса-да, ёнғинни сабаби аниқланмасдан ёнғин бўйича инспекторни жиноят иши материалларини қалбакилаштирган деб айбланганини танқид қилгандим. Ўшанда Жиззах вилоят судининг уч нафар судьяси бирлашиб, газетада “Олий малака хаъатидан берилган малакага ўринсиз шубҳа билан қараш ваколати муаллиф Номозовда йўқ, чоғи …” деб менинг мақоламга раддия ёзишган, ўзлари раислик қилган суднинг ҳукмидаги малакалашларини ўзлари тўғри деб ҳимоя қилишганди.

Ўшанда мақоламда ҳақ гапни айтган бўлсам-да, ноҳақ гап айтган одамдай яккаланиб қолгандим. Мен учун ўшандай ноқулай вазиятда устозимиз, ҳуқуқшунос – журналист Ҳабибулла Олимжонов матбуотда чиқиш қилиб мени, қўллаб – қувватлагани хеч эсимдан чиқмайди.

Адвокат сифатида судьяларнинг иши нихоят даражада масъулиятли эканлигини, улар ҳар бир ҳукми учун нафақат ерда ёзилган қонунлар олдида, балки вақти келганда Яратганнинг ўзига ҳам ҳисобот беражагини идрок қиламан. Баъзан адвокатлар гапига беписанд қараётган судьяга “Охиратда шундай тегирмон бўлади-ки, унда бошлар янчилади. Бу – адолатсиз ҳукм чиқарган қозиларнинг бошлари” деган ҲАДИСни эслатаман, ҳам.

Фаолиятим давомида бир нарсага амин бўлдимки, агарким қонунлар мамлакат худудида аниқ ва бир хил қўлланилса, яъни айбланувчи қилмиши унинг мақсадига (қасдига) қараб малакаланса, мамлакатда бир хил жазо амалиёти шаклланса, жамиятда адолат ҳукмрон бўлади, жиноят ишларини юритиш жараёнида коррупция кескин камаяди, “менга пул беришса ундай малакалайман, пул бермаса бундай”, дегувчилар бўлмайди, адвокатлар учун ҳалол нон топиш имконияти ошади. Қонунларни қўллашдаги турли-туманлик порахўрликнинг авж олиш учун шароитни юзага келтиради, адвокатни жиноят – процессуал жараёнда “қўғирчоқ”қа айлантиради. Шу сабабли қонунларнинг аниқ ва бир хил қўлланиши учун кўпроқ адвокатлар курашишлари лозим деб хисоблайман.

Қонунларни тўғри қўллаш борасидаги қонунбузарликда баъзан юқори турувчи судлар қуйи турувчи судларга “намуна” вазифасини ҳам ўтайди. Бу фикрни ҳаётий бир мисол билан тушунтирай.

Ўрта мактаб директори бўлиб ишлаб келган М. ўзи раҳбарлик қилаётган мактабда ишлаётган ўрта-махсус маълумотли ўқитувчилар, эр-хотин Б. ва С.га 1998 йилда олий ўқув юртини битирганликлари ҳақидаги дипломларни сотади.

Натижада сохта олий маълумотли эр-хотин ўқитувчилар ўзларининг директорлари М.нинг раҳбарлигида 7 йил давомида худди олий маълумотли ўқитувчилар каби нисбатан баландроқ маош олиб, мазкур жиноят фош этилгунга қадар ишлаб келадилар.

Ҳатто, ҳуқуқшунос бўлмаган ҳоҳлаган бир фуқарога шу вазиятни тушунтириб, “директор М.нинг жиноят қачонгача давом этган?” десангиз, хеч иккиланмай “7 йил, яъни жиноят фош этилгунга қадар” деб жавоб беради. Агарким ўша фуқарога “қалбаки диплом нега сотилган ва сотиб олинган?” деб иккинчи саволни берсангиз, бу саволингизга “директор М.дипломни сотиб, ўқитувчилар Б. ва С.га давлат пулини қонунсиз ўзлаштиришга ёрдам берган, директорнинг ўзи, жиноятчиларга ёрдам бериб, уларнинг шериги бўлиб келган”, деб жавоб беради.

Аслида бу воқеани бошқача талқин этиб ҳам бўлмайди, бу воқеа шунчалик оддийки, унга ҳуқуқий баҳо бериш учун, ҳатто хуқуқшунос бўлиш ҳам талаб этилмайди. Масаланинг бошқа маънавий жихати ҳам бор, яъни мактаб директори М. ёш авлоднинг чаласавод бўлишини хохлаган, шу сабабли ўқитувчиларга қалбаки дипломни сотишга қасд қилган.

Биринчи ва апелляция босқич судлари мактаб директори М.нинг қилмишини 1998 йил август ойидан бошланиб, то жиноят фош этилгунга қадар, яъни 7 йил давом этган деган мазмундаги суд акти чиқарганлар.

Жиззах вилоят суди Раёсати (Раёсат – вилоятдаги энг юқори турувчи суд, унга вилоят суди Раиси раислик қилади, вилоят суди аъзоларининг ҳаммаси қатнашади, бу судда вилоят прокурори давлат айбланувчиси бўлиб қатнашади) эса мактаб директорининг ўзига бўйсунувчи ўқитувчиларга қалбаки диплом сотгани, натижасида ўша мактаб директори раҳбарлигида қалбаки дипломга асосан ўқитувчилар худди олий маълумотлига ўҳшаб 7 йил давомида оширилган иш хақи олиб келгани факти бўйича мактаб директори М.нинг жинояти ўша дипломларнинг ўзининг қўл остида ишлаётган ўқитувчиларга такроран сотган зохати тугаган, шу сабабли директор М.нинг жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетган, терговдаёқ директор М.га нисбатан жиноят иши ётқизилиши керак эди, деб қарор чиқаради ва тергов органини шу иш бўйича нотўғри харакат қилганликда, биринчи ва апелляция босқич судини эътиборсизликда айблайди ва директор М.нинг жиноят ишини вилоят суди Раёсати харакатдан тугатади.

Мен директор М.ни ўз химоямга олиб, унинг ишига киришган ҳам эдим, ўша пайтда мижозим М.нинг истаги билан вилоят судининг энг тажрибали судьялардан бири Н.Боймуродовга учрашиб, М.нинг қилмишини қандай малакалаш ҳақида фикрлашган ҳам эдим, у киши менга: “аслида фирбгарликка ўҳшаш ҳолат” деганларидан кейин, мижозим М. ва менинг ўртамда бахс юзага келиб, мен мижозга юридик ёрдам кўрсатиш хақидаги шартномани бекор қилиб, ўзимнинг назорат тартибидаги шикоятимни қайтариб олишга мажбур бўлгандим.

Рус олимларининг якдил фикрига кўра, юқоридаги воқеа мактаб директори М. ўқитувчилар Б. ва С.нинг олдиндан жиноий тил бириктириб, фирибгарлик йўли билан 7 йил давомида давлат бюджети маблағини талон-тарож қилиш жинояти, яъни давомли жиноят деб малакаланар экан. Хақиқатан ҳам директор бош, эр-хотин ўқитувчилар ёнбош бўлиб, бюджет маблағини ўзлаштиришга, яъни фирибгарлик йўли билан (ўқитувчилар Б. ва С.ни олий маълумотли деб алдаб) ўзганинг мулкини талон – тарож қилишга қасд қилганлари аниқ.

Тергов органимиз, биринчи ва апелляция босқич судлари қалбаки дипломлардан ўқитувчилар Б. ва С. фойдаланиб келганлар, бунда директор ҳам иштирок этган. Директор М.ни 228-моддаси 2-қисми (оғирроқ, жазо 5 йилгача, қалбаки диплом сотиш), ўқитувчиларни 228-модда 3-қисми (енгилроқ, жазо 3 йилгача, қалбаки дипломлардан фойдаланиш) билан айблаш етарли деб хисоблаганлар.

Россия олимлари фикрига тўла қўшилган холда, мени жиноят ишлар бўйича Жиззах вилоят суди апелляция судлов хаъати (маърузачи Н.Боймуродов)нинг биринчи босқич суди актини ўзгартиришсиз қолдириш хақидаги тўхтамида ҳам жиддий хато (адолатлилик нуқтаи назаридан) йўқ деб хисоблайман.

Бироқ, вилоят суди Раёсатининг директор М.нинг жиноий ҳаракатини 1998 йилда тугалланган деб қарор чиқариш қонунни тўғри қўллашдаги бош-бошдоқликдан бошқа нарса эмас.

Жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят суди Раиси Б.Норхўжаевга бўйсунувчи жиноят ишини кўрувчи судьяларни Олий малака Комиссияси судьяликка малакаси етади деб уларни ишга қабул қилишни Президентга тавсия этгани факт.

Бу дегани, улар бехато ишлайдилар, уларнинг айбдорлар қилмишини малакалашларига адвокатлар муносабат билдира олмайдилар, дегани эмас.

Директор М.нинг иши уни жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтганлиги сабабли харакатдан тугатилгани хақидаги Раёсат қарори чиққанидан кейин хуқуқшуносларимиздан бири ғашимга тегиб: “диплом сотилган пайти жиноят тугайди, мана Раёсат қарорини кўринг, директор М.нинг ишидан воз кечмаслигингиз лозим эди”, деб менга танбех бергандай ҳам бўлди.

Мен ўзимга юридик ёрдам сўраб мурожаат қилган мактаб директори М.нинг иши юришганидан хатто, шартномамиз ўша вақти бекор қилинган бўлса-да, хафа эмасман, аксинча хурсандман, бироқ жиноят ишлар бўйича Жиззах вилоят суди Раёсати қонунга зид равишда мен мижозимга тушунтирганимдан бошқачароқ қарор чиқариб, ўз мижозим олдида мен химоячини “чаласавод”га чиқариб қўйгандай бўлди.

Қонунларнинг аниқ ва бир хил қўлланилишини, жазо амалиётида бир хилликни таъминлаш Конституция ва қонунларда Олий суд зиммасига юклатилган. Жиноят ишларининг кўрилишида адолатга фақат қонунларни тўғри қўллаш ва жазо амалиётининг мамлакат худудида бир хиллигини таъминлаш орқалигина эришиш мумкин.

Ғиёс Номозов.

адвокат.

Жиззах шахри. 27 ноябрь 2006 йил.

Leave a Reply

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Change )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Change )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Change )

Connecting to %s

%d bloggers like this: