Узбек болаларининг коронгу дунёси

Ҳ. Сайид Азиз

bolalar.jpgБугун яна, бот-бот маҳаллий матбуот орқали «Соғлом авлод», «Кучли, доно, билимли ва албатта бахтли бўлишлари шарт» болажонлар ҳақида гапирилмоқда. Агар бу борада чиндан ҳам қандайдир ҳаракатлар олиб борилсаю, гап йўқ эди, аммо… Биламан, ўша, минбарда бу сўзларни тўлқинланиб, сал бўлса куйлаб юбораётган шахс ўз фарзандини, унинг “оташин” нутқини олқишлаётганлар ўз фарзандларини, вазирлар ўз фарзандларини, президент лаганлари ўз фарзандларини ва нихоят президент ўз … ҳай, майли, президентнинг фарзандлари бугун унинг қайғуришига мухтож эмас. Улар аллақачон ўша шиорда айтилган мақомларни (баъзан куч билан. баъзан ном билан) қўлга киритиб бўлган. Хўш, оддий ўзбекистонликнинг, оддийгина боласичи? Қуйида келтириб ўтмокчи бўлаётганим ҳолат, ана шу саволимизга жавоб бўлгулик…

БАЪЗАН ПУЛЛАРИМИЗНИ ОЛИБ ҚЎЙИШАДИ…

Ўзбекистонда болалар меҳнатига оид вазият ҳақида кўп ва хўб гапирилган. Хатто бу борада Швециядан келган фотосуратчи ўз кузатувларига асосланган фотокўргазма ҳам ўтказган эди. Аммо, Андижон сафари чоғида мен рўбаро келган бир ҳолат, назаримда ҳали ҳеч ким томонидан баён қилинмаган.

Андижон шаҳрининг Эски бозор яқинидаги, турли йўналишлар бўйлаб ҳаракатланувчи таксилар турар жойидамиз. Таксиларнинг асосий қисмини ДАМАС лар ташкил қилади. Бу ерда ҳам худди пойтахт Тошкентда бўлгани каби, ҳар бир ДАМАС ўз йўловчисини чақириб олади, ва кузатувимга кўра, одатда бу юмушни 8-10 ёшлар атрофидаги болакайлар бажарар экан.

Керакли миқдордаги йуловчини олгач, ДАМАС ҳайдовчилари йўлга тушар экан. Кетиш олдидан, «чорловчи»лик вазифасини ўтаётган болакайларга беш сўм миқдорида пул беради. Бу уларнинг ана шу «меҳнати» учун хизмат ҳақи. Аввалига, меҳнат ҳақининг миқдори, бироз таажжублантирди, аммо кейинчалик билишимча, кун давомида ана шу усул билан болакайларнинг ҳар бири (улар тахминан ўн чоғли эди) 2000 сўмдан 4000 сўмгача пул топар экан.

Аммо, маълум бўлишича, болакайлар ҳамма вақт ҳам «пешона терлари» билан топган пулларини уйига етказиб боролмас экан. Бунга, не ажабки, улардан бироз каттароқ ёшдаги болаларнинг зўравонлиги сабаб бўлар экан.

— Улар ҳар сафар иш кунимиз якунланар пайти пайдо бўлишади, — дейди 10 ёшли Аҳмаджон исмли «чорловчи», — ху-в анави муюлиш ёнида пойлаб туришадида, шофёрлар кетиб ёлғиз қолишимиз билан, бизни ўраб олиб, бор пулимизни тортиб олишади. Агар бермасак, уришади…

— Бечораларнинг тирикчилиги, катталарникидан оғир, — дейди ДАМАС ҳайдовчиларидан бири, — баъзан раҳминг келиб, сўнгги рейсга кетар пайт уларни ҳам олволамиз, уйлари ёнида қолдириб кетиш учун. Бундай пайтлари пуллари тўлиқ ҳолида уйга боради. Аммо ҳамма вақт ҳам бундай қила олмас экансан киши…

— Нега? — қизиқсинаман мен.

— Сабаби, баъзан йўловчилар кўпайиб, бўш жой колмайдида…

Болакайларнинг айтишича, аслида уларни ҳимоя қилиш ниятида бўлувчилар ҳамма вақт ҳам топилади, аммо бу иш у қадар осон кечмайди.

— Чунки, агар бордию бирор кимса бизнинг ёнимизни олиб, пулимизни олиб қўйишларига ҳалақит қилса борми, шу заҳоти янада каттарок йигитлар етиб келишади ва ҳимоячиларимизни таъзирини бериб қўйишади, шу боис одамлар кўпам аралашавермайди…

— Аслида, буларга йўлтўсарлик қилаётган болаларнинг ортида ҳам катталар туриптида, — дейди навбатдаги ДАМАС ҳайдовчиси, — биз билан ўша йигитлар ўртасида ҳам муштлашувлар бўлиб туради. Баъзан бу «ёрдамчилар»имизни уй-уйларига обориб қўйсак эртасига ё баллонимиз тешилиб қолади, ёки машинанинг ёнига бир нималар чизиб кетишади, бош оғриқки, нарёғи йўқ…

— Милицияга айтишнинг иложи йўқми? — соддаларчаберган бу саволимдан кейинчалик ўзим уялиб қолдим.

— Милицияга айтсангиз бугун тартибни ўрнатиб берар, эртага, ҳа, боринг ана индинга… Лекин уч-тўрт кундан сўнг боягидай ҳаммаси такрорланаверади, — дейди бош чайқаб ДАМАС хайдовчиси, — ахир милиция бу болалар кетидан доимий қўриқчилик қилиб юрмайдику… Ўзи уларнинг пулларини олиб қўймаса…

Болакайларнинг айтишларича, таланаётган ёлғиз улар эмас. Бозор ичида арава етаклаб, харидорлар юкларини машиналарига олиб чиқиб берувчи болакайлар ҳам шундай муаммога дуч келиб туришади.

— Тунов куни, Абдулбосит исмли бир ўртоғимизнинг ҳамма пулларини олиб қўйишди, дод-вой қилган экан, аравасини ҳам олиб қўйишди. Ҳозир ўзи қўлбола қилиб ясаб олган араваси ёрдамида тирикчилик қилаяпти…

Болакайлар, бўлиб ҳам аранг киндигингизга етадиган ўспиринлардан «тирикчилик» деган сўзни эшитиш бироз ғалати туюлар экан. Аммо не таажжубки, бу бугунги кундаги асл воқелик. Ўзбекистон болалари бахтли болаликни ана шу «тирикчилик» аталмиш машғулотни ўзлаштириш билан қарши олади. Болакайлар баланд овозда йўловчиларни ДАМАСлар сари чорлашга киришиб кетди. Мен эса “Эски бозор” ичига юрдим.

Одамлар харидини машиналари сари олиб чиқиб қўйишни таклиф қилувчи болакайларни топиш у қадар қийин бўлмади. Шундоққина бозорга кираверишда ўнлаб ана шундай болажонларнинг ўз араваларига суянганича турганига кўзим тушди. Болакайларнинг айримлари суяниб турган арава, уларга иккита келарди, балонлари ҳам ўта қалин, юриши қийин…

— Оғир эмасми? — сўрайман дилимни эзаётган хўрликни яширишга уриниб, улардан.

— Юки йўқ бўлса, нега оғир бўлади, юкингиз борми? — болажонлар қий-чув кўтариб, мени ўраб олди.

— Кучларингиз етармикан, уч-тўрт қоп юким бор эди, — атайлаб гапга солдим уларни.

— Ҳе-е, қаерда, кўрсатингчи? — болакайлар енгил кулгуга кўтариб, ортимидан эргашди.

Юким йўқлиги, шунчаки журналист бўлганим боис уларнинг меҳнати ҳақида лавҳа тайёрлаш ниятида эканлигимни тушунтирдим. Болакайлар бир зум жим қолди. Сўнгра сал нарида таксидан туша бошлаган басавлат бир йигит томон югуриб кетишди. Афтидан “клиент” келди …

Мен кузатиб, ўрганганим болакайларнинг уст бошлари ҳам алоҳида мавзуга арзирли. Деярли бирорта боланинг оёғидаги пойабзали бутун эмас, кўйлак устидан беўхшов илиб олганлари жемпер ва костюмлари юзларидаги терларини артавергани боисиданми, қорайиб ўзининг аввалги рангини йўқотган. Уларнинг ҳеч қайсисини тугал саломат ёки шундай меҳнат қилиш учун етарли қувватга эга деб бўлмайди. Бу таҳминларимни бозорга кираверишда нўхот савдоси билан шуғулланувчи аёл ҳам тасдиқлади.

— Ҳаммаси деярли касал, — дейди аёл болаларга ачиниб, — неча марта ўзимиз гувоҳ бўлганмиз, ана шундай арава етаклаб юрган болажонларнинг хушини йўқотиб йиқилганига. Сабаби, қоринлари оч. Топган пулимни бутун ҳолича уйга олиб борай деб, овқат ҳам ейишмайди. Баъзан рахмимиз келиб, мана бу пиширикларимиздан мажбурлаб егизамиз. Кўнглинг оғрийди, ёш-ёш болажонлар…

Шаҳар ҳокимияти, вояга етмаган болалар билан шуғулланувчи идоралар ва нихоят ён атрофдаги маҳаллалар оқсоқоллари бу борада деярли ҳеч қандай муносабат билдиришмади. Бу тушунарли, албатта. Бунга эътибор қаратилиши учун, аввал уни, яъни ўша муаммо борлигини тан олмоқ керак. Тўғрироғи шундай мардлик топилиши керакда, ҳоким деганларида. Ундан бу неъмат йўқ. Президентдан ҳавотир бор, конституцияга киритиб олгани янги тузатишлар ёрдамида ҳокимликдан учириб юбориши мумкин, шу боис имкон қадар тезроқ йиғадиганини йиғиб олмоқ жоиз, билиб бўладими, ахир. Катталар ўз нафси атрофида оввора юргунича, кўчада ёш-ёш қароқчилар, фирибгарлар, ўғрилар ва ниҳоят ўша қароқчи, фирибгар, ўғрига нон берувчи шўрлик соддадил болажонлар етишиб келаяпти. Ана бу, чиндан ҳам “ёрқин келажак”нинг асл манзараси дейиш мумкин. Ҳэ, ўша…


%d bloggers like this: