Nasr

Ғафур  ЙЎЛДОШЕВ

nasr.jpgЮРТ    КЕКСАСИ:   ”ПРЕЗИДЕНТГА  ЛАЪНАТ!”           

(“Президентга лаънат” ҳикоялар туркумидан)

Мўмин ота саксон бир ёшида эди. Неварасини кўмганининг учинчи  куни унинг ўзи ҳам оламдан ўтди. Энди Мўмин отанинг оиласида эркак киши қолмади.

Мактабда директор ўринбосари бўлиб узоқ йиллар ишлаган ўғли Мухсинжон, қирқ ёшдан ўтганди. Тўрт қизи, бир нафар ўғли бор эди. Ойликни еткизолмаяпман дея,  уч йил аввал Россияга пул топгани кетганди. Икки йилдан кейин ўлигини олиб келишди. Нима бўлгани, қандай ўлганини биров билмади. Фақат жасадни ювишаётганида баданларидаги тилинган, лат еган жойларни кўриб, Мўмин отанинг гавдаси букилиб қолди.

Мухсинжонни ўғли, Мўмин отанинг ёлғизгина ўғил невараси –  Муҳаммаджон эса, энди ўн олти ёшга тўлган, тенгдошлари қатори Андижон Тиллар институтидаги академик лицейда ўқиётганди. Аъло баҳоларга ўқиётганди.Ўн бешинчи май куни Муҳаммаджонни клиник касалхонада ётганини айтишди. Мўмин ота юраги хаприқиб  неварасининг олдига борди. Ўн учинчи май куни Бобур майдонида намойиш қилаётганларни яқинида кузатиб турган экан, дайди ўқ неварасининг оёғига, аниқроғи болдирига текканди.

– Ҳайрият ўзинг соғ қолибсан, худо хоҳласа, бу жароҳат битиб кетади, – деди Мўмин ота, неварасини овутган бўлиб ва ўн учинчи май куни жуда кўпчилик ўлиб кетди деган гапларни эшитаётганини, биргина ўзларининг маҳалласидан бешта хонадондан ўлик чиққанини гапирди. Невараси билан то кечгача гаплашиб ўтирди.

  Одамларни аскарлар отди деб маҳалладагилар гапираяпти,  телевизорда бўлса акрамийлар отди,дейишаяпти, – деди Мўмин ота.

– Мени аскарлар отди, ўзим кўрдим. Акрамийлар одамларни отгани йўқ, улар ҳокимият томонда юришганди, биз кино-театрни олдидаги кўчада тургандик, – деди Муҳаммаджон. – Ўшанда ўқ текканидан кейин йиқилиб, ҳушимдан кетиб қолган эканман, ярим кечаси ўзимга келиб, қарасам ўликларни тагида ётибман. Йўғон бир хотиннинг оёғи қорнимни устидан босиб қолган экан, ҳеч қимирлашни иложи бўлмади. Эрталаб, ғира-ширагача ётдим. Ўлмай қолганлар ёрдам беринг деб, инграрди. Эрталаб ғира-ширада яна аскарлар келди. Юзига ниқоб тутганлар. Қараб турсам, ёрдам беринг деяётганларни бирма бир отиб келишяпти. Мен индамай, ўзимни ўлганга солиб ётавердим. Аскарлар кетганидан анча кейин одамлар келиб, ўзига қарашли ўликларни излаётганида, биттасига ёрдам беринг дедим. У киши тепамдаги йўғон хотинни оёғини кўтариб турди, бир амаллаб чиқдим. Кейин ҳалиги одам мени машинасида клиникага олиб кетди. Биз кетаётганимизда яна аскарлар БТРларда келиб одамларни қувиб, ўликларни Камаз машинасига ортишни бошлашди…

Ўн олтига кирган неварасининг бу гаплари Мўмин отани лол қолдирди. Ўша вақтда сирни бой бермаган бўлса-да, ҳатто товуқ сўйишдан чўчийдиган бу невараси тунни ўликлар орасида қандай дахшат билан ўтказганини ўйлаб, эрталабгача ухлай олмади. Эртасига сахарда яна клиникага борди. Янгилик: неварасини тунда вилоят касалхонасига олиб кетишибди.

Мўмин ота вилоят касалхонасига борса, автоматли аскарлар, ҳеч кимни ичкарига қўймаяпти. Панжарага яқинлашганларни аскарлар дўқ уриб, ортига қайтаради. Тушгача ҳеч нарсани аниқлашни иложи бўлмади. Тушдан кейин бир ҳамшира рўйҳат кўтариб чиқди ва шу ерда даволанаётган беморлар ичида Муҳаммаджоннинг ҳам борлигини айтиб ўтди. Кейин ҳамшира барчага эшиттириб, касалхонада беморлар озиқ-овқатлар билан яхши таъминланганини,  яқинларини беморларга овқат олиб келишига ҳожат йўқлигини таъкидлади.

Эртасига, индинига ҳам Мўмин ота неварасини кўриш илинжида вилоят касалхонасига борди. Аммо панжара ортидаги аскарлар ҳеч кимни ичкарига қўймас, одамлар билан одамга ўхшаб муомала  қилмасди. Саволларга жавоб бермай автоматини ўқталиб тураверишарди.

Орадан уч кун ўтди. Мўмин ота вилоят касалхонасига боришга тараддудланаётганида, телефон қўнғироғи бўлди ва невараси вилоят касалхонасида оламдан ўтганини, келиб жасадни ўликхонадан олиб кетишлари мумкинлигини айтишди. Бу хабардан  Мўмин ота хушидан кетди.

Муҳаммаджонни дафн этишганининг иккинчи куни маҳалла раиси Шамсуддин келди ва Мўмин отани четроққа имлади.

– Мўмин ота, ҳокимиятдан тайинлашди, ҳокимиятга Тошкентдан, шахсан президентдан буюруқ бўлибди, агар биронта чет эл мухбири келиб, сўраса неварам ўзи ўлди деб айтаркансиз, кейин сизга пул беришаркан, – деди.

Мўмин ота, қалтираб кетди ва Шамсуддинни ёқасидан ғиппа бўғди.        

– Менга қара, тупирдим ўша президентингга! Президентингни падарига лаънат! Ўша ҳаромидан туғилганга ҳам худонинг бир куни бордир!

Таъзия билдиргани келиб, дарвозахона ёнида турганлар Мўмин отани ажратишди.

– Мен…мен…менда нима айб? – деди маҳалла раиси Шамсуддин.

– Сен ҳам аслида бир гўрсан! Бор ўша ҳаромидан бўлган президентингдан  сўра: оёғини ўқ шилиб ўтган ўн олти ёшли гўдак, қандай қилиб уч кун ичида ўлиб қоларкин?! Мен билан соппа-соғ гаплашиб кечгача ўтирганди, фақат болдирини ўқ шилиб ўтганди холос! Нима биз жиннимизми ҳеч нарсага ақли етмайдиган-а?! – шундай деркан Мўмин отанинг кўзларига ёш келди. – Эшитиб қўйинг мусулмонлар, беришаётганида ўликни ювмай кўмишсин деб буюришган экан. Биз мусулмончиликка тўғри келмайди деб бари бир ювдик. Болам бечорани фақат оёғини ўқ шилиб ўтганди, жасадни юваётсак пешонасида ҳам ўқ изи турибди! Эшитдингизларми, нақ пешонасидан отибди! Ўн олти ёшли гўдакни, вой дод!… – Мўмин ота хушсиз йиқилди.

Кечқурунга бориб ўзига келган Мўмин ота ҳовли бурчагидаги чорпояда ўтираркан, дарвозаси олдида “тез ёрдам” машинаси  тўхтаганини кўрди. Машинадан тушган икки врач ҳовлига ҳеч тортинмай кирди-да, Мўмин ота билан ҳол-аҳвол сўрашиб, отага

укол қилишди.

Врачлар кетганидан кейин Мўмин ота  қизини чақирди. Ўзини ёмон ҳис қилаётганини айтди.  

– Эндироқда кимлар билан гаплашаётгандингиз, ота? – деди қизи Лобар.

– Билмадим, иккитаси келиб укол қилиб кетди-ю, – деди Мўмин ота.

– Маҳалламиздаги медпунктнинг дўхтирларими?

– Йўқ, буларни аввал кўрмаганман. Турқи совуқроқ экан, гаплашиб, суриштиргим келмади, – деди Мўмин ота юрак устини силаб. – Шу юрагим ўзидан ўзи хаприқиб кетяпти-да, э худойим-эй! Нафасим тиқилаяпти!

– Қанақа врачлар, қандай укол қилди? – деди Лобар.

– Ҳаҳ қизим-а, ҳозир шуни маврудими, вой-эй! Кўнглим бахузур бўлиб кетяпти-да!

 

Эртасига – невараси кўмилганини учинчи куни Мўмин ота ҳам  дафн қилинди

%d bloggers like this: