Jahongir Muhammad: Karimovning kashfiyotlari-22

22.КЎЗ-КЎЗ ҚИЛИШ

Ўзбекистон усти ялтироқ, ичи қалтироқ бир мамлакат экан.(Сайёҳнинг хотираларидан).

Бир кун тошдан ҳам қаттиқдеб ном олган танишимиз уйига ошга чақирди. Ҳаммамиз ҳайрон бўлдик. У умрида чўнтагидан бир сўм чиқармайдиган одам эди. Битта кўйлакни ҳар куни кийишига қараб, “Бечорада, деб индамас эдик. Агар овқатланишга борсак, “Қорним тўқ, сизларга ош бўлсиндеб индамай ўтираверарди. Аммо унга ҳам овқат буюрсак, ўзиникини тугатиб, бошқалардан қолганини ҳам еб, яна Савобини ҳам олай” деб косаю товоқларнинг остида қолганларини нон  билан суртиб олиб, еб, идишларни ялтиратиб қўярди. Баъзан унга “Бугун сеникига борамиз”, деб ҳазиллашардик. Ранги учиб кетарди. Дарҳол хотини касал эканлиги ёки боласи бетоблиги ва ҳоказо баҳоналарни қалаштириб ташларди.

Ана шундай одам бирданига ўзи таклиф қилиб қолса ва “Келмасингизлар дўстлигимиз тамомдеб маҳкам туриб олса, табиийки ҳайратланасиз. Бордик ва янада ҳайратда қолдик. У жуда катта, ҳашаматли уй сотиб олибди. Бизни айлантириб, уйини кўрсатиб чиқди ва кейин уйнинг орқасида турган янги машинанинг ёнига олиб келди.

-Лотореяга ютдингизми?-дея ундан сўрадик.

-Игна билан қудуқ қазган каби тўплаб, сотиб олдик,-деди у.

Мен умр йўлдоши ва болаларига разм солдим. Бир ҳол-бир аҳволда. Жажжи болаларнинг эгнида ямоқ, жунда кийимлар, пойабзаллари тешилган, умр йўлдоши ҳам мункиллаб қолган кампирга ўхшарди. Уйнинг ичи ҳувиллаб ётибди. Билмадим қаерда ётиб туришади?

Хуллас, у бизни айлантириб,  бир пиёла чой бермай жўнатиб юборди. “Ош қани?” дейишга иймандик.

У ҳеч машинасини минмас эди. Сўрасак, “Правам йўқ” дер эди. Кейин билсак, фақат одамларни олиб бориб, уй-жойини ва машинасини кўрсатар экан. Бу ҳам касаллик. Зеҳниятдаги касаллик. Кўз-кўз қилиш касаллиги. Бу касаллик одамларда ҳар турли кўринишда мавжуд. Жумладан Каримовда ҳам.

Биласиз, тарихда ўтган ҳукмдорлар ҳаммавақт ҳашаматли бино қуришга ошиққанлар. Улар бундан икки мақсад кўзлашган, бири шу билан куч-кудратни намойиш этмоқчи бўлган бўлсалар, иккинчиси тарихда номлари қолишини исташган.

Каримов ҳам балки ана шу нуқтаи назардан йўлга чиққан бўлиши мумкин.  У биринчи бўлиб 1990 йилда Марказком биноси-ҳозирги Президент девони биқинида алоҳида безакли қабулхона биносини қуришни бошлатганди. Шу билан параллел равишда мазкур бинодан озгина ичкарида ўзи яшаши учун уч қаватли бино қурдиришга киришди. Кейин Алишер Навоий боғидан бошлаб, Амир Темир мажмуасига қадар кўз-кўз қилувчи қурилишлар қилдирди. Эътибор берсангиз, ҳеч бири оддий халқ манфаатига хизмат қилмайди. Ҳаммаси унинг зеҳний манфаатига-кўз-кўз этишга қаратилган.

Бу билан мен қурилиш, ободонлаштиришларга қаршиман, демоқчи эмасман. Балки ҳар ким кўрпасига қараб оёқ узатиши керак, деб ўйлайман.

Ургут туманида йўлларнинг ики томонига нақшиндор ғиштлар терилгани Каримовга ёқиб қолди. “Ҳамма жойда шундай қилинсин”, деб буйруқ берилди. Мамлакат нақшиндор ғишт музейига айланишига оз қолди. Бунинг учун давлат ёки Каримовнинг хазинасидан бир тийин чиққан эмас. Ҳаммаси бечора халқнинг гарданига тушди. Кейин ҳаммасини бузиб, бошқа нарсага айлантиришди.

Мен Америкага келганимда ҳайратланиб қолдим. Бирор жойда усти ялтироқ бино кўрмадим. Кўзимиз ўрганган-да, ҳамма бинолар пештоғи ёки гумбази, ҳеч бўлмаганда кириш қисми ялтироқ бўлиши керак. Бошқа нарсанинг кераги йўқ, кўзимиз қувнасин. Одамларнинг кўзини қувнатайлик. Кўз-кўз қилайлик.

Туркияда Отатуркни “Жамиятни ўзгартирган раҳбар”, дейишса, Тургут Ўзални “Мамлакатни ўзгартирган раҳбар”, деб эслашади. Тургут Ўзал ҳашаматли бинолар қурдирган эмас. У мамлакатда жуда кўп магистрал, шоҳ йўллар қурдирган.

Йўл нафақат бир жойни иккинчи жойга боғлайди. Балки иқтисодни, бизнесни йўлга қўяди.

Йўли яхши мамлакатнинг иқтисоди, бизнеси ҳам яхши бўлади. Қолаверса, йўллар нафақат ҳукмдорга, балки халққа ҳам хизмат қилади. Бухалқ манфаатини назарда тутиб қилинган иш. Ана шу нуқтаи назардан қараб айтингчи, Ўзбекистонда 15 йилда қанча магистрал, шоҳ йўл қурилди?

-Хайриятки афғон уруши бўлган экан,-деганди Жамол Сирож деган дўстим.-Ахир Шўролар Тошкентдан Сирхондарёга қадар олиб борадиган “бетонка”ни шу уруш туфайли қуришган-да. Урушга хайриятдемайдилар. Аммо Афғон уруши СССРнинг бошини еди ва бизга мана шундай йўл қолдирди.

Ҳалига қадар миллат ана шу йўлдан фойдаланади. Унинг бир бўлагини қозоқ тортиб олса, ҳатто шунинг ўрнига ҳам янги бўлак қурилмайди. Кўп нарсага ақли етган Каримовнинг йўллар масаласида ақли ожизми? Йўқ. У билади. Янги йўллар қатновни кўпайтиради, бизнесни яхшилайди, халққа хизмат қилади. Бу эса унга ташвиш келтиради. Қанча кўп йўл қурилса, шунча кўп назорат қилиш муаммоси туғилади-да! Бунинг ўрнига маъмуруй бинолар қурса, уларни ялтиратиб қўйса, бир кунмас-бир кун биттаси чиқиб, “Буларни Каримов қурган” дейиши мумкин!

Яқинда бир йигит билан гаплашдим. У жуда ҳам ачинарли бир воқеани айтиб берди׃

-Ака, тўрт яшар синглим “Ичим оғрияпти” деб, додлаб, буралиб қолди. Тез ёрдам чақирдик. Келавермади. Охири синглимни кўтариб, йўлга чиқдик. Биз енгил машинада туман марказига қараб юрдик. Йўллар шу қадар ёмонки, машина ҳар бир қаллоққа урилганида синглим “Дод” деб юборар ва биз ҳайдовчидан норози бўлардик. Ҳайдовчи “Бу йўлни мен қурибман-ми ёки мен бузибман-ми?”, дегандек елка қисиб қўярди. У ҳар қанча айланиб ўтса ҳам барибир машинанинг бирорта чархи ўйилган жойга қарсиллаб тушиб кетарди. Бунинг устига яна биз тезроқ ҳайдашини талаб қилардик. Касалхонага келсак, ҳали у йўқ, ҳали бу йўқ. Жанжал кўтардик. Шунда бир доктор синглим кўричак бўлгани ва амалиёт учун камчиликлар борлигини айтди. Вақт ўтиб бораверди. Охири синглим кўзини очмай қўйди. Доктор “Касалхонага келгунларинча кўричак ёрилиб кетибди” деди. “Дод” дедик, “вой” дедик, ширин-шакар синглимдан айрилиб қолдик. Ака, ҳозир кўричакдан ўладиган замон-ми? Бунинг устига роса қарзга ботдик. Иш йўқ, қарзнинг устига қарз олиб, қарзни узиш учун  бу ёқларга келдим…

Сингилжонидан айрилган йигитнинг кўзларида ёш мўлтираб айтган бу гапларини ички оғриқ билан эслар эканман, машинада чинқириб кетаётган қизалоқ ва Каримов қурдирган, қурдираётган ялтироқ бинолар кўз олдимга келаверади…

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.