Jahongir Muhammad: Karimovning kashfiyotlari-21

 

21. РУСЛАШТИРИШ

Ўзбек тили давлат тили бўлгани ҳолда Ўзбекистонда давлат бошқаруви рус тилида юритилади. (Хабарлар оқимидан).

Бундан беш йил олдин Бразил-Амазон гуруҳига кирувчи Суруваҳа тилида гаплашувчилардан саккиз киши заҳар ичиб, ўз жонига қасд қилганди. Маълум бўлишича, улар ўзаро муомила воситаси, дунё билан алоқа кўприги ва Худога сиғинишда руҳиятларини ифодалайдиган она тиллари йўқолиб кетаётганига қарши исён сифатида ана шундай аянчли қисматни танлаган эканлар.

Она тили инсонга жон қадар азиздир. СССР йиқилиб кетаётган кунларда Ўзбекистонда ҳам ўзбек тилини давлат тилига айлантириш ҳаракати бошланган ва бу ҳаракат миллионлаб одамларни бирлаштирган эди.

Ўшанда бир кун телевизорда академик Аҳмадали Асқаров, академик Эркин Юсупов ва Ўзбекистон Компартияси МК бўлим мудири Шохобиддин Зиёмов чиқиб, рус тилининг аҳамияти ҳақида гапирдилар. Аҳмадали ака ўзининг Наманганнинг бир қишлоғидан чиққани ва рус тилининг қудрати билан дунёга танилган олим бўлганини айтди. Кейин айни гапни Эркин Юсупов ҳам уқтирди. Марказком вакили эса, хулоса қилиб, Ўзбек тилига давлат тили мақомини беришни сўраётганларни қоралади.

Мухолифат, зиёлилар, оддий одамлар ўз сўзларидан қайтмадилар. Аммо телевизорда чиққанлар ўз сўзларидан қайтдилар. Эртасига улар яна телевизорга чиқиб, ўзбек тилининг аҳамияти ҳақида гапирдилар. Мен ўшанда теппада нимадир ўзгарганини ҳис қилдим.  Чунки теппанинг энг теппасидан топшириқ бўлмаса, икки танилган академик бир кунда тўнларини тескари, тўғриси тескари тўнларини ростасига ўгириб киймасдилар. Айтилган сўз отилган ўқ. Улар ана шу отилган ўқни бир кунда қайтиб олдилар. Бунинг сабабини Олий Советнинг сессиясидан чиққан қонун кўрсатди. Ўзбек тилини билмайдиган Каримов кутилмаганда ташаббусни қўлга олиб, бутун мамлакат талаб қилаётганидан ҳам ўтказиб, фавқулодда муҳим ўзгаришлар киритган эди. Ҳатто Ўзбекистондаги русийзабон одамларга Ўзбек тилини ўрганиш учун саккиз йил вақт таниганди.

Бугун баъзилар халқнинг кучи билан Каримов ана шундай қилишга мажбур бўлганди, дейишади. Тўғри. Таъсир бўлмаса, акс таъсир бўлмайди. Лекин вақт шуни кўрсатдики, Каримов ўшанда ўйин қилган экан. Кейинчалик саккиз йиллик муҳлатдан бошлаб, бошқа талаблар ҳам аста секин қонундан чиқариб ташланди. Ўзбек тилига расман давлат тили мақоми берилгани билан бутун бошқарув ҳужжатлари рус тилида ёзилиб, рус тилида тарқатилди. Бугунга қадар ҳам қонун лойиҳаларидан тортиб, президент фармонларига қадар барча давлат ҳужжатлари рус тилида тайёрланади ва кейин ўзбек тилига ўгирилади.

Ўзбек тилининг аҳволи бугунга келиб, ўша 1989 йилдагидан ҳам ёмон. Бугунги ёшлар билан 1989 йилдаги ёшларнинг она тилини билиш даражаларини солиштириб кўрсангиз, ваҳимага тушасиз.

Жуда кичик бир мисол. Мустақиллик йилларида Ўзбекистон билан боғлиқ очилган вебсайтларни бир рўйхат қилиб чиқинг. Қани қанчаси она тилида ва қанчаси рус тилида? Ўзбек тилидаги вебсайтлар билан рус тилидагиларнинг савиясини солиштириб чиқинг, қани қай бири тил қонуниятларига жавоб беради? Ёзилаётан мақолалар, фикр-мулоҳазалар ҳам айни даражада.

Ўзбек мактабларида бугун ўқувчилар етмай қолмоқда. Чунки ҳамма боласини рус мактабларида ўқитишга интилмоқда. Нега?

Яқинда Америкага келган бир ҳуқуқшунос билан гаплашдим.

-Мени вилоят судидан Олий суд идорасига ишга олишди. Ўзбек тилида яхши ёзардим. Ҳуқуқий ҳужжатларни ўзбек тилида мукаммал қилиб ёзадиган одам жуда кам. Олий судда протокол бўлимида ишловчилардан бири узоқ вақтга касал бўлиб қолди. Унинг ўрнига мени ўтказишди. Ҳукуматдан келадиган ҳамма ҳужжатлар рус тилида эди. Жавоблар ҳам рус тилида бўлиши талаб қилинганди. Аввалига ажабландим. Кейин бир-икки қарши гапиргандим, раҳбарларга етиб борибди. Ишдан қувишди….-деди у.

У энди Америкага иш қидириб келган. Ана шундай. Бугун ўзбек тилини мукаммал биладиганлар Ўзбекистонда ишдан қувилади. 

Совет даврида партия қўмиталарига “руслит”ни битирганларни олишади. Иш эмас ҳужжат муҳим эди. Самарқанд вилоят партия қўмитасининг қишлоқ хўжалик бўлимида ҳам “руслит”ни битирган одам ишлаганига ўзим гувоҳ бўлганман.

Бугунга келиб ҳам ҳукумат ишларига олинаётганлардан рус тилини билиш талаб қилинади. Рус тилини билсангиз иш тиқилиб ётибди. Нафақат қуйи идораларда балки энг юқори жойларда ҳамВладимир Норов, Руслан Мирзаев, Светлана Иномова, Элёр Ғаниев, Рустам Азимов ва ҳоказо ва ҳоказо вазиру уламолар асосан рус тилида гаплашадилар. Каримов уларнинг бирортаси билан ўзбек тилида гаплашмайди. Президентдан бошлаб вазирларгача қаерга бормасинлар ҳукумат номидан қиладиган нутқларини рус тилида ирод этадилар.

Ўзбекистон ана шунақа боши пастда, оёғи теппада бўлган мамлакатга айланди. Расмиятда ўзбек тили-давлат тили. Амалда эса рус тили-давлат тили. Бу ҳам Каримовнинг “тарихий” кашфиётидир.

Мен бундан бир неча йил олдин׃

Ўзга тилда дод солмоқ ихтиёрдир,

Она тилни ёд билмоқ ифтихордир!

деб ёзгандим. Афсуски бугун тескарсини кўриб турибман.

Яқинда бир ўзбекдан рус тилида ёзилган мактуб олдим. Унда жумладан шундай дейилган׃

-Режим ҳақида зўр нарсалар ёзаётган экансиз. Агар ростдан ҳам бу режимга мухолиф бўлсангиз нега шуларни ҳамма ўқийдиган ва ҳамма тушунадиган рус тилида ёзмайсиз?!

Шундан кейин, Бразил-Амазон гуруҳига кирувчи Суруваҳа тилида сўзлашувчи саккиз киши ўз жонига нега қасд қилганини англагандек бўлдим.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.