Jahongir Muhammad: Karimovning kashfiyotlari-20

20.ИСЛОМЛАШТИРИШ

2006 йилнинг 28 Сентябр куни Россия ва Ўзбекистон махсус хизматлари экстремизмга қарши биргаликда кураш учун шартнома имзоладилар. (Хабарлар оқимидан).

Экстремизм деганда биринчи галда Ислом фундаментализми тушунилади. Шундай эмасми? Лекин Ислом давлати бўлгандан кейин Ислом фундаментализми – экстремизм кучаймасдан заифлашсинми?

1990 йилларнинг бошида бир латифа ёзгандим. У “ЭРК” газетасида чиққач, машҳур бўлиб кетганди.

Мазмуни шундай эди׃ Каримов диндорлар билан учрашганда уларга Ислом давлати қуриб бериш ҳақида ваъда қилади. Орадан йиллар ўтиб, унга сўзининг устидан чиқмагани эслатилади. Шунда у׃

-Мен сўзимнинг устидан чиқдим, Ўзбекистон Ислом давлатига айланди, яъни менинг давлатимга,-деб жавоб қилади.

Дарҳақиқат, Ўзбекистонда Ислом кўрсатмаларига кўра парламент тузилган ва Исломий низом асосида қонунлар қабул қилинади, ҳукумат ҳам Ислом тартиб қоидалари асосида ишламоқда. Давлат ишлари Исломнинг фитратидан келиб чиқиб бошқарилади. Ислом фундаментализми шу қадар кучайиб кетди-ки, ҳамма нарса ошкора қилинадиган ва халқдан ҳеч нарса яширилмайдиган бўлди. Исломий ошкоралик жамиятнинг ҳамма қатламларига сингиб кетди.

Совет даврида миршаблар бировни атайлабдан ушлаш учун унинг уйига яширинча кириб, гиламининг остига наша ташлаб чиқишган ва кейин қайтиб келиб, уни топишган. Ҳозир эса, керакли одамни “Ёнидан наша чиқди”, деб катта кўчада ушлашади. Овора бўлиб нашани ташиб юришмайди. Тағин чекиб қўймасин, деб бошлиқлари оддий миршабларга бермаса керак-да!

Ёки бекатда турган мухолифатчининг қўлига бир пакет тутқазишади-да, “Доллар билан пора олди” деб ушлаб кетишади. Бошлиқлар ахмоқ эмас, оддий миршабларга доллар берса, доллар қайтиб келмаслигини билишади. Шунинг учун ишни ошкора, насияга бажартиришади. Қани пора олмадим, деб кўрсин. Бекатда турганларнинг ҳаммаси унга қарши гувоҳ бўлади.

Ҳукумат мулозимига сўз қайтарган ёки уни танқид қилиб ёзган одамни халқнинг кўз олдида ушлаб, жиннихонага тиқишади. Уни биринчи бўлиб докторнинг ўзи койийди׃ “Ахмоқ, жинни бўлмасанг ҳукуматга қарши чиқасанми?”.

Мана ҳозир сиз ҳам шуни ўқиб туриб айтаяпсиз, “Ҳақиқатан ҳам жинни, ахир бу ҳукуматни танқид қилиб бўлади-ми? Мана мендан ўрганиб жим юрмайдими?”.

Баъзан мени ҳам “Бу жинни бўлиб қолган шекилли, фақат Ислом ҳақида ёзади” деб ўйлашингизни ҳам биламан. Аммо хафа бўлмайман. Чунки булар Ислом фундаментализмининг ҳолвалари. Унинг шундай тошлари бор-ки, ана ундан Худо асрасин. Аслида бу борада ҳам ошкоралик.

Ўзбекнинг дардини айтган шоири Юсуф Жуманинг уйига МХХнинг вакили боради ва очиқчасига айтади׃

-Жим юринг, топшириқ бор, аварияда ўласиз, агар ўлмай қолсангиз, бошқа вариантини кўрамиз!

Ёки инсонларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиламан, деб майдонга чиққан Толиб Ёқубовнинг уйига келиб׃

-Шу йилнинг ичида ташкилотингизга кирган барча фаолларни қамаймиз. Биттаси порахўр, иккинчиси жинни, учинчиси туҳматчи ва ҳоказо айблар билан қамалади.  Бундан хулоса чиқармаганларни бошини ёрамиз, ўғлини қамаймиз! Буни олдиндан айтиб бера оламиз. Кейин навбат сизга келади. Сизни эса тирик қўймаймиз, қанд касалингиз бор, буни биламиз,-дейди.

Буни очиқ айтади. Чунки ошкоралик. Чунки бу Ислом фундаментализмининг муҳим принципи.

Ўқиган бўлсангиз, Исмат Хушев, ўғлининг “қайсидир жиҳатлари билан унга ўхшашини ният қилиб” исмини Ислом деб қўйганини, ёзганди. Ўша йилларда Исломлаштириш энди туғилаётганди. Исм қўйиш алоҳида кампанияга айлантирилди. Бу кампаниянинг шайхул-уламоси Исмоил Жўрабеков эдилар. Телевидение орқали “Ҳамма боласига Ислом деб исм қўйсин”, дея буйруқ берилмасди. Бу жуда ҳам нокамтаринлик бўлишини ким-ким Исмоил ака яхши билардилар. Шунинг учун телевидение орқали махсус программа берилиб, унда ўз фарзандига Ислом деб исм қўйган оила мақталарди, кўз-кўз қилинарди, бу оилага юртбоши номидан Хива гиламини тақдим этаётган Исмоил Жўрабеков ёки Мавлон Умурзоқов ташриф буюргани кўрсатиларди.

Бизни халқ ер остида илон ўтса биладиган. Бир томонда Хива гилами. Иккинчи томонда казо-казоларнинг ташрифи, учинчи томонда телевизорга чиқиш…

Уйланмаганлар уйланшга бошлашди, хотини билан ётмай қўйганлар жойдан турмай қолишди… Мақсад битта׃ ўғил туғилсин  ва унга Ислом деб исм қўйилсин.

Бир кун Афанди болаларни алдамоқчи бўлиб, “Ана у муюлишда бепул ширинлик бермоқда” деганидан кейин ҳамма болалар гуриллаб ўша томонга югурганидан сўнг “Балки бераётган бўлса-чи?”, деб ўзи ҳам югуриб кетганини биласиз. Исломлаштириш шу қадар кенг қулоч отди-ки, ҳатто юртбошининг ўзи ҳам “Бир гап бор, шекили?”, деб неварасига “Ислом”, деб исм қўйиб юборди.

Бугун истаган газетани очиб кўринг, ҳамма мақолада “Ислом” деган сўзни топасиз. Бир эмас, ўнлаб.

Фақат таъзияномалар эълон қилинадиган бўлимдан тополмасангиз керак. Бу ҳам ҳозирча!

Бугун истаган партиянинг вебсайтини очиб кўринг, биринчи жумласидаёқ “Ислом” деган сўзни кўрасиз.

Мамлакатнинг қаерида бўлмасин, ҳар қандай учрашувга боринг сўз бошлаган одам алабатта  “Ислом” деган калимани ишлатади.

Кўчаларни айланинг ва шиорларга қаранг, шу сўзни топасиз.

Мактаб китобларини очиб кўринг.

Мана-ман деган шоирнинг шеърларини ўқиб чиқинг.

Парламентнинг очилишидан ёпилишига, телевизорнинг бошланишидан тугашига қадар, хуллас, ҳамма жойда шу сўз.

Ҳатто БМТнинг минбаридан ҳам шу сўз баралла айтилади. Ишонмайсизми? Узоққа борманг. Ана Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Владимир Норовнинг 2006 йилнинг 25 Сентябрда БМТда қилган нутқининг 4-бандига қаранг. Шу калима турибди.

Совет даврида Брежнев ҳамма жойга “Хуш келибсиз!” деб ёзишни буюрганидан кейин Туркманистонда умумий ҳожатхона теппасига шундай шиор илинган экан. Кулгандик. Кейин нафасимиз ичимизга тушиб кетди. Чунки Ўзбекистонда қабристон дарвозасининг теппасига “Хуш келибсиз!” деб ёзиб қўйилганди-да. Шунақа халқмиз. Буйруқ бўлса бас. Бугун буйруқ-Исломлаштириш..

Бу кетишда эртага бир кун Эшматлаштириш ёки Эшаклаштириш даврини ҳам яшамасак бўлгани!

%d bloggers like this: