Jahongir Muhammad: Karimovning kashfiyotlari-19

19.ХУСУСИЙЛАШТИРИШ

Ўзбекистонда хусусийлаштириш ниҳоясига етиб қолди. (Хабарлар оқимидан).

Бундан 20 йил олдин Ўзбек тилида “хусусийлаштириш” деган калима йўқ эди. jahongir8063-copy.jpg1981 йилда нашр этилган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да бу калима бўлмасада, аммо “хусусий” деган сўз бор. Унинг биринчи маъноси “Бирор шахснинг ёлғиз ўзига қарашли, тегишли бўлган, шахсий” эканлиги айтилади. Демак, “хусусийлаштириш” ана шу “хусусий” калимасидан ясалган ва бу янгилик эмас. Бунга мустақил Ўзбекистоннинг 15 йиллик тарихи ҳам гувоҳ. Шу даврда Ислом Каримов бутун мамлакатни хусусийлаштирди. Менинг бу фикримга қаршилар ҳам бор. Бу ҳақда кейинроқ тўхталамиз. Аввал хусусийлаштиришнинг “яқин тарих”имиздан олдинги давридан бир ҳикоя келтирмоқчиман.

Совет даврида бирорта прокурор, судя, миршаб, ҳукумат мулозимининг шахсий машинаси йўқ эди. Ҳа, расман йўқ эди. Бунга маоши етмас эди. Лекин ҳаммаси шахсий машина минар эди.

Совет даврида бирор прокурор, судя, миршаб, ҳукумат мулозимининг данғиллама уй-жойи йўқ эди. Ишонинг расман йўқ эди. Бунга маоши изн бермас эди. Лекин ҳаммаси данғиллама уй-жойларда яшарди.

Бир куни газетага ёзилган шикоят хати юзасидан Каттақўрғон туманига бордим. Ёзган одам, қўшнисидан шикоятчи эди. Бир неча йилдан бери қарзини тўламас экан. Бу ҳақда туман ва вилоят ҳуқуқ идораларига шикоят ёзса, ўзини 15 кунга қамаб қўйишибди. Боргунча бу одам жанжалчи бўлса керак-ки уни қамаб қўйишибди, деган фикр ҳам ўтди хаёлимдан.

Борсам, бу киши дунёдаги энг мўминқобил одамлардан бири эканлигига ишонч ҳосил қилдим. Меҳнаткаш одам экан. Қўшнисининг оиласидан биров касал бўлиб эшигининг ёнига тез ёрдам машинаси келса ёки тўй-маърака қилса, ундан қарз сўрар экан. Бечора кўнгли ҳам юмшоқ одам, бераверар, аммо қайтиб ололмас экан. Қўшниси ҳам буни атайлаб қилмас экан. У ҳам жуда камбағал, уй-жойи йиқилиб кетай, деб турибди. Хоналарда гилам эмас, оддий шолча бўлиб, у ҳам илма-тешик. Шу қадар камбағал-ки, раҳмингиз келади.

-Мен ҳам қарзларимни сўрамай қўйгандим, аммо яқинда билиб қолдим, номида машина бор экан,-деди қўшниси.

Туманга бориб текширсам, ҳақиқатдан ҳам номида машина бор. Унинг ўзидан сўрасам, “Узоқ бир жияним паспортимни олиб кетганди, кейин қанақадир қоғозга қул қуйдириб олганди”,- деди. Ўша жияни вилоят прокурорининг ўринбосари экан. У камбағал одамнинг номидан ёзилган ишонч варақаси билан машина миниб юрган экан. Шунинг учун шикоят ёзган одамни хулиганликда айблаб, қамаб қўйишган. Бу ҳам майли, яна суриштирсам, вилоят прокурорининг ўринбосари Самарқандда данғиллама ҳовлида яшар ва бу ҳовли ҳам ҳалиги пахтакор амакининг номида, Бу бир феълетонимнинг қисқача изоҳи. Аммо кейин билсам, бутун мамлакат ана шундай тарзда яшар экан.

Михаил Горбачев даврига келиб, “приватизатция” деган гап чиқди. Бу – давлат қарамоғидаги мулкни одамларга ўтказиш эди ва буни “хусусийлаштириш” деб атай бошладик. Горбачев дастлаб ўқитувчилар яшаган уй-жойларни хусусийлаштирганди. Ислом Каримов ҳам шу асосда 1990 йиллар бошида бу масалада бир-икки Фармон чиқарганди. Менинг ҳам умр йўлдошим ўқитувчи эди. Кўп қатори биз ҳам ўзимиз яшаб турган уйни хусусийлаштирдик ва бутун харажатларини тўладик.

Ўша кезларда вилоятлардан Тошкентга ишга чақирилган одамларга қонуний тартибда кўп қаватли бинолардан навбат билан квартира беришарди. Мен ҳам Олий Кенгашнинг Ошкоралик қўмитасига раис ўринбосари этиб сайланганимдан кейин 6 ой Самарқанддан қатнаб, меҳмонхонада яшадим. Сўнг 18 қаватли бинодан квартира беришди.

Каримовга қарши чиққанимдан кейин׃

-Мен ёмону фармоним яхшими? Уйини тортиб олларинг,-деб буюрибди.

Мен уй-жойга боғланмаган, кўчманчи кайфиятидаги одамман. Оила қурганимга 26 йил бўлган бўлса, шу даврда 21 марта кўчиб, бир неча мартасида уй-жойни янгидан бошлаганман. Лекин бу веқеани эслашимнинг икки муҳим жиҳати бор. Бири, Каримовнинг “Қонун эмас, мен устун!” деган характерини, иккинчиси эса, хусусийлаштириш деганда, у нимани тушунганини кўрсатишдир. Ўшанда менинг квартирамни олиб, кимга берди денг? Гулнора Каримовага. Унинг ширкатига.

Яқинда шу ҳақда АҚШда яшаётган МуҳаммадБобур Маликовга айтсам׃

Менинг ҳам умр йўлдошим ўқитувчи эди. Биз ҳам ўша фармон асосида яшаган уйимизни хусусийлаштиргандик. Лекин мен АҚШдан сиёсий бошпана сўраганимдан кейин, тортиб олишди,-деди.

Демак, Каримов барча мухолифларининг қонуний тартибда хусусийлаштирилган уй-жойларини тортиб олган. Ҳа, у ўша кездаёқ бутун мамлакатни ўзининг шахсий мулки, деб билган.

Гулнора Каримова ўнлаб корхоналарни сотиб олгани ва кўпларини Россияга сотгани, марказларини кўчиргани ҳақида хавотир билан гапириб, “Каримов бутун Ўзбекистонни хусусийлаштириб олди”, деганимда, бир танишим кескин қарши бўлди. У “Ўзбекистон жуда катта мамлакат” эканлиги ва “Гулнора ҳамда отаси олган нарсалар уммондан зарра ҳам эмас”лигини айтди.

Бугун Ўзбекистоннинг бутун энергетика комплекси Россияга боғланди. Ер ости ва ер усти бойликлари Россия билан ҳамкорликда тузилган ширкатлар томонидан ишлатилмоқда. Битта-ярим Америка билан ишлатилганлари ҳам тортиб олиниб, Москванинг қозиғига боғланмоқда.

Муборак газни қайта ишлаш комплексидан тортиб, Тошкент авиасозлик заводига қадар асосий йирик корхоналарнинг яримдан кўп ҳиссаси русларга ўтди. Олтин ишлаб чиқаришдан бошлаб телекоммуникатция тармоқларига қадар Москва назоратида.

Россия Америка эмас. Америка маданиятли, унга “Чиқиб кет” десангиз ва қонуний йўлини кўрсатсангиз чиқиб кетади. Аммо Россия кетмайди ва қайтармайди. Ҳатто Ўзбекистон тўла демократик давлат бўлганда ҳам буларни қайтариб бўлмайди. Чунки ҳаммаси доимийга қилиб, қоғозда халқаро қонунларга мосланган. Бошқа йўл билан олиш эса, Россия билан уруш дегани. Кўраяпсизки, Каримов оиласининг олгани оз эмас.

Бундан ташқари Каримовнинг командасида бўлган тўралар мамлакат бўйлаб, қариндош-уруғлари номига кўчмас мулк, корхоналар ва бозори чаққон бизнесни расмийлаштирганлар. Уларни тортиб ололмайсиз. Ҳаммаси қонунлар доирасига туширилган. Кўплари иш марказларини қўшни мамлакатларга кўчиришган. Тортиб олиш учун сиз ҳам диктатор бўлишингиз керак. Қонуний йўл билан кучингиз етмайди.

Ўзбекистонда каримовчасига хусусийлаштирилмаган нарса фақат қуруқ ер қолибди-да, дейишингиз мумкин. Бугун ўша ер ҳам унинг измида. Ундан кейин режим ўзгариб қолди, дейлик ва ўша режимга ана шу ер қолсин ҳам дейлик. У ҳолда ҳаётини ерга кетмон уриб бошлаган ибтидоий жамоа давридаги аждодларимиз каби ҳамма нарсани нолдан бошлаш керак бўлади. Шунинг учун, бугун Каримовнинг хусусийлаштириш кашфиётини назарга олмаслик, ибтидоий даврдаги каби таёқ кўтариб югуришга олиб боради.

%d bloggers like this: