Jahongir Muhammad: Karimovning kashfiyotlari-17

17.ҚОН БИЛАН ҚЎРҚИТИШ

Ўзбекистон халқи руҳий қўрқув ва депрессияга йўлиқтирилмоқда.(Хабарлар оқимидан).

Болалигимда бир кун ҳовлимиздаги дарахтдан мева тушириш учун тош отаётгандик, опам улоқтирган тош менинг пешонамга урилди. Бир сесканиб кетдим. Опамнинг ранги учиб кетган, ерда ўтириб олиб йиғлай бошлади. Менинг юзимдан иссиқ бир нарса оққандек бўлди. Қўлим билан силиб қарасам, пешанамдан қон оқаяти. Бирдан вужудимни қўрқув босди.  Опам қонни кўриб, қўрққанидан йиғлай бошлаган экан. Мен ҳам опамга қўшилиб йиғлаб юбордим.

Ўшандан биламанки, одамда қондан қўрқиш инстинкти бор. Балки одам катталашиб борган сари бу инстинкт кучсизланиб борар. Аммо болаликда бу жуда кучли бўлади. 4-5 ёшларимдаги ўша воқеа худи кечагидек ёдимда тургани унинг руҳиятга таъсирини кўрсатади. Бу таъсир шу қадар кучли бўлганки, хотира уни бир умрга ўз хазинасига муҳрлаган.

Америкага келганимиздан кейин баъзи филмлар, телевидение дастурлари олдидан ”Болаларингизга кўрсатманг, ўта қонли жойлари бор” деб огоҳлантиришганини кўрдим ва демак, қон кўринишининг инсон руҳиятига таъсири асосли  эканига инондим.

1990 йилларнинг бошида ҳар куни Ўзбекистон телевидениесида Тожикистонда юз берган қонли тўқнашувлар ҳақида соатлаб дастурлар берилар экан, вужуддан узилиб кетган бош, бир четга тушиб ётган қўл, пешанадан шариллаб оқаётган қон тасвирланган кадрларни такрор ва такрор кўрасатишарди. Орқасидан “Бизда ҳам вазиятни Тожикистондаги каби даражага етказувчилар йўқ эмас” дейиларди. Кейин Бўкада, Паркентда йиғлаётган аёллар… Заминга қоришган қон..

Бир кун Телерадио қўмитаси раиси Ганжа Ёқубовга׃

-Ҳеч кимни ўйламасангиз ҳам болаларимизни ўйланг, бу даҳшатни кўриб, қўрқиб кетишмоқда,-дедим.

-Агар мен сизларнинг болаларингизни ўйласам, менинг болаларимни ким ўйлайди?,-дея Ганжа ака жуда тагдор гап қилди.

Кейин׃

-Ўзи кўриб ўтиради. Телевизорчасини қучоқлаб ётади. “Шу жойларини қайта-қайта кўрсат!”, деб талаб қилади. Шунда ҳам ишонмай, ҳар куни бир-икки кишини жўнатиб назорат қилади,-деди у Каримовни назарда тутиб.

Асли хоразмлик бўлган Ганжа Ёқубов кўнглидагини ана шундай очиқ айтиб, демократияга, ошкораликка мойил эканлигини яширмайдиган одам эди.  Тагдор гапларнинг ҳам устаси эди. Бир кун мен унга׃

-Ганжа ака? Сиз ҳам Хоразмдан, бугуннинг маддоҳбошиси Эркин Самандаров ҳам Хоразмдан, бир жойдан ҳам ундай, ҳам бундай одам чиқар экан-да,-дедим.

У дарҳол жавоб қилди.

-Сиз ҳам Самарқандан, у ҳам…,- Ганжа ака бармоғи билан теппани кўрсатди.

-Нима у Худога айландимики, осмонга ишора қилаясиз?,-дедим.

-Қараб туринг, Худо қолиб, унга сиғинамиз ҳали…

Хуллас, қонли кадрларни ҳар куни кўрсатиш Каримовнинг бевосита топшириғи экан. Бу билан у одамларни қўрқитиб, “Шу кунингга шукур қил, бўлмаса мана бунақа кунга қоласан”, деган фикрни каллаларга қуяётган экан. Кейинчалик ҳам қаерда қон тўкилса, Ўзбекистон телевидениеси энг даҳшатли нуқталарини боз-боз кўрсатар ва орқасидан бир икки мулозим ва албатта бита мулла чиқиб, тинч яшаётганимизни эслатишарди.

Вақт ўтиши билан Тожикистондаги каби воқеалар атрофда юз бермагач, Каримов ўз тажрибасини такомиллаштирди.

1999 йилнинг 16 февралида Тошкент шаҳрида юз берган портлашлар ҳақида Абдусаид Кўчимов раҳнамолигида олинган икки қисмли ҳужжатли филм ёдингиздадур? Бир марта аранг кўрасиз. Бу филмни кўрганлар депрессияга тушиб қоладилар. Шу қадар кўп қон, шу қадар кўп кўз ёши…

Депрессия-бу одамнинг маънан яроқсиз бўлиши, маънан бичилишидир. Каримов шу йўл билан бутун халқни маънан бичиб ташлашни режалаган шекилли, бугунга қадар Ўзбекистон атрофидаги давлатларда юз берган воқеаларнинг энг қонли нуқталарини бот-бот кўрсатиб, одамларни қон билан қўрқитмоқда.

Огоҳ бўлинг!-деган жарангдор овоз янграйди. Орқасидан қон оқаверади, оқаверади…Бу нафақат кўрсатилади. Мажлисларда айтилади, газеталарда ёзилади, ҳатто қўшиқларда янграйди…

Кеча АҚШ телевидениесининг илмий изланишлар асосида олинган бадиий филмларни намойиш қиладиган канали эрталабдан кечгача акулалар ҳақидаги филмларни кўрсатди. Акула ташқи кўринишдан жуда сокин, ҳужумкорга ўхшамайди. Аммо қон исини билади. Ёқтиради. Қон оққан жойга етиб боради. Одамлар чўмилаётган соҳилга келганда эса, бировни тишлаб ё оёғини, ё қўлини ўзиб кетади. Сувни  қонга қориштиради. Қўрқув сочади. Соҳилдаги одамлар тум-тарақай бўлиб қочадилар. Ёзда одамлар океан соҳилларига борамиз, дейишса, болалари Интернетдан ўша жойларда акула бўлиб бўлмаганини қидиришади. Акуладан қўрқишади. Чунки  акула деганда ҳар кимнинг кўз олдига қон келади-да!

%d bloggers like this: