Jahongir Muhammad: Karimovning kashfiyotlari-16

 16.ДУНЁНИ ЧАЛҒИТИШ

Ўзбекистонда қабул қилинган қонунлар амалга кўчмай қолади.(Хабарлар оқимидан).

 

1991 йилда Ўзбекистон мустақиллиги қонунлаштирилгандан кейин илк расмий ҳукумат ташрифи Россияга бўлди. Ҳайъатни ҳукумат раҳбари – Витце президент Шукрулло Мирсаидов бошқарди. Мен ҳайъат таркибига қандай қўшилганимни ҳалига қадар билмайман. Чунки Каримов охирги дақиқада менинг номимни ўзи қўшганини айтганди. Шукрулло Раҳматович эса, “Мустақиллик учун курашганлардан ҳам бирортасини қўшайлик”, деб менинг номимни қўшганини айтганди. Аниғи шу эдики, мен Россияга борадиган расмий делегатсияга қўшилганимни охирги кун билгандим. Гап бунда эмас.

Бизни жуда катта тантана билан кутиб олишди, музокараларда Борис Елтсиннинг ўзи бевосита қатнашди ва охирида катта зиёфат берди. Анчагина ичилди. Мен Мирсаидовга яқин ўтирган эдим. Қарши томонда ўтирган Елтсин қўлида қадаҳи билан ўрнидан туриб, биз томонга ўтди. Шукрулло ака ўрнидан турди. Биз ҳам турмоқчи бўлгандик, Шукрулло ака қўлини елкамга қўйиб, ўтираверинг, ишорасини қилди. Буни кўрган бошқалар ҳам қайтиб ўтиришди.

Елтсин Мирсаидовга׃

-Шу ўзингникини яхши биласан-ми?-деди.

-Бўлмаса-чи?

Гап Каримов ҳақида бораётганини англадик.

-Кеча менга телефон қилиб, “Комсомолская правда”да танқидий мақола чиққан, газетанинг танобини тортиб қўйишга ёрдам беринг, деди. Мен унг биз мустақилмиз, матбуотимиз ҳам мустақил, мана сен ҳам мустақилсан, десам ҳам тушунмади. Кейин бу мустақиллик қонун билан мустаҳкамланганини айтдим. У бўлса, қоғоздаги гап бошқа, амалдагиси бошқа деди. Мана бу- сиз билан имзолаганимиз ҳам қоғозда қолмайдими? Мен умуман қонунларни ҳурмат қиламан. Лекин у…

Елтсин Шукрулло акани четга тортиб қулоғига нимадир деди. Шукрулло ака ноқулай вазиятда қолди. Елтсинннинг гапини биз эшитдик, деб ўйлади, шекилли бошини эгиб индамай тураверди. Лекин биз эшитмаган эдик. Кейин Елтсин айланиб жойига қайтди-да “Қонунлар бажарилиш учун қабул қилинади, бажарилмаса,  қоғозга айланади, қоғознинг ўрни қаердалигини ҳаммамиз биламиз”, деди. Ҳамма бош силкиб қўйди. Ҳатто менинг ёнимда ўтирган Конститутсиявий суд раиси  Шавкат Ўразаев ҳам “Тўғри” дегандек бош қимирлатиб қўйди.

Худди шунга ўхшаш вазият Украинага борганимизда ҳам юз берган. Қрим турклари ҳақида икки томонлама келишув матнига Украина томони жиддий ўзгаришлар киритди. Биз қарши бўлдик ва Президентнинг Миллий масалалар бўйича  маслаҳатчиси Шохобиддин Зиёмов Каримовга телефон қилди. Каримов “Рози бўлаверинглар, қоғозда қолиб кетади, барибир”, деди.

Сессиялар ва сессия олди мажлисларида кўп гувоҳи бўлдим, бирор ҳужжат ҳақида гап борса, Каримов׃

-Биринчи галда халқаро стандартларга мос бўлсин, кейин ўзимизнинг шароитга мослаймиз,-дерди.

Шунинг учун ҳам ўша пайтда қабул қилинган жуда кўп қонунлар ва ҳатто Конститутсиянинг ҳам сирти демократик дунё стандартлари даражасида эди. Лекин Каримов икки юзи бўлган қонунчиликни кўзлаган экан. Қоғозда бошқа, амалда бошқа.

Айтишингиз мумкин, бутун мамлакатни телефон билан бошқариб бўлмайди, қонун қабул қилингандан кейин кўп жойларда барибир унга мурожаат қилинади, деб.

Йўқ. Каримов дунё тарихида бўлмаган янгилик яратди. Ҳар бир қонун қабул қилингандан кейин, мазкур қонун ижроси ҳақида ҳукуматнинг қарорини чиқарарди. Ана шу қарор парламентдан чиққан қонундан устун бўлади. Қарорнинг бир жойига “Ушбу ҳужжат билан қонун орасидаги тафовутлар ҳукуматнинг кейинги қонун лойиҳаларида инобатга олинсин”, деб қўшиб қўйилади. Қонунга ҳам, бу қарорга ҳам Каримовнинг ўзи имзо чекади.

Каримовнинг бу қарори барча идораларга мажбурий тарзда бажарилиш учун юборилади. Натижада Парламентдан чиққан қонун қоғозда қолиб кетаверади. Масалан, қонунда “Ўзбекистонда цензура бекор қилинган” деб 1991 йилдаёқ ёзиб қўйилган ва ҳукуматнинг қарорида эса, акси бўлгани учун цензура яшайверди ва ҳоказо.

Каримов бу билан дунёни чалғитишга, дунёни алдашга уринди ва бунга эришди ҳам. Ҳалига қадар ҳам содда дунё Ўзбекистонда қабул қилинган баъзи қонунларга ишонади!

Бир кун сессияда судлов асосларини белгилайдиган қонунлар қайта қабул қилинаётган эди. Мен “Бир айб учун-бир жазо” принципига ўтиш таклифини айтдим. Буни Олий суд раиси МуҳаммадБобур Маликов, Бош прокурор Бўритош Мустафоев ва Қонунчилик қўмитаси раиси Эркин Халиловлар ҳам тўғри деб топишди. Ҳатто МуҳаммадБобур Маликовнинг׃

-Жаҳонгирнинг таклифи тўғри,-деган гапи ҳалига қадар ёдимда.

Орадан бир неча кун ўтгач, ҳужжат газетада чиқди. Қарасам, менинг таклифим киритилмаган.

Олий Кенгаш девонининг раҳбари Омон Олимжоновга (шоир Ҳамид Олимжоннинг ўғли-ЖМ) мурожаат қилсам, у шуни ҳам билмайсизми, дегандек мийиғида кулган бўлиб׃

-Қонун қабул қилиндими, тамом, бизнинг қўлимиздан чиқади. Уни Президент имзолаб, матбуотга жўнатади,-деди.

-Лекин матбуотга сиз жўнатибсиз,-дедим мен баъзи ички жараёнлардан хабардор эканлигимни кўрсатиб.-Охирги тузатишлар киритилган вариантни кўрмоқчиман.

У ноқулай вазиятда қолди.

-Биз ҳамма тузатишларни киритиб, Президент девонига олиб бориб бергандик…

-Бўпти, бориб, Ислом аканинг ўзидан сўрайман,-деб чиқиб кетдим.

Орадан кўп ўтмай Омон Ҳамидович эшикнинг ёнига келиб, мени имлаб чақирди-да хонасига бошлади.

-Орамизда қолсин. Мана охирги вариант. Мана сизнинг таклифингиз. Қўшилган. Лекин Ислом акам қўшмабдилар. Кўнглингизга келмасин, фақат сизникини эмас, бошқаларини ҳам, аввал бир кўриб чиқинглар, деб қўшмадилар. Илтимос, шу гап шу ерда қолсин,-деди.

Мен охирги вариантдан нусха сўрадим. Омон Ҳамидович касал бўлиб қолди. Сессия стенограммасини талаб қилдим ва бу гапни сессияга олиб чиқдим. Лекин стенограмма топилмади, деган баҳона билан масала йўққа чиқарилди. Мен телевидениенинг ёзувларини олиб келдим. Каримов шундан кейин׃

-Шу нарса сизга керак-ми, ўша қўшимча киритилган билан бир нарса ўзгарармиди? Ахир сиз юрист эмас-ку, балки ўша қўшимчанинг салбий оқибатлари бўлиши мумкин. Қўйинг, ҳаммасини ўрганиб чиқайлик, керак бўлса, кейин қўшиб қўямиз.Таклиф айтган битта сиз эмас! Шунча одам ахмоқ-ми, улар масаланинг шу томонини тушунадилар, сиз нега жанжал қиласиз? Ахир бу мамлакатнинг, бу парламентнинг, бу қонунларнинг обрўйи менинг ҳам обрўйим?!-деди.

Каримов қонунчиликда ана шундай жиноий йўлни танлади ва  жиноят қилишни обрў деб билди.

…Мана икки ойдирки, Америкада Президентнинг хорижий маҳбусларни сақлаш борасидаги қонун таклифи тортишилмоқда. Ундаги бир жумла учун дастлабки қўмита муҳокамасида ҳатто Президентнинг ўз партиясидан қаршилар чиқди. Улар “Бу ҳужжат дунёда Америка обрўйини тўкади”, дейишди. Шундан кейин бу бутун мамлакатнинг масаласига айланди. Сенаторлар, конгрессменлар ва Президентнинг ўзи бу борадаги қарашларини ўртага қўяр, тортишар, турли даражадаги сиёсатчилар фикр билдириб, жон куйитар эканлар, менинг ёдимга Каримовнинг қабул қилинган қонунларни истагани қадар тузатиш ёки мамлакатни қонунлар билан эмас, ўз қарорлари билан бошқариш тажрибаси келаверади ва бизнинг жамият, бизнинг одамлар, бизнинг депутатлар демократиядан нақадар узоқ эканликларини кўргандек бўламан.

Advertisements

About TURONZAMIN

supporter of democracy
This entry was posted in 1.BOSH SAHIFA, Uzbek. Bookmark the permalink.