Jahongir Muhammad: Karimovning kashfiyotlari(15)

15.ПОРА БЕРИБ, ПОРА ОЛУВЧИГА АЙЛАНТИРИШ

Пул билан битмаган иш, кўп пул билан битади.(Қўшиқдан).

1980 йилларнинг охирига келиб, жамият сиёсий жиҳатдан уйғониб қолганди. Ошкоралик кўп иллатларнинг пайини қирқа бошлаганди. Одамлар пора беришни ожизлик белгиси, пора олишни эса ўзлигини сотиш, деб тушуна бошлагандилар.

Қисман эркинлик бўлгани одамларни қимирлатиб қўйган ва даромад борлиги учун ўқитувчидан ҳукумат мулозимига қадар ҳамма бугунги каби умидини порага тикмаганди.

Ўшанда бир кун Каримовнинг ёрдамчиси Крайнов телефонда кимгадир׃

-Аввал Президент фондига боринг, келганингизда қўлингизда квитансиянгиз бўлсин,-деганини эшитиб қолдим.

Президентнинг фонди бор экан-да, деб ўйладим.

Бошқа бир кун Олий Кенгаш биносининг ёнида Жомбой туманига ҳокимликка номзод қилиб юборилган кишини кўриб қолдим. У Исмоил Жўрабековнинг қабулига киролмай қайтаётган экан. Унга “Аввал атаганингни Президент фондига ўтказ”, дейишибди. Шундан кейин бу қанақа фонд экан, деб қизиқиб қолдим. Крайновдан сўрасам׃

-Бунақа саволларга жавоб беролмайман, ўзларидан сўраш керак,-деди.

Олий Кенгашнинг Иқтисод қўмитасида солиқлар ва маошлар борасида ҳукумат лойиҳасига қарши тайёрланган икки қонун таклифи муҳокама қилинаётганда Каримов кириб келди. Анча саволжавобга бориб қолдик. Ўшанда ундан׃

-Ислом ака, қанақадир Президент фонди бор экан, ишга тайинланган раҳбарлар олдин ўша фондга пул ўтказишлари шарт қилиб қўйилибди. Сизнинг отингиз билан боғлиқ бўлгани учун сўраяпман, шундан хабарингиз борми?-дедим.

Каримов қизариб кетди. Депутатлар орасида жонланиш пайдо бўлди. Демак, уларнинг ҳам хабарлари бор.

-Спортчиларни рағбатлантириш керакми? Спорт иншоотлари қуриш лозим-ми? Президент бирор жойга борса, ҳадя олиб бориши даркорми?..

Каримов ана шундай саволларни қалаштириб ташлади. Шунда депутлардан бири׃

-Бюджетда бу нарсаларга ҳам пул ажартилган-ку! –деди.

-Сиз бюджетни қаерда кўрдингиз? Бюджетдан хабарингиз борми ўзи, ука? У ерда ҳамма нарса умумий қилиб ёзилади…

Каримов гапни шу билан бюджет томонга буриб юборди ва шу ҳақда узоқ гапирди. Аммо мен Каримов томонидан расмий фонд тузилгани ва бу пора олишнинг янгича усули эканлигини англадим. Бу фикримни бошқаларга ҳам айтсам, улар ҳам айни фикрда эканлар. Комиссия тузиб, фондни текширишга қарор қилдик. Каримов депутатлар ижро ҳокимияти ишига аралашмоқда, деб жанжал кўтарди. Охири у “Фонд масаласини ўзим текшириб чиқаман”, деб босди-босди қилди. Унинг шунақа одати бор эди. Масалани орқага суриб-суриб, кун тартибидан чиқариб юборарди.

Каримов узоқ йиллар Давлат планлаштиирш қўмитаси(“Госплан”)да ишлаган. Бу идора пора бериш ва пора олишнинг маркази бўлган. 1991 йил охирида Иқтисод олийгоҳида бўлган сайловолди учрашувида Каримовнинг ўзи бу ҳақда айтиб қолганди׃

-Ҳамма нарса Москвага кетади. Мана мен “Госплан”да ишлаганман, ўзим биламан, вилоятлардан дипломатга солиб, олиб келинади ва “Госплан”дан дипломат билан Москвага олиб борилади. Битта дипломатга Ленин бободан (Ленининг сурати бўлган қизил 10 сўмликдан-ЖМ)  бир миллиони (Бир миллион рубл-ЖМ) сиғади. Ўзим ташиганман. Олиб бормасак, ҳеч нарса беришмас эди. Оддий мехчани планга киритиш учун ҳам дипломат олиб боришимиз керак эди…

Ана шундай тажрибага эга бўлган Каримов ҳам 1980 йилларнинг охири ва 1990 йилларнинг бошида очиқ пора олишга қўрқиб қолганки, фонд масаласини ўйлаб топган. Фондга пул ўтказишда ҳар бир лавозимнинг ўз баҳоси бўлган. Аммо кейинчалик бу фонднинг кераги бўлмай қолган. Чунки бутун жамият пора беришга ва пора олишга ўргатилди. Бугунга келиб пора берилмайдиган ва пора олинмайдиган жойнинг ўзи қолмади. Ҳатто етарли пул бўлса, Каримовнинг ўзини ҳам кетгазиб берамиз, деган одамлар бор. Шунинг учун ҳам қизиқчи Мирза “Пул билан битмаган иш, кў-ў-ў-п пул билан битади” деб қўшиқ айтади-да!

…Университетда ўқиганимизда Гадоев деган бир домла бўларди. Агар курс староста(курсбоши)си унга берган рўйхатда исмингиз бўлмаса, ҳатто саволга жавобни китобдан ёдлаб кирсангиз ҳам “Саволни четлаб ўтиб кетдингиз-ку”, дерди. Бир кун унинг ана шу гапини эшитиб, зачёт ололмай, қўлимдаги телпагимни ўйнатиб чиқаётгандим, ҳазилга ўч бўлган курсдошим Дилором Исҳоқова кулиб׃

-Гурсиллаб йиқилиб чиқаяпсизми?  Мана шу телпагингизни берсангиз-ку йиқилмасдингиз,-деди.

Унинг ўзи ичкарига кирар экан׃

-Ўзингиз ҳам йиқилиб чиқманг, тағин,-дедим.

-Ўтмасам,  мана шу телпакни ташлаб чиқаман-да,- деди у.

-Нима, Гадоев аёлларнинг телпагини ҳам оладими?-десам, Дилором бир нарса демоқчи бўлди-ю, кулиб, ичкарига кириб кетди.

Кейин юқори курсдагилардан эшитсак, уч сўм берсангиз ҳам, бир сўм берсангиз ҳам Гадоев индамай олиб, зачёт қўйиб берар экан. Пора олиш унинг касаллигига айланган экан. Бугун бутун ўзбек жамияти ана шундай вазиятда. Исми-жисмига монанд Гадоев қамалиб кетганди. Аммо бу жамият нима бўларкин?

%d bloggers like this: