Jahongir Muhammad: Karimovning kashfiyotlari (12)

12. СИРЛИСИРЛИ ЎЛДИРИШ

Ўзбекистонда режимга мухолифатда бўлганлар орасида сирли ўлимлар кўпайиб бормоқда. (Хабарлар оқимидан).

1970 йилларнинг бошида Самарқандга вилоят партия қўмитасининг биринчи котиби қилиб юборилган Владимир Николаевич Қодиров (У етимхонада ўсгани учун унга урусча ном беришганЖМ) инқилобий ишлар бошлайди. Жуда қисқа вақтда порахўрлик, талонтарож, адолатсизлик, ҳақсизликнинг олди олинади. Ҳуқуқ-тартибот соҳасидагилар, қассоблару каззоблар, савдо ходимлари-ю мафия қаршилик кўрсата бошлайди. Ип учлари вилоятда узоқ йиллардан бери ижроқўм раиси бўлиб ишлаётган Синдор Ҳамроқулов(Шароф Рашидовнинг тоғасиЖМ)га бориб тақалаётгани учун Қодиров у билан келишмай қолади.

Халқ орасида мисли кўрилмаган даражада обрў қозонган Қодировни четлатиш учун Ҳамроқулов унинг масаласини Марказий Комитет бюроси муҳокамасига киритишга муваффақ бўлади. Бунда Марказий Комитетда ишлаган урус оғайниларни ишга солади. Аммо негадир Рашидов Қодировга енгил жазо бериш ва уни ишдан четлатмаслик керак, деган нуқтада тўхтайди. Лекин бюро мажлисидан олдин Қодировни ошхонага чақиришади. У овқатлангандан кейин ўзини ёмон ҳис қила бошлайди. Бюрода саволларга жавоб беролмай дарҳол Самарқандга қайтади. Эртасига эрталаб физкултура қиламан, деб йиқилиб қолади. Унинг ўлими сирли ўлимга айланади.

Ўша кун мен Тошкентдан Самарқандга борсам, кўчалар одамларга тўлиб кетган. Эски шаҳардан Аэропорт томонга қараб халқ оқиб бормоқда. Ҳамма бош эгган ва хафа.

Уни заҳарлабдилар…

Бу гап тез-тез қулоққа чалинарди. Уйга борсам, опамнинг жажжи ўғилчаси югуриб келди׃

-Тоға, тоға, Ленин ўлибди,-деди у.

Ўшанда Ленинга адолат тимсоли деб қаралгани учун Қодировни Ленинга тенглаштиришган ва бу ҳатто жажжи болаларнинг қулоғига қадар етган экан. Қодировнинг номи афсонага айланиб кетганди. Унинг қассобларни қўлга туширгани, ўзи таксига миниб, таксичини ушлагани, милиция ходимига пора узатиб, қўлга туширгани… ҳақида гаплар қулоқдан қулоққа ўтиб юрарди. Бу ҳақда “Самарқандни титратган 525 кун” деган китобда батафсил ёзганман. Бу китоб 1990 йилларнинг бошида “Қишлоқ ҳақиқати” газетасида ҳам чоп этилганди.

Қодировдан кейин Самарқанд вилоят партия комитетининг котиби Тоғаев, ундан кейин савдо идораси раҳбари Шаропов ва бошқалар ҳам сирли равишда ўлдилар. Охир оқибатда Синдор Ҳамроқуловнинг ўлими ҳам сирли бўлди.

Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин тарих буларни унутди. Балки булар унуттирилди. Мен Самарқандни билганим учун унинг тарихидан бир-икки мисол келтирдим. Бундай воқеалар Тошкентда ва бошқа вилоятларда ҳам юз бермаган, деб ҳеч ким айта олмайди. Чунки тарих ўрганилмади, ундан хулоса чиқарилмади. Шунинг учун бу нарсалар Каримовга янги кашфиётлар учун замин яратди…

1993 йилда бир муддат Туркманистонда турганимизда Мурод Жўраевнинг оиласи ҳам бир неча кун биз билан турганди. Шундан унинг ўғлини яхши биламан. Унинг ажойиб овози бор эди. У менинг Амир Темур номидан ёзган шеърларимни куйга солиб, қўшиқ қилиб айта бошлаганди. Жуда қобилиятли бола эди. У онаси билан Муборакка қайтгач, кунларнинг бирида нафаси бўғилиб қолади. Касалхонага олиб боришади. Аммо Отаси келсин деган шарт қўйишади. Отаси бу пайтда Туркиядан Аламатига борганди.

Ўғлининг ўлим куни Муборак атрофи ўраб олиниб, Мурод Жўраевни пойлашгани ва чегараларда уни қидиришгани ҳам унинг ўғлининг ўлими сирли ўлим эканлигини кўрсатади. Зотан, 14-15 ёшлардаги қўнғироқдек овозли ёш бола нафас етмай қолишидан ўлишига мен ишона олмайман.

Мустақиллик декларацияси эълон қилинган кунда Олий Кенгаш сессиясига тарихий аҳамиятга молик Туркистон мухториятининг байроғини олиб келган ва кўтариб чиққан таниқли мухолифатчи Насрулло Саййид׃Бухорода бундан бир неча йил илгари Эркнинг Когон тумани котиби Мирзо Ўринов ва Жондор туманиЭрккотиби Чули Хидировлар 40 ёшга кирмай сирли равишда ўлиб кетган эдилардеб ёзди.

1990 йиларнинг бошида диний партия тузган Абдулла Ўтаев сирли равишда йўқолиб кетди.

1994 йилда танқили уламо Абдували қори Тошкент аэропортида сирли равишда ғойиб бўлди.

Каримовга қарши чиққан собиқ Ўзбекистон халқ депутатлари Шовруқ Рўзимуродов, Тойиба Тўлаганова, кейин адиб Эмин Усмон…

Бу рўйхатни давом эттиравериш мумкин. Қанчадан-қанча ёш йигитлар диндор дея терговларда, авахталарда ёки кўча куйда ўлиб кетдилар…

Энди сирли ўлимлар чегарларни ҳам ошмоқда.

Ҳали Марказий Осиё жумҳуриятларида, ҳали Россияда ва мана Америкада ҳам… Андижонлик қочқинларга “Қайтманглар” дея уларнинг орасида тарғибот олиб борган икки барваста йигит – Олимжон Собиров ва Зоҳиджон Маҳмедовларнинг ўлими…

Тарих адолатли ҳукм қиламан деса, бу бедодликни батафсил текшириб чиқиши керак.

Бир ривоят бор. Девонбеги шоҳни ўлдирмоқчи бўлган кишини йўқотишни буюради. Бундан хабар топган шоҳ дарҳол девонбегини дорга осдиради.

-Нега бундай қилдингиз?-дея сўрайди севган хотини.

-Унинг ўрнида сен бўлганингда ҳам дорга осилардинг,-дейди шоҳ.

-Сизнинг душманингизни йўқотсам ҳам-ми?

-Ҳа! Лекин мен буюрган бўлсам, мукофот олардинг! Мен буюрмаган бўлсам, дорга тортиласан! Чунки бу ишинг билан менинг ваколатимга шерик бўлиш истагинг борлигини сездириб қўясан. Олдини олмасам, бир кун менга қарши буйруқ беришинг ҳам мумкин!

Ҳа, диктатура шароитида ҳеч бир амалдор ўз ташаббуси билан бундай ишларга қўла ура олмайди. Чунки қилган ишидан диктатор хабар топиб қолса, ўзининг ҳам боши кетишини билади.

%d bloggers like this: