Mustaqillik qurbonlari

ОҒИР ЖУДОЛИК

zohid_akram.JPGАҚШнинг Айдаҳо штатида истиқомат қилаётган Демократик Ўзбекистон Конгрессининг фаоли Акрам Маҳмедовнинг укаси, 29 ёшли Зоҳиджон Маҳмедовнинг сирли равишда ўлганини маълум қилар эканмиз, марҳумнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.

Бизни оғир жудоликка учратган воқеа 2 сентябрда Айдаҳо штатининг Бойсе шаҳрида юз берди. Баъзи жиддий сабабларга кўра биз бу ҳақда вақтида хабар тарқатмадик. Аммо Демократик Ўзбекистон Конгресси 5 сентябр куни АҚШ ҳукумати, хусусан Ички хавфсизлик Департаменти ва Федерал Текширув Бошқармасига расмий хат билан мурожаат қилиб, бу сирли ўлим юзасидан атрофлича текширув ўтказишни талаб қилди. Ҳозир маҳаллий полиция, штат ҳукумати ва Федерал Текширув Бошқармаси биргаликда текширув ўтказмоқда.

Маълумки, кейинги пайтда андижонлик қочқинлар ва уларга яқин бўлган муҳожирлар орасида сирли ўлимлар юз бера бошлади. Ҳеч қандай касал бўлмаган одам уйқудан уйғонмай қолса ва докторлар унинг вужудида ўлимга сабаб бўлган белгини тополмаслар, табиийки, бу сирли ўлим.

Агар битта воқеа бўлса, тасодиф дейиш мумкин эди, лекин бундай воқеалар кўпаймоқда. 1 Август куни АҚШнинг Айдаҳо штатида андижонлик соппасоғлом ёш йигит Олимжон Собиров уйқудан уйғонмагани ва докторлар ўлим сабабини аниқлай олишмагани ҳақида ёзгандик. (Иккинчи сурат:сирли ўлим қурбонлари׃Зоҳиджон чапда ва Олимжон ўнгда).

Маълум бўлишича, Олимжоннинг ўлим сабаби билан ҳеч ким жиддий шуғулланмагани учун докторлар ҳам қизиқишмаган. Унинг жасади апал-тапал Ўзбекистонга жўнатилиши ва бунинг учун 6 минг доллар пул топилгани ҳам ҳеч кимни ўйлантирмаган. Орадан роппа-роса бир ой ўтиб Олимжоннинг энг яқин дўсти Зоҳиджон айни шу шаклда олмадан ўтди. Докторлар унинг жасадини ватанига қайтармай туришни сўрашди ва мана энди эртага жасадни Ўзбекистонга юборишади. Ҳали яқинда келиб, уни кўриб кетган 90 ёшли онаизори энди тобутга пешвоз чиқади ва бу ҳолни тассаввур қилишнинг ўзи даҳшат.

Марҳум Зоҳиджоннинг акаси Акрам Маҳмедов Ўзбекистонда мустақиллик ва юртбошининг ёлғон ваъдаларига ишониб, фермерлик қилган, аммо ҳукуматнинг адолатсизлигидан куйгач, фермерлик ҳаракати фаоли сифатида майдонга чиққан. Шундан кейин қувғинларга учраб, АҚШ элчихонасининг ёрдами билан Айдаҳога келиб жойлашган эди. У билан бирга унинг укаси Зоҳиджон ҳам келганди. Зоҳиджоннинг бирбиридан ширин икки фарзанди бўлиб, ўғли Муслимбек 4 ёшда ва қизалоғи Динора 2 ёшда. У ўғлини қобилиятли болалар қатнайдиган боғча-мактабга олиб бориш учун ҳамма ҳужжатларини тайёрлаганди, аммо ўғли мактабга борадиган кун унинг юраги уришдан тўхтади.

Зоҳиджоннинг акаси Акрам Маҳмедов ДЎКнинг аъзоси сифатида фаолият кўрсатиб келмоқда. Ўзбекистон ҳукумати андижонликларни қайтариш учун махсус план тайёрлагани ҳақида илк бор хабар тарқатганимиздаёқ, у Айдаҳодаги андижонлик қочқинлар орасида ҳам олиб борилаётган тарғибот ҳақида маълумот берганди. Унинг “Озодлик” ва бошқа матбуот воситалари орқали чиқишлари кўпчиликка маълум. Акрам билан бир жойда истиқомат қилаётган ДЎК фаоли Неъматилла Назаралиев нишон аслида Акрам бўлганини иддао қилади ва унинг воқеа ҳақидаги тафсилотини ҳам бугун рус тилида чоп этмоқдамиз.

…Олис Қашқадарёда “болам” деб бўзлаётган 90 ёшли онаизорнинг чинқириғи қулоқларга келиб урилаётгандек инсонни оғир бир юк босади. Мана бу сурат ўтган йил охири, шу йилнинг бошида онаизор АҚШда бўлганида олинган (Биринчи сурат׃ Зоҳиджон чапдан биринчи).

Зоҳиджон ўз ўлими билан кўпларни сергак этиб кетди. Шундан келиб чиқиб, биз хорижда яшаётган мухолифатчиларни такрор огоҳлантирмоқчимиз׃

1.Худо кўрсатмасин, аммо шундай воқеа юз берганда, ўзбекчилик, мусулмончилик дея дарҳол жасадни ватанга юбормасдан, қаттиқ текширув талаб қилиш керак.

2. Дарҳол судга ва маҳаллий ҳуқуқ идорасига мурожаат қилиб, айни масала бўйича жиноий иш очилишини талаб қилиш лозим. Бунда мана шундай сирли ўлимлар бекорга бўлмаётганини важ қилиб кўрсатиш шарт.

3.Ўзбекистондан келаётган шахс билан, агар уни олдиндан танимасангиз, ҳатто таниган тақдирда ҳам муносабатни ўта эҳтиёткорлик билан ўрнатиш керак. Агар у билан учрашадиган бўлсангиз, унинг кимлиги ва қаерда ишлаши, қандай виза билан келгани каби фактларни аниқлаштириб яқинлардан бирига бериб қўйиш керак.zohid_olim.JPG

4.Кўпчилик бўлиб овқатланиш пайтларида ҳам эҳтиёт чораларини кўриш даркор. Бундай учрашувларда қатнашганларнинг фотосуратларини сақлаб қўйиш ва кимликларини аниқлаштириш ҳам хавфсизлик чораси ҳисобланади.

5. Яшаган жойингиз ва атрофингизда сирли одамлар кўрина бошласа ёки сирли воқеалар юз бера бошласа, дарҳол маҳаллий ҳокимиятни хабардор этинг.

6. Мухолифат орасида бўлган ва яқинлари МХХ ҳамда ИИВ да ишлаган одамлар билан муносабатда ҳам эҳтиёт чорасини кўриш шарт. Чунки кўп ҳолларда мана шундай яқинлар ишга солинади ва ҳатто бундан уларнинг ўзлари ҳам бехабар қолишлари мумкин.

7. Сирли ўлим ёки сирли ҳодисалар юз берганда дарҳол ҳаракат қилинмаса, мазкур “вазифа” билан келган шахс қочиб кетиши мумкин. Шунинг учун мурожаат пайтида, албатта, гумондор фақат ўзбек бўлмаслиги, балки бошқа миллат вакили бўлиши мумкинлигини ҳам алоҳида урғулаш керак…

Яна бир бор Акрам Маҳмедов ва унинг оиласи, яқинларига, меҳрибон онаизорига ҳамдардлик билдириб, бардош тилар эканмиз, Зоҳиджонни Тангри раҳматига қовуштирсин, деб дуо қиламиз.

Сиз ҳам орзулари ўшламай кетган мустақиллик қурбонларидан бириЗоҳиджонни дуо қилинг

Жаҳонгир Муҳаммад,

Демократик Ўзбекистон Конгрессининг раиси.

%d bloggers like this: